26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сайрам тумани: салоҳият юксак, масъулият устувор

Туркистон вилояти – азалдан маърифат ва меҳнат аҳли жойлашган муқаддас замин. Унинг кўҳна замини Сайрам тумани эса бугун юртимиз иқтисодий тараққиётининг муҳим нуқталаридан бирига айланмоқда. Мамлакатимиз Президенти таъкидлаганидек, ҳар бир минтақанинг ички имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш – стратегик вазифалардандир. Ана шу руҳда Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеровнинг Сайрам туманига хизмат сафари халқ юрагида катта таассурот қолдирди.

 

Бу сафар оддий ташриф эмас, балки, туманнинг ички салоҳиятини юзага чиқариш, ҳудудни янада жадал ривожлантириш учун белгиланган аниқ вазифаларни амалга оширишга қаратилган манзилли ва амалий ташаббуслар марказида турди.

Рақамлар ортида – халқ манфаати

Туман фаоллари билан учрашув чоғида вилоят ҳокими йўлларни таъмирлаш, сармоя жалб қилиш, солиқ тизимидаги камчиликларни бартараф этиш, маҳаллий лойиҳаларни амалга ошириш каби муҳим масалаларни кескин танқидий руҳда муҳокама қилди. 

– Иқтисодни ранг-баранглаштириш ва ҳар бир жабҳада аниқ натижалар берувчи лойиҳаларни амалга ошириш – бугунги куннинг талаби. Давлат томонидан ҳар томонлама ёрдам кўрсатилаяпти. Ҳудудлардаги раҳбарлар ушбу имкониятлардан самарали фойдаланишлари керак, – деди Нуралхан Кўшеров.

Туман ҳокими Арман Сабитов ўз ҳисоботида амалга оширилган ишлар, эркин иқтисодий минтақа, қишлоқ хўжалиги, саноат ва сармоявий лойиҳалардаги ютуқларга тўхталиб, камчиликларни очиқ тан олди. Мулоқот чоғида вилоятнинг турли соҳа раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, ўз йўналишлари бўйича режаларнинг ижроси юзасидан ҳисобот бердилар.

Беш ойлик натижаларга қараганда, туманнинг умумий минтақавий маҳсулоти 113,9 миллиард тенгени ташкил этган, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,6 фоизга ўсган. Қишлоқ хўжалигида 5 ой ичида 37,5 миллиард тенгелик маҳсулот етиштирилди. Шунингдек, шу муддатда 14,9 минг тонна гўшт ва 71,8 минг тонна сут ишлаб чиқарилган. Йил охирига қадар агроиқтисодиёт салоҳиятини 160 миллиард тенгега етказиш мақсад қилинган. Бу эса халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги мустаҳкам пойдевордир.

Сармоя соҳасида эса янада кескин ўсиш кузатилди – 29,2 миллиард тенге. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки ярим баравар кўп. Эътиборлиси, жалб этилган сармояларнинг 73,6 фоизи хусусий салоҳият ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса, давлат билан бизнес ўртасидаги ишончли ҳамкорлик замин қуриб улгурганини англатади.

Маълумот эмас, масъулият

Йиғилиш якунида вилоят ҳокими барча масъулларга қатъий топшириқлар берди. Хусусан, 10 кун муддатда ҳар бир қишлоқ ва туман миқёсида 2025 йилга мўлжалланган лойиҳалар бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу ҳужжатлар ҳар бир раҳбарнинг халқ олдидаги ҳисоб-китобини белгилаб беради.

“Тоза Қозоғистон” дастури доирасида ҳам вилоят раҳбари томонидан аниқ кўрсатмалар берилди. Ушбу дастур халқ саломатлиги ва муҳит мусаффолиги учун муҳим аҳамият касб этади.

Замонавий чорвачилик ва қайта ишлаш саноати янада ривожланади

Янги Қозоғистоннинг янги қадамлари, янги лойиҳалари нафақат шаҳарлар, балки қишлоқлар ҳаётида ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Юрт тараққиётининг яна бир ёрқин ифодаси – Сайрам туманида замонавий чорвачилик ва қайта ишлаш саноати йўналишида амалга оширилаётган улкан лойиҳалардир. Бу каби янгиланишлар жойларда фақат иқтисодий кўрсаткичларни эмас, балки халқ ҳаёти сифатини ҳам сезиларли даражада ўзгартирмоқда.

