26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Турон тўридаги муқаддас диёр

Ушбу лойиҳа Туркистонни ҳамжиҳатлик ва меҳнатсеварлик қадриятлари қарор топган намунали ҳудуд сифатида ривожлантиришни кўзлайди.

Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Кемелули Тўқаев 2025 йил 3 март куни “Туркистон шаҳрининг алоҳида мақоми тўғрисида”ги Қозоғистон Республикаси Қонунини имзолади. Ушбу ҳужжатда Туркистоннинг маънавий, тарихий-маданий ва сайёҳлик маркази, шунингдек, меъморий мерос маскани сифатидаги алоҳида мақоми белгиланди.

Яқинда Туркистон вилоятининг ички сиёсати ва жамоатчилик қадриятларини ривожлантиришга қаратилган махсус концепция ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат Президент ташаббуси билан қабул қилинган “Қозоғистон Республикаси ички сиёсатининг асосий тамойиллари, қадриятлари ва йўналишлари тўғрисида”ги тарихий Фармонида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг.

Ҳужжатнинг аҳамияти нимада?

Туркистоннинг қадр-қиммати, аввало, унинг бой тарихи, муқаддас қадамжолари ва маънавий меросида намоён бўлади, тарихий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга асл ҳолида етказиш эса шаҳар аҳолисидан улкан масъулият ва фидойиликни талаб этади.

Концепциянинг асосий мақсади – ўлка тарихини чуқур биладиган, билим олишга интиладиган, ҳалол меҳнат қиладиган ва атрофдагиларга ғамхўрлик кўрсатадиган инсонни тарбиялашдир. Ҳужжатда тарихий мерос ва миллий қадриятларни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш, Туркистонни юксак жамоатчилик маданияти, меҳмондўстлиги, саховати ва меҳнатсеварлиги билан ажралиб турадиган ҳудудга айлантириш ғояси илгари сурилган.

Бу мақсад Давлат раҳбарининг “Адолатпарвар фуқаро” ва “Тоза Қозоғистон” ташаббусларини аҳолининг кундалик ҳаётига татбиқ этиш орқали амалга оширилади.

 Туркистон вилояти аҳолисининг бой маънавий мероси, оилавий тарбияси, меҳмондўстлиги ва ўзаро ёрдам анъаналари, шунингдек, билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва янгиликларга интилиши бу борада муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, туркистонликларнинг ишбилармонлиги ҳалол тадбиркорликда, меҳмоннавозлиги сифатли хизмат кўрсатишда, тарихга ҳурмати билим ва маърифатда, она юртга муҳаббати эса озодалик ва масъулиятда намоён бўлиши керак.

Туркистон шаҳри – қозоқ давлатчилигининг тарихий марказларидан бири, шунингдек, Қозоқ хонлигининг пойтахти бўлган қадимий шаҳардир. Бу ердаги Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ва унинг бой мероси Туркистоннинг бутун туркий олам маънавий ҳаётидаги юксак ўрнини намоён этади.

Вилоят ҳудудида жойлашган Ўтрор, Саврон ва Сайрам каби тарихий масканлар бу заминда илм-фан, маданият ва шаҳарсозлик тамаддуни чуқур илдиз отганидан далолат беради.

Ўтрорда туғилган Абу Наср Форобийнинг ҳаёт йўли ва фозил жамият ҳақидаги қарашлари, Сайрамда дунёга келиб, Яссида маънавий мактабини шакллантирган Хожа Аҳмад Яссавийнинг ахлоқий мероси мазкур концепциянинг мазмуний асоси ҳисобланади. Уларнинг ибратли таълимоти бугунги авлодни илмга интилишга, ор-номусни қўлдан бермасликка, адолатпарвар бўлишга ва инсонларга яхшилик қилишга даъват этади. Кўҳна Ўтрордаги илм-фан ва ёзма маданият мероси эса китобхонлик ҳаракатини ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Бош ғоя ва туркистонлик қиёфа

Концепциянинг умумий ғояси – “Турон тўридаги муқаддас диёр”. Ушбу ном вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари учун умумий йўналиш сифатида таклиф этилмоқда. Унинг туб моҳияти – ҳар бир фуқаро ўз меҳнати билан фаровонликка эришадиган, билим орқали ривожланадиган ва атрофдагиларга яхшилик қиладиган жамиятни шакллантиришдан иборат.

