26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дархан Сатибалди: Мақсад – умумий ҳудудий маҳсулот ҳажмини икки баравар ошириш

Маълумки, олти йил муқаддам мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши ўзгариб, Туркистон вилояти ташкил этилган эди. Турғунлик исканжасидаги шаҳар бир кунда вилоят марказига айланиб, иқтисодиёти бақувват мегаполисдан ажралгани кўпчиликни хавотирга солгани ҳам ҳақиқат. Бироқ шаҳардаги кенг қамровли бунёдкорлик тадбирлари, бугунги қиёфаси минтақа тараққиётига янги суръат бағишлаганидан далолат беради. Айни дамда бугунги куннинг муҳим масалалари ва истиқболини билиш ниятида вилоят ҳокими Дархан САТИБАЛДИни суҳбатга таклиф қилдик.

Сармоядорларни қўллаб-қувватлаш – устувор вазифа

– Дархан Амангелдиули, ўтган йилги маърузангизда вилоят жадал ривожланаётганини таъкидлаган эдингиз. Келинг, ушбу кўрсаткичларни кейинги бир неча йил билан таққосласак. Вилоят мақоми Туркистонга нима берди?

– Маълумки, вилоят ташкил этилганига 6 йил бўлди. Туркистонни маънавий пойтахт сифатида тараққий эттириш борасида амалга оширилган ишлар минтақанинг иқтисодиётига янги суръат бағишлади. Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар юксалди. Жами ҳудудий маҳсулот ҳажми 6 йилда 2,5 баравар ошиб, ўтган йили 4,2 триллион тенгега етди. Жорий йилда бу кўрсаткични 6 триллион тенгега етказишни кўзламоқдамиз.

Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилга нисбатан 2,3 баравар ошиб, ўтган йили илк бор 1 триллион тенгени ташкил қилди. Ўтган йили ишлаб чиқариш саноатида режаланган 20та сармоявий лойиҳа тўлиқ ишга туширилиб, 594та янги иш ўрни яратилди. Туркистон Туркий олам эътиборидаги шаҳарга айланди. Бу ерда 250 дан зиёд замонавий бинолар барпо этилди. Уй-жой бинолари, маданият, спорт, таълим, тиббиёт, инфратузилма иншоотлари юрт фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Бироқ, ҳеч қандай муаммо йўқ деб айта олмаймиз. Вилоятнинг даромадлари паст. Ишсизлик асосий муаммолардан биридир. Вилоят, асосан, республикадан ажратиладиган бюджет маблағига қарам. Минтақани ер ости бойликларидан олинган даромадлар билан ривожлантириш қийин. Яна бир муаммо шундаки, кейинги йилларда мамлакатимиздан Корея Республикасига ишлаш учун кетганлар сони ортиб бормоқда. Кейинги 5 йилда вилоятнинг 484 минг нафар аҳолиси бошқа минтақаларга кўчиб кетди. Уларнинг 56 фоизини ёшлар ташкил этади. Шу боис, иқтисодиётни ривожлантириш йўналишларини ўзгартиришга ҳаракат қилиш биз учун муҳим. Биз мамлакат салоҳиятини эскича услубда юксалтира олмаймиз. Туб ўзгаришлар зарур. Ҳозир биз ушбу масалага эътиборни кучайтирмоқдамиз. Мақсадимиз вилоятнинг умумий минтақавий маҳсулоти ҳажмини икки баравар оширишдир. Иқтисодиётни ранг-баранглаштиришга, иш ўринлари яратишга, даромад манбаларини кўпайтиришга ҳаракат қиламиз. Ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик, маданият, тадбиркорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қарата бошладик. Яна бир муаммо шундаки, янги заводлар мутахассисларга муҳтож. Вилоятда атиги иккита йирик таълим муассасаси мавжуд. Малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларни барқарор иш билан таъминлаш мақсадида Жанубий Корея билан биргаликда Туркистонда таълим муассасасини очамиз. Сариоғоч коллежида замонавий ІТ соҳаси мутахассисларини тайёрлаяпмиз. Буларнинг барчаси вилоятда ёш кадрлар ва корхоналар сонини кўпайтириб, янги заводлар барпо этилишига туртки беради.

