Бугун таълим сифати фақат ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари билан белгиланмайди. Бунда ўқитувчининг касбий маҳорати, мактаб раҳбарининг бошқарув салоҳияти, замонавий технологиялардан фойдаланиш, болалар хавфсизлиги ва оила билан ҳамкорлик масалалари ҳам муҳим ўрин тутади, таълимдаги ижобий ўзгаришларга эса кўп йўналишлардаги изчил меҳнат орқали эришилади.
Вилоят таълим бошқармаси ҳузуридаги таълимни ривожлантириш маркази ҳам педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, мактабларда таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва қишлоқ мактабларини услубий қўллаб-қувватлаш борасида иш олиб бормоқда. Марказнинг 2025-2026 ўқув йилидаги фаолияти, эришилган натижалар ва келгуси вазифалар ҳақида марказ директори Бақтигул Тастанбекова билан мулоқотда бўлдик.
– Бақтигул Ашим қизи, аввало, марказнинг асосий вазифалари ва ўтган ўқув йилидаги ишлари ҳақида гапириб берсангиз. Таълим сифатини оширишда қайси йўналишларга устувор аҳамият қаратилди?
– Вилоят таълим бошқармаси ҳузуридаги марказ ташкил этилганига 10 йилдан ошди. Асосий вазифамиз мактабгача, умумтаълим ва техник ҳамда касбий таълим ташкилотларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда таълим мазмунини такомиллаштиришдан иборат.
2025-2026 ўқув йилида фаолиятимизнинг асосий йўналишлари педагогларни касбий маҳоратини ошириш, таълим сифатини яхшилаш, мактаб бошқарувини такомиллаштириш, рақамли технологияларни жорий этиш, тарбиявий ишларни тизимлаштириш ва қишлоқ ҳамда шаҳар мактаблари ўртасидаги имкониятлар фарқини камайтиришга эътибор қаратди. Асосий мақсадимиз – педагоглар олган билим ва кўникмаларни амалиётда қўллаши, мактабдаги таълим жараёни яхшиланиши ва ўқувчиларнинг сифатли билим олиши учун зарур шароитлар яратиш.
– Педагогларнинг касбий маҳорати таълим натижаларига бевосита таъсир кўрсатади. Вилоятда ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
– Бугун вилоят таълим тизимида 67636 нафар педагог меҳнат қилмоқда. Уларнинг 17964 нафари – педагог-модератор, 16645 – педагог-эксперт, 16250 – педагог-тадқиқотчи ва 547 нафари – педагог-устоз тоифасига эга.
Ҳисобот даврида вилоят бўйича 16572 нафар педагог малака ошириш курсларида таҳсил олди. “Өрлеу” миллий малака ошириш маркази билан ҳамкорликда 9187 нафар педагог ўқитилди. Жумладан, 8384 ўқитувчи фан йўналишлари, 750 педагог молиявий саводхонлик, 53 нафар мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари СИдан фойдаланиш бўйича тайёргарликдан ўтди.
Болаларнинг фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим вазифаларимиздан бири. “Өркен” миллий илмий-амалий институти билан ҳамкорликда 2542 нафар педагог махсус тайёргарликдан ўтди. Уларнинг 1150 нафари тазйиқ ўтказиш, 825 нафари оиладаги зўравонликнинг олдини олиш, 150 нафари болаларнинг ахборот хавфсизлиги, 417 нафари эса руҳий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўқитилди.
Педагогларнинг касбий ривожланиши фақат малака ошириш курслари билан чекланмайди. Шу сабабли семинарлар, тажриба алмашиш майдонлари, тадқиқот дарслари ва услубий ёрдам ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган ўқув йилида ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга қаратилган 126та йирик услубий тадбир ташкил қилиниб, уларга қарийб 102 минг нафар мутахассис жалб этилди.
– Қишлоқ мактабларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг замонавий билим бериш усулларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Қишлоқ мактабларида таълим сифатини оширишга устувор аҳамият қаратилмоқда. “Қозоғистон халқига” жамоат жамғармасининг “Қишлоқ мактаби: тенг имконият” лойиҳаси доирасида 2026 йил 10 августдан 4 сентябрга қадар вилоятнинг 15 туманида ўқув курслари ташкил этилди. Натижада, 4528 нафар қишлоқ ўқитувчиси етти йўналиш бўйича малакасини оширди. Жумладан, қадриятларга асосланган таълим, СИ технологиялари, педагогларнинг касбий ривожланиши, математика, биология, физика ва кимё фанлари бўйича машғулотлар ўтказилди.
“Қишлоқ мактаби – сифат майдони” лойиҳаси доирасида эса 24та таянч мактаб 79та кичик мажмуали мактаб билан ҳамкорлик қилмоқда. “Қозоғистон халқига” жамоат жамғармаси кўмагида 3,2 миллиард тенгедан зиёд маблағ жалб қилиниб, 16та таянч мактабнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Натижада, 566та фан кабинети ва таълим майдони янгиланди.
Бу тадбирлар 18561 нафар ўқувчи ва 2147 муаллимнинг замонавий таълим захираларидан фойдаланиши учун шароит яратди. Таянч мактабларда таълим сифати кўрсаткичи ҳам 59,9 фоиздан 61,2 фоизга кўтарилди.
Бундай лойиҳалардан кўзланган мақсад – қишлоқ болалари ҳам сифатли таълим олиши, замонавий технологиялардан фойдаланиши ва ўз қобилиятини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратади.
– Таълим тизимига рақамли технологиялар ва СИни жорий этиш борасида қандай натижаларга эришилди? Мактаб раҳбарларининг иш услубида қандай ўзгаришлар кузатилмоқда?
– Рақамлаштириш қоғоз ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш билан чекланмайди, энг муҳими, педагог ва мактаб раҳбарининг вақтини тежаш, маълумотлар таҳлилини енгиллаштиради, қарор қабул қилишни осонлаштиради. Шу мақсадда “Turan.Bilim” ва “Edu-expert.kz” дастурлари синовдан ўтказилмоқда. Лойиҳага жалб қилинган 21та таълим муассасасида мактаб ички назоратига оид режалар, ахборот ва мониторинг ҳисоботлари рақамлаштирилди. Бу мактаб маъмуриятининг ҳужжатлар тайёрлашга сарфлайдиган вақтини 40 фоизга қисқартириш имконини беради.
Шу билан бирга “Bilim Center”, “Bilim-app.kz”, “EDUCON”, “Eduser” ва “JaryqTest” дастурлари ҳам синовдан ўтказилмоқда. 2025-2026 ўқув йилининг биринчи чорагида “Bilim Center” орқали вилоятдаги 1002та мактабдан бошланғич назорат ишлари олинди. “EDUCON” дастурида эса 52та мактабда ўқувчилар билимини мониторинг қилиш синовлари ўтказилди.
Натижалар ўқувчиларнинг матнни тушуниш ва таҳлил қилиш, математик масалаларни ечиш, табиий фанларда айрим мавзуларни чуқурроқ ўрганиш зарурлигини кўрсатди. Демак, рақамли дастурлар ўқувчилар билимини баҳолаш билан бирга таълимдаги муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга ҳам ёрдам беради.
Мактаб раҳбарларининг бошқарув салоҳиятини юксалтириш мақсадида “Етакчи” ва “Ёш етакчи” лойиҳалар доирасида мактаб раҳбарларининг бошқарув маҳоратини оширишга қаратилган 25та вилоят тадбири ўтказилиб, уларда 1100дан зиёд раҳбар иштирок этди. Бу ишлар таълим муассасаларини замонавий талаблар асосида бошқаришни такомиллаштиришга қаратилган.
– Билим сифати билан бир қаторда болалар хавфсизлиги, тарбияси ва оила билан ҳамкорлик ҳам муҳим. Айниқса, тазйиқ ва рақамли хавфсизлик масалаларига қандай ёндашилмоқда?
– Боланинг мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилиши, руҳий жиҳатдан соғлом муҳитда таълим олиши ва катталардан зарур ёрдамини олиши жуда муҳим. Шу боис, тарбия ва ота-оналар билан ҳамкорлик ишларини таълим жараёнининг ажралган қисми деб биламиз.
Вилоятнинг 1106 мактабида таълим олаётган 550 мингдан зиёд ўқувчи ўртасида ўтказилган мониторинг натижасида алоҳида эътибор талаб қиладиган хавф гуруҳидаги 37160 нафар ўқувчи аниқланди. Бу, умумий ўқувчиларнинг 6,71 фоизини ташкил этади. Улар билан алоҳида ишларни ташкил этиш, ота-оналар масъулиятини ошириш ва тегишли ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш борасида услубий тавсиялар ишлаб чиқилди. Мактабларда тазйиқнинг олдини олиш учун “ДОСБОЛLIKE” дастури жорий этилди, камситиш ва таъқиб қилишга қарши жамоалар ташкил қилинди. Ота-оналарни педагогик қўллаб-қувватлаш марказлари ҳамда “Донолик мактаби” доирасида “Ота насиҳати”, “Буви донолиги”, “Ака ғамхўрлиги”, “Янга маслаҳати” каби клублар фаолият юритмоқда.
