26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Маънавият ва маърифат мутолаадан бошланади

Шимкент шаҳар таълим бошқармасининг Услубият маркази ҳамда “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси ташаббуси билан Шимкент шаҳридаги А. Навоий номидаги 11-сонли умумий ўрта мактабда “Рақамли даврдаги журналистика” мавзуида давра суҳбати ўтди. 

Тадбирда Услубият марказининг услубиятчиси Нилуфар Қўрғонбоева, “Жанубий Қозоғистон” газетаси бош муҳаррирининг ўринбосарлари Муроджон Абубакиров ва Авазхон Бўронбоев, фахрий журналист Ҳайитмат Муҳиддинов, мухбирлар, мактаб кутубхоначилари ҳамда директор ўринбосарлари иштирок этишди. 

Давра суҳбатини услубиятчи Нилуфар Қўрғонбоева очиб, Шимкент шаҳри ҳокимлиги ва таълим бошқармаси нашрни қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади.

Нашр бош муҳаррири муовини М. Абубакиров нутқида газетанинг тарихига тўхталди. Дунёдаги мураккаб ижтимоий-иқтисодий шароитда тараққиётнинг қўш қаноти маънавият ва маърифатнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш масаласига эътибор кучайганини, 1991 йили ҚРнинг тўнғич Президенти Н. Назарбаевнинг қўллови билан “Дўстлик байроғи” номи билан фаолиятини бошлаган нашр бугунги кунда адади кўпайиб, “Жанубий Қозоғистон” номи билан чоп этилаётганини, республикада ўзбек тилидаги ягона нашр эканлигини таъкидлади. 

– Йиллар давомида миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни тарғиб қилиб, она тилимиз учун хизмат қилиб келаётган газетага обуна давом этмоқда. Бу жараёнда Шимкент шаҳри мактабларининг иштироки сезилмаяпти. Газетага обуна бўлиш, она тилимиз ва маданиятимизни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир. Обунанинг турли йўллари мавжуд, жумладан, онлайн тарзда ва таҳририят билан шартнома асосида. Сўз якунида: “Маънавият равнақига ҳисса қўшаётган нашрга обуна бўлишни, қалбларингизга ҳавола қиламан, – деди у.

– Қадрли ҳамюртлар, тадбир иштирокчилари! ҚР Президенти Қасим Жўмарт Тўқаев: “ОАВ – давлат ва жамият ўртасидаги олтин кўприк” эканлигини халқимизга доимо эслатиб келаётганлиги бежиз эмас, албатта. Бундай шарафли номга Туркистон вилояти ҳокимлиги томонидан ўзбек тилида 1991 йилнинг 5 апрелидан эътиборан чиқа бошлаган “Дўстлик байроғи” ҳозирги “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси ҳам ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Бугунги кунда халқ минбари, ҳаёт кўзгусига айланган “Жанубий Қозоғистон” ёшларимизнинг маънавиятини юксалтиришда, аҳолининг сиёсий саводхонлигини ҳар томонлама ошириб, рақобатбардош ва комил инсонлар сифатида шаклланишида “йўлчи юлдуз” вазифасини шараф билан адо этмоқда.

Шимкент шаҳрига учинчи мегаполис мақоми берилгунга қадар шаҳримиздаги 14та ўзбек, қозоқ-рус-ўзбек аралаш мактабларнинг ҳар бири 40-50, 60-70 нусхадан обуна бўлишиб, таҳририятимиз билан тиғиз алоқа ўрнатишганди.

Кўпгина ўқитувчи-устозлар вилоятимиздаги ўзбек-қозоқ ва туркийзабон халқлар ҳаётига оид ҳамда ёшлар тарбиясини акс эттирувчи мақолалар бериб борарди. Газетамизнинг қизиқарли ва сермазмун чиқишида уларнинг ҳиссалари беқиёс эди. Натижада адади ҳам ўсиб, 15-17 минг донага етган пайтлар бўлган.

Ҳозирчи, деган ўринли савол туғилади. Кейинги 5-6 йил мобайнида мактабларда гўё обунага “рухсат йўқ” деган баҳона билан ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам газетадан бенасиб бўлишди. Бундай буйруқ ким томонидан ва қандай мақсадда берилганлиги бугунги кунгача номаълум. Бундан ким ютди? Кимлар ютқазди? 

Ўзбек тилида дарс берувчи устозлар, шу жумладан, ўқишга иштиёқи баланд ўқувчилар ҳам Президентимиз, давлатимиз раҳбарлари томонидан Янги Қозоғистонни барпо этиш борасида олиб бораётган дастурини ўз она тилида ўқиб, баҳраманд бўлишдан бенасиб бўлишди. Шунингдек, Ўзбекистонда лотин имлоси жорий этилгач, у ёқда нашр этиладиган газета, журнал, ўқув қуроллари, қўлланмаларидан фойдаланиш имкони ҳам йўқолган эди.

Бундай оғир вазиятни эътиборга олиб, Шимкент шаҳар ҳокимлиги, ички сиёсат ва таълим бошқармаси раҳбарияти обунани қайта йўлга қўйишга қарор қилди ва бу таҳсинга сазовордир, – деди сўзга чиққан соҳа фахрийси Ҳ. Муҳиддинов.

– Ҳозирги ёшларнинг ахборот манбаи кўпинча телефон ва ижтимоий тармоқлар бўлган замонда уларни газета ва китоб ўқишга жалб этиш – ўта долзарб вазифа. Ёшлар маънавиятини бойитиш учун уларни чуқур билим ва теран фикрлашига ёрдам берувчи матбуотга йўналтириш зарур, – дея мурожаат қилди А. Бўронбоев.

Тадбир якунида иштирокчилар ўз савол ва таклифларини ўртага ташлади, бу эса мулоқотнинг янада жонли ва самарали ўтишини таъминлади. Улар ёшларни газета ўқишга қизиқтириш, маънавиятини бойитишда қандай чоралар кўриш мумкинлиги ҳақида фикр алмашдилар. Иштирокчиларнинг турли савол ва таклифлари орасида газетага онлайн обуна тизимини соддалаштириш, ўқувчилар учун қизиқарли саҳифа, рукнлар очиш, яратиш ва таълим муассасаларида газеталарни кенг тарқатишга оид ғоялар муҳокама қилинди.

Тадбир очиқ ва самимий мулоқот шаклида, савол-жавоблар асосида ўтди.

М. ЭЛТОЕВА., 2024-11-02, 02:49 537
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.