Туркистон шаҳрида ушбу ғоя Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” тамойили асосида амалга оширилади. Хайр-саховат муҳтожларга ёрдам бериш билангина чекланмайди. У инсонга ҳурмат, адолатли савдо юритиш, одобли хизмат кўрсатиш, билимни тарғиб қилиш ва умумий маконга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш тамойилларини ҳам қамраб олади.

Шу боис, ўз тарихини чуқур англайдиган, анъаналарини ҳурмат қиладиган, билим ва меҳнатга интиладиган, меҳмонни эъзозлайдиган, жамоат тартиби ва тозаликка риоя қиладиган, туғилиб ўсган юртининг тараққиётига масъулиятли туркистонликнинг ибратли қиёфасини шакллантиришимиз зарур. Бу намуна вилоятнинг барча аҳолиси учун бирдек аҳамиятга эга. Миллий қадриятлар этник ёки диний хусусиятларидан қатъиназар, ўзаро ҳурмат ва умумий масъулиятни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳар бир фуқаро ўз қишлоғи, шаҳри ва ҳудудининг тарихини ўрганиб, уни келажак авлодга етказишга ҳисса қўшади. Билимга интилиш китоб ўқиш, касб-ҳунар ўрганиш ва янги технологияларни ўзлаштиришда намоён бўлади. Ҳудуднинг маънавий нуфузи бугунги билим маданияти билан бойиб борса, аҳолининг ишбилармонлиги ташаббускорлик, касбий маҳорат ва ваъдага вафо орқали намоён этилади.

Савдода адолатли нарх белгилаш, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишга масъулият билан ёндашиш ва истеъмолчини ҳурмат қилиш ҳудуднинг ишбилармонлик обрўсини оширишга хизмат қилади. “Меҳнатнинг таги – роҳат”, деган тамойил эса аниқ меҳнат намуналари орқали тарғиб қилинади.

Катталарга – ҳурмат, кичикларга – ғамхўрлик, қўшнилар билан аҳил яшаш ва меҳмонни иззат-икром билан кутиб олиш кундалик муносабатларнинг муҳим мезонига айланади. “Яхши сўз – ярим ризқ” тамойили жамоат жойларида, хизмат кўрсатиш соҳасида ва ижтимоий тармоқларда ҳам сақланиши лозим. Тоза кўчалар, озода ҳовлилар, муҳофаза қилинаётган тарихий обидалар ва сувни тежаш – туғилиб ўсган юртга ҳурматнинг ифодасидир. Қалб поклиги инсоннинг холис нияти, сўзи ва амали бирлиги, бошқаларга зарар етказмаслиги билан белгиланади. Шунинг учун жамоат тартибига риоя қилиш, қонунларни ҳурмат қилиш ва умумий мулкни асраш ушбу маданиятнинг  ажралмас қисмига айланади.

Ҳар бир лойиҳанинг ўз йўналиши бор

“Тарихини англаган туркистонлик”

Бу борадаги асосий мақсад – ҳудуд тарихини ҳар бир фуқарога тушунарли ва қизиқарли тарзда етказишдир. “Туғилган юртингда ўз байроғингни тик” лойиҳаси мактаблар, кутубхоналар, музейлар ва оилаларни бирлаштиради. Болалар ва ёшлар тарихий масканларга ташриф буюриб, кўрганлари ҳақида қисқа ҳикоя, видеолавҳа ёки тадқиқотлар тайёрлайдилар.

