26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қозоғистон янги тарихий босқичга қадам қўймоқда

Парламент палаталарининг қўшма мажлисида сўзга чиққан Қозоғистон Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев  мамлакатнинг сиёсий тизими, иқтисодиёти ва давлат бошқарувини тубдан янгилашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар дастурини баён қилди. Давлат раҳбари Адолатли ва Қудратли Қозоғистонни барпо этиш йўлидаги сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ислоҳотларнинг устувор вазифаларини белгилаб берди. Ушбу нутқни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Парламент палаталарининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқи

Муҳтарам юртдошлар!

Ҳурматли депутатлар ва Ҳукумат аъзолари!

Бугунги учрашувимизни ҳеч қандай муболағасиз тарихий аҳамиятга молик воқеа, деб аташ мумкин.

Биз бугун нафақат Парламентнинг навбатдаги сессиясини якунламоқдамиз. Айни пайтда мустақил Қозоғистон тараққиётининг бутун бир босқичига якун ясаб, миллий давлатчилигимиз тарихида мутлақо янги саҳифани очмоқдамиз.

Эртадан бошлаб мамлакатимизнинг янги Конституцияси кучга киради.

Асосий Қонун билан бир қаторда давлат ҳокимияти тизими ҳам тубдан янгиланади.

Икки палатали Парламент ўрнида энди бир палатали Қурултой фаолият юритади.

Умуман олганда, мазкур ўзгаришлар Қозоғистоннинг тарихий тараққиётидаги изчиллик ва ворисдошлик тамойилларининг ёрқин ифодасидир.

Бундан ўттиз йил муқаддам мамлакатимиз тарихидаги илк касбий Парламент шакллантирилган эди.

Янги таркибий тузилма сифатида фаолият бошлаган қонун чиқарувчи тизим давлатчилигимизни мустаҳкамлаш, миллий ҳуқуқий базани яратиш ҳамда бозор иқтисодиётини шакллантиришда муҳим ўрин тутди.

Ўтган ўттиз йил мобайнида амалга оширилган ишлар кўлами ҳақиқатан ҳам залворли. Шу вақт ичида қарийб уч ярим мингта қонун қабул қилинди, уларнинг ҳар ўнинчиси депутатларнинг ташаббуси сифатида илгари сурилди.

Мамлакатимиз қонунчилик тизимига асос солганлар орасида давлат ва жамоат арбоблари – кўплаб фидойи шахслар бор. Уларнинг хизматлари нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб эътироф этилди.

Уларнинг самарали меҳнати, Ватан равнақи йўлидаги фидокорона хизмати миллий парламентаризмимиз тарихида ҳам, юртдошларимиз хотирасида ҳам ўчмас из қолдирди.

Парламент ҳамиша бунёдкорликка хизмат қилувчи институт бўлиб келди. У замон талаблари ва жамият эҳтиёжларига ҳамиша ҳассослик билан муносабат билдирди.

Мамлакатимиз олий қонун чиқарувчи органи умумий мақсадлар йўлида жамиятнинг турли соҳаларида фаолият юритган етук мутахассисларни бирлаштирди.

Ана шу ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик натижасида сиёсий ҳамда қонунчилик соҳаларида юксак парламент маданияти шаклланди.

Бу эса Қозоғистоннинг тараққий этган давлат сифатида етуклик даражасига эришганини тасдиқловчи муҳим мезонлардан биридир.

Парламентнинг ҳар бир янги чақириқ таркиби мамлакатимиз тараққиётидаги навбатдаги ишончли қадамга айланиб, миллатимизнинг босқичма-босқич юксалиб бораётганини яққол намоён этди.

Мен ушбу деворлар орасида кечган қизғин баҳс-мунозараларнинг аҳамиятини, шунингдек, қабул қилинган ҳар бир қонун мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида беқиёс қиймат касб этишини яхши англайман.

Мана шу тарихий паллада барча чақириқларда фаолият юритган Мажлис ва Сенат депутатларига юксак масъулият, ҳалол меҳнат ҳамда Ватанга садоқат билан хизмат қилганлари учун самимий миннатдорчилик билдираман.

Айниқса, бугунги Парламент таркибига алоҳида ташаккур изҳор этаман. Уни янги давр Қозоғистони тарихидаги энг кучли парламент таркибларидан бири, деб тўла асос билан айтиш мумкин.

Сизлар давлатимиз тараққиётининг ниҳоятда мураккаб ва масъулиятли даврида фаолият юритдингиз.

Мамлакат ҳаётида юз берган кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширишда айнан сизлар ислоҳотларнинг олдинги сафида бўлдингиз.

Давлат раҳбари барча ислоҳотларнинг бош мақсади халқ фаровонлигини юксалтириш, қудратли, адолатли ва рақамли давлатни барпо этишдан иборат эканини таъкидлади.

Барча қийинчиликларга қарамай, сизлар кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида тинимсиз меҳнат қилдингиз.

Энг мураккаб ва масъулиятли паллаларда зиммангизга юксак масъулиятни олдингиз, мамлакатимиз учун ниҳоятда зарур ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айландингиз.

Фақат сўнгги уч йилнинг ўзида уч юздан зиёд муҳим қонун қабул қилинди. Улар орасида тарихий аҳамиятга эга конституциявий қонунлар ва кодекслар мавжуд. Ана шу ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизнинг келгуси ютуқлари учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Сизлар билан биргаликда мамлакатни тубдан янгилашнинг ортга қайтмас жараёнини бошлаб бердик. Бу ўзгаришлар иқтисодий шаклдан тортиб, жамиятнинг қадриятлар тизимигача бўлган барча соҳаларни қамраб олди.

Шубҳасиз, тарихий бурилиш даврининг бевосита иштирокчиси бўлиш – улкан шараф, айни пайтда юксак масъулият ҳамдир.

Ишонч билан айтиш мумкинки, ҳар бирингиз зиммангизга юклатилган вазифани муносиб даражада адо этдингиз.

Сизлар Адолатпарвар ва Қудратли Қозоғистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилдингиз.

Ҳеч шубҳасиз, ана шу заҳматли меҳнатингиз ва матонат билан олиб борган саъй-ҳаракатларингиз мамлакатимиз солномасидан муносиб ўрин олади.

Бироқ тарих вақтни кутмайди. Жаҳон шиддат билан ўзгармоқда. Бу эса барчамиздан қатъий қарорлар қабул қилишни, янгича ёндашувларни қўллашни талаб этмоқда. Мен бу ҳақда бир неча бор айтганман. Бу – замоннинг ўзи қўяётган талабдир.

Бугунги кунда халқаро вазият, ўзингизга маълумки, тобора мураккаблашиб, аввалдан келажакни режалаш қийин бўлмоқда. Бу эса жаҳон иқтисодиёти тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган агентликлари тахминларига кўра, яқин икки йил ичида жаҳон ҳамжамияти ва алоҳида давлатлар иқтисодий тараққиёт режаларини амалга оширишда жиддий қийинчиликларга дуч келади.

Шундай бўлса-да, тушкунликка тушишга, айниқса, саросимага берилишга асло ҳаққимиз йўқ. Ҳукумат мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтириши лозим. Кун тартибида пул қадрсизланишини жиловлаш, унинг даражасини имкон қадар пасайтириш, иқтисодий юксалиш суръатларининг секинлашувига йўл қўймаслик каби долзарб вазифалар турибди. Шу билан бирга, иқтисодиётнинг асосий кўрсаткичларини янада яхшилаш устида ҳам тизимли иш олиб бориш зарур.

Маълумки, эртадан эътиборан, давлат бошқарувининг бутун тизимини чуқур замонавийлаштриш жараёни бошланади.

Бу навбатдаги маъмурий ислоҳот эмас. Моҳиятан айтганда, бу янги тарихий даврнинг бошланиши, аҳамияти ва оқибатлари жиҳатидан мисли кўрилмаган ўзгаришларга йўл очадиган жараёндир.

Бошқача айтганда, қозоқ давлатчилиги тизими тўлиқ ва чуқур янгиланади.

Мамлакатимиз мустақиллигининг мустаҳкам пойдевори ва асосий таянчларини асраб-авайлаган ҳолда, давлат бошқаруви тизимини сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтаришимиз шарт. Бу ғоят муҳим вазифа бўлиб, давлат хизмати вакиллари, академик муассасалар, илмий ҳамда сиёсатшунослик марказлари, нодавлат ташкилотлар, халқаро институтлар ва ушбу жараёнга дахлдор барча тузилмаларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатини талаб этади.

Ўтган йилги Мактубимда белгиланган уч йил ичида Қозоғистонни ривожланган рақамли давлатга айлантириш вазифаси ўз кучида қолмоқда.

Мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти кўп жиҳатдан ана шу вазифанинг ижроси қай даражада таъминланишига боғлиқ.

Биз доимо ёдда тутишимиз керакки, Қозоғистон мустақиллиги ва давлат эгаменлигини ишончли таъминлаш билан боғлиқ барча масалалар ҳали тўлиқ ҳал этилмаган. Шу боис олдимиздаги таҳдид ва чақириқлар янада кучайишини инобатга олишимиз зарур.

Бизнинг бош мақсадимиз – халқимиз фаровонлигини ошириш, фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳаёт сифати ва турмуш даражасини изчил яхшилаш ҳамда бу жараённи ортга қайтмас тусга киритишдан иборат.

Эришган ютуқлар билан қаноатланиб қолишга ҳаққимиз йўқ. Олдимизда турган вазифаларнинг кўлами ва мураккаблиги барчамиздан қатъият, изчиллик ва юксак самарадорлик билан меҳнат қилишни талаб этади.

Шу муносабат билан бугун биргаликда амалга оширган ишларимизнинг асосий натижаларини сарҳисоб қилиш, шунингдек, келгусидаги тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб олишни муҳим, деб ҳисоблайман.

БИРИНЧИ. Давлат ҳокимиятининг янги қиёфасини шакллантириш.

Юқорида таъкидланганидек, ушбу чақириқ Парламенти юксак савиядаги қонун ижодкорлиги, депутатлар корпусининг мисли кўрилмаган фаоллиги ва амалий натижалари билан мамлакатимиз тарихидан муносиб ўрин эгаллайди.

Сизлар Адолатпарвар Қозоғистонни барпо этиш жараёнининг бошланишига, шунингдек, янги Конституцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга беқиёс ҳисса қўшдингиз.

Бугун деярли ҳар бирингиз келажак авлод сиёсатчилари ва жамоат арбобларига, фарзандларингиз ҳамда набираларингизга фахр билан: «Мен 2026 йилги Конституцияни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этганман», деб айта оласиз.

Парламент ислоҳотини қўллаб-қувватлаш орқали депутатлар корпуси юксак сиёсий маданият ва фуқаролик масъулиятини, энг муҳими, умуммиллий манфаатларни чуқур англашини бутун дунёга намоён этди.

Бу залда ўтирган кўплаб депутатлар Конституциявий комиссия таркибида самарали фаолият юритди. Улар фуқаролар билан учрашиб, давлатимизнинг келажакдаги қиёфаси ва иқтисодий салоҳиятини узоқ йиллар давомида белгилаб берадиган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига атрофлича тушунтирдилар.

Асосий Қонун умумхалқ референдумида қабул қилингач, сизлар қисқа муддат ичида мамлакатимиз ҳуқуқий тизимини янги конституциявий воқеликка мослаштириш вазифасини юксак савияда амалга оширдингиз.

Хусусан, Парламент тезкорлик билан тўққизта қонунчилик тўпламини ишлаб чиқди ва қабул қилди. Улардан олтитаси конституциявий қонунлардир.

Натижада давлат ҳокимиятининг асосий формуласи – «Кучли Президент – Нуфузли Қурултой – Ҳисобдор Ҳукумат» давлат тизими  сифатида тўлиқ шаклланди.

Ҳокимият тармоқлари ўртасидаги янгиланган мувозанат шароитида Президент мустақиллик ва давлат бирлигининг рамзи, Конституция, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати сифатидаги ҳал қилувчи ўрнини сақлаб қолади.

Шуни аниқ англаш ва доимо назарда тутиш зарурки, Қозоғистон президентлик республикаси бўлиб қолади. Президент давлатнинг олий мансабдор шахси, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони ҳисобланади. У барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимлар раҳбарларини лавозимга тайинлайди, мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайди ҳамда давлатимизни халқаро майдонда намоён этади.

Шу билан бирга, амалга оширилаётган замонавийлашув парламент тизимини янада такомиллаштиришни ҳам назарда тутади.

Қурултой амалдорларга хос тўсиқларни бартараф этиши, қонун ижодкорлиги жараёнининг тезкорлиги ва сифатини янада ошириши, юқори малакали таҳлилчилар ҳамда маслаҳатчиларнинг самарали фаолиятини таъминлаши лозим.

Ялпи рақамлаштириш ва сунъий идрок даврида Қурултой миллий қонунчиликни жадал ўзгариб бораётган рақамли воқеликка ўз вақтида мослаштириш учун янада тезкор суръатларда ишлашига тўғри келади. Бу ғоят муҳим вазифадир. Зеро, айнан шу омил Қозоғистоннинг дунёвий рақобатда муносиб иштирок этишга қай даражада тайёрлигини белгилаб беради.

Мен Қурултой мамлакатимизда технологик тараққиётнинг етакчи омилларидан бирига айланишига ишонаман.

Ўтган йилнинг октябрь ойида парламент ислоҳоти юзасидан ишчи гуруҳнинг дастлабки йиғилишидаёқ мен тўлиқ шаклдаги “e-Parliament” тизимини жорий этиш масаласини кўтарган эдим.

Қозоғистон “e-Government” тизими тараққиёти бўйича халқаро рейтингларда жаҳоннинг энг яхши 25 мамлакати қаторига кирди. Электрон Парламентни шакллантириш ва ривожлантириш эса янада жиддий саъй-ҳаракатларни талаб қилади.

Янги сайланадиган депутатлар қонун ижодкорлигига мутлақо янгича ёндашувни қарор топтиришлари зарур. Бу жараёнда “Big Data” катта маълумотлар таҳлили, тахминли таҳлил, иқтисодиётда кутилаётган оқибатларни олдиндан аниқлаш ҳамда ижтимоий хавф-хатарларни баҳолаш имкониятларидан кенг фойдаланиш лозим.

Муҳим қонун лойиҳалари таҳлилчилар ва фуқаролик жамиятининг фаол вакиллари иштирокида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши лозим. 

