26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Минтақадан жаҳон бозорларига

Туркистон вилояти нафақат тарихий ва маданий салоҳияти, балки жадал ривожланаётган тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш имкониятлари билан ҳам диққат марказида. Ҳудудда озиқ-овқат, енгил саноат, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва ҳунармандчилик йўналишларида янги корхоналар фаолият юритмоқда. Эндиликда асосий вазифа – ана шу маҳсулотлар бозорини кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотларни танитиш ва экспорт имкониятларини ошириш.

Шу мақсадда 18-19 сентябрь кунлари Туркистон шаҳрида Atameken Fair / Turkistan Brand – 2026 кўргазма-ярмаркаси ўтказилади. “Маҳаллий маҳсулот: ҳудуддан жаҳон бозорига” шиори остида ташкил этиладиган тадбирда вилоятнинг 200дан зиёд товар ишлаб чиқарувчилари иштирок этиши кутилмоқда.

Кўргазманинг муҳим жиҳати шундаки, тадбиркорлар ўз маҳсулотини намойиш этиш билан чекланиб қолмай, йирик харидорлар, савдо тармоқлари ва хорижий воситачи-тарқатувчилар билан бевосита мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади.

Кўргазма-ярмарканинг мақсади, тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар ва минтақа маҳсулотини ташқи бозорга олиб чиқиш истиқболлари ҳақида вилоят Тадбиркорлар палатаси директори ўринбосари Ербўл Ауелбеков билан мусоҳаба уюштирдик.

– Ербўл Асфендиярули, даставвал кўргазма – ярмаркани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад нимадан иборат эканлиги ҳақида айтиб ўтсангиз.

– Бугун вилоятимизда тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш соҳаси изчил ривожланмоқда. Корхоналар янги маҳсулот турларини ўзлаштириб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқда. Шунинг учун ишлаб чиқарилган маҳсулотни намойиш этиш билан бирга, янги бозорлар топиш ҳам муҳим. Atameken Fair / Turkistan Brand – 2026 айнан шу мақсадга хизмат қилади. Яъни, тадбиркорларни ягона майдонга тўплаб, уларнинг маҳсулотларини йирик харидорлар, савдо тармоқлари, даллоллар ва экспорт компанияларига таништиришни мақсад қилганмиз. Бу оддий кўргазмада, Туркистон вилоятининг 200дан зиёд товар ишлаб чиқарувчиси иштирок этиши режалаштирилган. Улар турли йўналишларни қамраб олади. Хусусан, озиқ-овқат, тўқимачилик ва енгил саноат, мебель ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган корхоналар ўз маҳсулотларини намойиш этишади.

Бу ягона майдонда вилоятнинг ишлаб чиқариш имкониятларини атрофлича намойиш этиш учун яхши имконият.

– Тадбир доирасида 500дан зиёд В2В учрашув ўтказиш режалаштирилибди. Улардан нима кутилмоқда?

– Ишбилармон учун маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли эмас. Уни сотиш ва барқарор бозор топиш ҳам муҳим. Шу сабабли бундай учрашувларга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Учрашувларда Қозоғистондан ташқари Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитойдан махсус таклиф этилган савдо тармоқлари ҳамда воситачилар иштирок этади. Бу туркистонлик тадбиркорларга ўз маҳсулотини бевосита харидорга тақдим этиш, савдо тармоқларига кириш, улгуржи сотиш шартномаларини тузиш, янги ҳамкорлар топиш ва экспорт бозорларига чиқиш имконини беради. Бунда маҳсулотни экспортга чиқариш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун маҳаллий маҳсулотнинг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш билан бир қаторда, унинг бозорини кенгайтириш ҳам долзарб вазифа эканлигини таъкидлаш жоиз. 

“Туркистонда ишлаб чиқарилган” павильони кўргазманинг асосий бўлимларидан бири бўлади. Унда вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг энг яхши намуналари намойиш этилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, енгил саноат товарлари – барчаси ягона майдонда тақдим этилади. Бу орқали нафақат маҳсулотларни, балки Туркистоннинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ҳам кенг намойиш этиш имконияти пайдо бўлади. “Бир қишлоқ – бир маҳсулот” лойиҳасининг энг яхши иштирокчилари ўзига хос маҳаллий маҳсулотларини тақдим этади. Қишлоқларда ишлаб чиқарилаётган кўплаб маҳсулотларнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Уларни кенг бозорга олиб чиқиш орқали қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш, янги иш ўринларини барпо этиш ва аҳоли даромадларини ошириш мумкин. Тадбирда “Қозоғистоннинг энг яхши маҳсулоти – 2026” танловининг вилоят босқичи ҳам ўтказилади. Ушбу танлов маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг сифатли маҳсулотларини аниқлаш ва уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш учун муҳим майдон. Танловда ишлаб чиқариш мақсадидаги маҳсулотлар, халқ истеъмоли моллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари йўналишида энг яхшилари аниқланади. Бу ўз навбатида тадбиркорлар учун ўз маҳсулотининг сифати ва рақобатбардошлигини кўрсатиш, янги харидорлар эътиборини жалб қилиш учун яна бир имконият.

Қизиғи шундаки, тадбирга 15 мингдан зиёд киши ташриф буюриши кутилмоқда. Улар сафида тадбиркорлардан ташқари савдо тармоқлари вакиллари, экспортчилар, маркетплейслар, сармоядорлар, логистика компаниялари ҳамда хорижий делегациялар иштирок этади. Ишбилармонлар ҳам аҳолига маҳсулотларини танитишади, ҳам бизнес вакиллари билан алоқа ўрнатиш учун муҳим имконият туғилади.

– Умуман вилоятимиз маҳсулотининг салоҳиятини қандай баҳолайсиз? Тадбиркорларга тилакларингиз.

– Вилоятимизда тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш учун имкониятлар катта. Озиқ-овқат саноати, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда фаолият юритаётган корхоналар сони ортиб бормоқда.

Муҳими – маҳсулот сифатини сақлаш, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва барқарор бозорни шакллантириш. Кўргазма-ярмарка эса ана шу вазифаларни амалга оширишга хизмат қилувчи дастаклардан бири бўлади. Ишбилармонларни яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга чақираман. Кўргазма маҳсулотни намойиш этиш билан бирга, янги ҳамкорлар топиш, шартномалар тузиш ва бозорни кенгайтириш имкониятидир. Биз учун асосий мақсад – “Туркистонда ишлаб чиқарилган” маҳсулотларни ҳудудий бозордан республика миқёсига, ички бозордан эса халқаро майдонга олиб чиқишдир. Бугунги тадбиркорнинг ютуғи – янги маҳсулот, янги бозор ва янги ҳамкорликдир. Шу жиҳатдан бундай йирик тадбирларнинг вилоят иқтисодиёти учун аҳамияти залворли.

– Мазмунли мусоҳаба учун раҳмат!

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2026-08-28, 21:43 14
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.