Ўтрордаги илм-маърифат анъаналари, Саврондаги шаҳар маданияти, Сайрамнинг маънавий мероси ва Туркистоннинг қозоқ давлатчилиги тарихидаги ўрни ҳақида қисқа маърифий материаллар тайёрланади. Музей мутахассислари ва тарихчилар томонидан тўпланган маълумотлар кутубхоналар, мактаблар, жамоат транспорти ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилади. Интернет имкониятлари чекланган қишлоқларда эса даврий нашрлардаги материаллардан фойдаланган ҳолда учрашувлар ташкил этиш кўзда тутилади.

Туркистонни ривожлантиришда шаҳар ва унинг атрофидаги тарихий масканларга бир-биридан ажралган ҳолда қарамаслик керак. Ўтрор, Саврон, Қарноқ (масалан, Қарноқда хонларнинг ёзги саройи, элчиларни қабул қилиш маркази ва мадрасалар каби кўплаб тарихий иншоотлар бўлган. Минг йиллик тут дарахтининг ўзи ҳам бир тарих), Ясси ҳамда Туркистон воҳасидаги бошқа қадимий шаҳар ва қўрғонларни ягона тарихий-сайёҳлик йўналишига бирлаштириб, “Буюк дашти қипчоқнинг шаҳарсозлик маданияти” йўналишини шакллантириш таклиф этилмоқда.

Ҳар бир тарихий иншоотнинг ўзига хос хусусиятларини сақлаган ҳолда, уларни ягона сайёҳлик йўналиши, бир хил навигация тизими, рақамли ечимлар, ташриф марказлари ва “жонли тарих” форматлари орқали боғлаш зарур.

Бу ёндашув ташриф буюрувчиларга фақат алоҳида тарихий ёдгорликларни кўриш имконини берибгина қолмай, балки Буюк дашти қипчоқда асрлар давомида шаклланган шаҳарсозлик, илм-фан, таълим, савдо, ҳунармандчилик ва маънавий маданиятни яхлит дунёвий ҳодиса сифатида англаш имконини ҳам беради.

“Яссавий таълимоти” учрашувларида ҳалоллик, меҳр-шафқат ва виждон олдидаги масъулият ҳаётий мисоллар орқали муҳокама қилинади. “Форобий ўқишлари” эса билим, тафаккур маданияти ва умумий манфаат йўлида хизмат қилиш мавзуларини қамраб олади. Бу ишлар илмий, маданий ва маърифий йўналишда олиб борилиб, дунёвийлик тамойилларига асосланади.

Амалга оширилган ишларнинг натижаси аҳолининг тарихий номларини ёдлаб олиши билангина эмас, балки ҳудуд меросини тушунтириб бера олиши, музейларга қайта ташриф буюриши ва тарихий масканларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши орқали ҳам баҳоланади.

“Китобхон Туркистон”

Вилоят кутубхоналарини ёшлар ва оилалар мунтазам ташриф буюрадиган, фикр алмашадиган ҳамда янги танишлар орттирадиган масканга айлантириш – асосий вазифаларимиздан биридир. Атоқли ёзувчимиз Абиш Кекилбаев қайд этганидек: “Инсонни инсон қилган – китоб, инсониятни инсоният қилган – кутубхона”. Ушбу ташаббус вилоятдаги кутубхоналар орқали амалга оширилади.

Китобхонлар учун қулай вақтда хизмат кўрсатиш, янги китоблар ҳақида маълумот бериш ва қишлоқларга китоб етказиб бериш йўлга қўйилади.

Адабиётга қизиқувчи ёшлар учун “Тоза илҳом” номли адабий танишув кечалари ташкил этилади. Ёшлар ўқиган асарлари ҳақида фикр алмашиб, қаҳрамонларнинг танлови, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва оила олдидаги масъулият каби мавзуларни муҳокама қиладилар. Қозоғистоннинг мумтоз шоирлари хотирасига бағишланган кечалар ва ёш ижодкорларнинг ижодий учрашувлари ўтказилади.

Шу билан бирга, “Йўналишлар” лойиҳаси муаллифлари билан ҳамкорликда саҳналаштирилган шеърият кечаларини ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. Албатта, бундай тадбирларда иштирок этиш ихтиёрийдир.

