Суҳбатдошимиз – олим, Назарбаев Университетининг Тиббиёт мактаби ассистент-профессори, Теннесси Университети тиббиёт фанлари марказида (АҚШ) докторликдан кейинги ходим (постдокторант), ҚР Соғликни сақлаш вазирлиги Миллий Тиббиёт илмий маркази бўлим мудири, олий тоифали нефролог, тиббиёт фанлари номзоди Абдужаббор Ғоипов “Қозоғистон Республикаси Илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Қуйида Абдужаббор Эркин ўғли билан мусоҳабани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
– Хабаримиз бор, сиз бир неча йил аввал ҳам шундай мукофотлар олган эдингиз. Унда ҳам мамлакат илм-фанига қўшган ҳиссангиз, илмий янгиликларингиз эътироф этилган эди...
– Дарҳақиқат, 2018 ва 2020 йилларда Web of Science Award халқаро мустақил мукофотига сазовор бўлиб, “Илм-фан етакчиси” сифатида эътироф этилдим. Ушбу нуфузли мукофот халқаро миқёсда чоп этилган мақолалар, илмий-тадқиқотлар учун берилади. Халқаро илмий журналларда етакчи рецензент бўлганим учун, 80дан зиёд илмий мақолалар муаллифи, жаҳондаги рейтингги юксак соҳавий журналлар муҳаррири ва таҳрир аъзоси сифатида тақдирландим.
2022 йил охирида эса Назарбаев Университетининг олимлари “Энг яхши илмий ходимлар” деб тан олинди ва 8 нафар олим давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар орасида камина ҳам бор. Қозоғистоннинг илм-фан соҳасида тер тўкаётган пешқадам илм аҳлини қўллаб-қувватлаш, фан ва техника тараққиёти учун қўшган ҳиссаларини рағбатлантириш мақсадида мутасадди идора – ҚР Фан ва олий таълим вазирлиги шундай нуфузли мукофот таъсис этган.
Мен буйрак касалликларининг биомаркерларини аниқлаш бўйича илмий лойиҳалар устида ишлаганим, шунингдек, Ягона Миллий соғликни сақлаш тизимининг (ЕНСЗ) катта ҳажмдаги маълумотларидан фойдаланган ҳолда Қозоғистонда сурункали юқумсиз ва юқумли касалликлар эпидемиологиясини ўрганганим учун тақдирландим. Илмий жамоам ҳамда университет кўмаги билан биз эпидемиологик тадқиқотлар ва Қозоғистон Республикаси аҳолиси саломатлигини назорат қилиш учун электрон маълумотлар базасини яратдик. Қозоғистонда илк бор илғор статистик усуллар ва ягона маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда артериал гипертензия, инсульт, ўткир миокард инфаркти, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ва бошқа кўплаб сурункали юқумли бўлмаган ва юқумли касалликларнинг кенг тарқалиши, касалланиши ва ўлим ҳолатларини ўргандик.
Дарвоқе, грант ажратиладиган илмий лойиҳалар бош тадқиқотчиси, кўплаб докторантлар ва магистрантлар илмий раҳбари, терапия ва нефрология бўйича резидентура дастурлари директори, олий тоифали нефролог (КФ Universiti Medical Center), Европа буйраклар ҳамжамияти (ERA Research Fellow, Конья, Туркия)нинг стипендианти ва амалдаги аъзоси, Халқаро нефрологлар жамиятининг (ISN Research Fellow, Мемфис, Теннеси, АҚШ) фаол аъзоси сифатидаги фаолиятим учун ҳам турли унвон-мукофотлар тақдим этилмоқда.
– Нима учун тиббиёт соҳасини танлагансиз?
