Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Халқ Кенгашининг таъсис мажлисида иштирок этди
Аввал хабар қилинганидек, Президент фармони билан Қозоғистон Халқ Кенгашининг 126 нафар аъзодан иборат таркиби тасдиқланди. Кенгашнинг ташкилий йиғилишида Ерлан Қўшанов унинг раиси этиб сайланди. Астанада Кенгашнинг биринчи сессияси ўтди. Унда Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев иштирок этди.
Давлат раҳбари янги тизимининг фаолият бошлашини мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеа сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, Қозоғистон Халқ Кенгаши конституциявий мақомга эга бўлган, жамиятдаги турли фикр ва таклифларни ягона майдонда жамловчи ўзига хос институт сифатида мамлакатнинг сиёсий тизимида алоҳида ўрин эгаллаши керак.
Президентнинг қайд этишича, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳали якунлангани йўқ. Давр талабидан келиб чиқиб, давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, жамият билан очиқ мулоқотни кучайтириш борасидаги ишлар изчил давом этади.
Қозоғистон Халқ Кенгашини ташкил этиш ғояси ҳам ана шу эҳтиёждан келиб чиққан. Президентнинг айтишича, у мамлакат ҳаётидаги долзарб масалаларни очиқ муҳокама қилиш, аҳоли таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш ҳамда улар асосида аниқ қарорлар ишлаб чиқиш имконини берадиган махсус тизим ташкил этишни анча вақтдан буён режалаштириб келган.
Давлат раҳбари янги институтнинг номи ҳам бежиз танланмаганини таъкидлади. Конституцияга кўра, давлат ҳокимиятининг ягона манбаи ва эгаменлик соҳиби – халқ. Шу боис, жамият манфаатларини ифода этувчи янги институт номи таркибида «Халқ» сўзининг бўлиши табиий ва қонуний асосга эга. «Қозоғистон Халқ Кенгаши» номи Конституцияда мустаҳкамланган ягона расмий ном сифатида унинг мақоми ва масъулияти юксак эканини ҳам англатади.
Янги тузилманинг таркиби ҳам унинг умуммиллий хусусиятини намоён этади.
Тажриба ва изчиллик
Қозоғистон Халқ Кенгаши фаолиятини йўлга қўйишда аввалги жамоат уюшмаларининг тажрибасига таянилади.
Президент Қозоғистон халқи Ассамблеяси, Президент ҳузуридаги Миллий жамоат ишончи кенгаши, Миллий Қурултой каби тузилмалар мамлакатда умуммиллий мулоқотни ривожлантириш, жамият бирлигини мустаҳкамлаш ва давлат аҳамиятига молик масалаларни муҳокама қилишда муҳим вазифаларни бажарганини таъкидлади.
Хусусан, муқаддам фаолият юритган Қозоғистон халқи Ассамблеяси мамлакат бирлигини мустаҳкамлашга, Жамоат ишончи кенгаши амалий мулоқот орқали янги сиёсий маданиятни шакллантиришга, Миллий Қурултой эса умуммиллий мулоқот мазмунини янада бойитишга ҳисса қўшган.
Президент маълум қилганидек, Қурултой доирасида ишлаб чиқилган амалий аҳамиятга эга ташаббуслар натижасида 26та қонун қабул қилинган, яна 10та қонун лойиҳаси Қурултойда кўриб чиқилади.
Қасим-Жўмарт Тўқаев этномаданият бирлашмаларининг янги Кенгаш таркибида кенг вакиллик асосида иштирок этаётганига алоҳида эътибор қаратди. Агар илгари Парламент Сенатида Қозоғистон халқи Ассамблеяси квотаси асосида беш нафар вакил иштирок этган бўлса, энди Халқ Кенгаши таркибида этномаданият бирлашмаларининг 42 нафар вакили бор. Бу умумий таркибнинг учдан бир қисмини ташкил этади.
Давлат раҳбари бу имконият билан бирга улкан масъулият ҳам юзага келаётганини қайд этди.
Бирлик ва ҳамжиҳатлик масалалари – эътибор марказида
Президент Қозоғистон Халқ Кенгашини мамлакатдаги бирлик ва тотувликнинг янги Концепциясини ишлаб чиқиш марказига айлантириш таклифини билдирди.
Бунинг учун этномаданият бирлашмалари ва ушбу йўналишда фаолият юритаётган бошқа жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, улар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Минтақаларда эса Дўстлик уйлари қошидаги «Жамоат тотувлиги» тармоғи ўз фаолиятини давом эттиради. Этномаданият бирлашмалари маҳаллий жамоат кенгашлари ишида, Халқ Кенгашининг доимий қўмиталари, соҳавий комиссиялари ва маслаҳат-кенгаш идоралари фаолиятида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, Президент янги тузилма аввалги тизимлар тажрибасидан самарали фойдаланиши зарурлигини таъкидлади. Қозоғистон халқи Ассамблеяси ўз фаолиятини якунлаган бўлса-да, унинг шаклланган инфратузилмаси ва бой тажрибаси эътибордан четда қолмайди. Улар Халқ Кенгаши фаолиятида қўлланилади.
Давлат раҳбари, шунингдек, этномаданият бирлашмалари, театрлар ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш давлатнинг конституциявий мажбурияти эканини қайд этди.
Қурултой ва Халқ Кенгаши – ўзаро ҳамкорликда
Сессияда Халқ Кенгаши билан Қурултойнинг ваколатлари масаласига ҳам алоҳида ойдинлик киритилди.