Ушбу жараёнда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш муҳокамалар иштирокчилари доирасини янада кенгайтириш, уларни ҳақиқий умумхалқ мулоқоти ва очиқ жамоатчилик баҳсига айлантириш имконини беради.

Қурултой жамиятни ташвишга солаётган долзарб масалаларга тезкор муносабат билдирадиган умуммиллий мулоқот майдонига айланиши шарт. Бу, аввало, фуқароларнинг аниқ эҳтиёж ва таклифларини инобатга олиш, улар асосида тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар орқали давлат идораларига аниқ вазифалар юклашни англатади.

Дарҳақиқат, самарали фаолият юритувчи жамоат ташкилотларисиз илғор ва адолатпарвар давлатни барпо этиб бўлмайди.

Айнан шу боис, мен янги конституциявий тизим – Қозоғистон Халқ Кенгашини таъсис этиш ташаббусини илгари сурдим. Унинг таркибига маҳаллий вакиллик тизимлари, жамоатчилик кенгашлари, экспертлик майдончалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари киради.

Халқ кенгаши зиммасига илгари Қозоғистон халқи Ассамблеяси ваколатида бўлган қатор вазифалар ҳам юклатилади.

Шу тариқа тузилманинг ташкилий шакли ўзгаради, аммо ички сиёсатимизнинг устувор йўналиши ҳисобланган умуммиллий бирдамлик ғоясининг моҳияти мутлақо ўзгармайди.

Халқ кенгаши – мамлакатимиз тарихидаги конституциявий мақомга эга илк мулоқот майдони, Қозоғистоннинг ўзига хос хилма-хиллиги рамзидир.

Аввал алоҳида-алоҳида фаолият юритган тузилмалар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган Олий маслаҳат тизими таркибида бирлаштирилади. Бу эса бутун халқ овози давлат сиёсатининг ажралмас ва ҳал қилувчи қисмига айланишини англатади.

Ислоҳотларнинг энг катта ютуғи – фуқароларнинг мамлакат ҳаёти учун муҳим давлат қарорларини қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этаётганидир.

Қарийб ўттиз йил давомида амалда қўлланилмаган халқ иродасини бевосита ифода этиш дастаги энди ҳақиқий сиёсий амалиётга айланди. 2022 йилдан буён мамлакат тақдири учун муҳим аҳамиятга эга масалалар юзасидан учта умумхалқ референдуми ўтказилди.

Менинг фикрим қатъий: мамлакатдаги ўзгаришларнинг асосий бунёдкори халқнинг ўзи бўлиши керак.

Айни пайтда аниқ ташаббуслар давлат ҳокимияти томонидан ҳам илгари сурилиши шарт.

Бугуннинг ўзидаёқ ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар ҳокимият тизимлари ўртасида мустаҳкам мувозанат ва ўзаро назорат тизимини шакллантириб, давлат бошқаруви сифатини янада юксалтирди.

Бироқ барча ислоҳотларнинг бош мақсади – мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида аҳоли фаровонлиги ва ҳаёт сифатини юксалтиришдир. Бу эса Ҳукумат, қонун чиқарувчи идоралар ҳамда бутун жамиятдан янада катта саъй-ҳаракатларни талаб этади.

ИККИНЧИ. Янги иқтисодий тизимга ўтиш.

Бу алоҳида стратегик аҳамиятга эга вазифа. Уни қисқа муддатда амалга ошириш учун мутлақо янги ёндашувлар ва янги қарорлар ишлаб чиқиш талаб этилади. Аввал қўлланилган усуллар энди кутилган самарани бермаслиги аниқ.

Мен бу ҳақда аввал ҳам бир неча бор айтганман. Йил сайин дунёвий вазият ва халқаро муҳит тобора мураккаблашиб бормоқда.

Бугун олдимизда турли можаролар, таҳдидлар ва янги чақириқлар кўндаланг турибди.

Шунга қарамай, биз вазмин ва пухта ўйланган сиёсат юритиб, ишонч билан олға интилмоқдамиз. Бундан кейин ҳам ана шу йўлдан оғишмаймиз.

Ўтган йил якунларига кўра, миллий иқтисодиётимиз 6,5 фоизга ўсди. Бу жаҳон иқтисодиётининг умумий суръатлари билан таққослаганда анча юқори кўрсаткичдир.

Қозоғистон ички ялпи маҳсулоти мамлакат тарихида илк бор 300 миллиард АҚШ долларидан ошди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми эса 2019 йилга нисбатан бир ярим баробар ошиб, 15 минг долларга етди.

Бу МДҲ мамлакатлари орасидаги энг юқори натижалардан биридир.

Биз пул қадрсизланиши суръатларини сезиларли даражада пасайтиришга эришдик. Жорий йилнинг дастлабки беш ойи якунларига кўра, унинг даражаси 10,4 фоизни ташкил этди. Бироқ бу кўрсаткични янада пасайтириш юзасидан изчил иш олиб боришимиз зарур.

Мамлакат молия тизимининг барқарорлиги таъминланди. Миллий валюта ташқи хатарлар таъсиридан ишончли муҳофаза қилинмоқда.

Умуман олганда, Парламент, Ҳукумат ва Миллий банкнинг ўзаро ҳамкорлиги самарали кечаётганини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири – Миллий банкнинг базавий фоиз ставкаси ҳисобланади. Бу борада қарор қабул қилишда ҳар томонлама пухта ва вазмин ёндашув талаб этилади.

Сизлар қабул қилган янги Бюджет ва Солиқ кодекслари иқтисодиёт тизимини тубдан янгилаб, давлат молиясини бошқаришга нисбатан мутлақо янги ёндашувларни қарор топтирди.

Шу тариқа Қозоғистон иқтисодиётининг янги тизимини шакллантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилди.

Мамлакатимизда автомобиллар, маиший техника, юк вагонлари, қурилиш материаллари ҳамда юқори қўшимча қийматга эга бошқа рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган замонавий саноат корхоналари ишга туширилмоқда.

Фақат 2023-2025 йиллар давомида умумий қиймати 3,7 триллион тенгени ташкил этувчи 540та саноат лойиҳаси амалга оширилди.

Яқин икки йилда қарийб 3 триллион тенге сармоя жалб қилинган ҳолда яна 200дан зиёд янги ишлаб чиқариш қувватини ишга тушириш режалаштирилган. Бу бюджет тушумларининг кўпайиши, илғор технологияларнинг кенг жорий этилиши ва энг муҳими, янги иш ўринларининг яратилишини англатади.

Ҳозиргача амалга оширилган лойиҳалар ҳисобига қарийб 50 минг доимий иш ўрни ташкил этилди. Режалаштирилган янги иншоотлар фойдаланишга топширилгач, яна 20 мингдан зиёд фуқаро доимий иш билан таъминланади.

Давлат маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш учун улкан маблағларни сафарбар этмоқда.

Бугунги кунда Қозоғистонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг қарийб ярми кичик ва ўрта бизнес соҳасида фаолият юритмоқда. Кейинги беш йилда ушбу соҳада банд бўлганлар сони 4,5 миллион нафарга етди.

Ички ялпи маҳсулот таркибида кичик ва ўрта бизнеснинг улуши ҳам юксак даражага кўтарилиб, 40 фоизли маррани ишонч билан ортда қолдирди.

