Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев республикамизда касбий спортни ривожлантириш билан бир қаторда соғлом турмуш тарзини ривожлантириш мақсадида оммавий спортга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада “Соғлом одам, соғлом миллат” шиори остида муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳовлиларда болалар майдончалари, спорт майдончалари қурилиши, болалар ва ўсмирлар орасида турли спорт мусобақалари уюштирилиши шулар жумласидан. Амалга оширилаётган ишлар халқаро мусобақаларда ҳам ўз натижасини бермоқда. Вилоятимизда спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар, эришилаётган муваффақиятлар билан обуначиларимизни яқиндан таништириш мақсадида Туркистон вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбари Ғалимжан Худияров билан мусоҳаба уюштирдик.
– Ғалимжан Батирханули, суҳбатимизни ўқувчиларимизга қизиқ мавзу билан бошласак. Умуман олганда, вилоятимизда қанча спорт муассасаси мавжуд, уларда қанча одам машғул?
– Вилоятимизда 100та давлат ва 392та хусусий спорт муассасалари фаолият юритмоқда. Мазкур спорт муассасаларида 89492 нафар спортчи спортнинг 62 тури билан мунтазам шуғулланади. 64,5 минг спортчи давлат муассасаларида, 24,9 минг спортчи эса хусусий спорт ташкилотларида 28та олимпиада, 8 паралимпиада, 11 миллий, 5 олимпиада ўйинларига киритилмаган спорт турлари бўйича шуғулланади.2026 йилнинг 8 ойида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган 3-100 ёш оралиғидаги аҳоли сони 873,6 минг кишига етиб, 43,7 фоизни ташкил этди. Давлат спорт буюртмаси доирасида хусусий муассасалар 24 мингдан зиёд болани тўгаракларга жалб қилди. Имконияти чекланган 8485 ҳамюртимиз спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шароит яратилган.
– Олиб борилаётган ишлар натижа билан сарҳисоб қилинади. Ютуқлар, ғалабалар ҳақида маълумот берсангиз?
– Вилоятимизда спортнинг 24 тури бўйича ишлар уюштирилиб, спортчиларни тайёрлаш ва юксак спорт натижаларига эришиш йўналишида тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, олимпиада ва паралимпиада спорт турлари – оғир атлетика, бокс, дзюдо, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, пара каноэ, енгил атлетика, хотин-қизлар кураши, юнон-рум кураши, эркин кураш, таэквондо, теннис, стол тенниси ва футбол. Осиё ўйинларига киритилган спорт турлари – каратэ, самбо, жанговар самбо ва шахмат. Миллий спорт турлари – ағдаришмоқ, ошиқ отиш, пойга, камондан отиш, кўпкари, қозоқча кураш, қушбегилик, танга илиш ва тўғизқумалақ. 2026 йилда вилоят терма жамоалари аъзоларини тайёрлаш, ўқув-машғулот йиғинларини уюштириш, шунингдек, республика ва халқаро даражадаги мусобақалардаги иштирокини таъминлаш мақсадида тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу спорт турларига кирмаган спорт турлари “Оммавий спортни ривожлантириш” клубида (13 спорт тури) ривожлантирилмоқда. 2026 йилда 220 спортчи ва 14 нафар мураббийга стипендия тайинланди. Бу каби қўллаб-қувватлашлар натижасида Қозоғистон Республикасининг терма жамоаларига 798 нафар спортчи жалб қилинди. Бу кўрсаткич 2025 йил билан таққослаганда 32 спортчига зиёд. Қувонарли томони шундаки, вилоят спортчилари 2026 йилнинг 8 ойида 1424та медалга сазовор бўлди. Жумладан, Қозоғистон чемпионатларида – 1262та медаль, Осиё чемпионатларида – 140, Жаҳон чемпионатларида эса 22та медаль қўлга киритилди.
– Қирғизистонда ўтган Кўчманчилар ўйинларида терма жамоа аъзолари бўлган ҳамюртларимиз яхши натижалар кўрсатди.
– Албатта. VI Жаҳон Кўчманчилар ўйинларида туркистонлик спортчилар 9та олтин, 4та кумуш, 2та бронза медалини қўлга киритишди. Улар: қўл курашидан: Н. Айдархан – ўнг ва чап қўл билан 2та олтин; М. Қуттимуратов – ўнг ва чап қўл билан 2та олтин; У. Ўралбай – ўнг ва чап қўл билан 2та кумуш. Ағдаришмоқ: С. Мухамеджан, Д. Ўткелбай ва С. Избасаров олтин медалга сазовор бўлишди. Алиш кураши: Т. Қалмухан – 3-ўрин. Танга илиш: Қ. Бақтибай – 1-ўрин. Жамоавий ўйинларда ҳам ҳамюртларимиз совриндорлар сафида бўлишди: тўғизқумалақдан А. Салман – 1-ўрин, Овари спорт туридан А. Далиева – 3-ўрин, кўпкарида А. Нишанбеков – 2-ўрин, кўк бўридан А. Мамит – 2-ўрин.
