2025 йил 8 сентябрь куни ҚР Президенти Қ. Тўқаевнинг “Қозоғистон сунъий идрок даврида: долзарб масалалар ва уларнинг ечими – рақамли ислоҳотлар орқали” мавзуидаги Қозоғистон халқига йўллаган Мактубида мамлакат тараққиётининг яқин ва узоқ истиқболлари учун муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Мактубда иқтисодиёт, рақамлаштириш, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, сув захиралари, сармоя ва меҳнат бозорига оид қатор аниқ вазифалар илгари сурилди.
Орадан бир йил ўтгач, ушбу топшириқлар ижроси қай даражада эканлиги, қайси ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилгани ва қайси йўналишларда ишлар давом этаётганини таҳлил қилиш муҳим. Зеро, Президент Мактуби фақат сиёсий ҳужжат эмас, балки давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастурий асосдир. Шу нуқтаи назардан М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон Тадқиқот университетининг фалсафа фанлари номзоди, Сиёсатшунослик кафедраси доценти Соҳибжамол Қўрғонова билан Давлат раҳбарининг Мактубида белгиланган вазифаларнинг амалий натижалари ҳақида суҳбатлашдик.
– Президент Мактубларининг мамлакат тараққиётидаги ўрни ҳамда ўтган йилги Мактубнинг ўзига хос жиҳатларига тўхталсангиз.
– Даставвал, Мактубни давлат сиёсатининг муҳим стратегик ҳужжати сифатида баҳолаш лозим. Унда нафақат бугунги кун муаммолари, балки мамлакатнинг келгуси тараққиёт йўналишлари ҳам белгилаб берилади. 2025 йилги Мактубнинг асосий хусусияти шундаки, унда рақамли трансформация ва сунъий идрок мамлакат иқтисодиёти ва жамият ҳаётининг деярли барча жабҳалари билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқилди. Президент рақамлаштиришни оддий технологик жараён сифатида эмас, балки давлат бошқарувчи ва иқтисодиётни замонавийлаштиришнинг стратегик йўналиши сифатида белгилади. Шу билан бирга, Мактубда Парламент ислоҳоти, таълим ва тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, ер ва сув захираларидан самарали фойдаланиш, сармояларни жалб этиш, ишчи касблар нуфузини ошириш каби масалалар ҳам қамраб олинди. Муҳим жиҳати шундаки, бу вазифаларнинг айримлари қисқа вақт ичида амалий натижа бера бошлади.
– Парламент ислоҳоти Мактубнинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бири бўлди. Бу жараённи қандай баҳолайсиз?
– Ҳа, бу масала алоҳида аҳамиятга эга. Президент Мактубида мамлакатда бир палатали Парламент ташкил этиш ғоясини илгари сурди. Бироқ бу масалада шошма-шошарликка йўл қўймаслик, даставвал кенг жамоатчилик, тадқиқотчилар ва фуқаролар фикрини ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Менимча, бу ерда муҳим жиҳат – ислоҳотнинг жамият муҳокамасидан ўтганидир. Президент таклифининг навбатдаги босқичида парламент ислоҳоти бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, фуқаролардан келиб тушган минглаб таклиф ва мурожаатлар ўрганилди. Натижада, бир палатали Парламентга ўтиш масаласи кенг муҳокама қилинди ва кейинчалик янги Конституция юзасидан референдумда аҳоли томонидан қўллаб-қувватланди. Бу жараённи сиёсий тизимларни замонавийлаштириш нуқтаи назаридан ҳам баҳолаш мумкин. Ваҳоланки давлат ислоҳотларининг барқарорлиги кўп жиҳатдан уларнинг жамиятдаги муҳокамаси ва фуқаролар иштирокига боғлиқ.
– Рақамлаштириш ва сунъий идрок мавзусига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Йил мобайнида ушбу йўналишда қандай ўзгаришлар рўй берди?
– Бу, ҳақиқатан ҳам, энг тез суръатда илгарилаган йўналишлардан бири эди. Мактубда “рақамлаштириш” тушунчаси 14 марта, “сунъий идрок” эса 31 марта тилга олингани мавзунинг нақадар устувор эканлигидан далолат. Президент мамлакатни қисқа муддатда тўлиқ рақамли давлатга айлантириш вазифасини қўйди. Шундан сўнг СИ ва рақамли тараққиёт соҳасидаги давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилди, махсус вазирлик фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу йўналишда қонунчилик базаси ҳам шакллантирилди. 2025 йил ноябрида “Сунъий идрок тўғрисида”ги Қонун имзоланди. 2026 йил январь ойида эса Рақамли кодекс кучга кирди.
Бундан ташқари, 2029 йилга қадар СИни ривожлантириш концепцияси ҳамда Digital Kazakhstan стратегияси қабул қилинди. Бу ҳужжатлар СИни иқтисодиётга, меҳнат бозорига ва давлат хизматларига босқичма-босқич жорий этиши учун ҳуқуқий ва тизимли асос яратади.
– Таълим соҳасида ҳам катта вазифалар белгиланган эди. Бу борада қандай натижаларни қайд этиш мумкин?
