26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Орзуларга ҳамоҳанг ҳаёт

Республика куни арафасида бир гуруҳ устозлар, олимлар, қурувчилар, яна кўплаб меҳнат одамлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Астана шаҳрига алоҳида таклиф этилиб, тантанада тақдирланганлар орасида таниқли тадбиркор Фароғат Ҳожиметова (“Құрмет” ордени) ва моҳир муаллима Маҳфуза Мусаева (“Бірлік” олтин медали) ҳам бор. ҚХА Раисининг ўринбосари – Котибияти мудири Марат Азилханов Мустақиллик Саройида ўтган тантанада мукофот эгаларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатди.

Шу муносабат билан Маҳфуза Ўктам қизи билан мусоҳаба уюштирдик. Қаҳрамонимиз – “Өрлеу” Малака ошириш миллий маркази” ҲЖнинг касбий тараққиёт институтида (Туркистон вилояти ва Шимкент шаҳри бўйича) 30 йилга яқин фаолият юритиб келаётган мутахассис, халқаро даражадаги мураббий, ўзбек мактаблари учун дарсликлар муаллифи ва ниҳоят, минтақадаги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг меҳрини қозонган устозларнинг устози.

– Муассаса тарихи, бугунги вазифалари, истиқболига тўхталсангиз.

– “Өрлеу”нинг асосий вазифаси битта – муаллимларнинг касбий малакасини ошириш. Тарихи 1932 йилдан бошланади. Маълумки, ўқитувчиларни ҳар даврда ҳам услубий, ҳам педагогик жиҳатдан ўқитиб, малакасини ошириб туриш муҳим. Шу боис ҳар вилоятда “болалар муассасалари ўқитувчилари, тарбиячиларининг малакасини ошириш, мактабларга, услубий синфларга услубий ишларни ташкил этиш ва ўтказишда тизимли ёрдам кўрсатиш” мақсадида институтлар ташкил этилган. 1946 йилда Жанубий Қозоғистон малака ошириш институти очилган. 2012 йилда эса республика “Өрлеу” малака ошириш миллий маркази” ҲЖ ташкил этилиб, 18та минтақавий малака ошириш институтларини бирлаштирди. Айни дамда ваколатхонамиз Туркистон вилояти ва Шимкент шаҳрига хизмат кўрсатади. Илгари устозларни қайта тайёргарликдан ўтказардик, ҳозир фақат малака ошириш билан шуғулланамиз. Давлат буюртмаси асосида ишлаймиз. Ўқитувчиларнинг аттестациядан ўтиши ва малака тоифасини олишига ҳам бевосита ёрдамчимиз. Илгари ҳар 5 йилда ўтиши керак бўлган жараён ҳозир 3 йилда амалга ошмоқда. Чунки янги инновацион ёндашувлар, технологиялар, услубиятлар, дастурлар пайдо бўлмоқда. Уларни ўргатиш учун махсус ўқув курслари (20, 80, 160 соатли) ишлаб чиқилган. 5та модулдан иборат дастуримиз мавжуд.

– Давлат ўқитувчилар малакасини ошириш учун катта маблағ ажратади. У қандай сарфланмоқда, марказдаги янги дастурлар самара беряптими? Батафсил тўхталсангиз.