2025 йилда «Байтерек» холдинги орқали тадбиркорларга 8 триллион тенге миқдорида давлат кўмаги кўрсатилди.

Бундан ташқари, мамлакатимизда мутлақо янги Қурилиш ва Сув кодекслари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар стратегик аҳамиятга эга тармоқларни ҳуқуқий жиҳатдан самарали тартибга солишда алоҳида аҳамият касб этади.

Ўтган йили Қозоғистонда 20 миллион квадрат метрдан ортиқ уй-жой барпо этилди. Бу мамлакатимиз тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Энг муҳими, минглаб оилалар ўз уйи ва хонадонига эга бўлди.

Шаҳарларни ободонлаштириш билан бир қаторда қишлоқ аҳолисининг турмуш сифати ҳам изчил яхшиланмоқда.

Жорий йилда 12та йирик лойиҳани якунлаш режалаштирилган. Бунинг натижасида ярим миллиондан зиёд қишлоқ аҳолиси тоза ичимли сув билан таъминланади.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари давлат томонидан мисли кўрилмаган даражада қўллаб-қувватланди.

Ўтган йили агросаноат мажмуасини имтиёзли молиялаштириш мақсадида бир триллион тенге миқдорида кредит адратилди.

Деҳқонлар илк бор йиллик 5 фоизли узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Бу эса қишлоқ хўжалиги тармоғини кенг кўламда замонавийлаштиришга кучли туртки берди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида агросаноат мажмуасининг ялпи маҳсулоти қарийб 10 триллион тенгега етди. Экспорт ҳажми эса 1,3 баробар ўсиб, кейинги ўн йилдаги энг юқори – 7 миллиард долларлик кўрсаткичга эришди.

Юқори технологияларга асосланган тармоқлар ҳам жадал ривожланмоқда.

Миллий фармацевтика саноатида ҳам салмоқли ютуқларга эришилди.

Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти баҳосига кўра, Қозоғистон фармацевтика саноатига бўлган ишонч даражаси бўйича МДҲ мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллади.

Дори-дармонлар бозори ҳажми бир триллион тенгедан ошиб кетди. Сўнгги уч йил ичида тармоққа жалб қилинган хорижий сармоялар ҳажми эса уч баравардан зиёд кўпайди.

Олдимизда янада мураккаб вазифалар турибди ва белгиланган барча мақсадларга албатта эришишимиз шарт.

Мен мамлакатимиз иқтисодиётни ранг-баранглаштиришнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиши лозим бўлган янги сармоявий даврга қадам қўяётганини илгари ҳам таъкидлаганман.

Иқтисодиётни ранг-баранглаштириш шунчаки шиор ёки баландпарвоз ибора эмас. Бу ниҳоятда мураккаб ва юксак масъулият талаб қиладиган вазифа бўлиб, унга юзаки ёндашиб бўлмайди.

Ўтган йили Қозоғистонга жалб қилинган бевосита хорижий сармоялар умумий оқими 14 фоизга ошиб, 20 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Эътиборлиси, сармоялар тобора келажак иқтисодиёти тармоқлари – қайта ишлаш саноати, транспорт ва логистика, рақамли инфратузилма ҳамда молия соҳасига йўналтирилмоқда. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизнинг жадал тараққиётига хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, жорий йил май ойида мен имзолаган «Алатау шаҳрининг махсус ҳуқуқий тартиби тўғрисида»ги Конституциявий қонун алоҳида аҳамият касб этади.

Ушбу қонун маҳаллий ва хорижий бизнес учун кенг имкониятлар эшигини очади. Шу боис мазкур ноёб ҳуқуқий ҳужжатнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишимиз лозим.

Жадал ривожланувчи рақамли мегаполислар, инновацион кластерлар ва юқори самарали индустрияларни барпо этиш орқали Қозоғистонни Евроосиёнинг юқори технологияли ишбилармонлик марказига айлантириш кўзда тутилган.

Агар минтақамиз учун мутлақо янги бўлган ушбу улкан лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса (бу шубҳасиз, таъминланиши керак!)  мамлакатимизда барқарор иқтисодий тараққиётнинг мутлақо янги шакли юзага келади.

УЧИНЧИ. Мамлакатнинг энергетика ва инфратузилма таянчини мустаҳкамлаш.

Иқтисодий тараққиётнинг янги тизимига ўтиш энергетика, муҳандислик ҳамда транспорт-логистика инфратузилмасини ҳар томонлама мустаҳкамлашни талаб этади. Зеро, айнан шу соҳалар ҳар қандай давлатнинг ишончли таянчи ҳисобланади. Қозоғистон ҳам бундан мустасно бўлмаслиги даркор.

Шу боис энергетика ва коммунал соҳаларни замонавийлаштириш бўйича кўлами жиҳатидан мисли кўрилмаган Миллий лойиҳани амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Фақат жорий йилнинг ўзида мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш учун бир триллион тенгедан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган.

Катта харажат талаб қиладиган, аммо самараси паст бўлган «юзаки таъмирлаш» амалиётидан воз кечиб, ҳаёт учун муҳим барча иншоотлар ва муҳандислик-коммуникация тизимларини тубдан қайта тиклаш амалга оширилади.

Қозоғистоннинг энергетика балансида анъанавий равишда қазиб олинадиган ёқилғи турлари – кўмир, нефть ва газ устунлик қилади.

Углеводород захиралари миллий иқтисодиётимизнинг асосий таянчи бўлиб қолмоқда. Давлат бюджетига тушаётган валюта тушумларининг асосий қисми ҳам айнан шу тармоқ ҳиссасига тўғри келади.

Бундан ташқари, углеводород хомашёси шаҳарлар ва қишлоқларни нисбатан арзон иссиқлик ҳамда энергия билан таъминлашда муҳим манба вазифасини бажаради.

Шунинг учун мамлакатни газлаштириш суръатларини янада жадаллаштиришни режалаштиряпмиз. Ҳозир қарийб 65 фоизни ташкил этаётган газлаштириш даражасини 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Анъанавий энергетика билан бир қаторда Ҳукумат «яшил» энергетикани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда унинг мамлакат энергетика балансидаги улуши 7 фоизга етди.

Жадал юксалаётган иқтисодиётни ишончли энергия билан таъминлаш мақсадида 2029 йилга қадар 13 гигаваттдан зиёд янги энергетик қувватларни ишга тушириш режалаштирилган. Уларнинг камида тўртдан бир қисми қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига яратилади.

Шу билан бирга, кўмирни ҳам ўз ичига олган улкан табиий ёқилғи захираларимиз мамлакатимизнинг муҳим рақобат устунлигидир. Биз бу имкониятдан тўлиқ фойдаланишимиз шарт.

Шу мақсадда жорий йилнинг март ойида тоза кўмир генерациясини ривожлантириш юзасидан Миллий лойиҳа қабул қилинди.

Келгуси уч йил давомида Кўкшетау, Семей ва Ўскемен шаҳарларида юқори экологик талабларга жавоб берадиган технологиялар асосида учта янги иссиқлик электр маркази барпо этилиши даркор.

Қозоғистон уран қазиб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи мамлакат ҳисобланади ва ривожланган ядровий инфратузилмага эга.

Шунинг учун атом энергетикасини ривожлантириш йўли танлангани мутлақо тўғри. 2024 йилда ўтган тарихий референдумда халқимиз айнан шу танловни амалга оширди. Бу қарор, аслида, тамаддуний аҳамиятга молик.