– Сабаби – оилавий муҳит таъсири. Падари бузрукворим Эркин Абдусаттор ўғли ва онажоним Зайтуна Султон қизи таниқли шифокорлар. Мен 1980 йилда Туркистон шаҳрида туғилиб, дастлаб Собир Раҳимов номли мактабда, кейин Қозоқ-турк лицейида ўқидим. Болалигимдан анатомия, кимё, биология фанларини ёқтирардим. Шунинг учун кўп ўйланмай, тиббиётни танладим. 1997 йилда А. Яссавий номидаги ХҚТУга ўқишга кирдим. Отам Ақтўбе тиббиёт институтида ўқиган, курсдош дўстларининг аксарияти олимлар эди. Падари бузрукворим ҳаётда илм-фанни эмас, амалиётни танлашга мажбур бўлди. Негаки, у пайтда ё илм билан жиддий шуғулланиш, ё амалиётда мутахассис бўлиб ишлаш керак бўлган. Уларни бирдек олиб бориш ҳозир ҳам ниҳоятда мураккаб. Олим бўлиш – отамнинг ёшликдаги орзуси эди. Шунинг учун бизни, яъни уч ўғлини илм-фан билан шуғулланишимизни жуда-жуда истади. Олим дўстлари билан таништирди, илмий тадқиқотлар билан шуғулланишимизга рағбат бериб турди. Орзуси рўёбга чиқиб, укаларим ҳам фан номзодлари бўлишди. Давронжон – филология фанлари номзоди, Тўлқинжон – кимё фанлари номзоди.
Мен университетда таҳсил олаётган пайтимда барча илмий тўгаракларга қатнашардим. Тиббиёт факультетининг 5-босқичида профессорларнинг ички касалликлар бўйича илмий-тадқиқот ишларида иштирок эта бошладим. Нефрология ва инфекцион касалликларнинг эпидемиологияси бўйича. Кейин Шимкент шаҳридаги вилоят клиник касалхонасида фаолият юритдим. Хорижда, 1,5 йил давомида Туркияда ишладим. У ерда шифокорлар амалиёт билан илм-фанни бирдек ўзлаштириш имконига эга. Менга шуниси ёқди. Яна илм шундай уммонки, бир кирсанг, ҳеч чиқа олмайсан...
– Нима учун нефрология?
– Янги соҳа, янги йўналиш бўлгани учун қизиқдим. Кейин бу дардга чалинган беморлар кўп қийналишади, уларга ёрдам бериш ҳисси кучли бўлди. Отам ҳам жарроҳ бўлишимни истамади, терапияни танлашимни, хусусан, кардиология ёки нефрологияни маслаҳат берди.
– Илк устозларингиз кимлар?
– Аввало, ота-онам. Илмий раҳбарларим – профессор Балхия Калимурзина, доцент Аҳмаджон Анорбоев, меҳрибон устозим Ўткир Эргешов. Улардан Аллоҳ рози бўлсин, охиратлари обод бўлсин.
– Пойтахтдаги касбий фаолиятингизга тўхталсак...
– Интернатура, ординатура, аспирантура, докторантура ва малака ошириш курслари (Сеченов номидаги Москва Тиббиёт академияси, Нефрология ва Гемодиализ бўлими, Алмати Давлат Шифокорлар малакасини ошириш институти, Х. А. Яссавий номидаги Халқаро Қозоқ Турк университети ва бошқалар) ҳам Қозоғистонда, ҳам хорижда бўлса-да, мен учун Астана шаҳри ўзгача. Вилоят клиник касалхонасида “Нефрология ва гемодиализ” бўлимида фаолият юритгач, Астанада аспирантурада ўқий бошладим. Бу ерда илм-фан билан фаол шуғулланиш, мақолаларимни чоп этиш, турли халқаро конгрессларда иштирок этиш имкони пайдо бўлди. Мен чет элларга бориб, хорижлик ҳамкасблар, ёш олимлар билан учрашиб, бой тажриба тўпладим. Ёш олимлар учун мўлжалланган дастурлар билан танишдим. Шулардан бири ERA-EDTA дастури бўлиб, Туркияда таҳсил олишим учун имконият яратилди. Сўнгра маслаҳат дастурини давом эттириб, 1 йил АҚШдаги профессор билан масофадан ишладим. Туркиядаги фаолиятим чоғида, ушбу мамлакатнинг ҳар томонлама тараққий этаётгани, барча кўрсаткичлар бўйича камида 10 йил олдинга ўзиб кетганига гувоҳ бўлдим. Тиббиёти, шифокорлар амалиёти ниҳоятда ривожланган. Масалан, у ерда ҳам худди Қозоғистондаги каби кўп жарроҳилар бепул, лекин шифокорларнинг ижтимоий таъминоти, ҳуқуқий муҳофазаси кучли экан.