– Давлатимиз раҳбари “Минтақага сармоя жалб этиш ҳокимнинг асосий вазифаси”, дея йирик маблағ киритишга тайёр сармоядорларга шарт-шароитлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берди. Шу йўналишдаги ишларга тўхталсангиз?

– Тўғри айтдингиз, биз минтақага сармоя жалб қилишни устувор вазифа сифатида белгиладик. Вилоятда сармоя штаби мавжуд. Биз ҳар бир сармоядор билан шахсан учрашиб, қўллаб-қувватлаймиз ва ҳар бир лойиҳанинг амалга оширилиши ва якуний натижасини диққат билан кузатиб борамиз. Барча туман ва шаҳар ҳокимлари учун аниқ индикатор кўрсаткичлари белгиланди. Уларни тадбиркорлар билан бирга Хитой, Австралия, Ўзбекистоннинг корхоналарига хизмат сафарига жўнатдик. Делегация аъзолари дунёга машҳур корхона ва фабрикаларда бўлди. Йирик компаниялар билан шартномалар тузилди.

Олти йилда вилоят иқтисодиётига киритилган сармоялар 3 баравар ошиб, 2023 йилда 972 миллиард тенгени ташкил этди. Асосий капиталга йўналтирилган маблағларнинг аксарият қисми хусусий сармоялардир. Ўтган йили 56та сармоявий лойиҳа ишга туширилди. Иқтисодиётга жўшқинлик берадиган 145та лойиҳадан иборат жамғарма шакллантирилди. Бу лойиҳалар 17 минг янги иш ўрни яратиш ва ўз даромадларини қўшимча 100 миллиард тенгега ошириш имконини беради.

Шу нуқтаи назардан, биз сармоядорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Биринчидан, вилоятда 594 гектар майдонни эгаллаган 10та саноат минтақаси ва 580 гектарлик махсус иқтисодий минтақалар мавжуд. Бу ерда 49 корхона фаолият юритмоқда. Қўшимча 39та лойиҳани ишга тушириш режаланмоқда.

Иккинчидан, кичик саноат парки ҳудудида 42та бино барпо этилмоқда. Биринчи босқичда 14та бинонинг қурилиши якунланди. Умумий қиймати 30,7 миллиард тенге бўлган 10та лойиҳани ишга тушириш режаланган. Жорий йилда улардан 7таси (24,2 миллиард тенге) ишга туширилди.

Давлатимиз раҳбарининг “ягона дарча” тамойили асосида йирик миқдордаги маблағни киритишга тайёр йирик компанияларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги топшириғига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024-2027 йилларда умумий қиймати 2,1 триллион тенге бўлган 145та лойиҳани амалга ошириш кўзланмоқда. 926,5 МВт қувватга эга “ПГУ Түркістан” буғ-газ заводи, “Standard Petroleum” нефтни қайта ишлаш заводи, “Қазатомпром”нинг олтингугурт ишлаб чиқариш заводи, “Казкрахмал” маккажўхорини чуқур қайта ишлаш заводи шулар жумласидандир. Масалан, “ Beibars-Bottlers” ичимли сув ва турли рангдаги ичимликлар заводида йилига 85-100 миллион литр сув ишлаб чиқариш, 100 нафарга яқин одам иш билан таъминланиши режалаштирилган. “Global textile” заводи ишга туширилгач, 10 минг тонна пахта толаси ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, 2 мингта иш ўрни яратилади. “ Lihua xinjang group” тўқимачилик кластери лойиҳасининг қиймати 180 млрд. тенге. Пахта кластерини ривожлантиради, уни қайта ишлаш, ип йигириш, газлама ишлаб чиқариш ва чигит экиш ишларини олиб боради. 2500га яқин иш ўрни яратилади. Бу ерда нафақат завод очиш, балки товар ва маҳсулотларни сотишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сармояларни жалб қилиш осон эмас. Туркистон шаҳрида аҳоли ва ишчи кучи кам. Бундан ташқари, сармоядор инфратузилма, таълим ва тиббиёт сифатига эътибор қаратади. Улар ўз мутахассисларини олиб келиш учун болаларига чет тилини ўргатадиган рақобатбардош мактаб излашмоқда. Бундай билим уялари минтақада деярли йўқ. Шунинг учун сармоядорларни жалб этиш борасида қўшни давлатлардан икки баравар кўп ишлашимиз, ҳаракат қилишимиз керак. Сармояларни жалб қилиш, иш ўринларини барпо этиш орқали нафақат юрт фаровонлиги, балки халқнинг онгу тафаккури, маданияти, турмуш тарзи юксалади. Шундай қилиб, мамлакатда сиёсий барқарорлик мустаҳкамланади.

