Спортнинг ўқ отиш тури бўйича жаҳон чемпионлари Фотима ва Зуҳра Шуҳрат қизи билан суҳбатимиз оламшумул ғалаба (2026 йилги Жаҳон чемпионати, Эстония) билан қутлаш, таҳсину олқишлар билан бошланмади. Дабдурустдан, мерган қизларнинг оиласи ва таълим-тарбиясига оид саволлар юзага келди. Чунки, спорт оламида эришаётган ютуқлари, забт этаётган марралар ортида турган инсонларни билгимиз келди.
Фотима
– Кичкиналигимизда отажонимиз бизни Шимкент шаҳридаги собиқ “Кен баба” ва “Абай” истироҳат боғларидаги “Тир” ўқ отиш нуқталарига олиб борарди. Ўйинчоқлар ютиб олишга қизиқтириб, нишонни тўғри мўлжалга олишни ўргатарди. Бора-бора бу доимий ва севимли машғулотимизга айланди.
Мен, синглим Зуҳра ва укам Шаҳзод бугунги кунда жаҳонга таниқли чемпионлармиз. ҚРнинг ўқ отиш бўйича миллий терма жамоаси аъзолари, халқаро тоифадаги спорт усталаримиз. Ва ҳар бир каттаю кичик ғалабамизда отамизнинг ҳиссаси борлигини ҳис қиламиз, албатта...
Мен учун ҳаётда ўрнак оладиган, энг олий намуна – бу онам Гулнора Ҳошимова. У ҳаётидан ҳеч нолимайдиган, тақдирига сабр, борига шукр қиладиган аёллардан. Аввало, бизнинг саломатлигимизни ўйлаб, спортга берган бўлса, кейинчалик спорт яшаш тарзимизга айланди. Болалигимизда сузиш, енгил атлетика билан шуғулландик, Қажимуқан номидаги марказий ўйингоҳда ўқ отиш машқларига қатнадик. 14-сонли спорт мактаби (СДЮСШОР) тарбияланувчисимиз, раҳбаримиз, Ўқ отишдан ҚР бош мураббийи, “Қозоғистон Ўқ отиш спорти миллий федерацияси” ижроия директори Анвар Юнусметов, шахсий мураббийимиз – Наталья Юнусметова.
– Ҳаётда чемпион Фотима ва Зуҳра қандай қизлар?
– Биз шаҳримиздаги 46-сонли мактаб-лицейда ўқидик. Фотима жуда вазмин, камтарин, ҳамма нарсага эҳтиёткорона ёндашарди, Зуҳра эса аксинча ёрқин, кучли, жасоратли қиз. Мураббийларга эса қатъиятли ва ўжар шогирдлар керак. Шу боис, мендан чемпион чиқишига унчалик умид қилишмаган. 13 ёшимиздан ўқ отишни бошлаган бўлсак, 14 ёшда дастлабки ғалабани қўлга киритдик.
– Илк чемпионлик ва ғалаба қувончларига тўхталсангиз...
– 2019 йилда Осиё чемпионатида (Қатар, Доха) олтин ва иккита жамоавий бронза медалини қўлга киритдим. 2021 йилда Осиё чемпионатида (Шимкент) кумуш ва жамоавий олтин, 2023 йилда Ўсмирлар орасида жаҳон чемпионати (Корея) олтин, кумуш ва 2та жамоавий олтин (Хитой), Жаҳон чемпионати (Озарбайжон) жамоавий олтин, 2023 йил Осиё чемпионатида (Корея) жамоавий олтин, 2024 йилда Осиё чемпионати (Индонезия) олтин ва кумуш, 2025 йилда 53rdGrandPrixCzech, Plzen бронза, Осиё чемпионати (Шимкент) олтин ва кумуш, 2026 йилда Жаҳон чемпионати (Таллин) олтин медаль соҳибаси. 2023 йилда ўсмирлар орасида жаҳон рекордсмени.
– Қайси мамлакатдаги мусобақа таассуротларга бой бўлди?
