Қасим-Жўмарт Тўқаев Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан норасмий учрашув ўтказди
Давлат раҳбари олий мартабали меҳмонни ташрифи билан қутлар экан, унга Қозоғистоннинг маънавий пойтахти, барча туркий халқлар учун муқаддас аҳамиятга эга бўлган Туркистон шаҳрига ташриф буюргани учун миннатдорчилик билдирди. Мазкур тарихий ташриф Қозоғистон ташқи сиёсатида яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганининг ёрқин далили, давлатимиз раҳбарининг қўшни мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишининг ифодаси сифатида эътироф этилди.
– Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муваффақиятли ривожланаётгани қувонарли жараён. Режаларда газ саноати, шунингдек, транспорт-логистика соҳасида стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар ўрин олган. Бу иш доимий назоратимизда, чунки мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада сифатли ривожлантириш унинг натижаларига боғлиқ. Қозоғистон ва Туркманистонни бир-бирига боғлаб турадиган тарих, маданият ва урф-одатлар халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бу яқинлик маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ривожида мустаҳкам асос бўлмоқда, – деди ҚР Президенти.
Қасим-Жўмарт Тўқаев Гурбангули Бердимуҳамедовни Халқаро тинчлик ва ишонч йилининг бошланиши билан табриклаб, БМТ томонидан қўллаб-қувватланган ушбу ташаббус Туркманистоннинг халқаро миқёсдаги юксак обрў-эътиборидан далолат беришини таъкидлади.
Халқ Маслахати раиси меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда муттасил тараққий этаётганини мамнуният билан қайд этди.
– Туркманистон ва Қозоғистон тинчликсевар давлатлар, яхши қўшнилар сифатида танилган. Мамлакатларимиз халқаро майдонда ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Бугунги музокаралар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун яхши имкониятдир. Туркманистон Қозоғистон билан ҳамкорликни барча соҳалар бўйича кенгайтиришга тайёр, – деди Гурбангули Бердимуҳамедов. – Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларимиз ёрқин истиқболга эга. Туркманистоннинг БМТ доирасида Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлаганингиз учун сиздан миннатдормиз,
Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг барча йўналишлари бўйича кўп қиррали стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда тараққиётнинг салоҳиятли нуқталарини топиш ва яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Мулоқотда Қозоғистон билан Туркманистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қозоғистон ва Туркманистон иқтисодиётида ҳали тўла ишга тушмаган кўплаб имкониятлар мавжуд.
Улардан фойдаланиб, ўзаро савдо айланмасини жадал ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Икки мамлакат бозорларига харидоргир маҳсулотлар етказиб бериш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Норасмий учрашувда Қозоғистон Туркманистон билан газ ва транспорт инфратузилмаси соҳасида ҳамкорликни кучайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Учрашувда газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Қозоғистоннинг хорижий ҳамкорлар билан Галкиниш конини ўзлаштириш лойиҳасидаги иштирокига эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари “Турғунди – Ҳирот – Қандаҳор – Спин-Булдақ” темир йўли қурилиши лойиҳасига эътибор қаратиб, ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, транспорт йўналишларини ранг-баранглаштириш, экспорт бозорларини кенгайтиришга кенг йўл очишини таъкидлади. Айни пайтда “Қозоғистон – Туркманистон – Эрон” темир йўли ва қурилаётган “Турикманбоши – Қарабўғоз – Қозоғистон чегараси” автомобиль йўли Шимолий-Жануб йўналишида транзит салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундан ташқари, учрашувда таълим ва рақамлаштириш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Қозоғистон томони Туркманистонга давлат хизматларини рақамлаштириш, шунингдек, IТ мутахассисларининг малакасини оширишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
Сўнг Қозоғистон Президенти ва Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов тарихий ва маданий ёдгорликлардан бири, ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилишди.
Олий мартабали меҳмонлар атоқли мутафаккир руҳига Қуръон тиловат қилишди. Шунингдек, мақбарада олиб борилаётган тубдан таъмирлаш ва тадқиқот ишлари билан ҳам танишди.
Сўнг Қозоғистон Президенти ва Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси “Ҳазрат-Султон” музей-қўриқхонаси ҳудудида жойлашган миллий маданий мажмуага ташриф буюришди.
Қ. Тўқаев ва Г. Бердимуҳамедов бошоқли дон экинлари намойиш этилаётган “Шарқ бозори”ни кўздан кечиришди. Шунингдек, миллий таомлар, ёғочга ишлов бериш, тўқувчилик, кулолчилик, заргарлик каби халқона ҳунарманд усталарнинг ижод намуналари билан ҳам танишишди.
Дастур халқ урф-одатлари ва маросимларига бағишланган театрлаштирилган томоша билан давом этди.
Шунингдек, този ит ва лочин қуш ўргатувчиларининг маҳорати намойиш этилди.
Олий мартабали меҳмонлар қадимий Култепа шаҳарчасини ривожлантириш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишишди.
Қ. Тўқаев ва Г. Бердимуҳамедов 27 гектар майдонда археологик қазилмалар якунланган тарихий обидани кўздан кечириб, у ерда олиб борилаётган тадбирлар билан танишишди.
Яқин кунларда ишга тушириладиган “Ҳунармандлар маркази” концепциясига кўра, бу ерда ҳунармандчилик устахоналари, миллий қандолатчилик марказлари, шарқ бозори ва меҳмонхоналар ўрин олади.
Шунингдек, Қозоғистон Президенти ва Туркманистон Халқ Маслаҳати раисига Хожа Аҳмад Ясавий мақбарасининг ноёб тарихий осори-атиқалари намойиш этилди.
Қозоғистон Президенти ва Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси “SPK Turkistan” индустриал паркига ташриф буюришди.
Бу ерда умумий қиймати 36,5 миллиард тенге бўлган олтита сармоявий лойиҳа амалга оширилмоқда. Ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш тизимлари, қишлоқ хўжалик тракторлари, мактаб, тиббиёт ва идора мебеллари, ички эшиклар ва саноат совутгичлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Паркни ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи 70 гектар майдонда 112та иншоотни барпо этиш, шунингдек, қиймати 39,7 миллиард тенге бўлган 13та янги лойиҳани ишга туширишни ўз ичига олади.
Қасим-Жўмарт Тўқаев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистоннинг космик саноати, машинасозлик, металлургия, қурилиш саноати, енгил, озиқ-овқат ва кимё саноати кўргазмаси билан танишди.
Олийқадр меҳмонларга енгил автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва маиший техника, тиббий асбоб-ускуналар, саноат аккумуляторлари, жиҳоз, тўқимачилик, кийим-кечак ва бошқа юқори сифатли маҳсулотлар намойиш этилди.