Халқ Кенгаши Қурултойга муқобил эмас. Икки тизимнинг вазифа ва ваколатлари аниқ ажратилган бўлиб, улар бир-бирининг ишига аралашмаган ҳолда ўзаро ҳамкорлик қилиши ва бир-бирини тўлдириши лозим.
– Мақсадимиз ҳам, Ватанимиз ҳам ягона. Шунинг учун бир ёқадан бош чиқариб, Қозоғистон халқи фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қилишимиз керак. Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда халқнинг фикри, талаб ва истакларини тўла инобатга олиш зарур, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Президентнинг фикрича, икки тузилманинг ҳамжиҳат ва мувофиқлашган фаолияти жамият билан давлат ўртасидаги мулоқотни янада самарали ташкил этиш имконини беради.
Конституция – ҳар бир фуқаро учун дастуриламал
Сессияда янги Конституциянинг мамлакат ҳаётидаги ўрнига ҳам катта эътибор қаратилди.
Қасим-Жўмарт Тўқаев 1 июлдан кучга кирган Конституция миллий мафкуранинг асосий йўналишларини белгилаб берганини таъкидлади. Унда давлатчиликни мустаҳкамлаш, халқнинг кўп асрлик тарихий меросига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлиги ва интизомни мустаҳкамлаш, умуммиллий бирликни асраш, халқ фаровонлигини юксалтириш каби устувор вазифалар белгилаб қўйилган.
Президент Конституцияни билиш ва унга риоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини қайд этиб, Бош Қомус ҳар бир инсон учун дастуриламал бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Давлат раҳбари ислоҳотларни амалга оширишда расмиятчилик ва ваъдабозликка йўл қўймаслик даркорлигини айтди. Унинг таъкидлашича, жамият ишончини мустаҳкамлаш учун ҳар бир ташаббус аниқ натижа билан уйғун бўлиши керак.
Шундай қилиб, Қозоғистон Халқ Кенгаши фаолиятининг бошланиши мамлакатда жамоатчилик билан давлат ўртасидаги мулоқотнинг янги босқичини бошлаб бермоқда. Энг муҳими, бу имкониятдан самарали фойдаланиш, халқнинг овози ва таклифларини аниқ қарорлар билан мустаҳкамлаш Халқ Кенгашининг келгуси фаолиятида ўз аксини топиши керак.
ШАҲАРДА ЎСГАН ЁШЛАР «ЧАЛА ҚОЗОҚ» ЭМАС!
Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев айрим ёзувчиларнинг ёшларни «асфальтда ўсган», яъни «чала қозоқлар» ва «асл қозоқлар»га ажратиши нотўғри эканини таъкидлади.
– Биз қишлоқ ҳақида кўп гапирамиз. Ҳар бир учрашувда қишлоқ халқимизнинг олтин бешиги эканини эслатамиз. Бу ҳақиқатни исботлашга ҳожат ҳам йўқ. Аммо бугун дунёда урбанизация жараёни тобора кучаймоқда. Шаҳар замонавий ҳаёт учун зарур барча имкониятлар жамланган асосий масканга айланди. Шу боис, шаҳар маданиятини ривожлантириш ва юксалтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз, замон билан ҳамнафас бўлишимиз керак, – деди Президент сессияда.
Президент шу мақсадда яқинда Маданият ва ахборот вазирлигига шаҳар ҳаётига бағишланган асарлар яратиш юзасидан ёзувчилар ўртасида адабий танловлар ташкил этишни топширганини маълум қилди.
Тоза муҳит – масъулият ва тарбия мезони
Президент, шунингдек, нега тозалик, тартиб-интизом ва табиатга эҳтиёткор муносабат масалаларига алоҳида урғу бераётганига ҳам тўхталди.
– Биз шаҳарлар ва бутун мамлакат қиёфасини яхшилаш билан бирга, миллат тафаккурини ҳам ўзгартирмоқдамиз. Бефарқлик ва лоқайдликдан тозалик, масъулият ва табиатни авайлашга юз тутмоқдамиз. «Тоза Қозоғистон» ташаббусининг кучи ҳам жамиятни эзгу ва бунёдкор мақсадлар атрофида бирлаштира олишидадир, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Унинг таъкидлашича, обод ва тоза муҳит инсоннинг хулқ-атворига ҳам таъсир қилади. Шу боис, ушбу ғоя ва «Қонун ва интизом» тамойилини бир-биридан айри тасаввур этиб бўлмайди.
Давлат раҳбари ободонлаштиришга киритилган маблағни инсонга сармоя сифатида баҳолади. Унинг фикрича, мамлакатдаги улкан ўзгаришлар ҳам, аввало, кичик ишлардан – обод қишлоқ, фаол фуқаролик ташаббуслари, кўнгиллилик ва хайрия ҳаракатларидан бошланади.
Кенгаш аъзолари маош олмайди
Шунингдек, Қазақстан Халқ кенгаши аъзолари ўз вазифаларини жамоатчилик асосида, ҳақ тўланмайдиган тарзда адо этиши маълум қилинди. Кенгаш аъзолари давлат хизматчиси ҳисобланмайди, уларга алоҳида лавозим, хизмат хонаси ёки автомобиль ажратилмайди. Янги тузилма камида йилига бир марта йиғилиши, заруратга кўра эса бундан кўпроқ мажлис ўтказиши мумкин.
Кенгаш раҳбарияти тайинланди
Айни пайтда Қозоғистон Халқ Кенгаши раҳбарияти ҳам шакллантирилди. Конституциявий қонуннинг 8-моддаси 5-бандига мувофиқ, Дмитрий Останькович ва Лаззат Шинғисбаева Кенгаш раиси ўринбосарлари этиб тайинланди.