26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Аниқ мақсад – муваффақият калити

Мирзаҳмедовлар оиласи Шимкент шаҳрида ўтган «Намунали оила» республика кўрик-танлови ғолиби бўлди. Енбекши тумани учун ҳақиқий фахр тимсолига айланган мазкур хонадон 200га яқин (183) иштирокчи орасидан энг намуналиси сифатида танлаб олинди. Бу хонадонда оилавий қадриятлар мустаҳкам ва касбга садоқат ҳисси мужассам. Биринчи ўринни муносиб қўлга киритган оила раҳбари Баҳодир Мирзаҳмедов бугун таҳририятимиз меҳмони.

– Баҳодир Тўламат ўғли, республика танловига йўлланма муборак! Сиз нафақат Шимкент шаҳри, балки бутун Қозоғистон ўзбеклари учун фахрга айландингиз. Муштарийларимиз эса Сизни ва оилангизни яқиндан танишни истайди...

– Бажонидил. Мен тарихий ва муборак замин – Сайрам туманида туғилиб ўсганман. 1966 йилда Турдиобод қишлоғидаги оддий деҳқон Тўламат ота ва Нури аяларнинг тўнғич фарзанди сифатида дунёга келдим, беш сингилнинг акасиман. Муқимий номли 21-сонли мактабда 8-синфни тамомлагач, ҳозирги Есеке Юсупов номидаги мактабда ўқидим. Ва умр бўйи оиламиз билан мана шу даргоҳларни азиз тутиб келмоқдамиз. Тошкент шаҳридаги Низомий номидаги ТДПИнинг «Индустрия-педагогика» факультетини тамомлаб, 1988 йилдан Муқимий номли мактабда меҳнат ва физика фани ўқитувчиси, илмий мудир, директор сифатида фаолият юритдим. 2015 йилда қишлоғимиз Шимкент шаҳри тасарруфига ўтгач, мактаб тартиб рақами ҳам ўзгарди, мен эса 2021 йили саломатлигим боис директорликдан ўқитувчиликка ўтдим. Қолаверса, икки йилдан буён Енбекши туман ўзбек этномаданият бирлашмасини бошқариб келяпман. Зиё ва маърифатни қадрлаганимиз боис оила аъзоларим ҳам 104-сонли Е. Юсупов номидаги мактабда анъанани давом эттириб, фидойилик ва таълим-тарбияга муҳаббат ҳисси билан умргузаронлик қилмоқдалар.

– Оила аъзоларингиз ҳақида гапириб берсангиз, намунали оиланинг ўзига хослиги нимадан иборат? 

– Турмуш ўртоғим Мухтабар билан 1988 йилда оила қурганмиз. У ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган, Е. Юсупов номли мактабда ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси. Салкам 40 йилга яқин фидойи ва намунали ўқитувчи бўлгани боис, уни ҳам жамоаси танловда иштирок этишга даъват қилди. Дарвоқе, келиним Ирода, қизим Фотима ҳам шу мактабда устоз-мураббий вазифасини адо этишмоқда. Бизнинг изимиздан боришмоқда. Хуллас, 104, 105-сонли мактабларнинг ҳокимликка берган тавсияси билан беихтиёр танлов иштирокчиларига айланиб қолдик. 4 июнда ариза ва ҳужжатларни топширдик.

– Фарзандларингиз...

– Дарвоқе, ҳар бир ота-она учун фарзандларининг камоли энг муносиб туҳфа, ифтихор. Тўнғич ўғлим Аброр олий маълумотли тадбиркор, Алмати шаҳрида енгил саноат соҳасида ўқиган, беш тилда (ўзбек, қозоқ, рус, инглиз, турк) гаплаша олади, шунинг учун бизнесни танлади. Келиним Ирода билан икки ўғилни тарбиялашмоқда. Иккинчи ўғлим Биродар Асфандиёров номли тиббиёт университетини тамомлаб, Алматидаги 4-шаҳар касалхонасида жарроҳ-травматолог, таниқли мутахассис. Келиним Венера Шимкент шаҳридаги Доришунослик академиясини тамомлаган, уларнинг уч фарзанди бор, Алматида истиқомат қилишади. Юқорида айтганимдек, қизим Фотима бошланғич таълим ўқитувчиси, куёвим Илёсхон «Тассай су» корхонасида технолог, жажжи ўғилчаларни катта қилишмоқда. Фарзандларимнинг ҳаммаси грант соҳиблари. Оиламиз ютуқлари – илм-фан, таълим-тарбияни қадрлаймиз, оилани муқаддас биламиз. Ўзим учун мактаб ва жамоатчилик иши – жону дилим. 

