Вилоятда саноатни ривожлантириш, сармоя жалб этиш ва янги иш ўринларини яратиш борасидаги тадбирлар изчил давом этмоқда. Бугунги кунда ҳудуд иқтисодиётини ранг-баранглаштиришда саноат ҳудудлари муҳим ўрин эгаллаб, янги ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини йўлга қўйишнинг асосий майдонларидан бирига айланмоқда. Вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров раислигида ўтган девон йиғилишида саноат ҳудудларини ривожлантириш, сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда саноат ҳудудларининг ҳолати билан бир қаторда, уларнинг сармоявий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш ва сармоядорлар учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
– Саноат ҳудудлари – вилоят иқтисодиётини ранг-баранглаштириш, янги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш ва сармоя жалб этишнинг муҳим омили. Ҳар бир саноат ҳудудида аниқ натижа бўлиши керак. Лойиҳаларни жалб этиш, инфратузилма билан таъминлаш ва сармоядорлар учун қулай шароит яратиш тадбирларини кучайтириш зарур. Асосий мақсад – ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринларини барпо этиш, – дейди Нуралхан Кўшеров.
1931 гектар майдонда 105та лойиҳа
Минтақада умумий майдони 1931 гектар бўлган 21та саноат ҳудуди ташкил этилган. Уларда умумий қиймати 158,4 миллиард тенге бўлган 105та сармоявий лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳалар тўлиқ ишга туширилгандан сўнг 5964та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бу рақамларнинг ўзиёқ саноат ҳудудлари вилоят иқтисодиётида тобора муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатади. Чунки бу майдонлар нафақат ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш, балки сармоя жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун ҳам муҳим иқтисодий дастак вазифасини ўтамоқда.
Айни пайтда умумий қиймати 66 миллиард тенге бўлган 45та сармоявий лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар тўлиқ ишга туширилса, қўшимча 2636та янги иш ўрини юзага келади.
Бу ерда асосий эътиборни фақат жалб қилинган сармоя миқдорига эмас, балки унинг иқтисодий самарасига ҳам қаратиш муҳим. Яъни, сармоя ишлаб чиқариш қувватини ошириши, янги корхоналарнинг ишга туширилиши ва аҳоли учун барқарор иш ўринларининг яратилиши билан натижали бўлади.
2025 йил якунларига кўра бўйича саноат ҳудудларида умумий қиймати 26,5 миллиард тенгени ташкил этган 12та сармоявий лойиҳа ишга туширилиб, 562та иш ўрни яратилган эди. 2026 йилда эса ушбу йўналишдаги ишларни янада жонлантириш мақсад қилинган.
Янги ишлаб чиқариш қувватлари
2026 йилда саноат ҳудудларида 13та сармоявий лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Бугунга қадар режадаги 13та лойиҳанинг 4таси ишга туширилди. Жетисай саноат ҳудудида “Бирлик-Е” МЧБ пахта толасини қайта ишлаш ва уни ишлаб чиқариш заводини ишга туширди. Лойиҳага 2,8 миллиард тенге сармоя жалб этилиб, 100та янги иш ўрини яратилди.
Шу ҳудудда “Altyn Kun Group” МЧБнинг томчилатиб суғориш тасмаларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш мажмуаси ҳам фаолиятини бошлади. Лойиҳага 1,2 миллиард тенге сармоя жалб этилиб, 30 киши иш билан таъминланди.
“Отырар-мақта” саноат ҳудудида “Yuanhong International Trading Co. Ltd ” МЧБ машина-трактор паркига эга пахтани қайта ишлаш заводини ишга туширди.
Сариоғоч саноат ҳудудида эса “Альбарака 077” МЧБнинг мой заводи фаолиятини бошлади. Корхонага 0,8 миллиард тенге сармоя жалб қилиниб, 70та янги иш ўрини яратилди. Йил охирига қадар қолган 9та сармоявий лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Улар орасида ўғит, қоғоз маҳсулотлари, кимё саноати маҳсулотлари, мебель, асфаль-бетон ва темир-бетон буюмлари, девор панеллари ҳамда қоплама плиткалари ишлаб чиқариш корхоналари бор. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши вилоятда саноат тармоқларини кенгайтириш билан бирга, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва қайта ишлаш саноати ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада кучайтириш имконини беради.
Ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда
Саноат ҳудудларининг самарадорлиги ишлаб чиқариш кўрсаткичларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида ушбу ҳудудлардаги корхоналар 16,1 миллиард тенгелик маҳсулот ишлаб чиқарди. Бюджетга эса 600 миллион тенге солиқ тушди. Саноат ҳудудларининг муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш учун 12,4 миллиард тенге йўналтирилган. Бу бюджетдан сарфланган ҳар бир тенгега 12,8 тенге хусусий сармоя жалб этилганидан далолат.
Мазкур кўрсаткич давлат маблағларининг хусусий сармояларни рағбатлантиришдаги иқтисодий таъсири юқори эканлигини кўрсатувчи муҳим мезонлардан биридир. Янги сармоявий лойиҳаларни саноат ҳудудларига жалб қилиш борасида ҳам ижобий натижалар қайд этилмоқда. 2026 йил учун саноат ҳудудларига 7та сармоявий лойиҳани жалб қилиш режалаштирилганди. Бироқ 8 ой якунлари ушбу кўрсаткич икки баравар ортиғи билан уддаланганини кўрсатмоқда. Уларнинг умумий сармоя ҳажми 42,7 миллиард тенгени ташкил этади. Лойиҳалар тўлиқ ишга туширилгач, 597 киши иш билан таъминланади. Бу рақамлар вилоят сармоядорлари учун ишлаб чиқариш салоҳияти юқори ҳудудлардан бири эканлигини кўрсатади. Бироқ янги лойиҳаларни жалб қилиш билан бирга, уларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ишга туширилишини таъминлаш ҳам муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Асосий вазифа – лойиҳани натижага етказиш
Йиғилишда вилоят раҳбари айрим саноат ҳудудларида сармоявий лойиҳаларни жалб қилиш ва зарур муҳандислик инфратузилмаси билан таъминлаш ишларининг ночорлигини таъкидлади. Бу эса саноат ҳудудларини ривожлантиришда ҳудудлар ўртасидаги фарқни камайтириш зарурлигини кўрсатади. Айрим ҳудудларда сармоявий фаоллик юқори бўлса, бошқа ҳудудларда бўш майдонлар ва инфратузилма масалалари янги лойиҳаларни амалга оширишга тўсқинлик қилиши мумкин. Шу боис, масъул бошқармалар, туман ва шаҳар ҳокимлари зиммасига саноат ҳудудларининг сармоявий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, бўш майдонларни ҳақиқий лойиҳалар билан тўлдириш ва сармоядорлар билан ишлашни кучайтириш вазифаси юкланди. Шунингдек, муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ масалаларни жадал ҳал этиш, ишга туширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш вазифаси ҳам топширилди.
Вилоят раҳбари ҳар бир сармоявий лойиҳани ишга туширилгунига қадар қўллаб-қувватлаш ва унинг амалга оширилиш жараёнини доимий назоратда ушлаш зарурлигини таъкидлади. Саноат ҳудудларини янги ишлаб чиқариш корхоналари билан тўлдириш, сармоя оқимини кўпайтириш ва барқарор иш ўринларини яратиш вилоят иқтисодий тараққиётининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолаверади.