26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қасим-Жўмарт Тўқаев Шанхайда ўтган Жаҳон сунъий идрок анжуманида нутқ сўзлади

Сунъий идрок: имкониятлар ва чақириқлар

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев Шанхай шаҳрида «Ёрқин келажак сари сунъий идрок соҳасида ҳамкорлик» мавзусида ўтган Жаҳон сунъий идрок анжуманининг очилиш маросимида иштирок этди.

Тадбирда нутқ сўзлар экан, Давлат раҳбари мазкур нуфузли анжуман Хитойнинг сунъий идрок соҳасида эришган улкан муваффақиятларининг ёрқин ифодаси эканлигини таъкидлади.

– Бугун жаҳондаги сунъий идрок соҳасида фаолият юритаётган тадқиқотчиларнинг ярмидан кўпи Хитой вакилларидир. Шунингдек, сунъий идрок соҳасидаги патентларнинг энг катта қисми ҳам хитойлик ихтирочилар ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатнинг жадал ривожланаётган инновацион экотизими илғор технологияларнинг кўплаб йўналишларида беқиёс суръатларда олға силжимоқда, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Давлат раҳбари Жаҳон сунъий идрок анжумани томонидан илгари сурилган «Сунъий идрок – тараққиёт учун, сунъий идрок ҳамма учун» концепциясини қўллаб-қувватлади.

– Биз ушбу тамойиллар, технологик тараққиёт бутун инсоният фаровонлигига хизмат қилишига қаратилган умумий саъй-ҳаракатларимизнинг асосини ташкил этиши керак, деб ҳисоблаймиз. Ишончим комилки, келажак ўзаро ишонч ва умумий манфаатларга асосланган мустаҳкам ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўя оладиган давлатларга тегишли бўлади. Шу нуқтаи назардан, Хитой Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган инсониятнинг ягона тақдир ҳамжамиятини барпо этиш ғояси айниқса муҳим аҳамият касб этади. Қозоғистон мазкур узоқни кўзлаган ташаббусни юксак қадрлайди ва сунъий идрок даврида унинг аҳамияти янада ортиб бораётганини эътироф этади, – деди Президент.

Президент Си Цзиньпиннинг юксак раҳбарлик фазилатларини алоҳида эътироф этиб, унинг узоқни кўра биладиган таҳлилий қарашлари замонавий Хитой тараққиётини белгилаб бераётганини таъкидлади.

– Мамлакатимизда Раис Си тарихий миқёсдаги буюк давлат арбоби сифатида эътироф этилади. Унинг доно ва қатъий раҳбарлиги остида Хитой оламда янги ва таъсирчан ютуқларга эришмоқда.

2029 йил октябрь ойида Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганининг 80 йиллиги нишонланади. Саксон йил – бир инсон умрига тенг даврдир. Шу вақтнинг ярми давомида мамлакат сиёсий ва иқтисодий инқирозларнинг оғир оқибатларини енгиб ўтиш йўлида курашди. Бироқ атиги қирқ йил ичида Хитой қашшоқлик муаммосини бартараф этди, юқори технологияларга асосланган хилма-хил иқтисодиётга эга жаҳон давлатларидан бирига айланди. Ушбу муваффақият Коммунистик партиянинг етакчилик роли ва унинг билимдон ҳамда фавқулодда салоҳиятли раҳбари Си Цзиньпиннинг самарали бошқаруви туфайли қўлга киритилди, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Президентнинг фикрича, сунъий идрок тобора мустақил инфратузилмага эга тармоққа айланиб, иқтисодиёт, савдо ва дунёвий ўзаро боғлиқликнинг келажагига ҳал қилувчи таъсир кўрсатмоқда.

– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, сунъий идрок инфратузилмаси ва унга боғлиқ технологияларга киритилаётган сармоялар ҳар йили ўртача 47 фоизга ўсиб бормоқда. 2033 йилга келиб жаҳон сунъий идрок бозорининг ҳажми қарийб 5 триллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда.

Шу боис сунъий идрокни бошқариш тизими мажмуавий хусусиятга эга бўлиб, яримўтказгичлардан тортиб маълумотларни қайта ишлаш марказлари, ахлоқий меъёрлар, таълим ва инсон қадр-қимматини муҳофаза қилишгача бўлган бутун занжирни қамраб олиши лозим.