Бу мамлакатимиз энергетик эгаменлигининг мустаҳкам кафолати, келажакда юқори энергия талаб қиладиган рақамли иқтисодиёт учун ишончли асосдир.

Келгуси йил мамлакатимизда дастлабки атом электр станцияси қурилиши бошланади.

Шу билан бирга, мамлакат инфратузилмасининг яна бир муҳим бўғини – транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришга ҳам устувор аҳамият қаратишимиз лозим.

Бу тармоқ стратегик аҳамиятга эга. Минтақамиздаги барча давлатлар ушбу йўналишни жадал ривожлантирмоқда. Шу боис рақобат ҳам тобора кучайиб бормоқда.

Юк ташиш тизимида темир йўл транспортининг улкан ўрнини ҳисобга олган ҳолда, янги магистраллар ва вокзаллар барпо этиш ҳамда замонавийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган йили Дўстлик – Мўйинти участкасидаги иккинчи темир йўл ҳамда Алмати айланма темир йўлида поездлар ҳаракати йўлга қўйилди.

Жорий йилда Мўйинти – Қизилжар ва Дарбаза – Мақтаарал темир йўл тармоқлари қурилиши якунланади. Келгуси йили эса Бахти – Аягўз темирйўл магистрали фойдаланишга топширилади.

Шу билан бирга, автомобиль йўллари сифатини яхшилаш юзасидан белгиланган вазифаларни ҳам тўлиқ амалга оширишимиз керак.

Фақат ўтган йилнинг ўзида 13 минг чақирим автомобиль йўлини таъмирлаш ишлари бошланди. Шундан 6 минг чақирими фойдаланишга топширилди. Бундай кўламдор ишлар мамлакатимиз тарихида илк бор амалга оширилди.

Автомобиль ўтказиш пунктларини замонавийлаштириш тадбирлари эса кейинги йил тўлиқ якунланиши лозим.

Амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида кейинги беш йилда автомобиль транспорти орқали транзит юк ташиш ҳажми икки баравар ошиб, 6 миллион тоннага етди.

Ўтган йил якунларига кўра, автомобиль ташувчилари даромади 1,5 триллион тенгени ташкил этди. Бу кўрсаткич темир йўл транспорти натижалари билан деярли тенглашди.

Бу эса мамлакатимиз автомобиль транспорти соҳаси улкан салоҳиятга эга эканлигини яққол кўрсатади. Шунинг учун ушбу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз лозим.

Авиация соҳасида янги йўналишлар тармоғини жадал кенгайтириш ва замонавий авиация марказларини шакллантириш ишлари изчил давом этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Астана шаҳрида янги аэропорт барпо этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Унинг қурилишини қисқа муддатда бошлаш зарур.

Шунингдек, миллий юк авиаташувчи компаниясини ташкил этишни муҳим қарор, деб ҳисоблайман. Бу мамлакатимизнинг халқаро логистика тизимидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.

Минтақанинг етакчи нефть-газ давлатларидан бири сифатида биз авиация ёқилғиси билан таъминлашнинг замонавий ва қудратли инфратузилмасини барпо этишимиз шарт. Бу ҳам муҳим устувор вазифадир.

Маълумки, яқинда мен Брюссель шаҳрида Европа Иттифоқи раҳбарлари билан музокаралар ўтказдим. Учрашувларда Транскаспий халқаро транспорт даҳлизини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Кейинги олти йил ичида Ўрта даҳлиз орқали ташилган юклар ҳажми беш бараварга ошиб, йилига 4 миллион тоннадан ошди.

Бу, аввало, денгиз транспортининг ривожланиши ва порт инфратузилмасининг изчил такомиллаштирилиши самарасидир.

Шубҳасиз, Парламент томонидан кўрсатилган қонунчилик кўмаги мазкур тармоқ тараққиётига кучли туртки берди. 2023 йилдан буён соҳага оид саккизта қонун қабул қилинди, тармоқни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган қатор халқаро шартномалар ратификация қилинди.

Ишончим комилки, изчил амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида Қозоғистон ишончли энергетик ҳамкор мақомини янада мустаҳкамлаб, минтақанинг етакчи транспорт-логистика марказларидан бирига айланади.

Ҳукумат мазкур йўналишга алоҳида ва доимий эътибор қаратиши шарт.

Олдимизда яна бир ўта муҳим, юксак масъулият талаб этадиган ва кечиктириб бўлмайдиган вазифа турибди. Бу – кенг кўламли қурилиш ишларини амалга оширишдир.

Мамлакатда қанча кўп иншоотлар барпо этилса, Қозоғистон тараққиёти ҳам шунча жадаллашади. Энг аввало, бу асосий инфратузилмани ривожлантиришга тааллуқлидир. Биз юқори суръатларда темир йўллар ва автомобиль йўллари, аэропортлар, вокзаллар, йирик сув тозалаш ва сув таъминоти иншоотлари, ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари, шаҳарлардаги бинолар ҳамда бошқа муҳим иншоотларни қуришимиз лозим.

Молиявий маблағлар доимий бойлик эмас. Вақт ўтиши билан уларнинг қиймати камайиб боради. Шунинг учун улардан самарали фойдаланиш дегани – аниқ натижага эришиш, келажак авлодларга мустаҳкам ва замонавий инфратузилмани муносиб мерос қилиб қолдириш демакдир.

«Ижтимоий давлат» шиори ортига яшириниб, давлат маблағларини бесамар сарфлашга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Бундай узоқни кўзламайдиган сиёсатни келажак авлод на тушунади, на кечиради.

Бошқача айтганда, биз бутун Қозоғистонни улкан қурилиш майдонига айлантиришимиз керак.

ТЎРТИНЧИ. Тўлиқ рақамли давлатни барпо этиш.

Саккизинчи чақириқ Парламент депутатларининг яна бир муҳим хизмати шундаки, сизлар мамлакатимизда мисли кўрилмаган рақамлаштириш жараёнининг ҳақиқий пешқадамларига айландингиз.

На мамлакатимизда, на жаҳон амалиётида сунъий идрокни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бўйича тайёр андазалар ёки оммабоп ечимлар мавжуд эмас эди.

Шу боис сизларнинг келгуси ўн йилликлар давомида мамлакатимиз тараққиёти учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратган замонавий ва мослашувчан ҳуқуқий тизимни шакллантиришга қўшган ҳиссангизни юксак баҳолайман.

Янги Конституцияда Рақамли Қозоғистонни барпо этишнинг энг муҳим шартларидан бири – фуқароларнинг кибермакондаги шахсий маълумотлари дахлсизлиги ва ҳимоя қилинишига бўлган ҳуқуқи конституциявий даражада мустаҳкамланди.

Мамлакатимиз жаҳонда илк давлатлардан бири сифатида ўз аҳамияти жиҳатидан инқилобий ҳисобланган Рақамли кодекс ҳамда «Сунъий идрок тўғрисида»ги соҳавий қонунни қабул қилди.

Бу эса тўлиқ рақамли давлатга тизимли ўтиш учун замонавий инфратузилмавий асосни шакллантириш имконини берди.