 “Бир оила – бир китоб” тадбири ота-она ва фарзандларнинг бирга китоб ўқишига, “Китоб совға қил” майдончаси китоб алмашишга, “Китобхон тавсия қилади” рукни эса аҳолининг севимли асарларини бошқаларга тавсия этиш имконини беради. Мактаб ва коллежларда кичик мутолаа клублари ташкил этилиб, ҳар бир учрашувда бир асарнинг ҳаёт билан боғлиқ жиҳатлари муҳокама қилинади.

“Маданиятли шаҳар ва ғамхўр қишлоқ”

“Маданиятли шаҳар ва ғамхўр қишлоқ” лойиҳаси ўзаро ёрдамни аҳолининг доимий одатига айлантиришни кўзлайди.

“Қўшнига ёрдам” ташаббуси доирасида қўшнилар ва кўнгиллилар ёлғиз кексаларга, ёрдамга муҳтож оилалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда кўмаклашадилар. Ёрдам озиқ-овқат етказиб бериш, уй юмушларида кўмаклашиш, китоб ўқиб бериш ёки рақамли хизматлардан фойдаланишни ўргатиш шаклида бўлиши мумкин.

“Ҳалол меҳнат ва адолатли савдо”

“Ҳалол меҳнат ва адолатли савдо” лойиҳасининг мақсади – ҳудуднинг ишбилармонлик салоҳиятини ишончли тадбиркорлик билан уйғунлаштириш. “Ҳалол касб – шарафли меҳнат” лойиҳасида деҳқонлар, чорвадорлар, ҳунармандлар, ишчилар, тадбиркорлар ва хизмат кўрсатиш соҳаси мутахассисларининг тажрибаси ибрат намунаси сифатида кенг тарғиб қилинади.

“Ёғочдан мўъжиза яса” учрашувларида ёшларга ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш каби амалий машғулотлар орқали таништирилади. Коллежлар ва маҳаллий тадбиркорлар қисқа маҳорат сабоқлари, ишлаб чиқариш корхоналарига танишув сафарлари, устоз-шогирд тизими ва амалиёт ўташ имкониятларини таклиф этадилар. Анънавий касблар рақамли савдо, замонавий безак ва янги технологиялар билан уйғунлаштирилади.

Бозорлар, дўконлар, маҳсулот етказиб берувчилар ва меҳмонхоналар билан ҳамкорликда адолатли нарх белгилаш, тўғри ўлчовдан фойдаланиш, иш жойини озода сақлаш, хушмуомалалик ва шикоятларга ўз вақтида жавоб бериш бўйича ягона хизмат кўрсатиш маданияти тарғиб қилинади.

Тадбиркорлар учун қисқа амалий машғулотлар ўтказилиб, истеъмолчиларнинг фикр-мулоҳазаларидан хизмат сифатини яхшилашда фойдаланилади.

Бу тадбирларнинг барчаси жамиятда меҳнатни улуғлаш ва уни янгиланган қадрият сифатида қарор топтиришга қаратилган.

“Тоза ўлка ва пок ният”

“Тоза ўлка ва пок ният” лойиҳаси ёрдамида “Тоза Қозоғистон” ташаббусини ҳовли, кўча ва инсоннинг кундалик одатларидан бошланадиган барқарор маданиятга айлантириш кўзланган.

“Менинг кўчам – энг тоза” лойиҳаси доирасида аҳоли ўз ҳовлиси ва кўчасини ободонлаштириш ишларида ихтиёрий равишда иштирок этади. Тарихий масканлар атрофидаги тозаликка алоҳида эътибор қаратилади.

“Меросга ҳурмат” ташаббуси доирасида аҳоли ва ташриф буюрувчиларга тарихий ёдгорликларга ёзувлар ёзмаслик, уларга зарар етказмаслик, белгиланган йўлаклардан ҳаракатланиш ва атрофни тоза сақлаш маданияти тушунтирилади.

