26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Туркистондан сайланган биринчи раис

Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Баҳодир Ирисметов билан мусоҳаба

Б. Ирисметов 1954 йили 20 сентябрда Туркистон туманининг Чўрноқ қишлоғида туғилган. Туркистон шаҳридаги ҳозирги А. Темур номли мактабда, сўнг 31-сонли ҳунар-техника билим юртида таҳсил олган. 1978 йили Шимкент шаҳридаги М. Ауезов номли институтни “Физика ва меҳнат” ихтисослиги бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Туркистон тумани, Югнак қишлоғидаги А. Югнакий номли мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. Жамоа хўжалигида меҳнат хавфсизлиги муҳандиси, “Межколхозстрой” қурилиш ташкилотида муҳандис-механик, Туркистон шаҳридаги “Саёҳат” бюросида директор, 1988-1992 йиллари Туркистон туманлараро бирлашма раиси – Туркистон шаҳар ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 

1992 йилдан Туркистон шаҳридаги “Карвонсарой” МЧБ директори. Умр йўлдоши Зулфия Сотиболди қизи билан тўрт қиз, икки ўғил тарбиялаб, вояга етказган. Улар – олий маълумотли. Ширин-шакар неваралар оила қувончи. Б. Ирисметов шаҳар, вилоят ҳокимликлари, ҚР Президентининг фахрий ёрлиқлари, ҚР Мустақиллигининг 10,20 йиллик юбилей медаллари билан тақдирланган. Уч марта Туркистон шаҳар маслаҳатига депутат бўлиб сайланган, Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси, Қозоғистон халқи Ассамблеясининг фаол аъзоси, 2024 йили ушбу ташкилотнинг “Бирлик” олтин медали билан тақдирланган. У жамоат ишларида фаол тадбиркор сифатида  2002 ва 2017 йилларда Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси бўлган. 2024 йил февраль ойидан эътиборан, Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмасига раҳбарлик қилмоқда.

– Баҳодир ака, Туркистон вилоятидаги таниқли тадбиркор, фаол жамоат арбоби сифатида юртдошларимиз сизга юксак ишонч билдириб, ҚХА таркибидаги вилоят ўзбек этномаданият бирлашмасига раис этиб сайлашганига ҳам 8 ойдан ошди. Турли йилларда ушбу нуфузли ташкилотга халқимизнинг фидойи фарзандлари – Муҳаммадрасул Исоқов, Собиржон Нурметов, Икромжон Ҳошимжонов, Бадриддин Нишонқуловлар самарали раҳбарлик қилишди. Сиз Туркистон вилояти ташкил этилганидан буён ушбу ташкилотга Туркистон шаҳридан сайланган биринчи раис сифатида тарихга кирдингиз. Таваллуд айёмингизнинг етмиш йиллиги ҳамда жамоат ишларидаги кенг қамровли фаолиятингизга бағишланган ушбу мусоҳабадаги дастлабки саволимиз – ҳаёт йўлингиз ҳақида. Хотирангизда муҳрланиб қолган шонли тафсилотлар хусусида гапириб берсангиз. 

– Раҳмат! Мамлакатимиз мустақиллиги арафасида “Карвонсарой” чойхона мажмуасини барпо этдим. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркия давлатлари раҳбарлари Н. Назарбаев, И. Каримов, Т. Ўзал каби жаҳонга таниқли арбоблар Туркистон шаҳрига расмий ташрифи чоғида биз бунёд этган “Карвонсарой”га ташриф буюриб, дастурхонимизнинг азиз меҳмони бўлишгани шонли тарих. Эл равнақига кўп хизматлари билан танилган Аскер Абдиханов, Эркин Жўрабеков каби ардоқли инсонларнинг шогирди бўлганимдан фахрланаман. Ёзувчи Эрназар Рўзиматов, журналист Шомирза Мадалиевдан сўнг Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмасини бошқариб, тажриба тўпладим. Асосий мақсад – кўп этносли элимизнинг бирлигини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарвар, юрт фидойиси сифатида тарбиялаш, давлатимизнинг тинчлик-тотувлик ва тараққиётга қаратилган доно сиёсатини тарғиб этишдан иборат. Вилоят миқёсида ўндан зиёд ташкилий тадбирлар, аҳоли билан учрашувлар ўтказилди. Сайланган муносиб кадрлар ўз соҳалари бўйича жамоат ишларида фаоллик кўрсатишига ишончим комил.

– Вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси кенгаш аъзоларининг кенгайтирилган йиғилишида ташаббусингиз билан илк бор “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси обунасини уюшқоқли ташкил этишга вилоятимиздаги барча мактаб, қишлоқ, туман ва шаҳарлардаги этномаданият бирлашмалари етакчилари ҳамда фаолларини жалб этиш масаласи муҳокама қилинди.

– Тўғри, расмий нашр – “Жанубий Қозоғистон” газетаси ўзбек тили, маданияти, анъаналарини сақлаш мақсадида чоп этиларкан, ҳурмат-эҳтиромга лойиқ, – яъни, обунани уюшқоқли ташкил этиш барчамизнинг бурчимиз. Мақтаарал туманидаги сув тошқини, Арис шаҳридаги техноген офат, жорий йил кўкламдаги мамлакатимиз шимолий вилоятларига ҳамжиҳатлик билан қандай ёрдам кўрсатсак, маънавият бобида ҳам шундай фаол, изчил, ҳамнафас бўлишимизни ҳаёт тақозо этмоқда. Жорий йил 2 сентябрдаги ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Кемелули Тўқаевнинг навбатдаги Мактуби “Жанубий Қозоғистон” газетасида чоп этилди. Ўқиб, ўрганиб, таҳлил қилмоқдамиз. Мактубнинг асосий мақсади – Қозоғистон аҳолисини фаровон ва осойишта ҳаёт билан таъминлаш. Вилоятимизда 400 мингга яқин ўзбеклар истиқомат қилади. Ўзбекзабон ҳамюртларимизнинг аксарияти Сайрам туманида. Қарийб 160 минг, Туркистон шаҳрида 70 минг, Саврон туманида – 58 минг, Тўлебий туманида – 23 минг нафар ва ҳоказо умргузаронлик қилишмоқда. Ўзбеклар энг кам яшайдиган Сўзоқ туманининг обунадаги фаоллиги барчага ибрат. Шаҳар, туман, қишлоқ ҳамда мактаблардаги бошланғич ўзбек этномаданият бирлашмалари илғор тажрибаларни ўрганиб, ўзларида жорий этишса, бир ёқадан бош чиқариб, хайрли мақсад йўлида саъй-ҳаракат қилишса, давлатимиз томонидан белгиланган расмий нашр режаси албатта, ортиғи билан бажарилади. Бу борада умумий нусхаси 35 мингдан зиёд вилоят “Оңтүстік Қазақстан” нашрининг адади барчамизга ҳам ибрат, ҳам сабоқ.

– Муштарийларимизнинг саволларига тўхталсак. 

– Шаҳар ва туманлардаги баъзи мактабларга раҳбарлар четдан тайинланаётганлиги сабабини сўраб, саволларини ўша таълим даргоҳларида муносиб кадрлар мавжудлиги билан изоҳлашади. Бу масала ҳақида бирлашма йиғилишларида кўп маротаба изоҳ берганман ва яна такрорлайман. Мактаб раҳбарлари ёши етиб, нафақага чиқиши ёки алмашиниш бўйича бошқа ўқув даргоҳига ўтишига боғлиқ мутасадди ташкилотлар томонидан танлов эълон қилинади. Раҳбарликка номзод кадрнинг билими, тажрибаси сарҳисоб қилинади. Туркистон шаҳридаги обунада фаол Ҳамза номли мактаб иш тажрибасини кўпчиликка ҳам ўрнак, ҳам ижобий мисол сифатида қайд этаман. Яъни, энг аввало, нафақага кетаётган раҳбар ўз ўрнига қонун доирасида ўринбосарлари орасидан муносиб номзод тайинланишига ўқув даргоҳи касаба уюшмаси, ота-оналар қўмитаси, васийлик кенгаши, таълим бўлими маъмурияти билан ҳамкорликда камарбаста бўлмоғи лозим. Шунда баҳс, мунозарага ўрин қолмайди. 

Тасвирларда: Б. Ирисметовга ҚХА раҳбарияти томонидан “Бирлик” олтин медали тақдим этилган пайт. 

P.S. “Жанубий Қозоғистон” газетаси таҳририяти вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси сардори Баҳодир Ирисметовни қутлуғ 70 ёшга тўлиши муносабати билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам саломатлик тилайди. Эл бирлиги, юрт осойишталиги ва фаровонлиги йўлидаги жамоат ишларида омад ёр бўлсин. Шунингдек, таваллуд кунини бирга нишонлаётган умр йўлдоши билан фарзандлар, невара, эвара, чеваралар камолини кўриш саодатини тилайди. 

 

Ш. МАДАЛИЕВ, 2024-09-14, 02:58 521
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.