– Албатта. Масалан, 5та модулнинг 1-босқичида таълим соҳасига, педагог мақомига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар таништирилади. 2-босқичида, яъни “Яхлит тарбия дастури”да миллий ва инсоний қадриятлар ўргатилади. 3-босқичда ўз фани бўйича мураккаб мавзуларни ўзлаштириш, услуб-технологияларни қўллашга эътибор қаратилади. 4-босқичда ахборот-алоқа воситаларидан фойдаланиш ўргатилади. Бунда интернет тармоқлари билан ишлаш, айниқса, рақамлаштириш, “сунъий заковат”, турли ўйинларни қўллаш кабилар ўзлаштирилади. 5-босқичда илмий тадқиқотларга урғу берилади. Агар муаллим махсус курсларда билимини оширмаса, қандай қилиб тоифа бериш учун ўтказиладиган аттестациядан ўтади? Аттестацияда тест топшириши, “портфолио” тақдим этиши керак. Ўқитувчи мазкур топшириқларни бажара олмаса, ойлик маоши ҳам ошмайди. Шунинг учун касбий лаёқатини, малака-кўникмасини доимий равишда ошириб бориши керак. Муаллим ўз соҳаси бўйича барча билимларни ўзлаштириб, ўқувчиларининг дунёқараши, хулқ-атворини шакллантирадиган шахс. Юқорида айтилганидек, бошланғич синф ўқитувчилари 2 ҳафталик курс давомида кўпроқ миллий таълим-тарбия, инсонпарварлик қадриятларига (2-босқич) ўргатилишини давлат мажбурий андаза сифатида киритган. 

– Курс тингловчиларининг амалдаги ўрганиш жараёни қандай кечмоқда? Қайси босқичларда улар фаол, қайсиларида суст? 

– Масалан, курснинг биринчи кунидаёқ уларнинг билим даражасини тест орқали текшириб кўрамиз. Хулоса сифатида шуни айта оламанки, тингловчининг фаоллик кўрсатадиган соҳаси ўз фани бўйича услубларни ўзлаштиришдир, унда жону дили билан иштирок этади. Яхши билмайдиган тармоғи – бу ахборот-коммуникация соҳаси. 

– Шаҳар ва қишлоқ мактаблари ўқитувчилари ўртасида қандай тавофутлар мавжуд? 

– Илгари тафовут бўларди, ҳозир деярли йўқ. Кейин олис туманларга ўзимиз сайёр курслар ташкил этганмиз. Масалан, 30 нафар муаллимни ўқитиш учун ўша жойга мураббийнинг ўзи боради. Кўпинча, Қазиғурт, Мақтаарал, Жетисайга қатнаймиз. Ўқитувчиларнинг билим даражасини аниқлаб, натижасини айтадиган бўлсак, албатта, ёши катта, тажрибали мутахассислар ёш, эндигина институтни тамомлаган ходимлардан устун туради. Лекин ёшларнинг афзал жиҳатлари ҳам мавжуд, жумладан, интернет тармоқлари билан ишлашда, тил билишда улар фаол. 

– Келинг, энди ўзбек тилида дарс берувчи мактабларга тўхталайлик. Ҳар йили қанча ўзбек муаллими малака оширмоқда, бу борада қандай муаммолар мавжуд?

– Мен “Мактаб битирувчиларига ўзбек тилини ўқитиш билан Қозоғистон Республикасининг умумтаълим ва ахборот маконига интеграциялашуви” лойиҳасини амалга оширишда мувофиқлаштирувчи бўлганман. Бу қандай лойиҳа? Аввало, она тилини ривожлантириш имкониятларини кучайтириш, икки тил – давлат тили ва миллий тилдан самарали фойдаланиш қобилиятини мустаҳкамлашга ёрдам беришга қаратилган дастур. 2005-2006 ўқув йилида бизда билингвал таълим лойиҳаси кенг жорий этила бошланди. Қалдирғоч даргоҳлар сифатида З. Ҳусанов, Ю. Сарёмий, М. Қошғарий, Улуғбек номидаги 3-сонли, Ойбек номидаги 14-сонли мактаблар танланди. 2016 йилдан буён минтақадаги ўзбек таълими мавжуд мактаблардаги устозлар малакасини ошириш билан бирга қозоқ синфлари билан ҳам ишлаб келаман. Қиёслаб айтадиган бўлсам, ўзбек ва қозоқ муаллимларининг билим даражаси ўртасида деярли фарқ йўқ. Ўз-ўзини ривожлантириш, ўз устида ишлаш учун ҳаммага бирдек шарт-шароитлар яратилган. Фақат тожик мактаблари бироз қийналишади, негаки тожик тилида маълумотлар кам. Бугунги ўзбек мактаблари учун қўйилаётган давлат талаби – она тилини сақлаб қолган ҳолда иккинчи тил(қозоқ ёки рус)ни ҳам ўқувчи бирдек ўзлаштирсин, дейилмоқда. Бу талабни кўп йиллик мутахассис сифатида ўта зарур, деб ҳисоблайман. Негаки, ҳам ўз тилини йўқотмайди, ҳам жамиятда ўз ўрнини топиш учун мақомга эга тиллардан бемалол фойдалана олади. Ўзбек мактаблари кўпроқ давлат тилини танламоқда. Ўқувчилар она тилини ўз тилида ўзлаштирса, иккинчи тилни дунётаниш, табиатшунослик, математикада қўллашмоқда. Бир вақтнинг ўзида қўшимча бошқа тилларни ўзлаштириш услуби ўқувчиларга кўп қулайлик беради. Хусусан, ЯМТ топшириш ёки кўплаган захираларга эга қозоқ ва рус тилидаги маълумотлардан эркин фойдаланишда жуда асқотади. Ва фойдаси бўляпти ҳам. Ўзбек битирувчилари ЯМТдан яхши кўрсаткичларга эришиб, грантларга эга бўлишмоқда, ОТМларда бепул ўқишмоқда, давлат хизматига тайинланмоқда. 

