Тиббиёт соҳасида аҳолига сифатли хизмат кўрсатишнинг ўзи етарли эмас. Муҳими – фуқаро унга қандай хизмат кўрсатилганини билиши, унинг ҳақиқатан ҳам сифатли амалга оширилганини тасдиқлаши ва зарурат туғилганида ўз муносабатини билдириши мумкин. Мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизимида жорий этилаётган янги рақамли ечимлар айнан шу мақсадга қаратилган. Яъни, бемор энди тиббий хизматни олувчи оддий иштирокчи эмас, балки унинг шаффофлиги ва сифати устидан жамоатчилик назоратини амалга оширувчи фаол иштирокчига айланмоқда. Бу ўзгаришлар Шимкент шаҳрида қандай амалга оширилмоқда? Янги рақамли хизматлар аҳолига нима беради? Мажбурий ижтимоий тиббий суғурта (МИТС) тизими бугун қандай натижалар бермоқда? Бу саволларга “Ижтимоий тиббий суғурта жамғармаси” нотижорат ҲЖ Шимкент шаҳри бўйича бўлими директори ўринбосари Шалхар Шеримовдан жавоб олдик.
– Шалхар Шакимули, тиббиёт соҳасида “халқ назорати”ни кучайтириш ҳақида кўп айтилмоқда. Бу тушунча амалда нимани англатади?
– Давлат раҳбари барча соҳаларда шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Соғликни сақлаш тизими ҳам бу жараёндан четда эмас. Шу сабабли, Жамғарма тиббий хизматларнинг амалда кўрсатилганини тасдиқлаш, маблағларнинг самарали сарфланишини назорат қилиш имконини берувчи янги рақамли воситаларни босқичма-босқич жорий этмоқда.
Яқинда ишга туширилган “Qalqan” рақамли хизмати бунга яққол мисол. Энди бемор тиббий муассасага мурожаат қилганида махсус QR-кодни сканерлаб, айнан шу муассасада бўлганини ва тиббий хизматни ҳақиқатан олганини тасдиқлаши мумкин. Бу – жамоатчилик назоратининг рақамли дастакларидан бири. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур тизим шифокорнинг даволаш жараёнига аралашмайди. Унинг асосий вазифаси – кўрсатилган хизматнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш, сохта ҳисоботларнинг олдини олиш ва маблағлардан самарали фойдаланишни таъминлаш.
– Демак, рақамлаштириш фақат хизматни қайд этиш билан чекланмайди?
– Албатта. МИТС 2.0 трансформацияси доирасида eGov Mobile иловасида ҳам янги хизматлар ишга туширилади. Фуқаронинг шахсий профилида рўйхатдан ўтган поликлиника ҳақидаги маълумот, суғурта мақоми, МИТС бадаллари тарихи, тўловлар тақвими ва имтиёзли тоифага мансублиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлади. Бундан ташқари, фуқаро ўзига кўрсатилган тиббий хизматларнинг тўлиқ тарихини кўриб чиқиши ва улар амалда кўрсатилганини тасдиқлаши мумкин бўлади. Муҳими, фуқаро илова орқали тиббий ёрдам сифатини баҳолаши, зарурат туғилса, Жамғармага бевосита мурожаат ёки шикоят жўнатилиши мумкин. Бу дастаклар бир томондан аҳолининг соғликни сақлаш тизимига ишончини оширса, иккинчи томондан тиббий ташкилотлар масъулиятини кучайтиради.
– Шимкент шаҳрида мазкур тизимни жорий этиш қай даражада?
– Бугунги кунда Шимкент шаҳрида МИТС тизими доирасида хизмат кўрсатувчи 174та тиббий ташкилотнинг барчаси “Qalqan” платформасига тўлиқ уланган. Уларнинг 34таси давлат, қолганлари эса хусусий тиббий муассасалардир. Бу эса шаҳарда тиббий хизматлар шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона рақамли назорат тизими шаклланганини англатади.
– МИТС тизими, умуман олганда, аҳоли учун қандай амалий натижалар бермоқда?
– Мажбурий ижтимоий тиббий суғурта жорий этилганидан буён аҳолининг тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятлари сезиларли даражада ошди. Бугун шаҳарда 1,1 миллионга яқин аҳоли МИТС тизими билан қамраб олинган. Тизимнинг муҳим натижаларидан бири – юқори технологияли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятининг кенгайганидир. Ҳозирги кунда шаҳарда бундай хизматларни 8та тиббий муассаса кўрсатмоқда. Йил бошидан буён 300га яқин юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатилди. Молиялаштиришнинг аоссий қисми кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик ва трансплантология каби мураккаб жарроҳиларга йўналтирилмоқда. Бунинг натижасида мия қон томирларининг оғир хасталиклари, мураккаб юрак патологиялари ва бошқа оғир дардларни даволашда замонавий усуллар аҳоли учун аввалгига нисбатан анча очиқ бўлмоқда.
– Тиббий реабилитация ҳам аҳоли энг кўп фойдаланаётган хизматлардан бири. Бу йўналишда қандай ўзгаришлар бор?
– Ҳа, бу хизматга талаб юқори. Айни пайтда Шимкент шаҳрида тиббий реабилитация хизматларини 30га яқин тиббий муассаса кўрсатмоқда. Жорий йилда 10 мингга яқин тиклаш хизмати тақдим этилди. Бундай ёрдам инсультни бошидан кечирган, оғир жароҳатдан кейин тикланаётган, кардиожарроҳлик амалиётидан ўтган ёки сурункали касалликлари бор беморлар учун жуда муҳим. Болалар реабилитацияси ҳам кенгаймоқда. Жумладан, церебрал фалаж, таянч-ҳаракат тизимининг туғма патологиялари ва бошқа касалликларга мубтало болалар зарур даволаш ва реабилитация ёрдамини ўз вақтида олиш имконига эга бўлмоқда.
– Ташхис хизматларига талаб қай даражада?
– Ҳозирги кунда маслаҳат-ташхис хизматлари аҳоли орасида энг кўп талаб қилинадиган йўналишлардан бири. Компьютер томографияси, магнит-резонанс томографияси, лаборатория текширувлари ва тор соҳа мутахассислари маслаҳатларидан кенг фойдаланилмоқда. Йил бошидан буён шаҳарда МИТС доирасида 5 миллиондан зиёд маслаҳат-ташхис хизмати кўрсатилди. Ҳозир бундай ёрдамни 100дан зиёд тиббий муассаса тақдим этмоқда. Ташхис имкониятларининг кенгайиши касалликларни эрта аниқлаш, ўз вақтида даволашни бошлаш ва асоратларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Тиббий хизматлар сифатида ҳам ижобий ўсиш кузатилмоқда. Жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида тиббий хизмат кўрсатишга оид шикоятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоизга камайган. Бу тиббий муассасаларда ички назорат тизими кучайгани, беморларни қўллаб-қувватлаш хизматларининг самараси ошгани ва аҳоли билан алоқа яхшиланганидан далолат. Шунингдек, Жамғарма тиббий муассасалар фаолиятини мунтазам мониторинг қилиб боради. Аниқланган камчиликлар бўйича тегишли тавсиялар берилади. Бундай назорат тиббий ёрдам сифатини яхшилаш билан бирга, молиявий интизомни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Соғликни сақлаш соҳасида жамоатчилик назорати кучаймоқда. Ҳар бир тиббий хизмат очиқлигининг таъминланиши эса ўз навбатида маблағлардан самарали фойдаланиш, тиббий ташкилотлар масъулиятини ошириш ва энг муҳими, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилашга хизмат қилади.
– Мазмунли суҳбат учун раҳмат!