Айнан ана шундай замонавий ва йирик лойиҳалардан бири – “KAZ ECO MEAT” МЧБ томонидан барпо этилган, 5000 бош қорамолга мўлжалланган бўрдоқичилик мажмуаси ҳамда юқори андазаларга мос гўшт комбинатидир. Унинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров шахсан иштирок этиб, имкониятлардан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Ушбу мажмуа шунчаки чорвачилик майдони эмас, балки юқори технологияларга асосланган, қолдиқсиз ишлаб чиқариш тамойилида қурилган замонавий комбинатдир. Бутунлай янги шаклдаги, халқаро талабларга мос иншоотда йилига 10 минг тонна гўшт қайта ишланиши режалаштирилган. Бу эса фақат ички бозор учун эмас, балки ташқи бозор учун ҳам муҳим қадамдир.

Лойиҳа қиймати 8,5 миллиард тенге. Янги мажмуада 100 киши доимий иш билан машғул бўлади. Бу нафақат саноат салоҳиятини юксалтиради, балки чорвадорлар учун ҳам янги бозор эшикларини очади.

Бундай юқори технологияли иншоотларда нафақат гўшт, балки унинг барча таркибий қисмлари – қон, суяк ва бошқа маҳсулотлар ҳам қайта ишланади. Бу – захираларни тўлиқ ва самарали фойдаланишга хизмат қилади.

Иккинчи қадам: янги замонавий озуқа заводи

Иқтисодий занжирдаги яна бир муҳим бўғин – бу “NURYM GROUP” МЧБ томонидан Манкент қишлоғида барпо этилган замонавий озуқа заводидир. Бу корхона нафақат юқори сифатли омухта ем маҳсулотлари ишлаб чиқаради, балки маҳаллий чорвачиликнинг самарадорлигини ҳам кескин оширади.

Завод соатига 20 тонна озуқа ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотлар замонавий лабораторияда синовдан ўтиб, қатъий андазалар асосида ишлаб чиқарилади. Ушбу лойиҳа ҳам тўлиқ хусусий маблағ эвазига амалга оширилган, 12 одам иш билан таъминланган.

Инновация ва истиқбол 

Ҳар икки лойиҳа – ҳам бўрдоқилаш мажмуаси, ҳам озуқа заводи – мамлакатимиздаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Сайрам туманида бундай замонавий саноат иншоотларининг юзага келиши – мамлакат қишлоқ хўжалигининг янги босқичга кўтарилиши учун янги имкониятлар эшигини очади.

Вилоят ҳокими ушбу лойиҳаларни юксак баҳолаб, мутасадди шахсларга экспорт ҳажмини ошириш, иш сифати ва самарадорлигини доимий назорат қилиш ҳақида қатъий кўрсатмалар берди.

Сайрам туманида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар, лойиҳалар ва қурилишлар – бугунги кунда Қозоғистон қишлоқларининг ҳам тараққиёт сари одимлаётганининг ёрқин ифодасидир.

Янги саноат мажмуалари, иш ўринлари, экспорт салоҳияти – буларнинг барчаси халқ фаровонлиги учун хизмат қилмоқда. Туманда юзага келаётган бу ўзгаришлар – Янги Қозоғистоннинг чин моҳиятини намоён этаётган мисоллардир.

Спорт руҳи – замон нафасида

Қорасув қишлоғида замонавий спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди

– Сайрам тумани – қадимдан улуғ инсонлар, сермаҳсул меҳнат ва ҳалол тирикчилик макони сифатида ном қозонган диёр. Унинг бугунги зафарли одимлари, айниқса, ёш авлод учун яратилаётган имкониятлар, истиқлол берган эркин нафас каби элни жипслаштирмоқда, юракларга юксак ишонч бахш этмоқда. Ушбу фикримизнинг ёрқин исботи сифатида, Қорасув қишлоғидаги замонавий спорт мажмуасининг очилиш маросимида вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеровнинг шахсан иштирок этиб, халқ билан биргаликда тантанали лаҳзаларни баҳам кўрганини алоҳида таъкидлаш ўринли, – деди туман ҳокими ўринбосари Сержан Дуйсебаев.

– Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий иншоотлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Бу – халқ учун яратилаётган ҳаётбахш имкониятларнинг амалдаги ифодасидир. Туманда қурилган янги спорт мажмуаси айнан ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг намунаси бўлади, – деди вилоят ҳокими.

Мажмуанинг очилиш маросимида сўз олган қишлоқ оқсоқоли Абдураззақ Байназар ва Қозоғистон Республикасининг хизмат кўрсатган мураббийи, машҳур бокс устози Мурат Айтжанов Президентимиз ҳамда Ҳукуматга миннатдорчилик билдиришди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, бу икки қаватли спорт иншооти замонавий андазалар асосида барпо этилган, унинг умумий майдони 646 квадрат метрни ташкил этади. Мажмуада кенг ва ёруғ спорт заллари, машғулот хоналари мавжуд бўлиб, гандбол, баскетбол, волейбол, кураш, бокс, гимнастика, енгил ва оғир атлетика турлари билан шуғулланиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё. 

Ушбу маскан нафақат соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, балки спорт орқали ватанпарварлик, интизом ва матонат туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади. Сайрам энди соғлом авлод маскани сифатида ҳам танилаверади!

Давлат ғамхўрлиги – ҳар бир хонадонда

Сайрамда 32 оила янги хонадонга эга бўлди

Янги уй – янги умид. Янги дарвоза – янги бахт эшиги. Сайрамда бу эшик яна 32 оила учун очилди.

Сайрам туманида бунёдкорлик тадбирлари тинимсиз давом этмоқда. Ана шундай қувончли лаҳзалардан бири – Оқсувкент қишлоғида қурилган 80 хоналик кўп қаватли уйнинг 32та хонадонини ўз эгаларига топшириш маросими бўлди.

Ушбу шодиёнада вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров шахсан иштирок этиб, самимий тилакларини изҳор этди.

– Бугунги кунимиз – инсонпарвар давлат барпо этиш йўлидаги қатъий қадамларимиздан биридир. Бу уйлар – халқимиз фаровонлиги учун қилинаётган амалий ишларнинг ифодасидир. Ҳар бир хонадонда тинчлик, осуда ҳаёт ва болалар қувончи бардавом бўлсин! – деди минтақа раҳбари.

Ушбу хонадонлар ижара асосида, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар – кўп болали ва тўлиқ бўлмаган оилалар, ногиронлар, эҳтиёжманд қатлам ва етим болаларга берилди.

Янги турар жой 1,1 гектар майдонда қад ростлаган. Икки қаватли 6та уйдан иборат ушбу мажмуада 1 хонали 20та, 2 хонали 40та ва 3 хонали 20та квартира мавжуд. 

Айни пайтда вилоятда 69 минг фуқаро турар жой навбатида турса, уларнинг 4 251 нафари – Сайрам тумани аҳолисидир. Шу боис, туманда бунёдкорлик ишлари бир дақиқа ҳам тўхтамайди.

Чунки ҳар бир хонадонда янги умид, янги ҳаёт бошланади. Давлат томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли уй-жой сиёсати натижасида ҳозирги кунда вилоят маркази ва туманлардаги кўплаб фуқаролар ўз уйига эга бўлмоқда.

– Вилоят ҳокимининг ташрифи – барчамизга юксак масъулият, шу билан бирга, улкан ишонч ҳамдир, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Сержан Дуйсебаев. – Қорасув қишлоғида замонавий спорт мажмуасининг тантанали очилиши, янгиланган йўллар, ишга туширилаётган ижтимоий иншоотлар, халқимизга тақдим этилаётган уй-жойлар – буларнинг барчаси Сайрам туманида юз бераётган улкан ўзгаришлар силсиласидир. Бу – Президентимиз юритаётган халқпарвар сиёсатнинг вилоятимиздаги ёрқин ифодаси, шу йўлда раҳбарлик қилaётган Нуралхан Ўралбайулининг амалий саъй-ҳаракатлари ифодасидир.                    

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2025-07-15, 00:08 17
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.