26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ярим йиллик натижалар ва устувор вазифалар

Вилоятимиз мамлакатнинг йирик аграр ҳудудларидан бири сифатида қишлоқ хўжалиги соҳасида етакчи. Жорий йил биринчи ярмида соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, сармоя жалб қилиш ва замонавий агролойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида қандай натижаларга эришилди, шу билан бирга, деҳқонларни қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар қандай суръатда амалга ошириляпти, умуман соҳадаги долзарб вазифалар ва йил якунига қадар амалга оширилиши лозим режалар ҳақида вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Жўрабек Жўлдасбеков билан мулоқотда бўлдик.

– Жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида минтақа қишлоқ хўжалиги соҳасида қандай натижаларга эришди?

– Вилоятимиз агросаноат мажмуаси мамлакат қишлоқ хўжалигининг асосий таянчларидан бири бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда минтақа республикада етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 15 фоизини ишлаб чиқариб, ушбу йўналишда етакчи мавқеини сақлаб келмоқда.

Жорий йил биринчи ярмида соҳада ижобий ўсиш суръати таъминланди. Ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажми 325,3 миллиард тенгени ташкил этди. Айниқса, чорвачилик тармоғида юқори ўсиш қайд этилди. Бу йил экин майдонлари янада кенгайтирилиб, умумий майдон 919 минг гектарга етказилди. Экинлар таркиби бозор талаблари ва сув заҳираларидан самарали фойдаланиш тамойили асосида шакллантирилди. Хусусан, пахта, махсари ва маккажўхори майдонлари кенгайтирилиб, сувга талаб юқори шоли майдонлари қисқартирилди. Сув захираларини тежаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири. Шу боис, сув тежовчи технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда бу технологияларни 50 минг гектар майдонда жорий этиш режалаштирилган, бугунги кунга қадар 37 минг гектарда амалга оширилди. Йил якунига қадар ушбу технологиялар жорий этилган умумий майдон 164 минг гектарга етиб, 280 миллион куб метр сувни тежаш имконияти юзага келади. Шунингдек, давлат раҳбарининг қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти ҳажмини икки баравар ошириш борасидаги топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида 2026-2028 йилларга мўлжалланган йўл харитаси қабул қилинди. Унга мувофиқ умумий қиймати 269 миллиард тенгелик 43та сармоявий лойиҳа амалга оширилиб, 2115та янги иш ўрни яратилади. Жорий йилнинг ўзида эса 96,3 миллиард тенгелик 19та сармоявий лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, маҳсулотни қайта ишлаш ҳажмини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

– Сармояларни жалб этиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Агросаноат мажмуасига сармоя жалб қилиш ва экспорт ҳажмини ошириш устувор вазифалардан бири. Бугунга қадар умумий қиймати 17,4 миллиард тенге бўлган 5та сармоявий лойиҳа амалга оширилиб, 140та янги иш ўрини яратилди. Ушбу лойиҳалар асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва замонавий чорвачилик мажмуаларини ташкил этишга қаратилган.

Вилоятнинг экспорт салоҳияти ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Агар 2025 йилда 1 миллион 571 минг тонна қишлоқ хўжалиги ва қайта ишланган маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойидаёқ 795,3 минг тонна маҳсулот ташқи бозорларга етказиб берилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баравар кўпдир. Экспорт таркибида асосий улушни сабзавот маҳсулотлари ташкил этади. Шунингдек, чорвачилик ва қайта ишлаш саноати маҳсулотлари экспорти ҳам изчил ўсиб бормоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, экспорт ҳажми юксалиши билан импорт кўрсаткичлари камайиб бормоқда. Бу эса ички ишлаб чиқариш имкониятлари кенгайиб, маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлиги ортиб бораётганлигини кўрсатади. Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида импорт ҳажми 251 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан яна қисқарди.

– Вилоятда пахтачилик ва тўқимачилик соҳасини ривожлантириш борасида ишлар қалай?

– Биз учун асосий мақсад пахтани хомашё сифатида экспорт қилишдан кўра тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга босқичма-босқич ўтишдир. Шу мақсадда вилоятимизда пахта-тўқимачилик кластери шакллантирилмоқда. Ушбу йўналишда умумий қиймати 201 миллиард тенге бўлган 5та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳалар тўлиқ ишга тушгач, йилига 229,5 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва 7 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Йирик сармоявий лойиҳалардан бири – “Туркистон пахта агросаноат мажмуаси” ҳисобланади. Унинг умумий қиймати 146 миллиард тенге бўлиб, бугунги кунга қадар режалаштирилган 11та заводдан 5таси ишга туширилди. Улар – пахтани қайта ишлаш, томчилатиб суғориш тасмалари, ПВХ қувурлари ишлаб чиқариш ҳамда ип йигириш корхоналари фаолият юритмоқда.

Лойиҳа доирасида 52 минг гектар майдонда пахта сув тежовчи технологиялар асосида парваришланмоқда. Айни пайтда мазкур лойиҳаларда 1200 нафар аҳоли доимий иш билан банд.

Келгуси йилларда кластер янада кучайтирилади. 2026-2028 йилларда пахтани қайта ишлаб, тўқимачилик, бўяш ва тикувчилик корхоналарини барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, қўшимча 4та йирик сармоя лойиҳаси амалга оширилиб, минглаб иш ўринлари яратилади. Бу ишлар вилоятда қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

– Маккажўхори кластери борасидаги муваффақиятлар ҳақида айтиб ўтсангиз...

– Минтақада маккажўхори кластери босқичма-босқич тараққий этмоқда. Шу мақсадда Чордара туманида Туркия ва Франция технологиялари асосида йилига 150 минг тонна маккажўхорини қайта ишлаш қувватига эга завод қурилиши поёнига етди. Лойиҳанинг умумий қиймати 35 миллиард тенгени ташкил этади. Корхонада 20дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, улар нафақат ички бозорга, балки Осиё ва Европа мамлакатларига ҳам экспорт қилинади. Сув захираларидан оқилона фойдаланиш мақсадида вилоятимизда маккажўхоризорлар босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. 2025 йили 

39,6 минг гектар майдонга, 2026 йилда 55 минг гектарга, 2030 йилга бориб эса 90 минг гектарга етказиш режалаштирилган.

– Чорвачилик соҳасида етакчи минтақамиз. Ушбу йўналишдаги натижалар асоси нимада?

– Ҳа, вилоятимиз чорвачиликни ривожлантириш бўйича мамлакатда етакчи ўринда. Республикадаги қорамолнинг 13 фоизи, қўй-эчкининг 20 фоизи, туяларнинг 14 фоизи айнан вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилнинг биринчи ярмида 116,3 минг тонна гўшт, 271,8 минг тонна сут ва 170,8 миллион дона тухум етиштирилган. Бу кўрсаткич соҳада барқарор ўсиш мавжудлигини кўрсатади. Энг муҳими, чорвачилик маҳсулотларининг экспорт салоҳияти ҳам тобора ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда республикадан экспорт қилинаётган мол гўштининг 80 фоизи, қўй гўштининг эса 75 фоизи вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилнинг 6 ойида ташқи бозорларга 10,3 минг тонна мол гўшти ва 14,4 минг тонна қўй гўшти экспорт қилинди.

– Мазмунли мулоқот учун раҳмат!

М. САЪДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, 2026-07-20, 23:09 55
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.