Бугун бу ишлар ўзининг амалий натижаларини бера бошлади. Давлатларнинг сунъий идрокка тайёрлик индексида Қозоғистон Марказий Осиёда етакчи. Бироқ бу узоқ ва масъулиятли йўлнинг фақат бошланишидир.

Кенг кўламли ишларнинг асосий йўналишлари жорий йил июнь ойи бошида тасдиқланган «Digital Qazaqstan» умуммиллий дастурида белгилаб берилган.

Биз сунъий идрок технологияларини иқтисодиётнинг барча муҳим тармоқларига кенг жорий этишимиз, давлат бошқаруви сифатини эса мутлақо янги босқичга олиб чиқишимиз зарур.

Жорий йил январь ойида мен банк соҳасига оид янги қонунларни имзоладим. Улар илк бор рақамли молиявий активларни ҳуқуқий майдонга киритиб, уларнинг муомаласи учун очиқ ва шаффоф ҳуқуқий дастакларни яратди.

Менинг топшириғимга биноан мамлакатимизда ҳуқуқий базани чуқур тафтиш қилиш ва тубдан замонавийлаштириш билан шуғулланадиган Бошқарувчи идрок маркази ташкил этилди.

Бу, энг аввало, тадбиркорлар фаолиятини янада енгиллаштиришга хизмат қилади.

Қулай бизнес муҳитини шакллантиришга «ягона дарча» тамойили асосида ишлайдиган «eGov Business» порталининг тараққиёти ҳам бевосита ҳисса қўшмоқда.

Мамлакатимиз рақамли банклари ва финтех-компаниялари аҳоли ҳамда бизнес учун замонавий рақамли экотизимларни шакллантирди. Бу молиявий хизматлар, савдо ва давлат хизматлари ўртасида тезкор ҳамда узлуксиз ҳамкорликни, жипсликни таъминлади.

Натижада сўнгги беш йил мобайнида электрон тижорат бозори қарийб саккиз баравар ўсиб, 3,7 триллион тенгега етди. Бу мамлакат чакана савдо айланимининг қарийб 15 фоизини ташкил этади.

Ушбу кўрсаткич фуқароларнинг рақамли муҳитга бўлган юксак ишончи ва истеъмолчилар хулқ-атворида юз бераётган чуқур ўзгаришларнинг ёрқин далилидир.

Эришилган юқори суръатларни сақлаб қолиш учун давлат рақамли инфратузилмани жадал суръатларда ривожлантиришни таъминлаши лозим.

Бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири – сунъий ирок бўйича назарий ишланмаларни давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва миллий хавфсизлик соҳаларида амалий ечимларга айлантириш имконига эга қудратли суперкомпьютерларни ишга тушириш бўлди.

Бироқ сунъий идрок улкан ҳисоблаш қувватлари ва жуда катта ҳажмдаги энергия захираларини талаб этади.

Шу боис жаҳоннинг етакчи «BigTech» корпорацияларини жалб этадиган йирик марказга айланиши кўзда тутилган «Маълумотларни қайта ишлаш марказлари водийси» (Data Center Valley) мегалойиҳасини амалга ошириш алоҳида аҳамият касб этади. Бу вазифа Ҳукумат диққат марказида доимий равишда туриши шарт. Мен унинг ижросини шахсан назорат қилиб бораман.

Аслида, айни пайтда Қозоғистоннинг Янги Ипак йўлидаги юқори технологияли марказ сифатидаги рақамли мустақиллигига асос солинмоқда.

Шу билан бирга, ҳамиша ёдда тутишимиз лозим: энг қудратли суперкомпьютерлар ва энг замонавий маълумотларни қайта ишлаш марказлари ҳам малакали мутахассисларсиз пулни елга совуришади.

Шунинг учун биз келажак меъморлари, дастурчилари ва рақамли технологиялар ижодкорларини мактаб партасиданоқ тайёрлашга киришмоқдамиз.

«Alem.ai»  халқаро маркази асосида янги авлодга мўлжалланган иккита инновацион мактаб фаолиятини бошлади.

Жорий ўқув йилидан эътиборан Марказий Осиёдаги сунъий идрок соҳасига ихтисослашган дастлабки университет фаолиятини бошлайди.

Рақамлаштириш – бутун давлат бошқаруви тизимини, ҳатто кенг жамоатчилик қатламларини ҳам қамраб олган очиқ ва узлуксиз ривожланиб бораётган жараёндир.

Бугуннинг ўзидаёқ юқори бўғин раҳбарларидан тортиб қишлоқ ҳокимларигача бўлган ўн минглаб давлат хизматчилари махсус таълим дастурларининг иштирокчисига айланди.

Биз давлат бошқарувининг мантиғи ва фалсафасини тубдан ўзгартиришимиз, анъанавий амалдорларга хос бошқарувдан «Давлат – платформа» (GovTech) тамойилига асосланган замонавий, самарали хизмат кўрсатиш шаклига қатъий ўтишни таъминлашимиз лозим.

Пировард мақсадимиз – дунёвий технологик тараққиёт жараёнларига атрофлича жипслашган, миллий манфаатларни халқаро майдонда муносиб ҳимоя қиладиган ва илгари сурадиган, энг муҳими, ўз фуқароларига сидқидилдан хизмат қиладиган илғор рақамли давлатни барпо этишдир.

БЕШИНЧИ. Инсон капиталини ривожлантириш

Мен бу ҳақда аввал ҳам бир неча бор таъкидлаганман: XXI асрда на табиий бойликлар, на аҳоли сонининг ўзи давлат муваффақиятининг кафолати бўла олади.

Қадрсизланиш таъсирига учрамайдиган ягона бойлик – бу инсон капитали, унинг билим ва салоҳиятидир.

Шунинг учун ҳам биз ижтимоий соҳага стратегик устувор йўналиш сифатида қарамоқдамиз.

Бугун давлат фуқароларнинг ҳар томонлама ривожланишига хизмат қиладиган барча асосий соҳаларни қўллаб-қувватлаш учун йирик маблағлар ажратмоқда. Бунда илм-фан ва таълим, маданият ва соғликни сақлаш, спорт ҳамда ижтимоий муҳофаза тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Фақат жорий йилнинг ўзида ушбу устувор соҳаларга 19 триллион тенгедан зиёд маблағ йўналтириш режалаштирилган. Бу давлат бюджетининг ярмидан кўпини ташкил этади.

Қозоғистон дунёда кенг кўламли, изчил ва чуқур ижтимоий сиёсатни амалга ошираётган кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Бу борада Парламентнинг ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари суриш, жамиятда адолат тамойилларини қарор топтириш йўлидаги салмоқли ҳиссасини алоҳида таъкидлаш зарур.

Бироқ ҳақиқий адолат ижтимоий неъматларни барчага бир хил тақсимлаш дегани эмас.

Ҳақиқий адолат – ҳар бир фуқаро учун тенг имкониятларни яратадиган пухта ўйланган, мувозанатли ва самарали тизимдир.

Бу ёндашувнинг мустаҳкам пойдевори эса қонун олдида барчанинг тенглигидир.

Сизлар қабул қилган «Давлатга ноқонуний орттирилган бойликларни қайтариш тўғрисида»ги Қонун мазкур конституциявий тамойилнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди. Мазкур қонун асосида мамлакатга бир триллион тенгедан зиёд маблағ қайтарилди.