– Индонезиядаги Осиё чемпионати. Мухлисларнинг “Қозоғистон” дея қизғин олқишлагани ҳамон ёдимда. Арманистон жамоаси бизни шахсан муборакбод этди. Франция, Украина ва Германиядан дўстлар орттирдик.
Эстония пойтахти Таллинда ўтган жаҳон чемпионати (20-26 июль) эса ниҳоятда тиғиз иш жадвали билан ёдда қолди. Қозоғистондан 16 киши бордик (3 мураббий ва 13 спортчи). Эрталабки соат 6.40дан кечки соат 22.00гача тинимсиз машқ қилдик. На дам олишга, на овқатланишга вақт бўлди, деярли 20 соат машғулот... (“Движущая мищень” 10 метр). Қозоғистон жамоаси олтин медалга сазовор бўлди. Мен “олтин”, Зуҳра “бронза” совриндори бўлдик. Синглим 573 очко тўплаб, жаҳонда янги рекорд ўрнатди.
– Спортдан ташқари яна нимага қизиқасиз?
– “Мирас” коллежини тамомлаб, “ҳуқуқшунос” ихтисосини эгаллаганман. Айни пайтда Ўрта Осиё инновация университетининг 4-босқич талабасиман. Руҳшунос бўлмоқчиман, айни дамда муайян мижозларим ҳам бор. Россия ўқув марказларида малака оширмоқдаман.
Китоб мутолааси жону дилим. Хориж ва Россия адабиётини, жаҳон саргузашт асарларини кўп ўқийман. Шахсий кутубхонам бор, инглиз тилини мукаммал ўзлаштиряпман.
Зуҳра
– Мактабда математика, айниқса, алгебра севимли фаним бўлган, – дейди мерган қиз.
У ҳам опаси сингари китобхон. Хитой ва Америка адабиётига қизиқади.
– Мактабда ниҳоятда фаол эдим, ҳеч кимдан қўрқмасдим. Ўқитувчиларим билан кўп тортишардим. Лекин, муҳими, яхши ўқиганман. “Мирас” коллежида “Таржимачилик иши” факультетини тамомлаганман, инглиз, корейс ва хитой тилларини биламан. 13 ёшимдан спортдаман. Ҳозир 21 ёшдамиз. Жаҳоннинг энг кучли мерган ёшларини мағлуб этиб, рекорд ўрнатишга эришдик.
Ҳа, мусобақаларда бир гал Фотима “олтин” медаль олса, кейинги гал Зуҳрага омад кулиб боқади. Бирваракайига иккита олтин медаль бўлмагани сабаб, эгизаклар шу тариқа совринларни ўзаро баҳам кўришади. Ҳозирча жаҳонда ўз тенгқурлари орасида рекорд қўйган Зуҳрадир.
– Қайси мусобақалар кўпроқ ёдингизда қолди?
– 2021 йилда Қозоғистонда ўтган Осиё чемпионати. Сўнгра Озарбайжондаги мусобақада 1-ўрин эгалладим, Эстонияда эса 3-ўрин насиб қилгани билан янги рекорд ўрнатишга муваффақ бўлдим.
– Ҳаётда нимани яхши кўрасиз?
– Жониворларни. Қолаверса, ожизларни ҳимоя қилишни. Болалигимдан дайди мушукларни боқиб, безорилардан ҳимоя қилиб келаман. Бу борада жарима тўлашга ҳам тайёрман, жониворларни муҳофаза қилувчи жамғармаларга маблағ ҳам ўтказиб тураман.
– Келажакда қайси касб соҳибаси бўлишни истайсиз?
– Нейроруҳшуносликка қизиқаман. Инсоннинг мураккаб ақл-тафаккурини тадқиқ қилиш ниятидаман.
– Спортда қайси жамоадошингизни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
– Фотима опамни, Қозоғистон жамоасидаги кучли спортчилар Асадбек Назирқулов, Андрей Худяковни.