– АҚШда-чи...
– ISN (International Society of Nephrology) Research Fellowship ташкилотининг қўллаб-қувватлаши билан 1,5 йил давомида Мемфисдаги Теннеси Университетининг Саломатлик илм-фан марказида фаолият юритдим. Шифокор-нефрологлар жамоасида тажриба орттирдим. Яъни, у ерда жуда катта маълумотлар базаси билан ишлаш ваколатига эга бўлдим. Барча касалхона ва шифохоналардаги беморларнинг маълумотлари киритилган электрон база ёрдамида илмий фаолият юритиш мумкин эди. Бундай база Марказий Осиё ва МДҲда ҳам йўқ. Мен айнан мана шу йўналишда илмий ишларимни давом эттиришга қарор қилдим. Қозоғистонга қайтгач, Назарбаев Университетида бу ғояни амалга ошира бошладим. Дастлаб қалдирғоч лойиҳа сифатида буйрак касалликлари билан хасталанган, яъни диализ қабул қилаётган беморлар эпидемиологияси билан шуғулландим. Республика электрон соғликни сақлаш марказидан маълумотларни олиб, улар асосида тадқиқотлар юритдик. Бу лойиҳани халқаро журналда чоп этган эдик, катта университет гранти ютиб олдик. Энди нафақат буйрак касалликлари, балки қандли диабет, артериал гипертензия, онкологияни ҳам шу тарзда ўрганишга киришдик. Негаки, Қозоғистонда айнан мана шу хасталиклар туфайли ўлим ҳолатлари кўп. Бу изланишлар, яъни хорижий амалиёт ўз навбатида жаҳон олимлари учун ҳам, уларнинг илмий ишлари учун ҳам катта дастак, исботланган далил, ёрдам.
– Сизнингча, Қозоғистонда нима учун буйрак касалликлари кўпайиб кетди?
– Асосий сабаблари, оддий тил билан тушунтирганда, аҳолининг билимсизлиги, соғлом турмуш тарзига амал қилмаслиги туфайли. Масалан, юртимизда гўшт ва ун маҳсулотлари ниҳоятда кўп истеъмол қилинади. Хамир овқат кўп ейилади. Илгари замонларда ҳам ота-боболаримиз шу маҳсулотларни тановул қилишган. Лекин у пайтда жисмоний фаоллик бор эди. Яъни, одамлар далаларда, очиқ ҳавода терлаб-пишиб ишлашарди, бирорта жойга бориш учун яёв қатнардилар. Ҳозир-чи, машинасиз бирорта манзилга борилмайди, лифтсиз юқори қаватга чиқилмайди, ҳеч ким кетмон чопиб, томорқада ишламайди ва ҳоказо. Бу дегани, еган овқат, яъни ортиқча калорияни ҳазм қилиш, чиқариб юбориш тизими бузилди. Натижада семизлик ҳолати кўпайди. Яна тузли маҳсулотлар кўп истеъмол қилинади, қурт ва бошқалар. Сўнгги пайтларда қандолат маҳсулотлари, ширин таъмли ичимликлар, энергетиклар, фаст-фудлар ҳаётимизга маҳкам ўрнашди. Булар эса ўз навбатида қандли диабетни келтириб чиқармоқда. Қандли диабетда буйраклар ишдан чиқа бошлайди. Қон босими касаллиги ҳам авж олган. Бу ҳам буйраклар фаолияти бузилишига олиб келади. Қозоғистонда 2 миллиондан ортиқ одам қон босими, 700 мингдан зиёд одам қандли диабетдан азият чекмоқда. Қандли диабет билан 10 йил оғриган одам билсинки, буйраклари соғлом эмас, 5 йилдан кейин унга сунъий диализ талаб этилади.