– Таълим соҳасидаги муҳим вазифалардан бири – “Келажак мактаблари” лойиҳасини тўлиқ амалга ошириш эди. Мактуб қабул қилинган пайтда режалаштирилган 217та мактабнинг 150таси фойдаланишга топширилган эди. Давлат раҳбари қолган мактабларни ҳам тезроқ барпо этиб, ишга тушириш вазифасини белгилади. Натижада, 2025 йил якунига қадар режадаги барча мактаблар фойдаланишга топширилди. Лойиҳа доирасида мамлакат таълим тизимига 460 мингта янги ўқувчи ўрни қўшилди. Шунингдек, 54та уч сменали ва 12та авария ҳолатидаги мактаб муаммоси ҳал этилди. Демак, бу ерда янги мактаблар таълим инфратузилмасини янгилаш, ўқувчилар учун хавфсиз ва замонавий муҳит яратишга хизмат қилаётганлиги кўзга яққол ташланади. Мактубда қишлоқ тиббиёти ҳақида ҳам алоҳида топшириқ берилди. Қишлоқ аҳолиси учун тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами иншоотларини барпо этиш ва ишга тушириш ишлари давом эттирилди. Ўтган йил охирига қадар 195та ана шундай иншоот фойдаланишга топширилди. Бу, айниқса, чекка қишлоқлар аҳолиси учун муҳим. Тиббий хизмат сифати фақат йирик шаҳарлардаги замонавий шифохоналар билан эмас, балки қишлоқ аҳолисининг кундалик тиббий ёрдамдан қанчалик осон фойдалана олиши билан ҳам белгиланади.
– Қишлоқ хўжалиги соҳасида қандай ижобий ўзгаришлар юз берди?
– Қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш масаласи ҳамиша долзарб. Президентнинг “ер эгасиз қолмаслиги керак”, деган иқтибоси ҳам масаланинг моҳиятини аниқ ифодалайди. Мактуб эълон қилингунга қадар 13,5 миллион гектар ер давлатга қайтарилган бўлиб, унинг 6 миллион гектари қайта тақсимланган эди. Қолган 7,5 миллион гектар ерни ҳам иқтисодий айланимга киритиш юзасидан режалар тасдиқланган. 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, қайта тақсимланган ер ҳажми 13,5 миллион гектарга етган. Шундан 5,5 миллион гектари маҳаллий аҳолига чорва молларини боқиш учун умумий фойдаланишга берилган, 8 миллион гектари эса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига танлов асосида ажратилган. Бу ерда эътиборли жиҳат – ер захираларининг иқтисодий айланимга қайтарилиши билан бирга, маҳаллий аҳолининг манфаатлари ҳам инобатга олинган.
– Сув захираларини бошқариш ва рақамлаштириш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
– Сув – мамлакатимиз учун стратегик захира. Шу боис, уни ҳисобга олиш, назорат қилиш ва оқилона бошқаришнинг ягона тизимини яратиш жуда муҳим. Шу мақсадда Миллий сув захиралари айланма тизими ишлаб чиқилди. Унда сув иншоотлари, сув хўжалиги инфратузилмаси, сувдан фойдаланувчилар, ер ости сувлари ва соҳанинг бошқа маълумотлари бирлаштирилмоқда. Айни пайтда тизимда 23 мингдан зиёд сув иншооти ҳақидаги маълумотлар рақамлаштирилган. Жумладан, 17 758та дарё, 3 148та кўл ва 1 207та гидротехник иншоот ҳақидаги маълумотлар тизимлаштирилган. Бундай рақамлаштириш келгусида сув захираларини бошқаришда аниқ маълумотларга таяниш имконини беради. Айниқса, сув танқислиги кучайиб бораётган шароитда жуда муҳим. Сармояларга келсак, Давлат раҳбари фақат хомашё соҳасига эмас, балки қайта ишлаш саноатига йўналтириш зарурлигини таъкидлади. Камёб металларни қайта ишлаш, геология соҳасидаги маълумотларни тизимлаштириш ва СИдан фойдаланиш вазифалари ҳам белгиланди. Геологик маълумотларни рақамлаштириш ва СИ технологияларидан фойдаланиш истиқболли йўналишлардан бири. Умуман олганда, сармоя сиёсатидаги асосий мақсад – иқтисодиётни ранг-баранглаштириш, яъни мамлакатни фақат хомашё экспортига боғлиқ бўлиб қолишдан ҳимоя қилишдир. Мактубда белгиланган вазифаларнинг муайян қисми амалдаги қарорлар, қонунлар ва амалий лойиҳаларда ўз аксини топди. Парламент ислоҳоти, СИ соҳасидаги қонунчиликнинг яратилиши, Рақамли кодекснинг қабул қилиниши, янги мактаблар ва тиббий иншоотларнинг ишга туширилиши, қишлоқ хўжалиги ерларини иқтисодий айланимга қайтариш, сув захираларини рақамлаштириш – буларнинг барчаси сиёсий баёнотдан амалий натижага ўтиш жараёнини кўрсатади. Тараққиётнинг муҳим йўналиши, деб белгиланган вазифаларнинг ҳаётдаги ифодаси муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, жорий йилни Мактубда кўрсатилган вазифаларнинг босқичма-босқич амалий натижага айланиш даври сифатида баҳолашимиз мумкин.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!