Чемпионлар онаси
– Ота-боболарим Шимкент шаҳрининг “Эски шаҳар” даҳасидан. Бува-бувимнинг қўлида тарбияланганман. Бувам Маҳаммад Ҳошимов ҳарбий, подполковник унвони соҳиби эди, Сариоғоч ТИИБни бошқарган. Бувим Сожида ая қурилиш, электроника ва техника соҳаларини жуда яхши билган. Сариоғоч собиқ Иттифоқ даврида тараққий этган туман эди. У ерга ишга кучли мутахассисларни юборишарди. Ва ким борса, ўша ерда қолиб кетарди ҳам. Мен таҳсил олган мактаб устозлари Россиядан келганлар эди...
Ҳозирги М. Ўтебаев номли кўп соҳали олий коллежни, Яссавий номидаги ХҚТУни тамомлаб, Шимкент шаҳри, Енбекши туманидаги солиқ идорасида (давлат даромадлари бошқармаси) солиқчи сифатида фаолият юритаман.
Турмуш ўртоғим билан бир партада ўтирган синфдошлармиз. У ҳам шимкентлик, оила аъзолари Сариоғоч туманида йўлланма орқали нуфузли идораларда ишлаган инсонлар эди.
Эр-хотин Енбекши туман солиқ идорасида солиқчи, аудитор сифатида фаолият юритардик.
Маълумки, эгизаклар табиатан нимжон бўлади, тез-тез оғриб туришади. Шу боис, отаси ҳар куни ишдан кейин қизалоқларини истироҳат боғларига олиб бориб, тоза ҳавода сайр қилдирарди. Шунда... бир қўлида бола, иккинчи қўлида “Тир”да ўқ отарди. Шу-шу қизлар бу машғулотга одатланиб қолишди. Енгил атлетика, сузиш, от минишга бориб юришса-да, ўқ отишга кўпроқ қизиқардилар. Марказий ўйингоҳдаги ўқ отиш машқларига қатнаганда, роса чарчардилар. Дастлаб, ҳатто қошиқ ушлашга ҳам қийналишарди. Қолаверса, бир кунда меҳрибон оталаридан айрилиб қолгани уларнинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилди...
10 йил аввал жуфти ҳалолим мазаси бўлмай, осма укол олган эди, “реакция” таъсиридан вафот этди. Уч фарзандим билан ёлғиз қолдим...
Отамиз ҳаётлигида ниҳоятда аҳил ва бахтиёр яшардик. Оиламизга ҳамманинг ҳаваси келарди. У киши жуда меҳрибон, хотираси мустаҳкам, ниҳоятда билимдон, китоб деса жон беришга шай зиёли эди. Идорадаги энг кучли мутахассислардан бири эди. Спорт билан тинмай шуғулланарди. Футбол, гандбол, волейбол ва баскетболдан разрядлари бор эди.
– Фарзандларингизни узоқ сафарларга, халқаро мусобақаларга юборганда, кўпроқ нималарга эътибор қаратасиз?
– Ғолиб бўлсин, биринчи ўринларни олсин, демайман. Омон-эсон бориб келишса, кифоя. Биринчи навбатда, “аптечка” йиғаман. Самолётда ёки бегона шаҳарда оғриб қолса, шошиб қолишмасин, ҳар хил дориларни истеъмол қилиб қўйишмасин, дея чўчийман.
– Ҳар бир чемпионга алоҳида таъриф берсангиз...
– Болаларимни ўқ отиш мактабига берган пайтимда ушбу спорт турини у қадар қийин, деб ўйламаган эканман. Рости, худди армия каби. Темир интизом, назорат, мураббийларнинг қатъий кўрсатмалари ва ҳоказо. Қолаверса, мураббийлари Юнусметовларнинг талабчанлиги бор. Лекин уларнинг беминнат хизматлари олдида ҳамиша таъзимдаман.
Фотима вазмин ва камтар қиз. Китоб жону дили. Жуда ақлли. Болалигидан спорт ва ўқишни бир маромда ушлашга ҳаракат қилади.