– Бу таълим андазаси, яъни аралаш мактаблар билан ишлаш учун мутахассислар етарлими?

– Маълумки, устозимиз, малакали мутахассисимиз Бегмат Турдиқулов институтимизда кўп йиллар ишлаб, нафақага чиққач, ўрнига мутахассис бўлмай қолди. Менда асосан бошланғич таълим эди. Натижада курсларимиз ҳам тўхтаб қолди. Шунда иккинчи олий маълумотим (Шимкент университети) асқотиб, мазкур курсларни жонлантириш вазифаси зиммамга тушди. Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларини ўқитишдек муҳим вазифани четга суриб бўлмасди. Негаки, бу ҳам давр талаби, ҳам уларнинг даромадига бевосита таъсир кўрсатарди. Менга 3 ой муддат беришди, агар долзарб мавзуларни танлаб, эскирган ўқув дастурларини, курс мавзу- мазмунини янгилаб, вазирликда тасдиқлата олсам, малака курслари очилади ва ўзбек муаллимлари янгича ўқиш имконига эга бўлишади. Мабодо тасдиқланмаса, моддий таъминот ҳам ажратилмайди, устозларнинг аттестациядан ўтиши ҳам очиқлигича қолади. Ўзбек курсини сақлаб қолиш деган масъулиятли юк зиммамга тушгач, тинчим йўқолди. Имкон қадар, шу муҳим ишга бел боғлаб, астойдил киришдим. Уч ой ичида тиним билмай, бир нечта янги мавзулар устида ишлаб, уларни мутасаддиларга йўлладик. Ҳаммаси ўтмади, фақатгина фан ва тил салоҳиятини ривожлантиришга оид мавзуни тасдиқлашди. Бу юқорида айтганим, тилни ўз она тилида, фанни эса танлаган тилида ўзлаштириш тизими. Курс очилди, ўзбек тили ва адабиёти курси сайтларимизга қўйилди, юқоридан рухсат олиниб, ўтган йили бир эмас, ўнта гуруҳни бепул ўқитдик. Бу ҳали таълим тизимимизда бўлмаган янгилик эди, яъни ҳар гуруҳда 30 ўқитувчидан бўлса, 300 одамни давлат ҳисобидан бепул ўқитиб, малакасини оширдик. Хуллас, 2016 йилдан 2021 йилга қадар янгиланган таълим дастури асосида ишладим, айни пайтда бошланғич таълим ва ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг малакасини ошириш билан шуғулланмоқдаман.

– Бу йил-чи, ўзбек муаллимларига қандай имконият ёки имтиёзлар бор? 

– Ўзбек ўқитувчиларининг аксариятига малакасини ошириб, сертификат бериб бўлганимиз учун фақат 1 гуруҳ ариза топширди. 4та гуруҳ пуллик бўлади. 