Қайтарилган маблағларнинг ярмидан кўпи бугуннинг ўзида халқ манфаати йўлида хизмат қилмоқда. Улар ҳисобидан 450та муҳим ижтимоий ва коммунал иншоот барпо этилди.

Махсус конституциявий меъёр туфайли минтақада биринчи бўлиб табиий бойликларни фуқаролар учун бошланғич капиталга айлантиришга эришдик.

«Миллий жамғарма – болаларга» дастури ўзининг юксак самарадорлигини амалда исботлади. Кейинги уч йил ичида мамлакатимиздаги олти ярим миллион нафар боланинг шахсий ҳисоб-рақамига жами 2,3 миллиард АҚШ доллари ўтказилди.

Фарзандлар келажагига қаратилган ушбу тизимли ғамхўрликнинг мантиқий давоми сифатида «Келешек» жамғариб бориладиган таълим тизими жорий этилди. Шунингдек, халқаро олимпиадалар ғолиби бўлган иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг мажмуавий дастаги шакллантирилди.

Биз келажакка сармояни айнан шундай тушунамиз.

Ўйлаб кўринг, Евроосиё қитъасидаги қайси давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжлари учун бу каби йирик маблағ ажратмоқда? Бугунги шароитда мамлакатимиз технологик эгаменлигини янада мустаҳкамлаш учун илм-фан ва олий таълим тизимини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.

Биз миллий университетларни замонавийлаштиришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз. Шу билан бирга, кўплаб етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг бўлимларини мамлакатимизда фаол равишда очмоқдамиз.

Сизлар қабул қилган «Илм-фан ва технологик сиёсат тўғрисида»ги янги Қонун илмий инфратузилмани сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилди ҳамда ёш олимлар учун кенг имкониятлар эшигини очди.

Умуман олганда, олдимизда турган муҳим вазифа – миллий илм-фан салоҳияти ва унинг амалий самарадорлигини энг юқори даражага кўтаришдир.

Албатта, миллатнинг идрок салоҳиятига пойдевор, энг аввало, умумий ўрта таълим тизимида қўйилади.

Сўнгги уч йил ичида мамлакатимизда 584та замонавий мактаб барпо этилди. Уларнинг ҳар учтасидан бири «Келажак мактаблари» инновацион лойиҳаси асосида барпо этилди.

Жорий йилда яна 84та янги мактаб фойдаланишга топширилади. Уларнинг ярмидан кўпи қишлоқларда барпо этилмоқда.

Мамлакатимиз соғликни сақлаш тизими ҳам изчил ривожланмоқда.

2019 йилдан буён Қозоғистон бўйлаб қарийб 1300та тиббиёт муассасаси қурилди.

Фуқароларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги қарийб 76 ёшни ташкил этмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Қозоғистон ушбу кўрсаткич бўйича минтақада етакчи. Бу, шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётининг муҳим мезонларидан биридир.

Барча фуқаролар, тиббий суғурта тизимидаги мақомидан қатъиназар, давлат томонидан кафолатланган асосий тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, юртдошларимиз нейрожарроҳликдан тортиб репродуктив тиббиётгача бўлган энг замонавий юқори технологияли тиббий хизматлардан баҳраманд бўлмоқда.

Шу билан бирга, жамиятга хизмат қилишни ҳаётининг мазмунига айлантирган ўқитувчи ва шифокорлар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш, мазкур касбларнинг нуфузини юксалтириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз.

Ўқитувчилар, тиббиёт ва ижтимоий соҳа ходимларининг иш ҳақи босқичма-босқич оширилмоқда.

Кейинги уч йил ичида бир миллион икки юз мингдан зиёд ходимнинг ойлик маоши 50 фоиздан 100 фоизгача оширилди.

Қозоғистонда кўп босқичли ва манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими шакллантирилди. Бу ёрдам, энг аввало, унга ҳақиқатан муҳтож бўлган фуқароларга етиб бориши шарт.

Ижтимоий ёрдам «Рақамли оила харитаси» имкониятлари орқали электрон шаклда кўрсатилмоқда.

Парламент депутатларининг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли зарарли ишлаб чиқариш тармоқлари ходимларини йиллар давомида қийнаб келган муаммо ҳал этилди. Энди улар 55 ёшдан бошлаб пенсия ёшига етгунига қадар қонун асосида ижтимоий тўлов олиш ва енгилроқ меҳнат турига ўтиш ҳуқуқига эга бўлди.

Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ортиқча қарздорлигини камайтириш, қимор ўйинларига қарамликка қарши курашиш, шунингдек, гиёҳвандлик жиноятлари ва киберфирибгарликнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик қарорлари кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди.

Бизнинг бош дастурий мақсадимиз – юксак билимли, жисмонан бақувват, идрок жиҳатдан етук, замонавий фикрловчи ҳамда Конституциямизда мустаҳкамланган юксак қадриятларни ҳаётга татбиқ эта оладиган авлодни тарбиялашдир.

Янгиликка интилувчи, бунёдкор миллатга айланиш учун, энг аввало, ўзимизнинг абадий қадриятларимиз, бой тарихимиз ва бебаҳо маданий меросимизга таянишимиз зарур.

Бир неча кундан сўнг бутун мамлакатимиз бўйлаб Миллий Дўмбира куни кенг нишонланади.

Бу халқимизнинг ўзига хослиги ва миллий қиёфасини намоён этадиган, айниқса, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлайдиган алоҳида байрамдир.

Дарҳақиқат, дўмбирани улуғлаш орқали биз миллий санъатимизни юксак мақомга кўтарамиз.

Муқаддас миллий қадриятимиз ҳисобланган дўмбира халқимизни бутун дунёга танитадиган бетакрор миллий тимсолга айланиши лозим.

Умуман олганда, давлат маънавий соҳани ривожлантириш масаласини ҳамиша эътибор марказида ушлаб келмоқда.

Бу эзгу ишга сизлар – депутатлар корпуси ҳам муносиб ҳисса қўшдингиз.

Албатта, битта маъруза доирасида сизлар амалга оширган улкан ишлар кўлами ва уларнинг давлат тараққиёти учун беқиёс аҳамиятини тўлиқ ифода этиб бўлмайди.

Мен тилга олган кодекслар ва қонунлардан ташқари, Парламент фаолияти марказида мамлакат ҳаёти учун муҳим бўлган кўплаб бошқа масалалар ҳам турди.

Саккизинчи чақириқ Парламент фаолияти давомида депутатлар 2 мингдан зиёд депутатлик сўровини йўллашди, 30дан ортиқ «Ҳукумат соати» ҳамда тўққизта парламент тингловини ўтказди.

Ҳар икки палатанинг соҳавий қўмиталари ҳам фаол ва самарали иш олиб борди.

Келгусида бир палатали Қурултой фаолиятига ўтиш муносабати билан унинг қўмиталари тузилмаси давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ва стратегик вазифаларига мос шакллантирилиши лозим.

Шу йиллар давомида депутатлар корпуси партиявий лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳудудларга мунтазам чиқиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали фуқаролар билан самарали алоқа тизимини изчил шакллантирди.

Фуқароларни қабул қилиш жараёнида уларнинг таклиф ва мурожаатлари инобатга олинди, долзарб муаммоларини ҳал этиш юзасидан амалий чоралар кўрилди.

Парламент мамлакатнинг нуфузли олимлари, таҳлилчилари ва фуқаролик жамияти фаоллари учун ҳақиқий мулоқот ва фикр алмашув марказига айланди.