– 19 сентябрь куни Япониянинг Нагоя шаҳрида Осиё ўйинлари бошланади. Унда қанча туркистонлик спортчи қатнашади?
– 19 сентябрь-4 октябрь кунлари Японияда Осиё ўйинлари ўтади. Унда спортнинг 13 туридан 35 спортчи иштирок этади. Ёдингизда бўлса, 2022 йилда Хитойда ўтган XIX Осиё ўйинларида 27 нафар спортчимиз иштирок этиб, 2тадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритганмиз. Жорий йилда эса битта олтин, иккита кумуш, учта бронза медалини қўлга киритишни мақсад тутганмиз. Пара Осиё ўйинларида эса спортнинг 3 туридан 5 спортчи қатнашади.
– Спортда натижаларга эришиш инфратузилмага боғлиқ. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Тўғри айтасиз. Эски иншоотлар талабга жавоб бермайди. Ҳозир шароит замон талабига мос бўлиши зарур. Умуман олганда, бу борада тегишли ишлар бажарилмоқда. Қисқасини айтадиган бўлсак, вилоятимизда 3595та спорт иншооти рўйхатга олинган. Уларнинг 3086таси қишлоқларда, 509таси эса шаҳарларда жойлашган. Рақамларда айтадиган бўлсак, 21та стадион, 2та спорт саройи, 2та ўқув-машғулот маркази, 64та спорт мажмуаси, 114та спорт манежи, 1та чанғи базаси, 22та милтиқ отиш жойи, 20та теннис корти, 20та ҳовуз, 1071та спорт зали ва бошқалар.
2026 йилда умумий қиймати 11,3 миллиард тенгелик 62та спорт иншооти қурилиши юритилмоқда. Жумладан, 9та спорт мажмуаси, 10та спорт зали, битта ўқ отиш майдончаси, 3та стрит-воркаут майдони ва 8та ёпиқ футбол манежи.
– Бунёдкорлик ва янгилаш ишлари ҳам соҳада муҳим ўрин тутади.
– Албатта. 2026 йилда туман, шаҳар бюджети ҳисобидан 14та бинода жорий таъмир ишлари юритилмоқда, вилоят бюджети маблағига эса битта стадион таъмирланмоқда.
Махсус жамғарма ҳисобидан қиймати 16,6 миллиард тенгени ташкил қиладиган 25та спорт мажмуаси қурилишига маблағ ажратиш учун ҚР Туризм ва спорт вазирлигига ариза йўлланиб, вазирлик томонидан 3та иншоот қурилишига Молия вазирлигига хат йўлланган. Бундан ташқари, Давлат раҳбарининг Инклюзив спорт марказини барпо этиш топшириғига мувофиқ, Туркистон шаҳрида 2026 йилнинг декабрь ойида фойдаланишга берилган спорт мажмуасида жиҳозлаш ишларини юритиб, “Саврон” имконияти чекланган шахсларга мўлжалланган спорт мактаби тасарруфига топширамиз. Шунингдек, Туркистон шаҳрида инклюзив спорт марказини қуриш учун майдони 1,3 гектар ер участкаси ажратилди. Б. Саттарханов номидаги иқтидорли болаларга мўлжалланган мактаб-интернат коллежига қўшимча янги бино қурилади.
– Касбий спортни ривожлантиришда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг ўрни муҳим.
– Вилоятимизда 51та болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортнинг 40 тури бўйича 39969 нафар бола тарбияланмоқда. Спорт мактаблари орасида спартакиадалар уюштирилиши рақобатни кучайтириб, ёш иқтидорли спортчиларнинг етишиб чиқишига замин яратмоқда. Ҳар чоракда спорт мактабларининг рейтинги чиқарилиб, йил охирида паст даража эгаллаган бешта спорт мактаби директорига тегишли чора кўрилади.
– Оммавий спортни ривожлантиришга қай даражада эътибор қаратилмоқда?
– Жорий йилнинг ўтган 8 ойида 1468та оммавий-спорт тадбири ўтказилиб, унда 191 мингдан зиёд одам иштирок этди. Бундан ташқари, 2та жаҳон чемпионати, 3та Осиё чемпионати, 2та жаҳон кубоги, 1та Осиё кубоги, 18та Қозоғистон Республикаси чемпионати, 12та халқаро турнир уюштирдик.
“Тоза Қозоғистон” экологик тадбири доирасида Туркистон шаҳрида “Экопарк” мажмуасининг очилиши арафасида 500 нафарга яқин марафончи ва 200 нафардан зиёд велоспортчи иштирокида мусобақа уюштирилди. Оғир атлетикадан 20 ёшгача спортчилар ўртасида республика чемпионати ўтказилиб, унда вилоят жамоаси 3-ўринни эгаллади.
Хоккейдан ёшлар ўртасидаги Қозоғистон Республикаси кубоги “Туркистон” муз саройида уюштирилди. Умуман олганда, келажакда ҳам жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, спорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва оммавий спортни ташвиқот қилиш йўналишидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилади.
– Мазмунли суҳбат учун раҳмат!