“Адолатпарвар ота-она – хавфсиз болалик” концепцияси доирасидаги сўровномада 24648 нафар ота-она иштирок этди. Унда экранга қарамлик ва рақамли хавфсизлик долзарб масалалар сифатида қайд этилди. Шу асосда ота-она назорати, устоз ишончи ва ўқувчи хавфсизлигига таянувчи “Рақамли учбурчак” концепцияси ишга туширилди. Болани ҳимоя қилиш фақат мактабнинг вазифаси эмас. Оила, муаллимлар ва жамият биргаликда ҳаракат қилсагина, болалар учун соғлом ва хавфсиз муҳит яратиш мумкин.
– Китобхонлик маданиятини шакллантириш, мактабгача таълим ва ўқувчиларни келажак касбига йўналтириш ҳам таълимнинг муҳим қисмлари. Бу йўналишларда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Ўқувчининг мустақил фикрлаши, ахборотни таҳлил қилиши ва билимга қизиқиши кўп жиҳатдан китобхонлик маданиятига боғлиқ. Шу боис, “Ўқишга чанқоқ мактаб” ва “Болалалар кутубхонаси” лойиҳаларини вилоятдаги 1106та таълим ташкилотида амалга ошириш бўйича услубий кўмак кўрсатилмоқда. Ҳозирги пайтда вилоятда 899та мактаб кутубхонаси ва 1188 нафар кутубхоначи фаолият юритади. Сўнгги уч йилда кутубхона фойдаланувчилари сони 534752 ўқувчига етди. “Bilim Land” ва “KITAP KZ” дастурлари орқали амалга оширилган тажриба лойиҳасида 150та мактаб иштирок этиб, 483890 ўқувчи электрон ва аудиокитоблардан масофадан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. “Саккиз дақиқалик мутолаа”, “1000 китоб”, “Табиат қўйнида китоб ўқиш”, “Оила билан ўқилган бир китоб” каби ташаббуслар ҳам болаларнинг китобга қизиқишини оширишга қаратилган. Мактабгача таълим соҳасида вилоятда 1441та муассаса фаолият юритмоқда. Уларнинг 303таси давлат, 1138таси хусусий ташкилотлардир. Бу муассасаларда 13380 муаллим фаолият юритмоқда. Болаларни эрта ривожлантириш, ота-оналарни таълим-тарбия жараёнига жалб қилиш ва замонавий усулларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Касбга йўналтириш борасида 100та ихтисослаштирилган синф очилиб, ўқувчиларнинг келажакдаги касбини онгли танлашига кўмаклашилмоқда. “STUDY IN KAZAKHSTAN – 2026” кўргазмасида 60дан зиёд маҳаллий ва хорижий ОТМ вакиллари иштирок этди. Унда 3500 битирувчи ва 2000 ота-онага маслаҳатлар берилди.
Бу тадбирларнинг барчаси боланинг қобилиятини эрта аниқлаш, қизиқишини қўллаб-қувватлаш ва келажакда ўз ўрнини топишига ёрдам беришга хизмат қилади.
– Суҳбатимиз якунида таълим тизими олдида турган асосий вазифалар ва келгуси режаларга ҳам тўхталсангиз. Эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш учун нималарга эътибор қаратилади?
– Энг аввало, таълим сифатига таъсир кўрсатувчи барча омиллар бўйича ишларни изчил давом эттиришимиз зарур. Вилоятда таълим сифати кўрсаткичи 2024-2025 ўқув йилидаги 54,37 фоиздан 2025-2026 ўқув йилидаги 55,5 фоизга кўтарилди. Аралаш мактабларда давлат тилини ўқитиш сифати 55,75 фоизни ташкил этди. “PISA” халқаро тадқиқотида вилоятнинг ўртача кўрсаткичи 409 балга етди. Бу, аввалги кўрсаткичга нисбатан 34 балл юқори. Таълим олувчилар билимини мониторинг қилиш натижаларига кўра, 4-синф кўрсаткичи 62,86 фоиз, 9-синф кўрсаткичи 59,94 фоизни ташкил этиб, республика ўртача даражасидан юқори бўлди.
Бу натижалар, албатта, қувонарли. Бироқ, улар зиммамизга янада юксак масъулият юклайди. Ўқувчиларнинг саводхонлиги ва мантиқий фикрлашини ривожлантириш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, қишлоқ мактабларини услубий қўллаб-қувватлаш, рақамли технологиялардан мақсадли фойдаланиш ва болалар хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифалар бўлиб қолади.
Келгусида ҳар бир курс, семинар ва лойиҳанинг самарасини унинг амалиётдаги натижаси орқали баҳолашга эътибор қаратамиз. Муаллимнинг билими дарсда, услубий ёрдам ўқувчи натижасида намоён бўлиши керак.
Мақсадимиз – ҳар бир бола сифатли таълим олиши учун шароит яратиш, ўқитувчининг касбий юксалишини қўллаб-қувватлаш ва мактабларнинг имкониятларини янада кенгайтиришдир.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!