Айни пайтда бу ўзгаришлар геосиёсий ноаниқлик ва йирик давлатлар ўртасидаги ишонч танқислиги кучайган мураккаб даврда кечмоқда. Афсуски, бугунги кунда давлатларнинг аксарияти можароларнинг олдини олиш эмас, балки уларнинг оқибатларини бартараф этишга кўпроқ эътибор қаратмоқда.

Сунъий идрок эса эрта огоҳлантириш тизимлари, хавфнинг олдини олиш, инсонпарварлик чоралари ҳамда тинчликпарварликни ривожлантириш орқали мазкур самарасиз ёндашувни ўзгартириш учун инсониятга тарихий имконият яратиб беради,– деди Давлат раҳбари.

Президентнинг таъкидлашича, сунъий идрок янада адолатли ва ҳаммабоп тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланиши мумкин.

– Ҳеч бир давлат фақат сунъий идрок истеъмолчиси бўлиб қолмаслиги керак. Ҳар бир мамлакат ўзининг инсон капитали, рақамли инфратузилмаси ва тизимли салоҳиятини шакллантириш имкониятига эга бўлиши лозим.

Бу ерда яна адолат ва тенг имкониятлар ҳақида сўз бормоқда. Бизнинг умумий вазифамиз – сунъий идрок иқтисодиёт ва жамият манфаатларига хизмат қилишини таъминлашдан иборат. Айни пайтда сунъий идрок инсоннинг оқилона ва масъулиятли назорати остида қолиши шарт.

Шу боис Қозоғистон Сунъий идрок соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Жаҳон ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни тарихий аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Ишонаманки, мазкур ташкилот сунъий идрокни бошқаришнинг универсал архитектураси учун мустаҳкам пойдеворга айланади. У бутун инсоният фаровонлиги ва хавфсизлиги йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муҳим воситаси бўлиши лозим, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Шундан сўнг Давлат раҳбари Қозоғистоннинг сунъий идрок соҳасини ривожлантиришдаги стратегик устунликларига тўхталди.

Унинг фикрича, мамлакат қувват манбаларининг бой захиралари, стратегик аҳамиятга молик фойдали қазилма конлари, замонавий транспорт йўлаклари ҳамда жадал ривожланаётган рақамли инфратузилмага эга бўлгани боис технологиялар, бозорлар ва инновацион экотизимларни боғловчи муҳим марказга айланиши учун барча имкониятларга эга.

Президентнинг таъкидлашича, рақамли туб бурилиш Қозоғистон миллий тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатнинг янги Конституциясида сунъий идрок ва унинг барқарор тараққиётни таъминлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилган. Асосий қонун фуқароларнинг шахсий маълумотлари муҳофазасини кафолатлайди.

Президентнинг маълум қилишича, Қозоғистонда 2026 йил “Сунъий идрок ва рақамли тараққиёт йили” деб эълон қилинган.

Шунингдек, мамлакатда “Digital Kazakhstan 2029” умуммиллий стратегияси тасдиқланган, «Сунъий идрок тўғрисида»ги Қонун ҳамда Рақамли кодекс қабул қилинган.

Астана шаҳрида мажмуавий “Smart City” технологик платформаси ишга туширилди. Яқин истиқболда ушбу тажриба мамлакатнинг барча йирик шаҳарларида жорий этилади.

Президент алоҳида таъкидлаганидек, Марказий Осиёдаги дастлабки тўлиқ ягона тизимга киритилган рақамли шаҳар – Алатауни стратегик ривожлантиришга устувор аҳамият берилмоқда. Аввало Хитойдан дунёвий технологик компаниялар, сармоядорлар ва новаторларни жалб қилиш мақсадида шаҳар учун махсус ҳуқуқий интизом жорий этилган.

Шунингдек, Давлат раҳбари Алмати шаҳрида БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ҳузурида Барқарор тараққиёт учун Осиё-Тинч океани рақамли ечимлар маркази очилишини маълум қилди.

– Қозоғистон Сунъий идрок соҳасида ҳамкорлик бўйича Жаҳон ташкилотининг таъсисчиларидан бири сифатида мазкур муҳим дастурни яратишда Хитойнинг етакчи ролини юксак қадрлайди.