– Илм-фанга қўшаётган ҳиссангиз ҳам бор... 

– Қуйидаги ўқув дастурлари муаллифиман – “Уч тилли таълимни ташкил этишда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг фан бўйича имкониятларини ривожлантириш”, “Уч тилли таълимни ташкил этишда тожик тили ва адабиёти ўқитувчиларининг фан-тил имкониятларини ривожлантириш, “Бошланғич таълимда CLIL методикаси”. 1998 йилдан 2023 йилгача халқаро, республика ва минтақавий даражада услубий нашрларим: “Миллий мактабларда кўп тилли таълим”, “Интеграциялашган фан ва тилларни ўқитиш CLIL: самарадорлиги ва ўзига хослиги”, “Ўқувчиларнинг танқидий фикрлашини ривожлантириш усуллари”, “Мактабгача тайёргарлик гуруҳларида ўйинлар”, “Тестлар тўплами”, “Диктантлар тўплами”, “Иқтидорли талабалар билан ишлаш” ва бошқалар чоп этилган. 

– Дарсликлар ҳақида фикр юритсак...

– Биз фақатгина малака курслари билан чекланиб қолмаганмиз, ваколатимизда турли семинар машғулотлари, маҳорат сабоқлари ўтказиш, шунингдек, нашриётлар (“Жазушы”) билан ишлаб, китоблар, дарсликлар чоп этиш ҳам бор. Мен асосан бошланғич таълим (1-4 синфлар) мутахассиси бўлганим учун “Алифбе”, “Ўзбек тили”, “Адабий ўқиш” каби дарсликлар муаллифиман. Нафақат дарслик, балки иш дафтарлари, услубий қўлланмалар, дастурлар ҳам шулар жумласидан. Жорий йил июнь ойида Астана шаҳрига ушбу масала юзасидан бордим. Айни пайтда дарсликларимиз янгиланмоқда, қайта ишланмоқда. Янги топшириқлар, янги талаблар дегандек, шулар устида ишлаб, тайёр ишларимизни мутасаддиларга ўтказиб қўйдик, тасдиғини кутяпмиз. Дарвоқе, заҳматли меҳнатимиз И. Алтинсарин номидаги Миллий таълим академиясида кўрилиб, муҳокамадан ўтиб, ижодий гуруҳимизга Ташаккурнома ҳам берилди. Энди фақат расман тасдиқлашади. 

– Бошланғич синф ўқувчилари ўқийдиган дарсликларнинг нимаси ўзгаряпти? Ижодий гуруҳингизда кимлар бор?

