Президентлар Қасим-Жўмарт Тўқаев ва Тхонглун Сисулит Астанада музокара ўтказди
Астанада меҳмонни қарши оларкан, Қасим-Жўмарт Тўқаев бу Лаос Президентининг Қозоғистон-Лаос ҳамкорлиги тарихидаги илк расмий ташрифи эканини мамнуният билан таъкидлади. Ташриф мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги арафасида ўтаётгани рамзий аҳамиятга эга.
– Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар дўстона тусда. Биз халқаро майдонда, энг аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида яқин ҳамкорлик қиламиз. Шунингдек, Лаос бизнинг номзодимизни Ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгашда қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ҳурматли Президент, бу Сизнинг мамлакатимизга илк ташрифингиз. Ишонаманки, у икки томонлама муносабатларимизнинг амалий кўламини илгари суришга салмоқли туртки беради, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев лаослик ҳамкасби билан суҳбатда.
Қозоғистон Президентининг сўзларига кўра, Лаос – мамлакатимизнинг Жануби-Шарқий Осиёдаги муҳим ва ишончли шериги. Давлат раҳбари сўнгги йилларда Лаос иқтисодиёти барқарор ўсаётганини қайд этди. Энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризм соҳаларида юксак натижаларга эришилган.
Ўз навбатида Тхонглун Сисулит Қасим-Жўмарт Тўқаевга Қозоғистонга таклиф этгани учун миннатдорчилик билдирди.
– Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга шахсан кўмак бераётганингиз учун ташаккур. Биз Сизнинг раҳбарлигингизда эришилаётган муваффақиятлардан ҳамиша мамнунмиз. Сиёсий тажриба жиҳатидан Қозоғистон ва унинг раҳбари биз учун катта мактабдир. Ишонаманки, ушбу учрашув шерикликни илгари суриш ва ҳамкорликни икки мамлакат манфаатлари йўлига йўналтиришга имкон беради, унга муҳим туртки бўлади, – деди Лаос Президенти.
Шундан сўнг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мувофиқлаштиришнинг дастаклари муҳокама қилинди.
ҚР Президенти Лаос Халқ Демократик Республикаси раҳбариятининг илк расмий ташрифи икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга муҳим туртки беришига ишонч билдирди. У, шунингдек, Қозоғистон Лаосни Жануби-Шарқий Осиёдаги муҳим шерик сифатида кўришини яна бир бор таъкидлади.
– Биз Қозоғистон ва Лаос ўртасидаги савдо муносабатларини янада ривожлантириш тарафдоримиз ва уни шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим асоси сифатида кўрамиз. Лаос маҳсулотлари – металл, қимматбаҳо тошлар, нефть, олтин, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тоғ-кон саноати, машинасозлик ва фармацевтиканинг аҳамияти юксак, – деди Қ. Тўқаев.
Президент икки мамлакатнинг транспорт-логистика интеграциясига алоҳида эътибор қаратди ва транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
– Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг йирик транспорт тармоғига эга ва Хитойни Европа билан Қозоғистон ҳудуди орқали боғловчи Транскаспий халқаро транспорт йўлагини фаол ривожлантирмоқда. Ақтау ва Қуриқ портларида Каспий орқали юк ташиш учун янги имкониятлар юзага келмоқда. Сианьдаги қозоқ-хитой юк терминалида стратегик логистика хабларини ишга туширдик ва ушбу ишни давом эттириш ниятидамиз. Марказий Осиё давлатлари маҳсулотларини Европага экспорт қилиш учун логистика даҳлизларини тақдим этишга тайёрмиз. Қозоғистон Жануби-Шарқий Осиё минтақасида логистика тармоғини кенгайтиришдан манфаатдор. Афсуски, ҳозирча Лаос Жануби-Шарқий Осиё минтақасидаги ягона қуруқлик мамлакатидир. Маҳсулотларингизни мавжуд инфратузилма имкониятларидан фойдаланган ҳолда Қозоғистон орқали ташишни таклиф этамиз, – деди Президент.
Қасим-Жўмарт Тўқаев «Астана» Халқаро молия марказининг имкониятларидан фаолроқ фойдаланишни таклиф қилди.
– Халқаро молия маркази минтақа учун етакчи молия майдончасига айланди. У дунёнинг 80 мамлакатидан 2600дан ортиқ компанияни бирлаштириб, қулай бизнес муҳитини шакллантирмоқда. МХМ дастури орқали Қозоғистонга 12 миллиард доллар сармоя жалб қилинди. Лаос компаниялари учун марказ Қозоғистон бозорларига чиқиш ва Марказий Осиёдаги иштирокини янада кенгайтиришнинг самарали воситаси бўлиши мумкин, – деб таъкидлади у.
Суҳбат давомида маданий-гуманитар соҳа ва сайёҳликдаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Ўзаро маданият кунларини ўтказиш, икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни тиклаш ва мустаҳкамлаш, кадрлар алмашинуви ва қўшма ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, жумладан, лаослик мутахассисларни Қозоғистонда талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича ўқитиш муҳимлиги қайд этилди.
Лаос Президенти Тхонглун Сисулит ҳам Қозоғистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлишига ишонч билдирди.
– Мен Қозоғистонни минтақада тинчлик ва барқарор тараққиётни фаол қўллаб-қувватлаётган Марказий Осиё давлатларидан бири сифатида биламан. Биз дўстона муносабатни ҳис қилмоқдамиз, шунингдек, Лаосни халқаро майдонларда қўллаб-қувватлагани учун миннатдормиз. Қозоғистон ва Лаос ўртасидаги муносабатлар дунёвий вазият қандай бўлмасин, дўстона алоқаларимиз ўзгармас ва уйғун ривожланади. Ҳозирги ташриф икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайман, – деди у.
Тхонглун Сисулит, шунингдек, Қозоғистон кўрсатаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.
– Лаосдан келган талабалар Қозоғистоннинг ўқув юртларида таълим олмоқда. Бугун улар давлат хизматида, тадбиркорликда, миллий ва маҳаллий даражадаги лавозимларда фаолият юритмоқда. Биз Сиздан кадрлар салоҳиятини оширишга ёрдам бераётганингиз учун миннатдормиз, – деб таъкидлади Лаос Президенти.
Музокаралар якунида Қасим-Жўмарт Тўқаев ва Тхонглун Сисулит турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик ва шерикликни янада мустаҳкамлашни тасдиқловчи Қўшма баёнотни имзоладилар.