Биз сувни тежаб, захирани бойита бошладик

– Туркистон агросаноати ривожланган минтақадир. Давлатимиз раҳбари “Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчилар сонини имкон қадар кўпайтириш керак”, деди. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Президентимиз 2023 йилдаги халққа Мактубида қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб, бу борада аниқ топшириқлар берган эди. Бу – Туркистон вилояти учун жуда муҳим. Чунки, аҳолининг 80 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади. Шу боис, янги технологияларни жорий этиш тадбирларини фаоллаштирдик. Натижа ҳам кўзга ташланмоқда. 2023 йилда қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 триллион тенгедан ошди ва биз республикада етакчиликни қўлга киритдик. Қишлоқ хўжалигини ранг-баранглаштириш натижасида рекорд даражадаги – 3,3 миллион тонна сабзавот ва полиз маҳсулотлари йиғилди.

Мамлакатимиздаги иссиқхоналарнинг 70 фоизи Туркистон вилоятида жойлашган. Вилоятда иссиқхоналарнинг умумий ҳажми 1640 гектарга етиб, 140 минг тонна маҳсулот олинди. Мазкур деҳқон хўжаликларини субсидиялашнинг янги қоидаси тасдиқланиб, кўмирни бевосита ишлаб чиқарувчидан сотиб олишга келишилди.

Вилоятдаги пахта етиштириш билан шуғулланувчи 25 минг агротузилмада 75 минг пахтакор меҳнат қилмоқда. Тўпланган 98 минг тонна пахта толасининг 82 фоизи экспортга мўлжалланган. “Қишлоқ омонати” лойиҳаси 6 йўналишда амалга оширилди. Унга 19,8 миллиард тенге ажратилиб, 3256та лойиҳа молиялаштирилди. Натижада, 3517та иш ўрни очилди, махсус ижтимоий ёрдам олувчилар сони камайди. 19та қайта ишлаш корхонаси очилиб, 75та ширкат ташкил этилди.

Вилоятда 875 минг гектар экин майдонлари мавжуд бўлиб, унинг 99 фоизидан фойдаланмоқдамиз. Ерни қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш имконияти чекланган. Шу боис, меҳнат унумдорлигини ошириш, ҳудуд иқлими самарадорлигидан фойдаланган ҳолда илғор хорижий усуллар жорий этилмоқда.

– Яна бир муҳим муаммо – сув танқислиги. Вилоятда қурғоқчилик хавфи жуда юқори экани, шунинг учун кўп сув талаб қиладиган экин турини қисқартириш, чидамли турини кўпайтириш, сувни тежаш технологиясини жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Бу иш қандай амалга оширилмоқда?

