26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сув тошқини: зарар тўлиқ қопланади

Давлат раҳбари Республика штабининг йиғилишини ўтказди

Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев раислигида Сув тошқинларига қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва унинг оқибатларини бартараф этиш борасидаги Республика штабининг йиғилиши ўтди.

– Бу йилдаги каби сув тошқинлари сўнгги 30 йилда кузатилмаган, энг йирик сел юз берган  2012 ва 2017 йиллардаги даражадан ошиб кетди. Бу нима дегани? Тегишли соҳа мутахассислар етишмаслиги сабабли тахминлаш ишлари мутлақо олиб борилмаган. Агар ҳокимликлар томонидан ҳар йили сув тошқинларига қарши режалаштирилган барча чора-тадбирлар об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда етарли даражада амалга оширилганида, офатнинг оқибатлари ва кўлами бунчалик катта бўлмас эди. Демак, ҳокимликлар бу ишлар билан шуғулланмаган. Лекин ҳозир ҳам тошқин хавфи йўқолди, дея олмаймиз. Шу боис, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Қуролли Кучлар, Миллий хавфсизлик қўмитасининг барча куч ва воситаларини, жумладан, шахсий ва техника захираларини бу ишга сафарбар этиш зарур. Шу билан бирга, кўнгиллилар ва ёрдам бериш истагида бўлган фуқароларни жалб қилиш даркор. Бироқ, энг муҳими – давлат органларининг ҳаракатлари. Вазият кутилмаганда кескинлашиши мумкин. Ҳозирда асосий вазифа инсоний талофатларнинг олдини олишдир. Бу борада илгари йўл қўйилган хато ва камчиликларни инобатга олишимиз даркор, – деди Президент.

Қасим-Жўмарт Тўқаев Ҳукумат, ваколатли давлат органлари ва вилоятлар ҳокимларига қатор топшириқлар берди.

– Сув тошқинидан жабрланганларга барча зарур ёрдам кўрсатилсин. Бунинг учун нафақат Ҳукумат ва ҳокимликларнинг захираларидан, балки “Қозоғистон халқига” жамғармаси маблағларидан ҳам фойдаланиш зарур. Ана шундай масъулиятли паллада юртимиздаги бизнес вакилларини халққа ёрдам қўлини чўзишга чақираман. Табиий офатдан жабр кўрган фуқаролар ва ҳудудларга имкон қадар ёрдам кўрсатилиши керак. Бу ҳозир барча учун умумий вазифадир. Ғарбий вилоятларда сув тошқинидан катта зарар кўрган йирик корхоналар кўп. “Самұрық-Қазына” жамғармасига қарашли компаниялар, ер қаърини ўзлаштирувчилар бор. Улар халққа ёрдам бериб, бузилган инфратузилмани тиклашда иштирок этишига ишончим комил, – деди Давлат раҳбари.

Президент Ҳукумат эътиборини сув босган ҳудудларда ижтимоий аҳамиятга молик хизматлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишининг олдини олиш муаммосига қаратди.

– Сув тошқинлари ва ёнғинлар ҳар йили такрорланади. Масъул органлар ва филиал хизматларининг (“Қазсушар”, “Қазгидромет”) лойиҳа ва экспертиза ишлари тегишли даражада ташкил этилмаган. Бизда одатда, чоралар вазият юзага келгандан кейин амалга оширилади. Шунинг учун бизга инқирозли вазиятларни башорат қилишнинг амалий дастаги керак. Рақамли тараққиёт вазирлиги Экология, Сув хўжалиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари билан биргаликда йил охиригача барча юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни (сув тошқини, ёнғин ва ҳ.к.) олдиндан аниқлаш имконини берувчи ахборот тизимини, тахминлар, тавсиялар ва ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқсин. Дарвоқе, Ҳукумат ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, биринчи навбатда, вилоят ҳокимлари ёзги мавсумга шай бўлиши керак. Ёнғин ёки бошқа табиий офатлар эҳтимолдан холи эмас. Ҳозиргидек бепарво бўлмаслик, олдиндан ҳаракат қилиш керак. Шу билан бирга, мамлакатнинг шарқий ҳудудларида сув тошқинларининг олдини олиш борасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва «Қазақстан Ғарыш Сапары» миллий компаниясининг биргаликдаги иш тажрибасидан фойдаланиш мумкин, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Президент оқава сувлардан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш бўйича режа ишлаб чиқиш ва самарали чора-тадбирлар юритиш бўйича топшириқлар берди. Унга кўра, ҳокимликлар аҳоли манзилларида эриган қор сувларини дарё ўзанлари ёки сув омборларига йўналтиришлари керак.

Давлат раҳбари Ҳукумат томонидан тасдиқланган 2030 йилгача сув захираларини бошқариш тизимини ривожлантириш концепциясини танқид қилди. Унга кўра, концепцияни амалга ошириш юзасидан тайёрланган чора-тадбирлар режаси расмий хусусиятга эга. Ҳужжат сув тошқинлари оқибатида юзага келадиган талофатларнинг олдини олиш ва камайтириш масаласини мажмуавий ҳал қилиш имконини бермайди. Шунинг учун концепцияни қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.

– Ваколатли муассасалар, яъни ҳокимликлар, Фавқулодда вазиятлар ҳамда Сув захиралари вазирликлари ҳамкорлик қилмайди. Масъулиятни ўз зиммасига олишдан қочади. Улар ишни сансалорликка солишади. Агар ҳолат шундай давом этса, мутасадди ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши керак. Энг муҳим мезон – бу давлат хизматчиларининг самарадорлиги. Давлат органлари ва ҳокимликлар ўртасида аниқ ва доимий алоқа тизими мавжуд эмас. Тегишли вазирлик мамлакатнинг табиий офатларга тайёргарлигини назорат қилиши керак. Вазирликнинг асосий мақсади ҳам шу. Бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Вазирлик гидротехник ва бошқа муҳим иншоотларнинг ҳолатини текшириб, тўғри маълумот бериши зарур, – деди Президент.

Давлат раҳбари тошқинлар муаммоси бўйича халқаро тажрибани, бошқа давлатлар ёмғир сувидан қандай фойдаланаётганини пухта ўрганиш зарурлигини таъкидлади.

Учрашувда Қасим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда сув захиралари ва ирригация соҳаларида техник мутахассислар етишмаслигига эътибор қаратди. У Ҳукуматга бу борада шошилинч қарор қабул қилишни топширди.

Йиғилишда Бош вазир Ўлжас Бектенов, Фавқулодда вазиятлар вазири Шинғис Аринов, Ақтўбе вилояти ҳокими Асхат Шахаров, Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳокими Нариман Тўреғалиев, Қўстанай вилояти ҳокими Қумар Ақсақалов, Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими Ермек Кўшербаев, Қарағанди вилояти ҳокими Ермағанбет Бўлекпаев, Ақмўла вилояти ҳокими Марат Ахметжанов, Шимолий Қозоғистон вилояти ҳокими Ғауез Нурмуханбетов, Улитов вилояти ҳокими Берик Абдиғалиули ва Абай вилояти ҳокими Нурлан Уранхаев маъруза қилишди.                         

Akorda.kz, 2024-04-04, 01:27 242
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.