ДАВЛАТ РАҲБАРИ ОАВ ХОДИМЛАРИНИ ТАҚДИРЛАШ МАРОСИМИДА СЎЗГА ЧИҚДИ
Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев оммавий ахборот воситалари ходимларини тақдирлаш маросимида иштирок этиб, уларни касб байрами билан табриклади ва самимий тилакларини изҳор этди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, мазкур касб байрами мамлакат ҳаётида алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, журналистиканинг бош вазифаси жамиятни холис ва ишончли ахборот билан таъминлаш, халқнинг фикрини ифода этишдан иборат.
– Сизлар жамиятимиздаги энг долзарб масалаларни кўтариб чиқасиз, халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қиласиз. Бугунги шиддатли ахборот ва юқори технологиялар даврида оммавий ахборот воситалари зиммасига жамиятни тезкор, аниқ ва ишончли ахборот ҳамда холис таҳлил билан таъминлашдек юксак масъулият юкланган. Давлат мамлакат манфаатлари йўлидаги фидокорона меҳнатингизни юксак қадрлайди. Президент сифатида оммавий ахборот воситалари соҳасининг барча вакилларига самимий миннатдорчилик билдираман, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Президентнинг таъкидлашича, оммавий ахборот воситалари – халқ овози ва жамият кўзгуси. Чунки мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти билан ҳам юртдошларимиз, ҳам халқаро жамоатчилик айнан миллий матбуот орқали танишади.
– Қозоғистон журналистлари зиммасига юкланган масъулиятни чуқур англаган ҳолда касбий бурчларини виждонан адо этиб келмоқда. Жорий йил март ойида мамлакатимизда конституциявий ислоҳот муваффақиятли амалга оширилди. Умумхалқ референдумида фуқаролар давлат келажагини белгилаб берувчи тарихий танловни амалга оширди. Натижада мамлакатнинг янги Конституцияси қабул қилинди. Асосий қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш халқ манфаатларини ҳар томонлама инобатга олишни талаб этадиган мураккаб жараён бўлиб, у миллатимизнинг юксак сиёсий маданияти ва эртанги кунга қатъий ишончини намоён этди, – деди Давлат раҳбари.
Шунингдек, Президент Конституция лойиҳасини тайёрлаш жараёнида махсус комиссия фаолият юритгани, Асосий қонуннинг ҳар бир моддаси халқ манфаатлари нуқтаи назаридан пухта ўрганилганини қайд этди.
Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг сўзларига кўра, жамиятни умумий мақсад атрофида бирлаштиришда оммавий ахборот воситалари вакиллари муҳим ўрин тутди. Ахборот соҳаси ходимлари Конституция комиссияси фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб борди, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини атрофлича таҳлил қилган ҳолда халққа етказди. Бу эса фуқароларнинг ислоҳотлар моҳиятини чуқур англашига хизмат қилди.
– Буни конституциявий ислоҳотлар жараёнида эфирга узатилган жонли трансляциялар, таҳлилий материаллар ва мазмунли суҳбатлар ҳам яққол тасдиқлайди. Умуман олганда, журналистлар юксак касбий маҳорат намоён этдилар. Ахборот соҳасида ҳақиқий мутахассис бўлиш сунъий шов-шув яратиш ёки баландпарвоз шиорлар билан эмас, балки долзарб масалаларни чуқур билиш ва мавзуни пухта ўрганиш билан белгиланади. Конституция комиссияси йиғилишларининг жонли трансляциялари ижтимоий тармоқларда бир миллиондан зиёд томошабинни жалб қилди. Шу тариқа Асосий қонун лойиҳаси муҳокамаси умуммиллий мулоқотга айланиб, унда мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган минглаб фуқаролар фаол иштирок этди.
Хусусан, “e-Government” ва “e-Өtinish” рақамли платформалари орқали мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Бу эса «Тингловчи давлат» тамойилининг амалий ифодаси бўлди. Конституция комиссияси томонидан ҳар бир муҳим таклиф ва ташаббус диққат билан кўриб чиқилди. Асосий қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш жараёни давлат билан жамият ўртасидаги мулоқотни мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Комиссия таркибида оммавий ахборот воситаларининг нуфузли вакиллари ҳам фаол иштирок этди. Шу боис журналистлар ҳамжамиятини қабул қилинган Конституциянинг ҳаммуаллифларидан бири, деб аташга тўлиқ асос мавжуд, – деди Президент.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, янги Конституция халқ учун мустаҳкам дастуриламал, адолатли жамият қуришнинг ишончли пойдевори ва мамлакатнинг барқарор тараққиёти кафолатидир.
