26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳазилнинг ҳам ҳадди бор

Баъзан бир тўйга бориб, тўйнинг ўзига эмас, одамларнинг гап-сўзига кўпроқ эътибор бериб қайтасиз. Кимдир самимийлиги билан, кимдир ташқи кўриниши билан, кимдир муомаласи  билан ажралиб туради. Яна кимдир эса айтган бир оғиз гапи билан одамни ўйга солиб қўяди.

Тўй бошловчилиги кейинги йилларда анча оммалашди. Илгари даврани нутқи чиройли ва равон, даврани бошқара оладиган, одамларнинг ёши ва қадрини биладиган, ўзини тута оладиган, юксак  маданиятли инсонлар олиб борган бўлса, бугун микрофонни қўлга олиб, икки-учта ҳазил айтган одам ҳам ўзини бошловчи деб ҳисоблаётгандек.

Тўй бошловчиси – оддий микрофон эгаси эмас. У тўй бошқаради, меҳмонларни бирлаштиради, тўй соҳибларининг қувончига шерик бўлади. Шунинг учун унинг ҳар бир ҳазили, ҳар бир саволи ва айтган ҳар бир сўзида маданият ва масъулият уфуриб туриши керак. Афсуски, баъзан кулдириш билан камситиш ўртасидаги чегара унутиляпти. Кимнингдир семизлигини айтиш, кимнингдир ёшини улуғламай ҳазил қилиш, кийимини муҳокама қилиш, оиласи ҳақида ноқулай саволлар бериш – буларнинг ҳаммаси “ҳазил” деб қабул қилиняпти.

Яқинда бир тўйда шундай ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Бир тўладан келган эркак киши даврада рақсга тушди. Қўшиқ тугагач, бошловчи аёл унга қараб: “Авайлаб ўйнанг, шимингиз йиртилиб кетмасин”, дея ҳазил қилди. Ўтирганлар кулди. Лекин менда савол пайдо бўлди: нега одамни кулдириш учун унинг ташқи кўринишини нишонга олиш керак? Нега таҳқирлаш орқали шуҳрат қозониш керак? Балки  бошловчи ўша инсонни кулдирдим, деб ўйлагандир. Лекин унинг ўрнида ўзимиз турганимизда, биз ҳам шу гапдан мамнун бўлармидик?

Энг қизиғи, бундай ҳазиллар тобора оддий ҳолга айланиб бормоқда.

Бугун бировнинг вазни, эртага бировнинг сочи, индинга кимнингдир кийими. 

Ўша тўйда яна бир ҳолат юзага келди.

Бошловчи меҳмонлар орасидаги кўп фарзандли оналарни қўлини кўтаришга чақирди ва совғаси борлигини айтди.

Ёши 80лар атрофидаги онахон ҳам қўлини кўтарди. Бошловчи қизиқиб, нечта фарзанди борлигини сўради. Онахоннинг тўққиз нафар фарзанди бор экан.

Шунда бошловчи: “Онахон, янги йилгача ўнта қилиб юбормайсизми?”,  деган мазмунда ҳазил қилди.

Яна кулги. Аммо 80 ёшли онахоннинг олдида турган микрофон соҳиби бир лаҳза ўйлаб кўрса бўларди: бу инсоннинг ёши улуғ, фарзандлари бор, набиралари бор. У киши ҳақида ҳазил қилишдан кўра, тўққиз фарзандни тарбиялаб, вояга етказгани учун ҳурмат-эҳтиром кўрсатиши чиройлироқ эмасмиди? Масалан: “Онахон, тўққиз фарзандни камолга етказганингиз учун сизга барча меҳмонларнинг олқиши бўлсин!”, деса бўлмасмиди?

Тўйларимизга қарасангиз, сарф-харажатлар йилдан-йилга ошиб бораётганини кўрасиз. Катта тўйхона, тўкин-сочин дастурхон, тасвирчи, видеооператор, махсус декорация, саҳна, бошловчи...

Аммо шуларнинг ҳаммаси бору, оддий одоб, маданият етишмаётган тўйлар ҳам учрайди.

Бу нимадан далолат? Балким, биз тўйнинг ташқи кўринишига жуда кўп, ички маданиятига эса жуда кам эътибор бераётгандирмиз.

Аёллар кўпроқ фаоллашяпти. Бу яхши. Лекин... Бугун аёллар тўйларда ҳам фаол. Бошловчилик қиляпти, тадбир ўтказяпти, бизнес қиляпти, ижтимоий тармоқларда ўзини намоён қиляпти. Бунинг ўзи ёмон эмас.

Аксинча, аёлнинг билимли, фаол ва мустақил бўлиши жамият учун фойдали. Аммо фаоллик билан савияни адаштирмаслик керак.

Микрофон олган аёл автомат равишда маданиятли бошловчи бўлиб қолмайди. Эркак ҳам шундай. Бошловчилик жинс танламайди. Бошловчилик савия танлайди. Савияни эса билим, тарбия, маданият, ҳаётий тажриба ва инсонга бўлган ҳурмат белгилайди.

Кимдир олий маълумотли бўлиши мумкин, аммо оддий одобни билмаслиги мумкин. Яна кимдир дипломсиз бўлса-да, бировнинг кўнглини оғритмасликни, инсонни қадрлашни, қайси гапни қаерда айтиш кераклигини жуда яхши билади.

Демак, гап фақат дипломда эмас. Инсон ўз устида ишлаши, китоб ўқиши, газета-журнал мутолаа қилиши, янгиликлардан хабардор бўлиши, дунёқарашини кенгайтириши керак. Чунки кенг дунёқараш ва бой маънавият инсоннинг сўзида ҳам, муомаласида ҳам акс этади.

Тўй – кимнингдир бир умрлик орзуси. Бошловчи эса ана шу орзуни ҳурмат қилиб, тўйни чиройли, файзли ва маданиятли ўтказишга ҳисса қўшиши керак.

Шунақамасми, азиз миллатдош?!

Малика ЭЛТОЕВА., 2026-09-19, 03:22 101
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.