Ўзбекистон Республикаси Навоий вилоятида Қозоғистоннинг атоқли давлат арбоби Айтеке бий таваллудининг 380 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Навоий вилоят ҳокимлиги ва вилоят сайёҳлик бошқармаси томонидан қўллаб-қувватланган ушбу фестиваль Нурота шаҳридаги машҳур Айтеке бий – Сейтқул авлиё мақбарасини зиёрат қилишдан бошланди. Улар сафида республика ва вилоят қозоқ миллий маданият маркази раҳбарлари ва фаоллари, Қозоғистон Республикасининг Алмати, Тараз, Қизилўрда, Туркистон, Ақтўбе вилоятларидан ташриф буюрган меҳмонлар бўлди. Шунингдек, Айтеке бийнинг Алмати ва Шимкент шаҳридаги Россия ва Германиядаги авлодлари ҳам ушбу хотирлаш тадбирларида иштирок этишди.
Бундан ташқари, мазкур халқаро тадбирда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов ва қозоғистонлик дипломатлар ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов тадбир иштирокчилари билан махсус учрашув ташкил этди. Унда Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчи Бейбит Атамқулов икки қондош халқнинг умумий тарихи ва ҳозирги босқичда Қозоғистон–Ўзбекистон муносабатларини янада мустаҳкамлашга доир олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Қозоқ халқининг атоқли арбоби “кичик жуз”нинг бош бийи Айтеке бий бобомизга Ўзбекистон халқи томонидан билдирилаётган ҳурмат ва эҳтиром учун чуқур миннатдорчилик билдириб, бу каби халқаро хотирлаш тадбири дини, тили, тарихи бир туташ бўлган икки давлат ўртасидаги дўстликнинг яққол намойиши эканлигини таъкидлади.
Байрам муносабати билан Навоий вилояти марказидаги “Фарҳод” маданият саройида Қизилўрда вилоят филармонияси ижодий жамоаси ҳамда қозоқ эстрадаси вакиллари Ернар Айдар ва Наркенже Серикбаева иштирокида катта концерт бўлиб ўтди. Уч мингдан ортиқ миллат вакиллари жам бўлган ушбу маданий тадбирни маҳаллий аҳоли улкан қизиқиш ва олқишлар билан кутиб олди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида спортнинг миллий кураш, волейбол турларидан ўтказилган мусобақаларда мингдан ортиқ ёш спортчилар ўзаро баҳсга киришдилар. Ғолиблар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан муносиб тақдирланди.
Шоир ва жировлар ўртасида ўтказилган “Айтишув” мусобақасини энг ёрқин ва қизиқарли тадбир бўлди, дейиш мумкин. Унда Нурмат Мансуров ва қирғиз шоири Турат Жубаев, “Олтин дўмбиранинг” уч карра ғолиби Мухтар Ниёзов, Абай вилоятида келган Мухтар Қўнарбаев, Асем Ережеқизи, арқалиқлик шоир Айбек Қалиев, мўғулистонлик Сезимхан Шуғаев, Балқар қизи Алина иштирок этди. Қорақалпоғистонлик Еркебулан Қўлқанатов, тошкентлик Талғат Ўринбековлар иштирок этди.
Халқаро “Айтишув” мусобақасини баҳолаб борган ҳакамлар ҳайъати таркибида Лев Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети телевидение ва радиоэшиттиришлар ҳамда жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи, айтишув шоири, филология фанлари номзоди, доцент Дуйсенғази Серикзат Мақсутович, таниқли фольклоршунос, ёзувчи Берик Жусип, Қозоғистон Республикаси давлат ва жамоат арбоби, бастакор, хонанда, Қозоғистон Республикаси ва Қирғизистон халқ артисти Алтинбек Қўразбаев, “Казинформ” сайт-газетаси муҳаррири, шоир Бауржан Бабажанули, Ўзбекистон Республикасидан айтишув шоири Қулмахан Дуйсенов адолатли баҳолаб боришди.
Қарийб, 8 соат давом этган қизиқарли баҳсларга бой “Айтишув” мусобақасида фахрли учинчи ўринни Асем Ережекова ва Сезимхан Шуғаев, иккинчи ўринни Мухтар Қўнарбаев, биринчи ўринни Айбек Қалиев қўлга киритди. Бош соврин ва “Кобальт” автомашинаси Мухтор Ниёзовга насиб этди. Халқаро “Айтишув” мусобақасининг бошқа иштирокчилари ҳам ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Айтеке бийнинг 380 йиллиги муносабати билан чоп этилган “Әділ сөздің алдаспаны – Әйтеке би” китобининг тақдимоти ўтказилди. “Сейітқұл әулие – Әйтеке би” жамғармаси раиси Ербўл Еркебаев махсус эсдалик буюмлари, юбилейга бағишланган китоб ва совғаларни тақдим этди.
Халқаро тадбир доирасидаги “Кўпкари-улоқ” ўйинлари Навоий вилояти Конимех туманида ўтказилди. “Шароф ота” тўйхонасида меҳмонларга тушлик берилди, Айтеке бий руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди.
Баҳс ва мунозаралар остида кечган улоқ ўйинларини 10 минг нафардан зиёд маҳаллий аҳоли вакиллари ва узоқ-яқиндан ташриф буюрган меҳмонлар томоша қилишди.
Айтеке бий бобомизнинг авлодлари, Конимех туман ҳокимлиги ҳамда ушбу тадбирни ўтказишга ҳисса қўшишни истаган барча ҳомийлар томонидан полвон, чавандозларга пул мукофотлари ва совғалар топширилди.