– Мажбурий давлат таълими андазаларига мувофиқ, ҳар 3-4 йилда дарсликлар янгиланиши керак. Бу нафақат қозоқ ёки рус дарсликлари, балки ўзбек, тожик, уйғур таълими учун ҳам бирдек талаб. Ахмет Байтурсинов услубиятини дарсликларимизда акс эттириш юзасидан топшириқ олганмиз. Лекин айнан шу жойда ўзига хос муаммолар вужудга келди. А. Байтурсинов педагогикасини қўллаб-қувватлаш, яъни оддийликдан мураккабликка ўтиш тамойили ўзбек “Алифбе”сига унчалик тўғри келмади. Негаки, тилимизнинг ўзига хос хусусиятлари бор. “Алифбе”ни осон ўқиш, ҳарфларини яхши тушуниш учун энг яхши қўлланма ҳозирча ўзбекистонлик профессор, фан доктори, “бошланғич синфларнинг онаси” Қумри Абдуллаеванинг услубиятидир. Мен шу асосларни изоҳлаб, “А. Байтурсинов услубиятига таянамиз, албатта, лекин ўзбек алифбесини ўрганиш учун фақат Қумри Абдуллаеванинг меҳнати лойиқ”, деган нуқтаи назарни илгари сурдим. Исботлаб ҳам бердим. Юқоридагилар фикримни маъқуллашди. Лекин бу дарслик тўлиқ ўзбекистонлик муаллифники дегани эмас, у биринчи навбатда, қозоғистонлик болаларни давлатимиз фуқаролари сифатида тарбиялаши керак, унда Янги Қозоғистоннинг барча намуналари акс этиши керак. Шунинг учун янгиланган шаклда маҳаллий ижодкорларимизнинг ижод маҳсуллари ҳам бор. Миртемир, Эрназар Рўзиматов, Зуҳра Тошмуҳаммедова, Робия Дўстоноваларнинг шеърлари киритилди. Болажонларимиз Ибн Сино, Алишер Навоий каби уламоларни, қозоғистонлик мутафаккирларимиз Абай, Ахмет Байтурсиновларни бирдек таниб улғайишади. Нафақат миллий адабиёт ёки халқ оғзаки ижоди, балки жаҳон адабиёти вакиллари ҳам бор. Тез айтишлар, топишмоқлар кўп. Янги китоблар 2026 йилда фойдаланишга топширилади, деб кутилмоқда. Ижодий гуруҳимизда Е. Юсупов номидаги мактабда самарали меҳнат қилиб, айни дамда “Түркістан” мактаби директори ўринбосари Нигора Шомадиева, Сайрам туманидаги 4-гимназиядан малакали муаллима Нафосат Акромова бор. Ишимиз ҳозир “Әділет” порталида турибди. Энди бизга таниқли олим Неъматжон Алметов ҳам ёрдам бермоқда. Ҳозирча 8та дарслик, 3та муаллифлик дастур, 20дан зиёд ўқув услубий қўлланмалар муаллифиман. 

 – Халқаро даражадаги ишларингизга ўтсак... 

– 30дан зиёд турли сертификат соҳибаси бўлганимдан кейин, соҳамда фаол ишлашга тўғри келмоқда. 2008 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда ҚРда кам сонли миллатларнинг таълим сифатини ошириш ва жамиятнинг ижтимоий бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида Қозоғистон ўзбекларининг “Дўстлик” ҳамжамияти, “Өрлеу” институти ва Европа хавфсизлик халқаро ташкилоти билан биргаликда миллий мактабларда она тилини сақлаш ва давлат тилини ривожлантириш мақсадида халқаро ва миллий даражаларда 12та илмий-амалий анжуманлар ўтказдик. Уларда Қозоғистон вакилларидан ташқари, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Мўғулистон, Грузия, Эстония, Италия, Moлдова, Юнонистон ва бошқалар иштирок этишди. Нафақат Қозоғистонда (кўпроқ Алмати), балки Қирғизистонда ҳам шундай тадбирларни ўтказиб турамиз. Уйғурлар ва тожиклар билан ҳам яқин алоқалар ўрнатилган, самарали ҳамкорлик мавжуд. Бугунги кунда 16та ўзбек мактабида кўп тиллилик дастурларимиз муваффақиятли ишламоқда. 18 йиллик меҳнатимиз самара бермоқда.

– Ютуқларингизга ким ёрдам беради? 

– Аввало, Яратган Эгам, қолаверса, меҳрибон оилам, онажоним, қадрдон жамоам. Масалан, марказимиз директори Лаура Исқақова барча саъй-ҳаракатларимни қўллаб-қувватлайди, инновацион ғоялар учун шароитлар яратади. 2021 йилда ЕХХТ кўп тиллилик бўйича 12та мамлакат ўртасида халқаро танлов эълон қилди. Мен ғолиб бўлдим ва 1-даражали диплом билан тақдирландим. Раҳбаримиз шу танловда иштирок этишимга ҳам имкон яратиб берди. Қолаверса, 2022 йилда институтимизнинг видеотақдимотига ўзбек (аралаш) мактабларни ҳам киритишимни таклиф қилди. Негаки, биздаги бор имкониятлар, яъни билингвал тажрибамиз 17та филиалда йўқ. “Бу бизнинг ғуруримиз”, деди директоримиз. Видеоматериал республика бўйича тарқалгани ва сайтимиздан муносиб ўрин эгаллаганини ифтихор билан айта оламан. Дарвоқе, 1998 йилдан буён вилоят ўзбек этномаданият бирлашмасининг аъзоси сифатида минтақадаги 139та миллий мактаблар жамоаси билан яқин муносабатдаман. Улар ҳам қўллаб-қувватлаб туришади.

– Мукофотларингиз ҳам бис­ёр экан...

– 26 йил ичида Элбошининг Фахрий Ёрлиқлари, ҚР Таълим ва фан вазирлиги, И. Алтинсарин номидаги ҚР Миллий Таълим академияси, вилоят ҳокими, “Өрлеу”нинг ҳам республика, ҳам вилоят институтларининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланганман. Мана энди, кечаги мукофот... ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов бу ҳақда хабар берганида, роса мамнун бўлдим ва тадбиркор Фароғат Ҳожиметова билан бирга Астанага бордик. Тақдирлаш маросимидаги видеолавҳадан сўнг табриклар оқими узилмади. Деярли 700га яқин хабар келди. Бошим осмонга етди, барчага миннатдорчилик билдираман.

– Сизга ҳам мазмунли суҳбат учун миннатдорчилик билдирамиз.

 

Қаҳрамонимизнинг таржимаи ҳолига тўхталишни лозим топдик.

– Мен 1966 йилда Шимкент шаҳрида, падари бузрукворим Ўктам Бобошев (марҳум) хонадонида таваллуд топдим. Волидаи муҳтарамам Ирисой аянинг дуои фотиҳалари билан бахтим бутун. М. Горький номидаги 12-сонли мактабдан сўнг Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини тамомладим. “Мактабгача таълим методисти, мактабгача таълим психологияси, педагогикаси ўқитувчиси” факультетининг аълочиси бўлганим учун менга институт кафедрасида ишлашни таклиф қилишди. Шу тариқа 1988 йилда меҳнат фаолиятимни бошладим, бироз вақт ўтиб, Тошкент шаҳри, Сирғали туманидаги мактаблардан бирида уч йилга яқин бошланғич таълим ўқитувчиси, шунингдек, мактабгача тайёргарлик гуруҳи муаллимаси сифатида фаолият юритдим. Оила қургач, она шаҳримга қайтдим. Турмуш ўртоғим Ҳакимбек Мусаев юнон-рим кураши бўйича катта мураббий, уч фарзандимиз бор, улар олий маълумотли. Ғофуржон иқтисодчи, информатика соҳаси мутахассиси, тадбиркор. Ҳамида фармацевт, дорихона мудираси, Акмалхон жисмоний тарбия ва спорт ихтисослигини эгалласа-да, айни пайтда тадбиркорлик билан машғул. Келинларим Шаҳноза, Дилноза, куёвим Санжар ҳам олий маълумотли, малакали мутахассислар. 90 ёшли қайнонам Марғуба аянинг дуолари ила 7 нафар ширин-шакар жажжи невараларнинг бувижониси бўлиш бахти насиб этди. 

1998 йилда Жанубий Қозоғистон вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтига (“Өрлеу”) ишга кирдим ва 26 йилдан буён шу даргоҳда турли лавозимларда фаолият юритиб келмоқдаман. “Педагогика ва психология” кафедраси ўқитувчиси, “Мактабгача таълим ва бошланғич таълим бошқармаси” услубиятчиси, кафедранинг катта услубиятчиси, катта ўқитувчиси, 2013 йилдан ҚР Малака ошириш курсларининг босқичли дастурларидан халқаро даражадаги сертификатланган мураббий. 2019 йилдан халқаро CLIL услуби бўйича мураббий, “Билингвал таълими маркази” мудираси (2006-2012 йй.), ЕХХТ (ОБСЕ) билан ҳамкорликда кўп тиллилик таълим бўйича вилоят лойиҳаларини бошқардим, миллий мактабларда она тили ва давлат тилини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчиси бўлдим. Умуман, 2005-2023 йиллардаги фаолиятим ҳақида суҳбатимиз давомида гапириб бераман.

Н. МАВЛОНОВА, 2024-11-07, 01:55 762
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.