Албатта, жамиятда янги одоб-ахлоқ меъёрларини шакллантиришда “Тоза Қозоғистон” лойиҳасининг аҳамияти беқиёс. Унинг моҳияти жамиятда тозалик маданиятини қарор топтириш, табиатга ғамхўрлик билан муносабатда бўлиш, вандализмга қарши курашиш ва масъулиятни оширишдан иборат.

Тартиб – остонадан бошланади. Ҳар бир инсон уйида, ҳовлисида ва кўчасида тозаликка риоя қилса, жамиятда интизом қарор топади. Интизомга риоя қилиш ва озодаликни сақлаш онгли равишда бажариладиган одатга айланиши лозим.

“Меҳмондўст Туркистон ва замонавий одоб”

“Меҳмондўст Туркистон ва замонавий одоб” лойиҳасидан кўзланган мақсад – ҳудудга хос меҳмондўстликни аҳоли ва ташриф буюрувчилар ҳис эта оладиган хизмат кўрсатиш маданиятига айлантириш.

“Меҳмон келса – ризқ келар” лойиҳаси доирасида ҳайдовчилар, савдогарлар, меҳмонхона ва умумий овқатланиш корхоналари ходимларига ҳудуд тарихини қисқача таништириш, йўл кўрсатиш, нархларни очиқ айтиш ва хушмуомалалик билан хизмат кўрсатиш ўргатилади.

Ёшлар учун ташкил этиладиган “Ёш ўлкашунос” клублари музейлар билан ҳамкорликда тарихий масканлар ҳақида тушунарли ва қизиқарли ҳикоялар тайёрлайди. Қозоқ тилидаги ахборот материалларининг сифатига алоҳида эътибор қаратилиб, ташриф буюрувчилар эҳтиёжига кўра бошқа тиллардаги маълумотлар ҳам тақдим этилади. Хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кексалар, фарзандли оилалар ва ногиронлиги бўлган ташриф буюрувчиларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда яхшиланади.

Жамоат жойларидаги навбат одобига риоя қилиш, йўлда бир-бирини ҳурмат қилиш, осойишталикни сақлаш ва интернетда маданиятли мулоқот қилишда намоён бўлади. Оила, мактаб ва жамоат ташкилотлари бу кўникмаларни изчил қўллаб-қувватлаши зарур. Миллий анъаналар замонавий билим, технологиялар ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан уйғунлашиши керак.

Президентимиз таъкидлаганидек, “тараққийпарвар жамиятнинг уч таянчи бор, улар – билим, илм-фан ва маданият”. Янги қадриятлар тизимини қарор топтириш айнан шу уч таянчга асосланиши лозим.

Ушбу концепцияни тўғри амалга ошира олсак, “туркистонлик” сўзи нафақат инсоннинг туғилган жойини, балки унинг муайян маданияти, феъл-атвори ва масъулият даражасини ифодаловчи ижтимоий тимсолга айланиши керак.

Шундагина Туркистон вилояти ўз тарихига эҳтиромни замонавий билим билан, миллий тарбияни кенг дунёқараш билан, ишбилармонликни эса ҳалол меҳнат билан уйғунлаштирган ҳудуд сифатида танилади. “Тамаддунлашган ҳудуд” деган ном китоб ўқийдиган, муҳтожларга ёрдам берадиган, чор-атрофни покиза сақлайдиган ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатадиган инсонларнинг аниқ амаллари билан қадр топади.

Халқ донишмандлигида айтилганидек: “Туғилган ердай ер бўлмас, туғилган элдай эл бўлмас”. Ҳар бир фуқаро ўзининг кундалик хатти-ҳаракатлари билан она юртининг обрў-эътиборини юксалтиришга ҳисса қўшиши зарур.

Шундагина мамлакатимиз тарихий-маънавий меросни кундалик ҳаёти биланмиллий қадриятларини замонавий тараққиёт билан уйғунлаштира олган жамият сифатида ривожланади. Бу – қадимий Туркистоннинг бошқа ҳудудларга кўрсата оладиган ибратли намунасидир.

Жанар БЕКТАЕВА, вилоят жамоатчиликни ривожлантириш бошқармаси раҳбари, 2026-11-09, 20:45 70
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.