Нефрологиядаги касалликлар фақат шамоллашдан бўлмайди, яна турли БФҚ (БАД), фитодори ва кимёвий воситалар таъсиридан ҳам келиб чиқмоқда. Бугунги кунда дорихоналарда кўплаб дорилар рецептсиз сотилади. Истаган киши бош оғриғи, бўғин касалликлари учун оғриқ қолдирадиган воситаларни харид қилиши мумкин. Улар вақтинчалик ёрдам бергандек бўлади, лекин доимий истеъмоли буйракларга салбий таъсир қилади. Шифокор назоратисиз, дориларни норационал қўлланиш ҳам буйракларни “қуритмоқда”.
– Нима учун доривор гиёҳларни зарарли дедингиз?
– Сабаби, биз олимлар фақат илмий тасдиқланган тиббиётга таянамиз. Масалан, Хитойдан келаётган кўплаб фиточойлар таркибидаги гиёҳлар бизда чуқур ўрганилган эмас, уларнинг одам организмига ижобий ёки салбий таъсири ҳақида статистика маълумотлари йўқ. Илмий хулосалар йўқ. Уларни шифокор бўлмаган одамлар, тижорат мақсадида реклама қилиб сотишади, холос. Шунинг учун бундай воситаларни харид қилишда ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Аҳолини агрокимёвий моддалар ва Хитой ўтлари каби ташқи омилларнинг таъсиридан эҳтиёт бўлишга чақираман.
– Нима учун эркакларга қараганда, аёлларда буйрак хасталиклари кўпроқ учрамоқда?
– Аёллар скринингдан ўтиб туришади, натижада мавжуд дардлари аниқланади. Эркаклар эса кўпинча тиббий кўриклардан бўйин товлашади. Ваҳоланки, энергетик ичимликларни эркаклар кўпроқ истеъмол қиладилар. Масалан, тунги сменада ишлайдиган таксичиларнинг доимий ичимлиги шу. Бу эса буйракларга ниҳоятда катта зарар. Вақтида диагностика қилинмаса, буйрак касалликларини аниқлаш қийин. Негаки, белгилари сезилмайди. Оғриғи ҳам. Буйракларни “индамас” орган деб атаймиз. У охирги босқичларда ўзини билдиради. Шунинг учун одам оёқлари ёки танасида шишлар пайдо бўлиши, кўзлари остидаги “қопча”лар, сийдигининг ранги ўзгариши, бош оғриқлари каби аломатларга эътиборли бўлиши керак. Дўхтирга кўриниб, пешобини текширтирса, кўп нарса маълум бўлади.
Ўзи танада янги касаллик пайдо бўлса, уни ўрганиш жуда узоқ вақт талаб этади. Тадқиқотларимиздан бирида биз буйракларимиз йўқотадиган турли хил оқсилларни аниқлашга ҳаракат қилмоқдамиз.
– Буйрак касалликларининг амалиётига тўхталсангиз.
– Қоидалари ниҳоятда оддий. Совқотмаслик, қаттиқ чарчамаслик, доим тиббий кўрикдан ўтиб туриш, бўлар-бўлмасга турли дориларни истеъмол қилавермаслик, асабийлашмаслик, тамаки чекмаслик, ароқ ичмаслик. Умуман соғлом турмуш тарзи ва парҳезда гап катта. Спорт билан шуғулланиш, танани чиниқтириш ҳар қандай дардга даво.
– Қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур!