Қайрат Балабиев: ''Мақсадимиз – сунъий идрокни босқичма босқич жорий этиш''
Замонавий педагог-муаллимларни тайёрлайдиган пешқадам олий ўқув юрти – Ўзбекали Жанибеков номидаги Жанубий Қозоғистон педагогика университетига янги раҳбар тайинлангани маълум. Фурсатдан фойдаланиб, унинг янги ректори, илмий фаолияти, ҳуқуқшунос сифатидаги қобилияти ҳамда ишбилармонлиги билан танилган давлат арбоби Қайрат Балабиевни мусоҳабага чорладик.
Суҳбатимиз таълим тизимидаги энг муҳим ислоҳотлар, сунъий идрок ва рақамлаштириш, меҳнат бозоридаги талаб юқори ихтисосликлар, талабаларга бағишланди, шунингдек, ОТМ ютуқларини кўрсатиш, галдаги режалари билан танишишдан иборат бўлди.
– Қайрат Рахимули, суҳбатимиз аввалида таржимаи ҳолингиз ва меҳнат фаолиятингиз билан таништирсангиз. Шахсиятингизни очиб берадиган қайси жиҳатларингизни айта оласиз?
– Ўзимни қисқача таърифлайдиган бўлсам, 1965 йилда Кентов шаҳрида туғилганман. 1990 йилда Е. A. Бўкетов номидаги Қарағанди Давлат университетининг Ҳуқуқшунослик факультетини тамомлагач, илк меҳнат фаолиятимни Шимкент шаҳридаги Дзержинский туман прокуратурасида амалиётчи сифатида бошладим. Касбий тажрибага эга бўлгач, турли йиллар давомида прокуратура ва адлия идораларида раҳбарлик лавозимларида ишладим.
Аста-секин ҳаётимда амалиёт билан бир қаторда, яна бир соҳа, йўналиш пайдо бўлди. Ниҳоятда муҳим соҳа. Ҳуқуқшунос мутахассисларни ўқитиш ва тайёрлаш. 2001 йилда менга Шимкент шаҳридаги Қозоғистон Давлат ҳуқуқшунослик Академиясининг Жанубий Қозоғистон ҳуқуқшунослик институти раҳбариятини топширишди. Бу давр мен учун мутлақо янги, ҳақиқий касбий амалиёт даври бўлди. Мен нафақат қонунчиликни яхши билиш лозимлигини, балки тўплаган билимларни ёш авлодга, бўлажак ҳуқуқшуносларга етказиш нақадар муҳимлигини англадим, кашф этдим.
Энди вакиллик тизимларидаги меҳнат фаолиятимга келадиган бўлсак, бу ҳам алоҳида давр, хизмат поғонасида ўсишимдаги муҳим босқич. Мен депутат этиб сайландим, кейинчалик, Жанубий Қозоғистон вилоят маслаҳатининг раиси сифатида фаолият юритдим. Олтинчи ва еттинчи чақириқ Туркистон вилоят маслаҳати, шунингдек, саккизинчи чақириқ ҚР Парламенти Мажлисининг депутати этиб сайландим.
Мен учун депутатлик фаолиятим кўплаб масалаларга мутлақо бошқа нуқтаи назардан қараш имкониятига айланди. Аввало, одамлар дардини тинглаш, уларнинг кундалик муаммоларини тушуниш ва нафақат минтақанинг, балки бутун мамлакат равнақига таъсир кўрсатадиган қарорлар ва қонунларни қабул қилишда иштирок этиш шарти бўлди.
– Қайрат Рахимули, янги раҳбар сифатида, келгуси йилларда университет олдига қўйган асосий вазифаларингиз нималардан иборат? Прокурор, ҳуқуқ фанлари доктори, профессор, собиқ Парламент Мажлиси депутати педагогика университетига қандай ўзгаришлар киритмоқчи?
– Аввало, шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мен учун университет раҳбарлиги нафақат маъмурий иш, балки шу ерда таҳсил олаётган ёшлар келажаги учун ҳам юксак масъулият ҳиссидир. Шу боис, ректор сифатидаги асосий вазифам – олий таълим юртини замонавий, технологик жиҳатдан илғор, рақобатбардош, таълим ва илм-фан майдонига айлантиришдир.
Бугунги кунда олий таълим тизими мутлақо янги даъватларга дуч келмоқда. ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев инсон капитали мамлакат тараққиётининг асосий омилларидан бири эканлигини бот-бот айтиб келади. Август анжуманида, яъни 2026 йил 26 августдаги пленар мажлисдаги нутқида Давлат раҳбари қуйидагиларни таъкидлади: “Янги рақамли аср шарт-шароитларида айнан инсон капитали – тараққиётнинг энг муҳим омилига айланмоқда”.
Шу даъватдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекали Жанибеков номидаги Жанубий Қозоғистон педагогика университетининг асосий вазифаси – инсон капиталини ривожлантириш бўлади. Мен бу вазифа ижросини ўқитувчилар таълими сифатини ошириш, касбий ва рақамли ваколатларини ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар корпусининг касбий салоҳиятини юксалтириш ҳамда илғор таълим амалиётини жорий этиш орқали кўрмоқдаман.
Бунинг учун биз яқин 3-5 йил ичида таълим дастурларини янгилаймиз, мавжудларини такомиллаштирамиз ва хорижий университетлар билан қўшма ва икки даражали дастурлар сонини кўпайтирамиз.
Рус тилидаги таълим дастурларини ишлаб чиқиш масаласи алоҳида эътиборда бўлади. Ҳозир Россияда 60 000 нафар қозоғистонлик талаба таҳсил олмоқда. Бундай қарорга келишимизнинг сабаби – Қозоғистон олий ўқув юртларининг рус тилли кафедраларида рақобат мавжуд, қолаверса, русийзабон талабалар ва уларнинг ота-оналарининг талаб-истаклари ҳамдир.
ҚР Миллий статистика бюросининг маълумотларига кўра, ҳар йили мамлакатдаги мактабларни 215-217 мингга яқин 11-синф битирувчи тамомлайди, улардан 65-66 мингга яқини рус тилида сўзлашувчи синфлар битирувчиларидир. Бундан ташқари, ҳар йили бошланғич мактабни 343-360 мингга яқин ўқувчи тамомлайди ва уларнинг 100-110 мингга яқини рус синфлари битирувчиларидир.
Кўриб турганингиздек, ҚРда рус тилида ўқишни давом эттиришни истовчи ёшлар сони анча.
Янги авлод ўқитувчиларини – ўз фан соҳаси, рақамли воситалар ва сунъий идрок билан мустақил ва эркин ишлай оладиган мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Республика Президенти томонидан олий таълим муассасалари олдига қўйилаётган вазифалар, асосан, шулар жумласидандир.
Яқинда Давлат раҳбари билан бирга Жанубий Кореяга давлат ташрифи билан бордик. Учрашувлар чоғида таълим ва технологиялар соҳасидаги жаҳон етакчилари билан чуқур технологик ҳамкорлик қилиш, Сеулни Қозоғистонни рақамли янгилашга оид илғор тажрибаларини жалб қилиш, қозоғистонлик талабаларга сунъий идрок технологияларини ўргатиш юзасидан келишувларга эришиб, қайтдик.
Шу аснода, университетнинг энг муҳим вазифаларидан бири – ўқув жараёнига сунъий идрок технологияларини босқичма-босқич жорий этиш воситаларидан кенг фойдаланиш, талабаларнинг рақамли саводхонлигини ривожлантириш бўлади.
Яна бир стратегик мақсадимиз – илм-фанни ривожлантириш. Биз профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлаш, илмий даражага эга ўқитувчилар сонини кўпайтириш, ёш олимларни илмий-тадқиқот фаолиятига фаол жалб этиш ниятидамиз.
Бундан ташқари, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш борасида грант лойиҳалари, халқаро илмий дастурлар ва танловларда фаол иштирок этишни кўзламоқдамиз.
Ёш тадқиқотчилар учун шароитлар яратишимиз керак. Улар университетни нафақат иш ўрни, балки касбий ва илмий юксалиш майдони сифатида кўрса, деймиз.
Келгуси 3-5 йилда университет илмий-таркибий қисмини мустаҳкамлайдиган ва мутахассислар тайёрлашни кенгайтирадиган тўртта диссертация кенгашини ташкил этиш каби вазифаларни ҳам илгари сурмоқдамиз.
Яна бир стратегик устувор вазифаларимиздан бири – Халқаро майдонга чиқиш. Биз хорижий университетлар ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтирамиз, таълим дастурларини кўпайтирамиз, хорижлик профессорларни таклиф қилиб, қўшма ва икки босқичли таълим дастурларини ишлаб чиқамиз.
Шу мақсадда, яқинда Туркия (Гази университети) ва Жанубий Кореяга (Сеул) қилган саёҳатларим чоғида, аввало, технологик ҳамкорликни кенгайтириш, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқотларни ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиёда иқлим технологиялари ва уларнинг амалий синовлари ғояларини илгари сурдик.
Яна инглиз тилида ўқитиладиган фанларни кўпайтирамиз. Бундан ташқари, бизда халқаро талабаларни жалб қилиш вазифаси ҳам мавжуд. “Жанибеков университетида ўқиш” ахборот дастурини тайёрламоқдамиз. Мақсад – дорилфунунни нафақат Қозоғистонда, балки халқаро таълим маконида ҳам кенг таништириш.
Қолаверса, халқаро рейтинглар, QS World University Rankings, QS Asia Rankings, QS by Subject, Times Higher Education, QS Sustainability Rankings ва бошқаларда яхши ўринлар олишимиз керак.
– Минтақада қайси мутахассислар етишмаяпти? Университет бу эҳтиёжни қандай қопламоқчи?
– Бугунги кунда минтақанинг энг долзарб эҳтиёж-муаммоларидан бири – малакали муаллимлар тақчиллиги.
Туркистон вилоятида ҚР Меҳнат бозорининг 2023-2030 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли таҳлилига кўра, ёлланма ходимларга бўлган умумий талаб 122,2 минг кишини ташкил этади. Энг кўпи, яъни касблар орасида, ижтимоий фанлар бўйича ўрта мактаб ўқитувчилари – 6970 мутахассис, табиий фанлар бўйича – 6543, бошқа фанлар ўқитувчилари – 3637, бошланғич мактаб ўқитувчилари – 2195, шунингдек, мактабгача тарбиячилар – 4459.
Шимкент шаҳрида ҳам ўқитувчиларга талаб юқори. Табиий фанлар бўйича 1788 нафар ўрта мактаб ўқитувчисига, ижтимоий фанлар бўйича 602 ўқитувчисига, бошқа фанларнинг 1402 ўқитувчисига, 672 нафар бошланғич мактаб ўқитувчисига ва 1530 нафар мактабгача таълим тарбиячиларига (2023-2030 йилларга) талаб мавжуд. Рус тили ва адабиёти ўқитувчилари, шунингдек, табиий фанларни рус тилида ўқитадиган фан мутахассислари туғилишнинг юқори даражаси ва янги мактабларнинг очилиши туфайли етишмаяпти.
Жанибеков университети математика, физика, кимё, биология, информатика, география, рус тили ва адабиёти, чет тиллари, бошланғич ва мактабгача таълим ва махсус таълим бўйича ўқитувчиларни тайёрлайди.
– Илгари мамлакатимизда ЯМТдан ўтиш баллини тўпламаган абитуриентлар хорижий университетларга, масалан, Россия Федерацияси, Хитойга ўқишга киришлари мумкин эди. Чунки ЯМТ улар учун зарурий шарт эмас эди. Бу йил бу борадаги ишлар қандай бўляпти?
– Хориж университетларига, шу жумладан, Россия Федерацияси, Хитой, Европа ва Осиё мамлакатларидаги ОТМларга бевосита кириш учун ЯМТ натижалари ҳали ҳам талаб қилинмайди. Ягона Миллий Тест – бу Қозоғистон Республикасининг ички олий ўқув юртларига кириш учун зарур бўлган ички имтиҳондир.
Хорижий университетлар қозоғистонлик абитуриентларни ўз талабларига мувофиқ қабул қиладилар. Қоидага кўра, асосан аттестатнинг ўртача балли (GPA), ички кириш имтиҳонлари ёки халқаро тил ва фан сертификатлари (HSK, IELTS, SAT ва бошқалар) зарур, холос.
Яна шуни таъкидлашни истардимки, 2026 йилда Қозоғистон қонунчилигига муҳим ўзгариш киритилди – бошқа ОТМга кўчириш бўшлиғи ёпилди. Илгари, ЯМТни “четлаб ўтиш”нинг машҳур усули – трансчегаравий Россия ёки бошқа хорижий университетга тест синовларисиз ўқишга кириш, бир семестр ўқиб, кейин ЯМТ талаб қилинмайдиган Қозоғистон университетларига ўтиш мумкин эди. 2026 йил апрель ойидан эътиборан, Қозоғистон Республикаси Фан ва Олий таълим вазирлиги қоидаларни қатъийлаштирди: хориж университетларидан Қозоғистонга ўтаётган талабалар учун ЯМТ топшириш яна мажбурий талабга айланди.
– Илгари педагогика институтларида мактаблардаги миллий синфлар учун рус тили ва адабиёти муаллими тайёрланарди. Яъни, таълим тили она тили бўлмаган ўқувчилар учун. Ҳозир ушбу анъана давом этяптими? (Сайрам туманидан келган ўқувчининг саволи).
– 2024-2025 ўқув йилида ўқитувчилар таълими сифатини ошириш мақсадида Бутунжаҳон банки ёрдамида ташкил этилган “Ўрта таълимни замонавийлаштириш” лойиҳаси доирасида Қозоғистоннинг барча олий ўқув юртларида инновацион дастурлар жорий этилди. Ушбу кенг қамровли лойиҳа асосида “6В01702 Русский язык и литература” ва “6В01705 Подготовка учителя русского языка и литературы в школах с нерусским языком обучения” дастурлари ҳам ягона инновацион таълим дастурига бирлаштирилди.
Бироқ, миллий мактабларда рус тилини ўқитишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ушбу қўшма дастурнинг долзарблиги, нечоғли фойдали эканлиги, шунингдек, турли тоифадаги талабаларнинг эҳтиёжларига қараб, унинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда педагог кадрларни тайёрлаш жараёни ўта мослашувчан бўлиши керак, чунки энди таълимдаги асосий урғу – талабаларнинг эҳтиёжларига қаратилмоқда. Мактаб ўқувчилари учун янги таълим имкониятлари пайдо бўлаётган даврда, бундай ваколатларга ҳам эҳтиёж ортмоқда. Хусусан, Қозоғистонда икки мамлакат раҳбарлари (Қозоғистон ва Россия) томонидан тасдиқланган ва иқтидорли болалар ҳамда ёшларни аниқлашга қаратилган “Қозоғистон-Сириус” номли қозоқ-рус таълим лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида Президентимиз Қозоғистонда учта халқаро мактаб очишни топширди. Мазкур лойиҳа Алматида камида 600 ўқувчига мўлжалланган халқаро мактаб, 400 ўринли истеъдодлар маркази, Астанада болалар боғчаси ва ёшлар илмий-технология боғи очишни кўзламоқда. Айни пайтда Шимкент шаҳрида ҳам учинчи мактаб очиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бундай таълим дастурлари билан ишлай оладиган мутахассислар, яъни ўқитувчилар тайёрлаш долзарб вазифамиздир.
– 2026-2027 ўқув йилги грантларга тўхталсангиз.
– 2026-2027 ўқув йилида дорилфунунимизга барча даражадаги 1148та давлат таълим грантлари ажратилди. Улардан 825таси бакалавр, 145 – магистр, 53 – докторантура ва 35 – тайёргарлик курслари учун. Қўшимча, 90 грант университет қошидаги Жусипбек Аймаутов номидаги коллеж учун тақдим этилди.
Шимкент шаҳар ҳокимлиги ҳам ўз ҳиссасини қўшди – 116та грант ажратди.
Ўз навбатида, биз ҳам иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаб, бу йил бакалавриатга 100та ва докторантурага 20та грант ажратдик.
– Магистратурага-чи?
– Университет 21та магистрлик дастурини амалга оширади. Магистратурада жами 577 нафар магистрант таҳсил олмоқда, улардан 365 нафари давлат таълим буюртмаси асосида.
2026-2027 ўқув йилида 289та магистрант 18та магистратурага қабул қилинди. Улардан 130таси давлат буюртмаси бўйича, яна 159таси пуллик асосда ўқитилади.
Шуни таъкидлашни истардимки, пуллик таълимга қабул қилинганлар орасида энг юқори балл тўплаган ўн нафар магистрант университетдан таълим гранти олди.
Албатта, муштарийларингизга магистратурага қабул қилиш шартлари билан танишиш қизиқ бўлса керак. Олий ўқув юртидан кейинги таълим дастурларини амалга оширадиган таълим муассасалари учун андазавий қабул қоидаларига мувофиқ, магистратурага қабул йилига икки марта – ёз ва қишда амалга оширилиши мумкин. Магистратурага абитуриентлар Миллий тест марказининг рақамли тизими орқали ариза топширадилар ва мажмуавий тест синовларидан ўтадилар.
Магистратурага қабул мажмуавий тест синовлари асосида амалга оширилади. Бунда талабгорлар 150 балли тест синовида камида 75 балл тўплаши керак.
– Давлат гранти асосида таҳсил олган педагогика коллежлари ва пединститутлари битирувчилари учун ўз мутахассислиги бўйича мажбурий уч йиллик амалиётдан ўтиш талаби мавжуд. Бу ягона қоида ҳақида маълумот берсангиз.
– Давлат таълим буюртмаси доирасида педагогик таълим олган битирувчилар учун уч йиллик мажбурий меҳнат – бу давлат маблағи ҳисобидан ўқиганлар учун ижтимоий жавобгарликни таъминлайдиган ягона талабдир.
Яъни, давлат гранти асосида педагогик таълим олган ҚР фуқаролари ўқишни тамомлагач, камида уч йил таълим муассасаларида ишлашлари шарт. Бу давр битирув пайтидан бошланади.
Қоидага кўра, педагогик мутахассислик бўйича ўқитиш мулкчилик шаклидан қатъиназар, таълим даргоҳларида амалга оширилиши мумкин.
Шу билан бирга, қонун ҳужжатларида фуқароларнинг айрим тоифаларини мажбурий ишлардан озод қилиш ёки уни бекор қилиш учун асослар мавжуд. Хусусан, буларга ҳомиладорлик, уч ёшга тўлмаган бола туғилиши, ногиронлиги, ҳарбий хизмат, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатлар киради. Бундай масалалар белгиланган тартибда махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади.
Агар битирувчи ўз мажбуриятларини бажармаса ва шу билан бирга, ишдан озод қилиш учун қонуний асосларга эга бўлмаса, у давлат томонидан ўқиш учун сарфланган харажатларни бюджетга қайтариши шарт.
– Университетингиздаги ўқув дастурларига сунъий идрок қандай жорий этилмоқда?
– Бугунги кунда рақамлаштириш ва сунъий идрок таълим тизимини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларига айланди. Президент ўқув жараёнида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва СИни жорий этиш зарурлигини тайинламоқда. 2026 йилни “Рақамлаштириш ва сунъий идрок йили” деб эълон қилганининг ўзи ушбу соҳага алоҳида аҳамият қаратилганини англатади. Жанубий Кореяга ташриф чоғида Қозоғистон учун СИ ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик нақадар муҳим эканлиги яққол намоён бўлди. Эришилган келишувлар доирасида қўшма СИ лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келажакда Алмати вилоятидаги Алатау cити мегаполисида “Ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш, бутун Марказий Осиёда IT-кадрлар тақчиллигини бартараф этиш учун Корея Илғор технологиялар университети (KAIST) филиалини очиш режалаштирилди. Давлат дастурлари доирасида “Таълимда сунъий идрокдан фойдаланиш” фани барча бакалавр, магистр ва докторантура дастурларига киритилди. Шунингдек, таълим дастурларида рақамли саводхонлик, рақамли таълим захиралари, STEM технологиялари, робототехника ўрганилади.