– Мактабда директор бўлиб ишлаган пайтингизда ёдда қоларли қайси ишларингизни айта оласиз? 

– 38 йиллик фаолиятимнинг 16 йили раҳбарлик давримга тўғри келди. 2005 йилда мактаб директори бўлиб тайинланганимда, энг асосий мақсадим – ўтган асрнинг 60-йилларида ҳашар йўли билан қурилган эски ва ҳалокатли мактаб биносини янгилаш ва ўқувчилар билимини кучайтириб, энг илғор ўқув даргоҳига айлантириш эди. Аниқ мақсад – муваффақият калити. Мақсад сари елиб-югурдим ва 2010 йилда дастлабки икки қаватли иморат, 2015 йилда эса 300 ўринли янги замонавий бино қурилди, хуллас, 2020 йилда эски мактабдан ном-нишон қолмади. Ўқувчилар таълим-тарбияси ҳам яхшиланиб, грантлар сони ортди, бугунги кунда аълочиларимиз асосан тиббиёт ва қурилиш соҳаларида самарали фаолият юритмоқдалар. 

– Енбекши туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси сифатидаги фаолиятингизга ҳам тўхталсангиз...

– Туркияда кучли зилзила содир бўлган пайтда мен ЎЭМБ раиси бўлиб сайландим ва дастлабки фаолиятимни шу давлатга хайрия тадбирини уюштиришдан бошладим. Кейин 8 март – Халқаро хотин-қизлар айёми келиб қолди. Маълумки, Тўлебий туманидаги Илонбузган қишлоғининг ярми Шимкент шаҳрининг Енбекши тумани таркибига кирган. Ўша қишлоқ тўбебийи Олимжон Дўсметов, ёрдамчим Қодиржон Пирназаровлар кўмагида 500 хотин-қизга «Париж» тўйхонасида ажойиб тадбир ўтказдик. Наврўзда эса Бодом-1 мавзесида Бодом, Турдиобод аҳолиси учун 5000 кишилик байрам ташкиллаштирдик. Худди шундай тадбирни Султонработ ва Илонбузган қишлоқларида ҳам уюштирдик. 1 июнь куни жажжи болажонлар ва мактаб ўқувчилари учун (кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига) кийим-кечак ва ўқув қуроллари олиб бердик. Пахтакор, Абдуллаобод, Бозорқопқа аҳоли манзилларида ҳам хайрия тадбирларимиз давом этди. Август ойининг охирида эса «Мактабга йўл» тадбирида фаоллик кўрсатдик. Анъанавий «Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари» байрамида Енбекши туманидан 8та мактабнинг намунали иштирокини таъминладик, «Шум бола» образи меҳмонларда кучли таассурот қолдирди. «Палов фестивали»да эса илк бор шаҳардаги 4та туман Сайрам даҳасидаги истироҳат боғида ўз ошпазлари билан иштирок этди. 43та қозонда палов тайёрланди, Ўзбекистон ва Тожикистондан машҳур ошпазлар келгани боис у халқаро миқёсда ўтди. Жамоамиз фаоллик кўрсатди. Бу йил кўкламги сув тошқини босган ҳудудларга ҳомийлар ёрдамида хайрия ёрдами жўнатдик. Жамоатчилик иши, барибир, ажойиб-да. Масалан, Тошкентда Амир Темур таваллудига бағишланган тадбирда, Абубакир Хонхўжаев (Соҳибқирон образи) билан телекўрсатувда иштирок этдик, ОАВга мусоҳабалар бердик, машҳур санъаткорлар билан жонли мулоқотда бўлдик. Хуллас, қандай тадбир ўтказмайлик, ким билан учрашмайлик, барчасини астойдил, юксак савияда ўтказишга ҳаракат қилмоқдамиз. Жумладан, 21 сентябрга ҳам тайёргарлик қизғин. Туманимиздаги «Туркистон» мактаби (Ўзбек таомлари ва нонлари), 104-сонли мактаб (Ота-она ҳурмати – давримиз зийнати), 101-сонли мактаб (Бирлиги ярашган элмиз) кўргазмалари билан иштирок этади. 10-сонли коллеж эса ёғоч ўймакорлик санъатини таништиради, таниқли Азамат уста мусиқий чолғу асбобларини намойиш этади.

