26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Соғлом бола – соғлом авлод келажаги

Жамиятимизда дунёга келаётган болалар она қорнидаёқ хаста ёки бирор нуқсон билан туғилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Буларнинг сабаблари турлича бўлиши мумкин. Шу ҳақда батафсил маълумот олиш мақсадида Сайрам тумани маркази – Оқсувкент қишлоқ шифохонасида фаолият юритаётган, Тошкент Марказий Осиё тиббиёт-педиатрия институтини тамомлаган, 35 йиллик меҳнат тажрибасига эга олий тоифали болалар шифокори Лола Адашбек қизи Зиёевадан мусоҳаба олдик.

– Лола Адашбек қизи, ота-оналар кўпинча ҳузурингизга қандай шикоятлар билан ташриф буюради?

– Шифохонамизда 6 ёшгача бўлган болаларга тиббий ёрдам кўрсатамиз. Ота-оналар турли касалликларга учраган фарзандларни олиб келишади, баъзан, болани қандай парвариш қилиш керак, деган саволлар билан ҳам мурожаат қилишади. 

– Ҳозирги кунда кўп чақалоқлар бош мия ички босими, аутизмга чалинган ҳолда туғиляпти ёки бошида сув бор, дейишади. Шу касалликларнинг аниқ сабаблари борми? Экологиянинг ифлосланиши, ҳомиладор пайтида онанинг асабийлашиши, шамоллаши буларга сабаб бўла оладими? Ёки ирсий касалликлар сабаблими?

– Биласизми, менга кўпинча, “бошида суви бор”, “бош мия ички босими бор деб айтди”, дейишса, менинг диққатим ошади. Ўзи бош миянинг тузилишини шу шифокорлар билмайдими, дейман. Биринчидан, бош мия суюқлик ёрдамида ишлайди, усиз қуриб қолади. Назарий томондан тушунтирсам, мия сирти ва ички томондан ликвор (орқа мия суюқлиги) билан чайилиб турилади. У мия тизимларини озиқлантиради ва ташқи таъсирлардан ҳимоя қилади, унинг ички босимини меъёрида сақлайди, шунингдек, қон ва мия ўртасидаги алмашинув жараёнларини созлайди. 

Ликвор доимо мия қоринчаларида, бош суяги ичида ва орқа мия ҳамда миянинг бошқа бўшлиқлари бўйлаб айланади. Маълум қисмларда суюқлик тўпланиб, ташқарига оқиб чиқади ва бошқа бўшлиқларга тарқалиб, қайта сўрилади. Ликворнинг сўрилиши ва ажралиб чиқиши ўртасида маълум бир мувозанат мавжуд. Агар суюқлик сўрилганидан ортиқча ёки ажралиб чиққанидан камроқ сўрилса ёки унинг чиқишига тўсиқлар мавжуд бўлса, у маълум бир жойда тўплана бошлайди, бу эса бош миянинг ички босимини юзага келтиради. 

Мия бош суяк қутисининг ёпиқ қисмида жойлашганлиги боис, тўпланган суюқлик мияни сиқиб, босимнинг ошишига олиб келади. Бундай ҳолларда, бола беҳаловат бўлиб, бош оғриғи туфайли тинмай йиғлайди. Бунинг сабаблари эса, албатта сиз айтганингиздек, онанинг ҳомиладорлик даврида хасталаниши, телефондан кўп фойдаланиши ёки экология таъсири туфайли келиб чиқади. 

Аутизм руҳий хасталик эмас. Асосий сабаблар, бола туғилишидан олдин, она қорнидалигида марказий асаб тизимининг шаклланишидаги бузилишлар туфайли, дея тахмин қилинади. Наслга ҳам боғлиқ ва бунга фақат она айбдор эмас, отанинг ҳам наслига боғлиқ. Ёки онанинг ҳомиладорлик пайтида юқумли хасталикка чалингани ҳам сабаб бўлади. 

Бунга сабаб, ёшларни мактаб давридан бошлаб оилавий ҳаётга тай­ёрламаслигимиз. Ҳозир қизларимиз – бўлғуси оналар кўп ҳолларда хонасидан чиқишмайди, телефонда, компьютерда кўп ўтиришади. Булар организмга салбий таъсир кўрсатади. Турмушга чиққанда ҳам, ҳомиладорлик пайтида ҳам телефонларини ёнида олиб юради, натижада болалар аутизм ташхиси билан туғилмоқда. 

Эътибор қаратсангиз, аутизм касаллиги кўпроқ шаҳарларда учрайди. Қишлоқ жойларда камдан кам.

–  Илгари болани туғилгандан бошлаб чўмилтириб, бутун танасини мойлаб, бешикка ётқизардик. Ҳозирги кунда шифокорлар мойлаш, чанқоғини сув билан қондириш, бешикка ётқизиш мумкин эмас, мияси чайқалади, деб рухсат беришмайди. Шу ҳақда сизнинг фикрингиз?

– Биринчидан, янги туғилган боланинг анатомик ва жисмоний хусусиятларини олсак, уларнинг ўпка ҳажми жуда ҳам кичкина бўлади, у ҳали яхши етилмаган, ўпкада сурфактант (алвеолаларни қоплайдиган сирт ва фаол модда) моддаси бўлади, яъни, у алвеоланинг очилиб ёпилишига ёрдам берадиган, ҳали яхши ишлаб чиқилмаган, бронхлари қисқа ва тор бўлади. Шунинг учун бола фақат ўпкасидан эмас, танаси билан ҳам нафас олади. Шу сабабли ҳозирги кунда болани мойлаш мумкин эмас, деймиз, чунки, мойлаганда танадаги тешикчалар ёпилиб қолади ва боланинг нафас олиши қийинлашади. 

