26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Давлат ислоҳотлари ва иқтисодиёт: Янги тараққиёт босқичининг муҳим вазифалари

Ҳар қандай давлатнинг тараққиёти, аввало, самарали бошқарув тизими ва мустаҳкам иқтисодий асосга таянади. Давлат идоралари халқ манфаатига хизмат қилса, иқтисодий сиёсат ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ва аҳоли фаровонлигини оширишга йўналтирилса, ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини беради.

Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг 2026 йил 28 октябрдаги “Янги тарихий босқичдаги Қозоғистоннинг долзарб вазифалари” номли халққа йўллаган Мактубида айнан шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Унда давлат бошқарувини такомиллаштириш, иқтисодиётни технологик янгилаш, сармояларни жалб қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани ривожлантириш ўзаро боғлиқ устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Менимча, Мактубнинг муҳим жиҳатларидан бири – давлат ислоҳотларига фақат маъмурий ўзгаришлар нуқтаи назаридан эмас, балки уларнинг иқтисодий ва ижтимоий натижалари нуқтаи назаридан баҳоланганидир.

Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш ҳақидаги топшириқлар ҳам шу мақсадга қаратилган. Ҳукуматдан тортиб қишлоқ ҳокимларигача бўлган бошқарув тузилмаларини қайта кўриб чиқиш, такрорланувчи вазифаларни бартараф этиш, ортиқча бюрократияни қисқартириш ва сунъий идрок имкониятларидан фойдаланиш – давр талабидир. Бу жараёнда давлат хизматчиси фаолиятининг асосий мезони лавозими ёки ҳисоботлари эмас, балки халққа кўрсатаётган хизмати ва эришган натижаси бўлиши керак.

Президент маъмуриятига 2027 йил 1 июнга қадар давлат бошқарувини ислоҳ қилишнинг мажмуавий режасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилгани ҳам бу йўналишдаги ўзгаришлар тизимли тус олишини кўрсатади.

Иқтисодий тараққиёт масаласида эса инфратузилмани янгилашга катта эътибор қаратилмоқда. 2027 йилни “Умумхалқ бунёдкорлик йили” деб эълон қилиш таклифи мамлакатнинг барча ҳудудларида йўллар, тиббиёт ва таълим муассасалари, муҳандислик тармоқлари, маданият ҳамда спорт иншоотларини қуриш ва таъмирлашни назарда тутади.

Бу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, қурилиш фақат янги бинолар барпо этиш билан чекланмайди. У янги иш ўринлари, маҳаллий тадбиркорлар учун буюртмалар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари тараққиётига ҳам туртки беради. Айниқса, давлат маблағларини хусусий сармоялар билан уйғунлаштириш, маҳаллий ишбилармонларни лойиҳаларга кенг жалб этиш муҳимдир.

Бугун иқтисодиётнинг яна бир муҳим шарти – энергетик хавфсизлик. Мамлакатда саноат, қурилиш ва рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бир пайтда электр энергиясига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Шу боис 2029 йилга қадар барқарор энергия таъминотига эришиш вазифаси стратегик аҳамиятга эга. Бу мақсадга янги электр станцияларини барпо этиш, мавжудларини замонавийлаштириш ва узатиш тармоқларини ривожлантириш орқали эришиш мумкин.

Иқтисодий ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши – тадбиркорлик учун барқарор ва қулай муҳит яратиш. Президент таъкидлаганидек, кичик ва ўрта бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 40 фоизга етган, асосий капиталга йўналтирилган сармоялардаги ҳиссаси эса қарийб 70 фоизни ташкил этмоқда. Бу рақамлар тадбиркорлик миллий иқтисодиётнинг муҳим таянчига айланганини кўрсатади.

Шундай экан, бизнесга ортиқча маъмурий тўсиқлар қўймаслик, солиқ қонунчилигидаги зиддиятларни бартараф этиш, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва узоқ муддатли молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш зарур. Тадбиркорнинг эртанги кунга ишончи бўлмаса, янги иш ўрни яратишга, ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ёки технологияга сармоя киритишга ҳам шошилмайди.

Мактубда қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириш, маҳсулотни чуқур қайта ишлаш ва сув захираларидан оқилона фойдаланишга ҳам алоҳида ўрин берилгани минтақамиз учун айниқса аҳамиятлидир.

 Президент Туркистон вилоятида замонавий пахта-тўқимачилик кластерини шакллантириш тажрибасини тилга олди. Бу каби лойиҳалар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини хомашё сифатида сотишдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Шу билан бирга, Мактубда сув танқислиги шароитида тежамкор технологияларни жорий этиш, ирригация тизимларини янгилаш ва маҳсулотни сақлаш ҳамда сотиш инфратузилмасини ривожлантиришни кечиктириб бўлмайдиган вазифалар қаторига киритиш лозимлиги айтилди.

Албатта, иқтисодий юксалишнинг энг муҳим кўрсаткичи – унинг одамлар ҳаётида акс этишидир. Шу нуқтаи назардан, 2027 йил 1 январдан энг кам иш ҳақини 85 минг тенгедан 110 минг тенгега ошириш ташаббуси алоҳида аҳамиятга эга. Президент маълумотига кўра, бу ўзгариш қарийб 1,8 миллион фуқаронинг даромадига таъсир кўрсатади. Бироқ аҳоли турмуш даражасини барқарор ошириш учун энг кам иш ҳақини кўтаришнинг ўзи кифоя эмас. Бунинг учун пулнинг қадрсизланишини жиловлаш, ички ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва янги иш ўринларини яратиш ҳам зарур. Хулоса қилиб айтганда, Мактубда белгиланган вазифалар давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани бир бутун тизим сифатида ривожлантириш зарурлигини кўрсатади. Энди асосий масала – белгиланган режаларнинг қоғозда қолиб кетмаслиги, ҳар бир лойиҳанинг аниқ муддат, масъулият ва натижа асосида амалга оширилишидир.

Зеро, ислоҳотларнинг ҳақиқий қиймати қабул қилинган қарорлар сони билан эмас, балки одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, янги иш ўринлари, сифатли инфратузилма ва иқтисодий имкониятлар билан ўлчанади.

Бугунги вазифа – янги иқтисодий имкониятларни ишга солиш, давлат бошқарувини замон талабларига мослаштириш ва ҳар бир ҳудуднинг салоҳиятидан самарали фойдаланишдир. Бу эса давлат идоралари, бизнес ва фуқаролик жамиятининг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этади.

Райимжон АЛИБОЕВ, “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири, 2026-11-16, 20:08 120
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.