– Ҳа, йилдан-йилга сув муаммоси мураккаблашиб бормоқда. Уни тежаш, иншоотларни тартибга келтириш минтақа иқтисодиётига бевосита таъсир кўрсатади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида эскича ишлаш мумкин эмас. “Юрт ўсади, ер ўсмайди” демак, ер-сув танқислиги боис деҳқончилик соҳасида янги маданиятни шакллантириш даркор. Шўро ёндашувидан воз кечиш ва иссиқхоналар шаклига ўтиш муҳим. Ривожланган мамлакатларда аҳолининг 2 фоизи қишлоқ хўжалигида, ўртача ривожланаётган мамлакатларда эса атиги 5-7 фоизи қишлоқ хўжалигида банд бўлса, вилоятимизда аҳолининг 25 фоизи шу соҳада меҳнат қилади. Бу машаққатли ва хатарли бизнес. Қишлоқ хўжалигига муносабатни тубдан ўзгартириш керак.

Вилоятда 32 минг 298 гектар майдонда сув сарфини камайтириш технологияси жорий этилгач, сувни 2 баравар тежаб, маҳсулот ишлаб чиқаришни 3 баравар ошириш имконини берди. Жорий йилда вилоятда 873 минг гектар майдонга қишлоқ хўжалиги экинлари экилди. Эҳтиёждан келиб чиқиб, ҳосилдор экинларга устувор аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, бошоқли озуқабоп экинлар, сабзавот, картошка, полиз экинлари 3 минг гектарга кўпайди. Пахтани 11 минг гектарга, мойли экинларни 6 минг гектарга камайтирдик.

Бу йил тажриба тариқасида 3000 гектар майдонга янги усулда пахта экилди. Бу технология сув, энергия, меҳнат захиралари, минерал ўғитларни тежаб, гектаридан камида 60 центнердан ҳосил олиш имконини беради. Ҳосилдорлик вилоятдаги ўртача кўрсаткичдан 2,5 баравар юқори. Кейинги 5 йили пахта 41400 гектарга, шоли 1200 гектарга камайиб, ўрнига маккажўхори, дуккакли, озуқабоп экинлар экилади.

Сув тежаш технологиясининг самарадорлиги ўсимликларни бевосита озуқа билан таъминлайди, сув ва ўғит сарфини сезиларли даражада камайтиради, қишлоқ хўжалиги ишларини енгиллаштиради ва ҳосилдорликни 2-3 баравар оширади. Томчилатиб суғоришнинг яна бир афзаллиги шундаки, сув қир-адирларнинг барча қисмига тенг етиб боради.

Биз нафақат тежамкорлик дастагини жорий қилдик, балки зарур асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхона очишга ҳам киришдик. 

Республикада суғориладиган ерларнинг тўртдан бир қисми вилоятга тегишли. Шу муносабат билан сув тошқинлари даврида сув тўплаш имконини берувчи қатор сув иншоотлари қурилиши бошлаб юборилди ва фойдаланишга топширилди. Хусусан, Туркистон магистрал каналининг 59 чақирими тубдан таъмирланди. Натижада 60 миллион куб метр сув тежалди. “Кенсай-Қўшқўрғон-2” сув омбори қурилиб, Туркистон шаҳри ҳудудига 31 миллион куб метр сув етказилди. Бундан ташқари, “Байдибек ата” сув омбори қурилмоқда. 68 миллион метр куб сув қувватига эга лойиҳанинг қиймати 15,9 миллиард тенге. Келгуси йилда “Боралдай” сув омбори қурилишини бошлаш режаланган. 50 миллион м³ ҳажмли сув омбори учун 13,8 миллиард тенге керак. Бу лойиҳалар қўшимча 113 миллион куб метр сув тўплаш имконини беради, инфратузилма яхшиланади, сайёҳлик салоҳияти ортади.