Авваллари эса, балки тез-тез чўмилтиришга имконият бўлмаган, шу сабабли, боланинг танасидаги тешикчалар бекилиб қолмасин, деб докани мойлаб ёки қўлда боланинг танасини силаб, уқаланган. Кейин кўп вақт чўмилтирмаслик оқибатида танада турли тошмалар ёки бурмалар (складки) қизариш, қичишни қўзғатиш мумкин эди. Шунинг учун ҳам мойлаш тавсия қилинган.

Бола учун энг иссиқ жой бешик бўлган. Чунки ер зах, каровот ҳам бўлмаган. Ҳозирги кунда эса махсус каровотлар бор, барча шароитлар мавжуд. Бешикка белаганда эса бола қимирлай олмайди. Тўққиз ой бола она қорнида сузиб юриб ҳаракат қилди. Бешикда эса боланинг ривожланиши секинлашади. Шу сабабли, иложи борича бешикка ётқизмаган маъқул. Лекин “бешик боласи – бек боласи” дейишади. Бешикка белашнинг ҳам ўз қонун-қоидалари мавжуд. Айрим ҳолларда ҳаёт шароитига қараб, бешикни тез шамоллатиб туриш, боладан тез-тез хабар олиб турилса, озгина ухлатиб олиши учун белаш мумкин. Бешикда болани мияси чайқалади, дейиш нотўғри. Бу мантиққа ҳам тўғри келмайди, чунки бола она қорнида турли ҳаракатларни бошидан кечиради.

Сув бермаслик, бизнинг жануб томонларга, иссиқ ўлкамизга тўғри келмайди. Кейин биздаги оналарнинг ўзи кўп суюқлик ичишади. Аслида она сутида 70-80 фоиз сув бор, гўдакка етарли. Лекин чақалоқ касал бўлганда, иситмаси чиқса, қайнаган сувдан оз-оздан ва тез-тез бериш керак, деб шифокорлар тавсия қилади. Ҳар бир болага алоҳида ёндашув керак.

– Қабулингизга тажрибангизда бўлмаган, кутилмаган касаллик билан мурожаат қилиб келишганми? Шу вазиятда қандай йўл тутгансиз?

– Бўлади, албатта. Шифокор – мангу талаба, дейишади. Изланамиз. Илгари кутубхоналарга бориб китоблар ўқирдик. Ҳозир жуда қулай, интернетдан фойдаланамиз, шифокорлар консилиуми деган маслаҳатлашиш сабоғи мавжуд. Қувонарлиси, мен кучли институтда таҳсил олганман. Курсдошларим билан мунтазам алоқадамиз, йилда бир бор учрашиб, телеграмм гуруҳимиз орқали бир-биримиз билан тажриба алмашиб турамиз. Ҳозир қайси шифокорга, қайси клиникага борсам экан, деб сарсон бўлишмайди. Келиб сўрашса, қўлимдан келганча ёрдам бераман.

–  Ҳозир дорихоналарда гўдакларга бериладиган дармондорилар тури жуда ҳам кўп. Шулардан болаларга энг керакли, фойдали, иммунитет кўтарадиганларидан қайсиларини тавсия қилардингиз? Ёки уй шароитида иммунитетни кўтариш учун халқ табобати тавсиялари асосида нималар тайёрлаб бериш мумкин?

– Биринчидан, яна айтаман, онадан бошлаш керак. Соғлом онадан соғлом бола туғилади. ЖССТ Протоколи бўйича, болага дори умуман тавсия қилинмайди, ҳатто антибиотиклар ҳам. Фақат бизнинг мамлакатимизда дори кўп ишлатилса керак. Мен кўп давлатларга бориб келдим, кўп изланишда бўламан, масалан, агар Европада бола шамоллаб, бурни оқиб қолса, ўзи табиий ҳолатда дориларсиз даволаш тавсия қилинади. Бола 1 ой оғриса, 1 ой она ва шифокор назоратида бўлади, тоза ҳавода олиб юриш тавсия қилинади. Биз эса 3 ёки 5 кун дори берамиз, оналар эса касаллик варақам тугаяпти, ишга боришим керак, болам тезроқ яхши бўлсин, дейди. 

Яна айтганимдай, ҳар бир болага алоҳида ёндашув керак. Бир дармондори ҳамма болага ҳам тўғри келавермайди. Шунинг учун болага энг яхши дармондори, бу тоза ҳаво, қуёш нури, она меҳри. 

Истардимки, бўлажак шифокорлар ҳам яхши ўқиса дейман, фақат анатомияни эмас, биохимияни, организмда ҳар бир тўқима, ҳужайрадаги ўзгаришларни чуқур ўрганиб, изланса дейман. 

Ҳозир дорихоналарни бизнес манбаи, десак ҳам бўлади.  

– Ёш оналарга маслаҳатларингиз?

– Биринчидан, она ўз саломатлигига эътибор қаратиши керак, иккинчидан, фарзанд парваришлашда кун тартибига қатъий риоя қилиниши керак, болани бир вақтда ухлатиб, бир вақтда овқатлантириш керак. Шифокорнинг тавсияларини бажариш керак, чақалоқ тез-тез тоза ҳавога олиб чиқиб турилса, уйни ҳавосини тез-тез алмаштириб турилса, нур устига нур.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! 

Малика ЭЛТОЕВА суҳбатлашди., 2023-10-31, 21:45 1756
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.