– Талабалар ҳаёти, ётоқхоналари, ўқув тўловлари, ўқишдан кейин ишга жойлашиш ва долзарб масалалари ҳақида гапириб берсангиз.
– 2026 йил 1 сентябрдаги статистика бўйича, университетда 8978 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улардан 7730 нафари бакалавр, 577 нафари магистратура, 152 нафари докторантура, 24 нафари малака ошириш курсларида, 419 нафари Жусупбек Аймаутов номидаги коллежда ўқийди. 2026-2027 ўқув йилги ўқиш баҳоси бакалавриат талабалари учун 600 000 тенге, магистратура 600 000 тенге, миллати қозоқ бўлмаган чет эл фуқаролари учун 700 000 тенге, докторантура 1200 000 тенге.
Университет талабалари учун сўнгги бир ой ичида анча янгиликлар бўлди. Масалан, моддий-техник базамиз яхшиланиб, иккита ўқув биноси барпо этилди. Иккита корпус ишга туширилгач, ўқув аудиторияларидаги босим камайди, ёшлар қулай шароитларда ўқиш имконига эга бўлишди. Айни кунларда яна бир янги бино харид қилиш юзасидан ишлар олиб бормоқдамиз.
Талабалар ҳаётини қизиқарли қилиш мақсадида турли тарбиявий йўналишдаги чора-тадбирларимиз ўтказилмоқда. “Тоза Қозоғистон”, “Адолатли Қозоғистон”, “Одил фуқаро” ва “Баркамол инсон” каби дастурлар бугунги кунда фаол амалга оширилмоқда. Талабалар турли ёшлар ташкилотлари, спорт ва ижодий клублар, илмий лойиҳалар, кўнгиллилар ҳаракати, маданий ва ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларида фаол иштирок этмоқда.
2025 йил 20 ноябрда ЮНИСЕФ шафелигида республикада дастлабки “ЮНИСЕФ ёшлари” кўнгиллилар маркази очилди. Бугунги кунда талабаларимиз шаҳарнинг кўнгиллилар ҳаракатида фаол иштирок этиб, ижтимоий ташаббусларни амалга оширмоқдалар ва муҳтожларга ёрдам бермоқдалар.
Ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида ҳарбий кафедра муҳим роль ўйнайди, бу ёшларга интизом, масъулият, бурч ҳисси ва ўз Ватанига ҳурмат-эҳтиром ҳиссини шакллантиришга ёрдам беради.
Бугунги кунда университетда 3115 ўринли 8та ётоқхона мавжуд: иккита ётоқхона университетга тегишли, олтитаси давлат-хусусий шериклик доирасида фаолият юритади. Биз талабаларни нафақат арзон, балки қулай уй-жой билан таъминлашга ҳам ҳаракат қиламиз. Ётоқхона нархи ойига 10дан 25 минг тенгегача. Ижтимоий кўмакка муҳтож талабаларга алоҳида эътибор қаратилади. 2026-2027 ўқув йилида дорилфунун чет эллик талабалар ва қондошларга биринчи йил давомида ётоқхонада бепул яшашга рухсат берди. Бундан ташқари, етим болалар ва ногиронлиги мавжуд талабалар (1-гуруҳ) тўловдан тўлиқ озод қилинади ва 1-2-гуруҳ ногиронлари учун 50 фоиз имтиёз бор.
Битирувчиларимизнинг бандлигини таъминлаш масаласи ҳам доимий назоратимизда. Ўқиш давомида кўплаб талабаларимиз амалий тажрибага эга бўлишади: улар репетитор, мактаб ва ўқув марказларида ишлайди ва онлайн дарс беради. Университет уларга касбий амалиёт, икки томонлама ўқитиш (дуал) ва “Talant” янгиланиш маркази орқали ёрдам беради. Марказ талабаларга бандлик масалалари бўйича маслаҳат беради, бўш иш ўринлари ярмаркалари, тренинглар ва маҳорат сабоқларини ўтказади. Шулар орқали ёшларни меҳнат бозорига олдиндан тайёрлаймиз.
– Мазмунли ва атрофлича суҳбат учун ташаккур!