– Бу минтақанинг табиати, тарихий масканлари, аҳолининг хизмат кўрсатиш соҳасидаги фаоллиги ўзгача. Туркистон бу каби эзгу ишлардан етарлича даромад оляптими? Шу билан бирга, сайёҳлик соҳасининг бугуни ва келажаги ҳақида айтиб ўтсангиз.

– Тўғри, вилоятда сайёҳлик соҳасини салмоқли даромад манбаига айлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Давлат раҳбари фармони билан Туркистонга алоҳида мақом бериш ташаббуси жамоатчиликни мамнун қилди. Яқинда Бош вазир “Туркистон шаҳрининг алоҳида мақоми тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини Мажлисга киритиш борасидаги қарорни имзолади. Бу қонун маданий меросни асраб-авайлаш ва замонавийлаштиришга, анъанавий ҳунармандчиликни ривожлантириш, Туркистонни маънавий-маданий, тарихий ва сайёҳлик марказига айлантиришга жўшқинлик беради.

Ўтган йили 2024 йилни Туркистон – “Туркий оламнинг сайёҳлик пойтахти” деб эълон қилиш таклифи қўллаб-қувватланган эди. Бу қарор қардош мамлакатлар ўртасида сайёҳлик йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлашга сезиларли ҳисса қўшади.

Вилоятда сайёҳларга таклиф этилаётган 3та асосий йўналиш белгиланган: тарихий-маърифий, экологик ва тиббий-соғломлаштириш туризми. 2023 йилда сайёҳлар сони 560 мингдан кўпайди ва 2022 йилга нисбатан 19 фоизга ошди. Ўтган йили бир кунлик ташриф буюрувчилар сони 1 миллион кишига яқин эди. Ўтган йили сайёҳлик йўналишларни яхшилаш учун 10,6 миллиард тенгелик 7та лойиҳа амалга оширилди. Жорий йилда 19та лойиҳа амалга оширилади.

Туркистон шаҳрида хусусий сармоя ҳисобидан “Ҳунармандчилик маркази” лойиҳаси амалга оширилди. Бундан ташқари, Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ёнидаги эски “Култўбе” шаҳарчаси ҳам ободонлаштирилади.

Вилоят марказида 11,8 гектар майдонда, аквапарк ва виллалар ҳудуди билан таъминланган беш юлдузли меҳмонхона барпо этиш бўйича музокаралар олиб борилди. Шунингдек, хорижликларнинг қизиқишини инобатга олиб, миллий ўйинларимиз ва сайёҳликни ривожлантириш мақсадида 99,3 гектар майдонда отчопар барпо этилади. Туркистон аэропортининг парвоз географияси ҳам кенгайтирилмоқда. Ҳозирда аэропорт 3та халқаро (Истанбул, Қувайт, Абу-Даби) ва 6та ички (Астана, Алмати, Ақтов, Ақтўбе, Ўрал, Қўстанай) ҳаво йўналишларига хизмат кўрсатади. Биз туризмни иш ўринларини кўпайтирадиган ва иқтисодиётга ҳисса қўшадиган соҳа сифатида ривожлантиришда давом этамиз.

– Навбатдаги савол таълим соҳасидаги вазиятга алоқадор. Туркистон аҳолиси тез суръатларда ўсиб бораётган минтақадир. Шу нуқтаи назардан, ўқувчиларни мактаблар билан таъминлаш муҳимлигини биламиз. Бу масала қандай ҳал қилинмоқда?

– Вилоят аҳолисининг 38 фоизини болалар ва балоғатга етмаганлар ташкил этади. Вилоятдаги 1052та мактабда 520 минг ўқувчи таҳсил олади. 5та уч сменали ва 4та хароба ҳолатдаги мактаблар мавжуд. Янги таълим марказларининг барпо этилиши уч сменали ва эскирган мактаблар муаммосини тўлиқ ҳал қилади. Ўтган йили вилоятда 20та мактаб фойдаланишга топширилди. Бюджет маблағлари ҳисобидан уч йилда 100га яқин мактаб қуриш режалаштирилган. Бу йил вилоятда 43та таълим муассасаси қурилаётган бўлса, уларнинг 29 таси “Бадастир мактаб”дир. Умуман олганда, 3 йил ичида 63та “Бадастир мактаб” барпо этиш режаланган.