Биз ушбу янги дунёвий ташкилот халқаро миқёсда сунъий идрок соҳаси келажагини белгиловчи етакчи тизимга айланиш учун улкан салоҳиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Биз учун Сунъий идрок соҳасида ҳамкорлик бўйича Жаҳон ташкилотининг илк йиғилишини Астана шаҳрида ўтказиш юксак шараф бўлар эди. Шунингдек, мазкур ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасини Қозоғистонда жойлаштиришни таклиф этамиз, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Президент сунъий идрок соҳасида трансмиллий рақамли инфратузилмани шакллантириш ва ушбу соҳадаги сиёсатни уйғунлаштириш юзасидан қатор ташаббусларни ҳам илгари сурди.

– Биз «Қозоғистон–Хитой рақамли кўприги» ташаббусини йўлга қўйишни таклиф этамиз. Унинг асосий мақсади рақамли савдони рағбатлантириш ҳамда «Ягона камар, ягона йўл» ташаббуси доирасида рақамли иқтисодиётларни интеграциялашнинг амалий шаклини яратишдан иборат.

Шунингдек, қайта ишлаш саноати, тоғ-кон саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғликни сақлаш ва сув захираларини бошқариш каби соҳаларда сунъий идрокни хавфсиз ва кенг кўламда жорий этишни жадаллаштиришимиз лозим.

Сунъий идрокни тартибга солиш бўйича миллий ёндашувларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Сунъий идрок тизимларини синовдан ўтказиш ва сертификатлаш учун умумий андазаларни ишлаб чиқиш зарур.

Кибертаҳдидлар, қалбаки видео-аудиолар, рақамли фирибгарлик ва бошқа янги хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда сунъий идрокдан ғаразли мақсадларда фойдаланишга қарши ишончли ҳимоя чораларини ишлаб чиқишимиз керак.

Шунингдек, Хитой Ҳукумати бизнинг келгуси йилни икки мамлакатда “Сунъий идрок соҳасида қўшма ташаббуслар йили” деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифимизни қўллаб-қувватласа, биз бундан жуда мамнун бўлар эдик, – деди Давлат раҳбари.

Президент сунъий идрок имкониятлари инсониятнинг уни англаш, баҳолаш ва тартибга солиш бўйича жамоавий салоҳиятидан тезроқ ривожланаётганига ҳам эътибор қаратди.

Унинг таъкидлашича, ушбу технологияларнинг тараққиёти қарама-қаршилик ёки ҳарбий рақобат эмас, балки тинчлик ва барқарор тараққиёт тамойилларига асосланиши лозим.

– Барча иштирокчи давлатлар ва манфаатдор томонларни сунъий идрок соҳасини созлаш, андазалар ва ахлоқий тамойиллар бўйича доимий таҳлилчилар дастурини ташкил этишга чақираман.

Пировардида сунъий идрокнинг келажагини инсонлар белгилайди. Шунинг учун бу соҳада иқтидорли кадрлар учун рақобат тобора кучаяди.

Биз ёш авлодни рақамли кўникмалар билан қуроллантиришимиз, уларда танқидий фикрлаш, изланувчанлик ва юксак ахлоқий масъулият туйғусини шакллантиришимиз зарур.

Шу муносабат билан Қозоғистон сунъий идрок соҳасида ҳамкорлик бўйича Жаҳон ташкилоти ҳомийлигида халқаро мактаблар, илғор тажриба марказлари ва академик ҳамкорликлар тармоғини ташкил этишни таклиф қилади, – деди Қ. Тўқаев.

Нутқи якунида Давлат раҳбари Қозоғистон сунъий идрок салоҳиятидан узоқ муддатли тинчлик, барқарор тараққиёт ва умумий фаровонлик йўлида фойдаланиш мақсадида барча шериклар билан самарали ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлади.

Анжуманнинг очилиш маросимида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Камбоджа Бош вазири Хун Манет, Таиланд Бош вазири Анутин Чарнвиракул ҳамда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам нутқ сўзлади. 

“Казахстанская правда”дан, 2026-07-20, 23:05 76
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.