Зуҳра эса жониворларга меҳрибон. Ёдимда, ўқувчилик пайтида кўчада безори болалар бир мушукчага озор беришаётган экан. Зуҳра орага тушиб, жониворни ҳимоя қилган ва уйга кўтариб келган. Қизимни кўриб қўрқиб кетдим, бутун юз-боши моматалоқ, шилинган, ҳалиги болалар тошбўрон қилишган...
Яна бир воқеа. Бир куни Зуҳра кўчада ўзидан анча катта бир қизни йигити дўппослаётганини кўриб қолган. Менга телефон қилди, зудлик билан етиб бордим. Зуҳра ўртага тушиб, ҳалиги қизни ҳимоя қилди ва полиция чақирди. Полиция келгунча, қизга далда бериб турди. Йигитни олиб кетишгач, қизни уйига кузатиб қўйдик. Хуллас, Зуҳра ана шунақа, ожизлар ҳимоячиси, адолат тарафдори. Хитой, корейс, инглиз тилларини яхши билгани учун Осиё ўйинларида спортчилардан ташқари, ҳакамлар билан ҳам бемалол суҳбатлашади.
Ўғлим Шаҳзод ҳам қизиқ воқеани бошдан кечирган. 10 йил аввал кўчадан ҳамён топиб келди. Ичида 25 минг тенге, шахсий гувоҳнома бор экан. “Эгасини топишга ёрдам беринг, ахир сиз солиқ идорасида ишлайсиз, маълумотлар базасидан қараб топиб беринг, балки бу ўша одамнинг охирги пулларидир”, дея илтимос қилди, болам. Уч кун қидирдик. Ахир топдик, бемор ва нафақадор киши экан. Ҳақиқатан ҳам бу унинг ўша пайтдаги охирги пуллари экан. Роса қувонди. Ўғлимнинг мактабига бориб, синфи олдида раҳмат айтибди. Мактаб маъмуриятига шундай ўғилни тарбиялаган ота-онасига миннатдорчилик билдиришини илтимос қилибди.
Шаҳзод ҳам опалари ортидан муносиб эргашмоқда, катта-кичик мусобақаларда чемпион, халқаро тоифадаги спорт устаси, жамоа рекордчиси. Ҳозир машғулотлар майдонида тер тўкмоқда. Политехника коллежининг 3-босқич талабаси, рақамлаштириш соҳасини ўзлаштирмоқда. Ўғлимнинг қизиқ одати бор, ўз медалларини, ўринларини спортчи қизларга бериб юборади...
Умуман, милтиқ ёки тўппончадан ўқ отиш, бу ҳазилакам иш эмас. Қўлидаги ўйинчоқ эмас, қурол. Шунинг учун спортчи жисмоний тайёргарликдан ҳам кўра, руҳан кучли бўлиши керак. Қўрқувни енгиб, машҳур бўлиш учун юксак салоҳият, муҳим пойдевор зарур. Мен эрталабдан кечгача ишдаман, давлат хизматидаги кўп йиллик иш стажига эга, тажрибали мутахассис сифатида хизмат сафарларидан бўшамайман. Лекин уйга келар-келмас, оддий жонкуяр онага айланаман, яъни, болажонларимга мазали таомлар пишираман ва ҳоказо.
Шукрки, улар мустақилликка ўрганишган. Оилада ўзаро ишонч, бир бирини қўллаб-қувватлаш, асосийси меҳр-муҳаббат мавжуд. Мукофотларимиз меҳр-муҳаббат эвазига келмоқда... Болаларимга доим айтадиганим, ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун ўз устида тинмай ишлаб, орзуларга етишиш учун борини берсинлар. Фақат ўз кучларига ишониб, улкан ғалабаларга эришсинлар...
Ҳа, чемпионларни тарбиялаётган зиёли онадаги матонат, меҳнатсеварлик ва ютуқларга эришиш йўлида зарур бўлган қадриятларни сингдириш хусусияти кўпчиликка намуна.