Президентимиз фармони билан “Хавфсиз мактаб” лойиҳаси амалга оширилди. Бунга 6 миллиард тенге ажратилди, таълим муассасаларининг атрофи ва иҳотаси тартибга келтирилди, хавфсизлик муаммоси ҳал қилинди. 200 мингга яқин бошланғич синф ўқувчилари иссиқ овқат билан таъминланди. Вилоятда 121та билим маскани туб таъмирга муҳтож. Уларнинг 22таси тубдан тамирланган бўлса, 63таси жорий таъмирдан ўтказилган. Умуман олганда, бир йилда 108та таълим муассасаси таъмирланади. Бу минтақа тарихида мисли кўрилмаган жараён. 

– Туркистон учун яна бир муҳим соҳа – қурилиш. Вилоят марказининг қиёфаси ўзгаргани яққол кўзга ташланмоқда. Нафақат янги бино, муассаса ва корхоналар кўпайди. Шу муносабат билан аҳолини уй-жой билан таъминлаш муаммоси долзарблигича қолмоқда...

– Вилоят ташкил этилганидан буён қурилиш суръатлари 2,9 баравар ошди. 176та кўп қаватли уй қурилиб, 40 мингга яқин оила янги хонадонларга эга бўлди. 232 уй-жой тубдан таъмирланди. Туркистон шаҳрида инфратузилма яратилиб, 80 мингга яқин аҳоли учун уй-жой барпо этилди. Янги кичик туманлар қад ростлаб, кўплаб оилаларнинг уй-жой муаммоси ҳал этилди.

Жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 41та, хусусий сармоядорлар ҳисобидан 24та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилган. Хусусий маблағлар эвазига қуриладиган ер ва уй-жойлар режаси – 781 851 минг кв.м. Бундан ташқари, 2024 йилда умумий майдони 145 минг квадрат метр бўлган 191та уй-жой қуриш режаси тасдиқланган. Ҳозир 159та уй-жой қурилиши бормоқда, йил охиригача фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Вилоятда бошпана навбатида турганлар кўп. Биз бу йўналишдаги ишларни давом эттирамиз.

Вилоят инфратузилмасини яхшилаш йўналишида ҳам қурилиш суръатлари юқори. Табиий газ таъминоти соҳасида 2012-2022 йилларда қурилиши бошланиб, фойдаланишга топширилмаган 38та муаммоли иншоот мавжуд эди. Уларда тегишли ишлар олиб борилиб, натижада 91 минг одам истиқомат қилувчи 35та аҳоли манзили ва 4та газ тақсимлаш станцияси табиий газга уланди. Сариоғоч шаҳрида ижарага берилаётган 13та кўп қаватли ижара уй оқава тармоғи йўқлиги боис, бир неча йилдан буён бўш ётган эди. Модулли оқава тизимини барпо этиш туфайли бу муаммо ҳал қилинди. Натижада 585та оила бошпанали бўлди. 2018 йилда вилоятнинг жанубий ҳудудидаги 5та туманда 800 минг аҳолини сифатли электр энергияси билан таъминловчи “Қизиласкер” тақсимлаш станциясининг қурилиши бошланди. 2023 йилнинг декабрь ойида унинг қурилишини якунлаб, фойдаланишга топширдик.

Минтақани ривожлантириш, халқ фаровонлигини юксалтириш, қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш, корхоналар очиш борасидаги тизимли ишлар изчил давом эттирилади.

– Суҳбатингиз учун ташаккур!                 

Қамбар АХМЕТ. “Егемен Қазақстан”., 2024-06-22, 02:28 416
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.