– Асосий қонуннинг бош мезонлари – мамлакат эгаменлиги ва мустақиллигини мустаҳкам ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, «Қонун ва интизом» тамойилини қарор топтириш, умуммиллий бирлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришдан иборат. Шунингдек, Конституцияда таълим, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор стратегик йўналишларидан бири сифатида белгиланган, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
– Асосий қонунда аҳоли фаровонлигини ошириш, бунёдкор ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик қадриятларини қарор топтириш, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш каби устувор вазифалар ҳам ўз аксини топган. Орадан саноқли кунлар ўтиб, 1 июль куни Конституция кучга киради ва Қозоғистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўяди. Мен янги Асосий қонун давлатимизнинг мустаҳкам сиёсий-мафкуравий таянчи сифатида узоқ йиллар давомида халқимиз фаровонлигига хизмат қилишига қатъий ишонаман.
Қозоғистоннинг тараққий этган ва муваффақиятли давлатга айланишидан энг аввало ўзимиз манфаатдормиз. Бизнинг бошқа Ватанимиз йўқ. Шунинг учун ҳам бугунги ва келажак авлод олдида юртимизни илғор мамлакатлар қаторига олиб чиқишдек юксак вазифа турибди. Авлодларимиз айрим хатоларимизни тушуниши ва кечириши мумкин. Чунки фақат ҳеч иш қилмаган одам хатога йўл қўймайди. Аммо агар эгаменлигимизга путур етказсак, мустақиллигимизни асрай олмасак, фарзандларимиз ва набираларимиз буни ҳеч қачон кечирмайди. Мустақиллик – биз учун барча қадриятлардан устун бўлган муқаддас неъматдир. Уни кўз қорачиғидек асраш, мустаҳкамлаш ва мамлакат тараққиётини таъминлаш учун эса, аввало, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш зарур. Чунки осойишталик бўлмаган жойда тараққиёт ҳам бўлмайди. Давлатимизнинг мустаҳкам пойдевори адолатдир. Адолат дегани боқимандалик ёки лоқайдлик эмас, аксинча, ҳалол ва бунёдкор меҳнат демакдир, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Президент мамлакат ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа арафасида Парламентнинг VIII сессияси ҳам ўз ишини якунлаётганини эслатди.
– Мен Парламент палаталарининг қўшма мажлисида иштирок этиб, мамлакатимиз тарихида муҳим аҳамият касб этган ушбу давр якунларига тўхталаман, шунингдек, тараққиётнинг янги босқичидаги асосий мақсад ва вазифаларни белгилаб бераман. Биз, Қозоғистон халқи, бунёдкор ва тараққиётга интилувчи миллат сифатида келажакка ишонч билан қараймиз. Бирлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш орқали олдимизга қўйилган барча юксак марраларга албатта эришамиз, – деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг таъкидлашича, оммавий ахборот воситалари ўз зиммасидаги юксак масъулиятли вазифани муваффақиятли адо этиши учун халқаро медиа майдонда рақобатбардошлигини изчил ошириб бориши зарур.
– Медиа соҳаси рақамли давр даъватларига биринчи бўлиб дуч келган тармоқлардан бири бўлди. Айни пайтда у янги ахборот маконининг ажралмас қисмига, жамият ҳаётининг мутлақо янги воқелигига айланди, – деди Президент.
– Ахборот майдонида юз бераётган туб ўзгаришлар натижасида янгиликлар порталлари, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар етакчи ўринга чиқди. Босма нашрлар ва анъанавий телевидение аввалги мутлақ устуворлигини йўқотди. Бу – бугунги кун воқелиги. Бироқ шу асосда анъанавий оммавий ахборот воситалари ўз аҳамиятини бутунлай йўқотади, деган хулосага келиш – шошма-шошарлик.
Бугун биз босма газеталар ва телеканаллар замон талабларига мослашиб, янги шаклларни ўзлаштираётганига, замонавий мультимедиа платформаларини яратаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Уларнинг асосий устунлиги чуқур таҳлил, эксклюзив шарҳлар ва таҳлилий ёндашувидадир. Ахборот шовқини, юзакилик ва енгил-елпи мулоҳазалар авж олган ҳозирги даврда ҳақиқий журналистиканинг қадри янада ортмоқда. Шу боис, менинг фикримча, анъанавий оммавий ахборот воситалари яқин келажакда ҳам жамият учун ишончли ахборот манбаи, воқеалар гирдоби ичида йўл кўрсатувчи мафкуравий йўлчи юлдуз бўлиб қолади, – деди Президент.
Давлат раҳбари замонавий дунёда сохта ахборот ва манипуляцияларга қарши курашда журналистларнинг ўрни беқиёс эканини ҳам таъкидлади.
– Янги технологиялар таъсирида рақамли маконда қасддан низо ва келишмовчилик уруғини сочувчи турли «бот фермалари» пайдо бўлди. Бугунги кунда ёлғон ва бўҳтонга асосланган маълумотлар «дипфейк» деган атама билан одатий ҳол сифатида қабул қилинмоқда. Бу эса холислик ва ҳақиқат ўрнини сунъий равишда бошқариладиган ҳиссиётлар ва ғаразли иғволар эгаллайдиган хавфли «постҳақиқат» муҳитини шакллантирмоқда.
Жамият бирлиги ва тотувлигига раҳна солиш, давлат институтларининг обрўсига путур етказиш мақсадида сунъий идрок имкониятларидан ҳам фойдаланилмоқда. Жамоат арбоблари ва машҳур шахсларнинг қалбаки рақамли нусхалари асл нусхадан деярли фарқ қилмайди. Бу технологиялар турли фирибгарлар ва бузғунчи кучлар томонидан тобора кенг қўлланилмоқда. Шунинг учун масъулиятли журналистлар ва медиа соҳаси ходимлари давлатнинг ана шундай гибрид таҳдидларга қарши маънавий ва ахборот иммунитетини шакллантиришда муҳим ўрин тутиши лозим. Бу борада сизларнинг ҳиссангиз бебаҳодир, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Президент Қозоғистонда оммавий ахборот воситалари эркин ва самарали фаолият юритиши учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар яратилганини ҳам қайд этди.
– Қозоғистонда фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш учун барча шарт-шароитлар яратилган, сўз эркинлиги ва цензурага йўл қўйилмаслиги қонун билан кафолатланган. Бироқ эркинликни бошбошдоқлик билан адаштирмаслик керак. Медиа майдонидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиб, жамоатчилик фикрини манипуляция қилишга уринувчилар бир ҳақиқатни яхши англаб олиши лозим: сизнинг ҳуқуқингиз бошқа инсоннинг ҳуқуқи ва қадр-қиммати бошланадиган жойда тугайди.
Биз жамиятда медиа саводхонлик даражасини тубдан оширишимиз керак. Фуқаролар ҳақиқат билан ёлғонни, холис ахборот билан ғаразли талқинни фарқлай олиши зарур. Шунингдек, сунъий идрок технологияларини хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот манфаатларига хизмат қилдириш, улар ёрдамида қонунга зид контентни тезкор аниқлаш ва чеклаш муҳим аҳамиятга эга. Биз «Қонун ва интизом» устувор бўлган давлат сифатида ҳуқуқий нигилизм, радикализм ва халқимизга ёт ғоялар тарғиботига қарши мустаҳкам тўсиқ қўйишимиз шарт. Бу ўта муҳим вазифадир, – деди давлат раҳбари.
Қасим-Жўмарт Тўқаев оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда дабдабали ҳаёт тарзи ҳамда «осон бойиш» ғоясини тарғиб қилиш ҳолатларини ҳам танқид қилди.
– Кўз-кўз қилинган бойлик ва енгил даромадга интилиш маданиятини оммалаштиришга йўл қўйиб бўлмайди. Бундай қарашлар ёшларни ҳаётдаги тўғри йўлдан чалғитади, уларнинг дунёқараши ва қадриятлар тизимига салбий таъсир кўрсатади. Ёшлар медиа маконида ҳалол меҳнат, покиза ризқ, юксак маънавият ва шахсий масъулиятнинг таъсирчан намунасини кўриши керак. Исрофгарчилик ва беҳуда ҳаёт тарзини тарғиб этувчи сунъий дунё эмас, айнан бунёдкорлик руҳи устувор бўлиши лозим.
Замонавий журналист зиммасида икки муҳим вазифа мужассам. Биринчиси – воқеликни холис ва ҳаққоний акс эттирувчи кўзгу бўлиш. Иккинчиси эса миллатни тараққиёт сари бошлайдиган маърифат машъали вазифасини бажаришдир. Бугун биз бирлашган халқ сифатида замонавий ва фаровон давлат барпо этмоқдамиз. Аммо бу миллий қадриятларимизни унутишимиз керак дегани эмас. Аксинча, халқимизга хос эзгу фазилатлар ва олижаноб анъаналарни қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим, – деди Президент.
– Бу ҳақиқатни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар чуқур англаб етиши лозим. Зеро, юксак маданиятга эга халқ доимо дунё ҳамжамияти ҳурмати ва эътирофига сазовор бўлади. Асл маданият эса оддий, аммо ҳаётий муҳим қадриятлардан – оилада ҳам, жамоат жойларида ҳам одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилиш, ўзини тутиш маданияти, атрофдагиларга ҳурмат билан муносабатда бўлишдан бошланади.
Қозоқ халқи азалдан каттани улуғлаб, кичикка меҳр кўрсатган, муҳтожга кўмак беришни инсоний бурч деб билган. Адашган инсонга ҳам ёрдам қўлини чўзиб, раҳм-шафқат кўрсатиш халқимиз табиатига хос фазилатдир. Мана шу эзгу хусусиятлар бизнинг ҳақиқий қиёфамизни белгилайди. Шунинг учун инсоннинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш, унинг хавфсизлигига таҳдид солишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларга мутлақо ўрин бўлмаслиги керак.
Мен доим таъкидлайман: биз тараққийпарвар давлат сифатида миллий анъаналаримизга таянган ҳолда юксак ахлоқий мезонларни жамият ҳаётига чуқур сингдиришимиз зарур. Бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Халқимизда «Қалам элни тузатди» деган нақл бор. Шу боис журналистлар жамоасига улкан умид боғлаймиз. Ахборот соҳаси ходимлари миллат салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилувчи қадриятларни тарғиб этишда фаол иштирок этиши лозим, – деди Президент.
Давлат раҳбари журналистика соҳасида барча даврларда миллат манфаатини шахсий манфаатдан устун қўйган донишманд ва ватанпарвар инсонлар меҳнат қилганини таъкидлади.
– Улар халқнинг миллий ўзлигини уйғотиш, маънавий руҳини мустаҳкамлаш, илм-маърифатни тарғиб қилиш йўлида беқиёс хизмат кўрсатдилар. Юртдошларимизни билим ва илм-фан сари чорладилар. Сизлар ана шу улуғ анъаналарнинг муносиб давомчилари бўлиб келмоқдасизлар. Барчангизга яна бир бор самимий миннатдорчилик билдираман.
Давлат медиа соҳаси ходимларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш масаласига доимо алоҳида эътибор қаратади. Кейинги йилларда касб байрами арафасида журналистларга квартира калитларини топшириш яхши анъанага айланди. Сўнгги уч йилда Астана шаҳрида 200 нафар журналист уй-жой билан таъминланди. Энди мазкур ташаббус кўлами янада кенгайтирилмоқда.
Айниқса, ахборот майдонида фидокорона меҳнат қилаётган ҳудудий мухбирларнинг меҳнати муносиб эътиборга лойиқ. Шу муносабат билан менинг топшириғимга биноан жорий йилда илк бор вилоятларда фаолият юритаётган журналистларга ҳам квартира калитлари топширилади. Умуман олганда, бу йил мамлакат бўйича 66 нафар ахборот соҳаси ходими уй-жой билан таъминланади. Барчангизни чин қалбдан табриклайман, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Президент оммавий ахборот воситалари ходимларига Адолатли, Тоза, Хавфсиз ва Қудратли Қозоғистонни барпо этиш йўлидаги фаол иштироки учун миннатдорчилик билдирди.
– Сизлар жамият ҳаётида «Қонун ва тартиб», «Адал азамат» тамойилларини қарор топтириш, шунингдек, «Тоза Қозоғистон» умуммиллий ташаббусини кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшмоқдасизлар. Бу орқали халқимизнинг ҳаёт тарзи ва тафаккурини янгилашга хизмат қиляпсизлар. Ахборот соҳаси вакиллари бундан буён ҳам юрт манфаатлари йўлида фидокорона меҳнат қилишига ишончим комил.
Бугун мен Қозоғистон журналистикаси ва телевидениеси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ медиа соҳаси вакилларини юксак давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги Фармонни имзоладим. Мукофотланганлар орасида бутун умрини ахборот соҳаси тараққиётига бағишлаган меҳнат фахрийлари ҳам бор.
Шу муносабат билан миллий телевидениенинг илк намояндаларидан бири, қозоқ тилидаги биринчи теледастурни олиб борган таниқли диктор Зулқия Жуматовани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Журналистика фахрийси бугун 106 ёшни қарши олган бўлса-да, халқимиз уни ҳануз юксак эҳтиром билан тилга олади. Шу боис Зулқия Муқановнани «Қурмет» ордени билан тақдирлашга қарор қилдим.
Бугун ушбу залда миллий оммавий ахборот воситалари нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган кўплаб етук мутахассислар жам бўлган. Улар орасида Ертай Ашиқбаев, Татьяна Корецкая, Қайрат Мусақулов, Қимбат Дўсжан каби таниқли журналистлар бор. Бугунги ёш авлод ана шундай устозларга эргашиб, касб сирларини ўрганмоқда, – деди Давлат раҳбари.
Тантанали маросимда Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев миллий журналистика тараққиётига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимларини давлат мукофотлари билан тақдирлади. Шунингдек, медиа соҳасидаги энг яхши ижодий ишлар муаллифларига мукофотлар, грантлар ва Президент миннатдорликлари топширилди.