26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Н. Кўшеров: ''Китобхон миллат'' лойиҳаси бутун вилоятни қамраб олиши ва сифатли амалга оширилиши лозим

   Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеров раислигида Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев топшириғи асосида «Китобхон миллат» миллий лойиҳасини ҳудудда сифатли ва тизимли амалга ошириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги кутубхона соҳасининг бугунги ҳолати ва салоҳияти атрофлича таҳлил қилиниб, амалга оширилган ишлар ҳамда олдинда турган муҳим вазифалар муҳокама этилди.

   Йиғилишда вилоят ҳокими китоб мутолааси тараққий этган жамиятни барпо этиш ва илғор фикрли миллатга айланишнинг энг муҳим йўлларидан бири эканини таъкидлади. Давлат раҳбарининг «Китоб ўқиш – ёшларни юзаки фикрлашдан ва ахборот оқимида йўқолиб қолишдан асрайдиган маънавий қалқондир», деган фикрини келтириб, бу борадаги ишларни расмиятчилик учун эмас, балки сифатли ва самарали ташкил этиш зарурлигини қайд этди.

   – Лойиҳани қоғоздаги навбатдаги тадбирга айлантириб қўймаслик керак. Барча тадбирлар кенг қамровли, креатив ғоялар билан бойитилиб, тарихимиз ва миллий қадриятларимизни тарғиб қилиш билан узвий боғлиқ бўлиши лозим. Бутун вилоятни қамраб оладиган стратегик режа аниқ натижа бериши шарт, – деди Нуралхан Кўшеров.

   Вилоятда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маъруза қилган вилоят маданият бошқармаси раҳбари Бахтижан Содиқовнинг маълум қилишича, айни пайтда ҳудудда аҳолига 391та кутубхона хизмат кўрсатмоқда. Соҳа инфратузилмасини яхшилаш мақсадида йил бошидан буён Байдибек, Тўлеби ва Сариоғоч туманларида 3та янги қишлоқ кутубхонаси очилган. Шунингдек, 8та кутубхона замонавий бинолар ва маданият уйларига кўчирилган.

Йиғилишда соҳани рақамлаштириш ва моддий-техник базасини янгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, вилоятдаги «Фороб» кутубхонасида фойдаланилаётган замонавий ИРБИС автоматлаштирилган кутубхона-ахборот тизимини туман ва шаҳар кутубхоналарига ҳам ягона марказлашган тизим сифатида жорий этиш ишлари бошланган. Маҳаллий бюджет ҳисобидан китоб жамғармасини бойитишга ажратилаётган маблағлар натижасида янги адабиётлар харид қилиш суръати ошган. Айни пайтда вилоят кутубхоналарининг умумий китоб фонди 6 миллион нусхадан ошган.

   «Китобхон миллат» марафони доирасидаги кўрсаткичлар ҳам ортиб бормоқда. Бугунги кунга қадар вилоятдан 13 321 нафар китобхон марафонда иштирок этиб, китоб мутолааси билан шуғулланган. Тўпланган умумий баллар сони эса 9 миллиондан ошган. Унда мактаб ўқувчилари, коллеж талабалари, педагоглар, давлат хизматчилари, оилалар, зиёлилар ҳамда «Парасат» йўналиши бўйича минглаб фуқаролар фаол иштирок этмоқда.

   Китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида вилоятда бир қатор замонавий ва анъанавий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Кўчма кутубхона» лойиҳаси доирасида 34та олис аҳоли пунктида, савдо марказларида, ёшлар ресурс марказларида, ҳарбий қисмларда, реабилитация марказлари ва болалар шифохоналарида махсус хизмат кўрсатиш пунктлари ташкил этилган. Улар орқали аҳолига китобхонлик хизматлари кўрсатилмоқда.

   Шунингдек, «Олтин формуляр», «12 ойда – 12 китоб», «Китоб садоси» (кўзи ожиз фуқаролар учун аудиокитоблар жамғармаси), «Тунги кутубхона», «Қумсоат», «Фороб китобхонлар клуби» ва «KoneBook» каби лойиҳалар ҳам китобхонлар эътирофига сазовор бўлмоқда. Халқаро ҳамкорлик доирасида Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистон кутубхоналари билан меморандумлар имзоланиб, тажриба алмашиш ишлари йўлга қўйилган.

    Йиғилиш якунида вилоят ҳокими масъул бошқармалар, туман ва шаҳар ҳокимликларига «Китобхон миллат» лойиҳасини ҳудудлар миқёсида янада жонлантириш ва бу борадаги ишларни кучайтириш вазифасини топширди. Шунингдек, китобхонлар ва ёшларнинг талаб-эҳтиёжларини чуқур ўрганган ҳолда китоб жамғармасини замонавий бадиий, тарихий ва маърифий адабиётлар билан мунтазам бойитиб бориш бўйича қатъий кўрсатмалар берди.

Вилоят ҳокимининг матбуот хизмати, 2026-11-11, 20:32 70
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.