Бу ўзига хос заковат муҳити Сенат ҳузуридаги Таҳлилчилар клуби ҳамда Мажлис ҳузуридаги Жамоат палатаси фаолиятига таяниб, қонун лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлилдан ўтказиш ва самарали мулоқотни таъминлашга хизмат қилди.

Сизлар “Адолатпарвар Фуқаро” концепцияси ва «Тоза Қозоғистон» умуммиллий лойиҳасини илгари суришда ҳам ҳақиқий етакчилик намунасини кўрсатдингиз. Ана шу ташаббуслар жамиятда янги, замонавий ахлоқий мезонларни шакллантиришга мустаҳкам асос солди.

Парламент фаолияти «Қонун ва Интизом» тамойилининг амалий ифодасига айланиб, уни давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қарор топтириш ва умуммиллий ўзликнинг ажралмас қисмига айлантиришга муносиб ҳисса қўшди.

Шу билан бирга, депутатлар корпуси Қозоғистоннинг масъулиятли ва таъсирчан ўрта давлат сифатидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшди.

Парламентлараро ассамблеялардаги фаол иштирок этиш, хорижий давлатларга ташрифлар ва нуфузли халқаро анжуманларда қатнашиш орқали қонун чиқарувчиларимиз хорижий ҳамкасблар ва халқаро институтлар билан ўзаро ишончга асосланган самарали ҳамкорликни йўлга қўйди.

Прагматик ташқи сиёсатимизнинг муҳим ва ажралмас йўналишларидан бири сифатида Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойлари доимо алоҳида ўрин тутиб келган.

Ушбу нуфузли мулоқот майдонининг Котибияти кўп йиллар давомида Сенат ҳомийлигида самарали фаолият юритди.

Мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи тизимига айланадиган Қурултой фаолиятнинг барча устувор йўналишларида изчилликни таъминлаши, шаклланган давлатчилик тажрибасини асраб-авайлаши ва миллий парламентаризмнинг ўзига хос маданиятини янада ривожлантириши лозим.

Мамлакатнинг олий вакиллик тизими барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиладиган Адолатпарвар Қозоғистонни барпо этишга ҳал қилувчи ҳисса қўшиши ва бу йўлда фаол иш олиб бориши шарт.

Ишончим комилки, Қурултой ўзининг юксак масъулиятли қонун ижодкорлиги вазифасини муносиб адо этган ҳолда жамиятимизда Қонун ва Интизом, Меҳнатсеварлик ва Тараққиёт, Поклик ва Табиатга меҳр каби абадий қадриятларни қарор топтиришга муносиб ҳисса қўшади.

Ҳурматли депутатлар!

Янги Конституциянинг қонуний кучга кириши – миллат тақдирига бевосита таъсир кўрсатадиган чинакам тарихий воқеадир.

Асосий Қонунимиз мамлакатимиз ҳаётида кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб беради.

Шу муносабат билан мен қатор муҳим ҳужжатларни, жумладан, Қурултой сайловини ўтказиш тўғрисидаги Фармонни имзолайман.

Табиийки, бу сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни янада кучайтиради.

Биз бунёдкор миллат сифатида ушбу муҳим сиёсий мавсумни ҳам юксак савияда ташкил этишимиз лозим. Олдиндаги сайловлар шаффофлик, ҳалоллик ва адолатли сиёсий рақобатнинг ёрқин намунасига айланиши шарт.

Қозоғистон халқи мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир.

Фуқароларимиз мамлакат келажагига бефарқ эмаслигини, ҳал қилувчи паллада онгли ва масъулиятли танлов қилишга қодир эканлигини амалда исботлаб келмоқда.

Бундай фазилатлар фақат юксак масъулият, мустаҳкам бирлик, кучли ирода ва бой маданиятга эга халқларга хосдир.

Сайловда иштирок этиш – давлат аҳамиятига эга ишларга дахлдорлик демакдир. Шунинг учун юртдошларимиз бўлажак сайловларда фаол иштирок этишига қатъий ишонаман.

Қурултой – Янги Қозоғистоннинг энг муҳим рамзларидан биридир. Шу боис унинг таркибидан ҳақиқий ватанпарварлар, ташаббускор ва давлат манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган, энг муносиб номзодлар ўрин олиши керак. Зеро, халқ амалга оширилган ислоҳотларга, аввало, Қурултой фаолиятига қараб баҳо беради.

Фурсатдан фойдаланиб, мамлакат манфаати йўлида виждонан ва фидокорона меҳнат қилган Сенат ва Мажлис раҳбарияти ҳамда депутатларига яна бир бор самимий миннатдорчилигимни билдираман.

Сизлар халқни ўйлантираётган долзарб муаммоларни дадил кўтардингиз, миллий манфаатларимизни изчил ҳимоя қилдингиз.

Янги босқич – бу янги имкониятлар давридир.

Ишончим комилки, қатор депутатлар Қурултой таркибидан ўрин олиб, Ватан равнақи йўлидаги фаолиятини муносиб давом эттиради. Шунингдек, Қозоғистон Халқ Кенгаши таркибида ҳам сизлар каби билимли ва тажрибали фуқаролар фаолият юритиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Шунингдек, “AMANAT” партияси фракцияси ҳамда партиянинг барча аъзоларига фаол ва бунёдкорлик нуқтаи назари учун алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Сизлар амалий фаолиятингиз билан ҳақиқий ватанпарварлик ва юксак фуқаролик масъулиятининг ёрқин намунасини кўрсатмоқдасизлар.

Яқинда ўтган партия қурултойида «Әділет» янги партияси билан бирлашиш тўғрисидаги муҳим стратегик қарор қабул қилинди.

Мен бу беқиёс тарихий қадамни тўлиқ қўллаб-қувватлайман ва чин дилдан олқишлайман.

Барча илғор ижтимоий-сиёсий кучларни умуммиллий қадриятлар ва умумий мақсадлар атрофида бирлаштириш мамлакатимизда амалга оширилаётган чуқур ва кенг қамровли ислоҳотларга янада кучли туртки беради.

Пировардида барчамизни бирлаштириб турадиган ягона эзгу мақсад бор. У ҳам бўлса, ёш авлод учун ёруғ келажакка йўл очадиган замонавий, тараққий этган ва тамаддуний давлатни барпо этишдир.

Бизнинг Қозоғистондан бошқа Ватанимиз йўқ.

Юртимизнинг равнақи ва фаровонлиги, энг аввало, ўзимизга керак.

Агар биз ягона миллат сифатида янада жипслашсак, ҳар қандай юксак марраларни забт этишга, олдимизга қўйган барча эзгу мақсадларга эришишга қодирмиз.

Биз муқаддас Мустақиллигимизнинг пойдеворини янада мустаҳкамлаймиз, Адолатпарвар, Қудратли, Хавфсиз, Пок ва Илғор Қозоғистонни барпо этамиз.

Бунга ишончим қатъий.

Бу эзгу йўлда сидқидилдан ва фидокорона меҳнат қилиш – ҳар бир фуқаронинг Ватан олдидаги муқаддас бурчидир.

Юртимизда доимо тинчлик ва фаровонлик ҳукм сурсин!

Ватанимиз абадий бўлсин!

2026-07-03, 23:14 11
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.