ҚР янги Конституция асосида янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Мамлакат Бош Қомуси давлат бошқарувини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш ҳамда жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли сиёсий ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворига айланди. Янги Конституция қабул қилинганидан буён рўй бераётган ўзгаришлар фуқароларнинг давлат ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, демократик тизимларни мустаҳкамлаш ва Адолатпарвар Қозоғистон ғоясини ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади. Бугун мамлакатда ўтказилаётган таҳлилий муҳокамалар, илмий анжуманлар ва жамоатчилик мулоқотлари ҳам ушбу конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб бермоқда.
Куни кеча ана шундай таҳлилий муҳокамаларда фаол иштирок этган ҚР Президенти ҳузуридаги собиқ Миллий кенгаш аъзоси, ҚХА Медиация кенгаши раиси, ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг биринчи ўринбосари, Астана шаҳар этномаданият бирлашмаси раиси, “Әділет” партияси Сиёсий кенгашининг аъзоси Шерзод Пўлатов билан мулоқотда бўлдик. Мусоҳаба давомида янги Конституция асосида тараққиёт сари юз тутаётган Қозоғистон ва юртимиздаги сиёсий палла ҳақида гап борди.
– Янги Конституциянинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва амалга ошириш юзасидан турли таҳлилий муҳокамаларда иштирок этдингиз, жамоатчилик буни қандай қабул қилмоқда?
– Ҳа, йил сиёсий жиҳатдан сермаҳсул ва мазмунли келди. Партиявий учрашувлар билан бир қаторда янги Конституциянинг кучга кириши ҳамда ҚР Қурултойи сайловига бағишланган қатор таҳлил майдонлари фаолиятида иштирок этдим. Бизнинг янги Конституциямиз ўз моҳиятига кўра давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларнинг янги шаклини, яъни ижтимоий шартноманинг янгиланган қиёфасини белгилайди. Қабул қилинган Бош Қомусимизни жамиятимизнинг энг муҳим талабларидан бири – адолатпарварликка нисбатан жамоат талабининг натижаси, деб ҳисоблаймиз.
Бугунги кунда қозоғистонликлар барча учун умумий адолат, тенглик қоидаларини, ҳалол рақобатни, меҳнаткаш инсонга ҳурматни, ҳокимиятнинг халқ олдида ва фуқароларнинг давлат олдидаги масъулиятини ҳис қилишни истайдилар. Шу боис, янги муҳим ҳужжатимиз жамият талабига ва халқнинг Адолатпарвар Қозоғистонни барпо этишга бўлган интилишига қонуний жавоб деб ҳисоблайман. ҚР Президенти Ишлар бошқармаси ҳузуридаги Парламентаризм институти томонидан ташкил этилган “Қозоғистоннинг янги Конституцияси: жамоатчилик мулоқоти ва тараққиётнинг ҳуқуқий йўналишлари” мавзуидаги халқаро анжуманда иштирок этдим. Парламентнинг собиқ депутатлари, Конституциявий суд вакиллари, маҳаллий ҳамда хорижий экспертлар билан янги Конституцияни ҳаётга татбиқ этишнинг асосий дастаклари, ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдик. Куни кеча эса ҚР Президенти ҳузуридаги Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти (KISI) томонидан ташкил этилган “Қурултой сайлови: конституциявий асослар ва сиёсий ўзгаришлар” мавзуидаги таҳлил майдонида иштирок этдим. Муҳокаманинг асосий мавзулари – Қурултойни шакллантиришнинг конституциявий асослари, янги электорал босқичнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда янгиланган сиёсий тизимда сиёсий партияларнинг ўрни ҳақида бўлди. Бундай муҳокамалар юксак амалий аҳамиятга эга. Улар амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама таҳлил қилишгагина эмас, балки янги Конституцияни ҳаётга самарали татбиқ этиш ва Адолатпарвар Қозоғистонни янада ривожлантиришга қаратилган аниқ таклиф-мулоҳазаларни ишлаб чиқишга ҳам хизмат қилади.
– Миллатлараро тотувликни таъминлаш нуқтаи назаридан янги Конституциянинг аҳамиятини қандай баҳолайсиз?
– Қозоғистоннинг энг катта ютуғи – миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликдир. Янги Конституция ана шу қадриятларни янада мустаҳкамлайди. Унда барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган. Бу эса мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча этнос вакиллари учун барқарорлик ва ўзаро ишонч муҳитини янада кучайтиради.
– ҚХА фаолиятида кўп йиллик тажрибага эгасиз. Ушбу тузилма ўз фаолиятини якунлади. Энди миллатлараро тотувлик ва ижтимоий мувозанатни қайси тизим таъминлайди?