– Ҳам мактаб, ҳам жамоатчилик иши, ҳам оила ташвиши, барчасига қандай улгуряпсиз, сизга куч ва мадад қаердан келади?

– Бирорта фойдали тадбир ўтказсам, одамларга, эл-юртга манфаатим тегса, бундан завқ оламан. Айниқса, тўлебийликлар билан ишлаш мароқли. «Илонбузган» мактабида 7 миллат вакиллари ўқийди, ниҳоятда аҳил. Уларга қараб, ҳавасим келади. Мана шундай жойлардан завқ-шавқ, куч-қувват оламан-да. Танлов ғолиби бўлганимда ҳам тўлебийликлар чин дилдан табриклашди. Айтмоқчиманки, муваффақиятга эришмоқчи бўлсак, ўзаро муомалаларда самимийлик ва бошқаларни ҳурмат қилишни ўрганишимиз керак. Шунда атрофимиздаги инсонларнинг ишончини қозонамиз. Ҳаётда муваффақиятли инсон ва яхши раҳбар бўлишнинг қисқа йўлларидан бири – ростгўйлик ва ҳалолликдир. 

– Айтганча, яна танловга қайтсак. 

– Танлов ҳақидаги хабарни қизим Фотима ва келиним Ирода эшитишгач, дарҳол «ишга» киришиб кетишди. Оилавий альбом ва видеолавҳа тайёрлашди, барча мукофотларни йиғишди, хуллас, оиламизнинг муносиб тақдимоти учун «муаллиф» бўлишди. Танлов уч босқичдан иборат эди. Биринчиси – оила билан танишув. 2-босқичда комиссия аъзолари уйимизга телевидение вакиллари билан келиб, махсус кўрсатув тайёрлашди. Фарзандларимиз ва набираларимиз билан учрашиб, уларнинг ютуқларини ўрганишди. 183та оила ичидан лойиқ деб топилиш учун тегишли далил-исботлар керак, албатта. Президентдан олган мукофотларим, орден-медалларим, кўп йиллик меҳнатимга берилган фахрий ёрлиқлар, турмуш ўртоғим ва болаларнинг халқаро даражадаги танловларда олган сертификат-дипломлари айни муддао бўлди. Айниқса, тадбиркор ўғлим Аброрнинг Хитой, Ўзбекистон, Туркия билан ҳамкорликда ишлаб, муваффақиятларга эришаётгани, диплом-сертификатлари, Алматидаги моҳир хирург Биродарнинг кўп сонли ташаккурномалари, беморларнинг миннатдорчилиги ижобий таъсир кўрсатди. Невараларимнинг ютуқлари ҳам инобатга олинди. Хуллас, комиссия ҳаммасини кўрди ва ўз баҳосини берди. Учинчи босқич, оиламиз 20та яхши оила қаторига кирди. Сўнгра ғолибликни қўлга киритиб – «Намунали оила» бўлдик. Биз билан яна бир оила пойтахт танловига тавсия этилди. Ҳужжатларимизни пойтахтга йўллашди. Пойтахтдан ҳам телевидение вакиллари келишди, альбом, видеолавҳа тайёрланди, ҳозир республика комиссияси кўряпти, уларнинг қарорини кутяпмиз. Айтганча, мукофотларни Шимкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ерғали Даулетбекули топширди ва бу ғалаба нафақат муваффақиятли оила рамзи, балки бутун шаҳар учун илҳомлантирувчи омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. . 

– Юртимизда ибратли оилалар кўпаяверсин, мусоҳаба учун катта раҳмат! 

Н. МАВЛОНОВА, 2024-09-18, 02:10 499
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.