– ҚХА мустақил Қозоғистоннинг шаклланишида беқиёс тарихий аҳамият касб этди. У 30 йилдан зиёд вақт мобайнида мамлакатдаги энг муваффақиятли жамоат ташкилотларидан бири сифатида хизмат қилди. Унинг тарихи ва ютуғи – мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорлик ва умуммиллий бирдамлик маданиятини шакллантирганидадир. Ассамблея фаолияти давомида юзлаб этномаданият бирлашмалари ташкил этилди, мамлакат бўйлаб Дўстлик уйлари, илмий-таҳлилий кенгашлар, Оналар кенгашлари, Ёшлар ҳаракатлари, журналистлар клублари каби кенг жамоатчилик тузилмалари шаклланди. Минглаб маданий-маърифий ва хайрия тадбирлари амалга оширилди. Сўнгги йилларда Ассамблея фақат маданий ҳамкорлик билан чекланиб қолмай, этномедиация, низоларнинг олдини олиш, ижтимоий мулоқот ва жамоатчилик дипломатияси каби янги йўналишларни ҳам муваффақиятли ривожлантирди. Республика бўйлаб этномедиация кенгашлари ва марказлари ташкил этилиб, юзлаб мутахассислар
тайёрланди. Бу эса жамиятда келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилди. Энг муҳими, Ассамблея Конституцияда белгиланган “Биз – ягона халқмиз”, тамойилининг ҳаётдаги амалий инъикосига айланди. У турли этносларнинг миллий маданиятини сақлаган ҳолда, ягона фуқаролик ўзига хослигини мустаҳкамлашга залворли ҳисса қўшди. Бугун ҚХАнинг тизимли фаолияти ўзининг аввалги шаклида якунланаётган бўлса-да, унинг тажрибаси, кадрлар салоҳияти ва шаклланган мулоқот маданияти йўқолмайди. Аксинча, бу бой тажриба янги ташкил этилаётган Қозоғистон Халқ Кенгаши фаолиятида давом эттирилади. Бу эса давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни янада кенгайтириш, фуқаролар овозини эшитиш ҳамда миллий бирлик ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу маънода, ҚХА фаолиятининг тугашини бир даврнинг якунланиши эмас, балки унинг энг яхши анъаналари янги конституциявий институтлар орқали замонга хос босқичда давом этади, дея баҳолаш тўғрироқ бўларди. Энг муҳими, жамиятдаги ҳамжиҳатлик, миллатлараро ишонч ва умуммиллий бирдамликни таъминлаш масалалари аввалгидек давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаверади. Ушбу қадриятлар янги конституциявий ислоҳотлар шароитида ҳам мамлакат барқарорлиги ва тараққиётининг муҳим асоси ҳисобланади.
– Сайловдан қандай натижалар кутилмоқда? Сиёсий фаоллик сизнингча мавсумийми ёки бардавом бўлишига умид борми?
– Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, бугунги сайловлар аввалгиларига нисбатан мутлақо янги сиёсий муҳитда ўтмоқда. Янги Конституция мамлакатимизда фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда сиёсий рақобатни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Фикримча, бу сайловлардан энг асосий кутилаётгани бу – фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини янада фаоллаштиришдир. Муҳими, сайлов натижалари нафақат вакиллик идораларини шакллантириши, балки аҳоли ишончини мустаҳкамлаши, жамият билан давлат ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқиши лозим.
Сиёсий фаолликка келсак, унинг мавсумий эмас, балки доимий тус олишига барча имкониятлар мавжуд. Чунки Конституцияда назарда тутилган янги институтлар, хусусан, Қозоғистон Халқ Кенгаши каби доимий мулоқот майдонлари фуқароларнинг давлат сиёсатида мунтазам иштирокини таъминлашга хизмат қилади. Энди фуқаролик фаоллиги фақат сайлов даври билан чекланиб қолмасдан, давлат қарорларини муҳокама қилиш ва жамоатчилик фикрини шакллантириш орқали йил давомида ҳам давом этиши кутилмоқда.
– Сайловда вакилларимиздан кимлар иштирок этиши мумкин?
– Ўзбек этномаданият бирлашмалари ҳам мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида анъанавий равишда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу галги жараёнларда ҳам турли соҳаларда фаолият юритаётган зиёлилар, тадбиркорлар, ёшлар етакчилари, олимлар, жамоат арбоблари ва фуқаролик жамияти вакилларининг иштироки кутилмоқда. Асосий мезон – инсоннинг қайсидир миллатга мансублигида эмас, балки унинг мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссаси, жамият ишончига сазоворлиги ва халқ манфаатларини муносиб ҳимоя қила олиш салоҳиятидир. Бугунги Қозоғистонда барча этнос вакиллари учун тенг ҳуқуқ ва тенг имкониятлар яратилган. Демак, ўзбек жамоатчилиги ҳам мамлакат келажагига дахлдор муҳим сиёсий жараёнларда муносиб иштирок этишига ишонаман.
– Медиация соҳаси вакиллари учун қандай имкониятлар яратилади?
– Медиациянинг асосий вазифаси – низоларни мулоқот ва келишув орқали ҳал қилиш. Янги Ҳужжат ҳам айнан мулоқот, ўзаро ишонч ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш ғояларига таянади. Ушбу тамойиллар жамиятда барқарорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
– Сиёсий паллани бошидан кечираётган ҳамюртларимизга тилакларингиз?
– Янги Конституцияни фақат ҳуқуқий ҳужжат сифатида эмас, балки мамлакат келажагини белгиловчи умуммиллий қадриятлар мажмуаси сифатида қабул қилишимиз лозим. Агар барчамиз қонунга ҳурмат, адолат, масъулият ва бирдамлик тамойилларига амал қилсак, Адолатпарвар Қозоғистонни бемалол барпо эта оламиз. Албатта, бунга эришамиз.
– Мазмунли мулоқот учун раҳмат!