26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Мудҳиш январь'' сабоқлари: Жамият бирлиги – мустақиллик гарови

Давлат раҳбари Қ. Тўқаевнинг Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси йиғилишидаги маърузаси

Ҳурматли Раис!
Қадрли Мажлис депутатлари!
Мустақиллик тарихида биз илк бор жуда мураккаб ва хавфли даврга дуч келдик. Юрт бошига тушган бундай синовни ягона мушт каби эл бўлиб бартараф этдик.
Энди бундай вазиятга ҳеч қачон йўл бермаслигимиз керак.
Шу сабабли, элимиз дучор бўлган оғир кўнгилсизлик сабабларини саралаб, унинг оқибатларига аниқ баҳо бериш – олдимизда турган жуда муҳим вазифа.
Афсуски, бугунги кунда халқ орасида рўй берган воқеага турли қарама-қарши, ҳақиқатдан йироқ, ёлғон ахборотлар тарқаб кетганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Бунга, албатта, қатор сабаблар бор: баъзи фуқароларимиз вазиятни яхши билмай туриб, нотўғри фикрласа, баъзилари маълумотларни атайин чалкаштириб, аҳволни янада чигаллаштирмоқда.
Бироқ, бизга фақат ҳақиқат керак. Шу сабабли, воқеаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, айтадиганим: йил бошидан буён ўрин олган барча воқеалар – бир тизимнинг тармоқлари дейишга тўлиқ асос бор.
Очиғини айтганда, бу бир неча йил давомида пухта ўйланган зулмкорликнинг кўриниши. Уларнинг мақсади – ўзларининг ваҳшиёна режаларини амалга ошириш бўлгани ойдек равшан.
Жамбил вилоятидаги тартибсизликлар, миллатлар орасига фитна солиш, зиддиятлар, шулар жумласидан.
Уларнинг усталик билан тузган сценарийлари, жумладан, митинг-намойишлари жамиятимизнинг уйғунлигига раҳна солди.
Улар фитна йўли билан аниқ радикал мақсадларига эришиш йўлида олға интила бошладилар.
Ваколатли идора сифатида, ҳатто, Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳам ушбу бузғунчиликка аниқ баҳо беролмади, беришни истамади ҳам. Улар миллий хавфсизликка қарши аянчли таҳдидни сезишмаган.
Босқинчилик ташкилотчилар ҳар қандай вазиятда ҳам зарур бўлган сабабни излай бошладилар.
Автогаз баҳосининг ошиб кетиши туфайли юзага келган аҳоли норозилигидан улар дастак сифатида фойдаландилар. Ундан кейин воқеа спирал кўринишида ривожланиб кетди. Занжирнинг биринчи бўғинида ҳудудларда намойишлар бошланди, жумладан, Жанаўзенда. Иккинчидан – уларга қароқчи ва талончилар қўшилишди. Ундан сўнг, қуролланган террорчилар, жумладан чет эллик жангарилар иштирокида “қайноқ” ҳолат давом этди.
Шундан сўнг уларнинг асл мақсадлари – давлат бошқаруви институтларини қайта тузиш, конституцион тизимни бузиш, алал-оқибат ҳукуматни эгаллаш истаклари аён бўлди.
Куни кеча мен ЖХШТ саммитида таъкидлаганимдек, ҳамма нарсани ўз номи билан атаган тўғри, яъни мамлакатимизга террорчилик уруши эълон қилинди, деб бемалол айта оламиз. Душманлар ҳар қандай жаҳолатга, ваҳшийликка тайёр эканликларини намоён этишди. Бу аҳолини қўрқув исканжасида қолдириб, ҳатто уларга қаршилик кўрсатиш фикридан мосуво этганди.
Қозоғистонга бўлган ҳужумлар режаси қатор бир неча жиҳатларни кўрсатди: ҳарбий, сиёсий, ғоявий, нотўғри ахборот ва бошқалар. Ҳокимиятни қўлга олишга тайёргарлик борасида касбий – профессионаллар ишлаган.
Бу халқаро терроризм томонидан мамлакатимизга қарши қуролли тажовуз бўлганлиги сабабли, Қозоғистон уни далиллаб, Жамоавий хавфсизлик шартномаси бўйича ўз ҳамкорларига тинчликпарвар контингентни юбориш илтимоси билан мурожаат қилди.
Тушуниш зарур: бундай қарорни қабул қилиш пайтида биз Алмати устидан назоратни бутунлай йўқотишимиз мумкин эди, бу эса шаҳарни террорчиларга шунчаки парчалаб ташлаш учун беришдек гап.
Алматини қўлдан бой берсак, пойтахтни ҳам йўқотар эдик, кейин эса бутун мамлакатни. Бу воқеа фожиали январь кунларининг моҳиятидир.
Тинчликпарвар кучларнинг кириб келиши натижасида шаҳарни сақлаб қолиш мақсадида пойтахтдан Алматига қўшимча махсус хизмат қисмларини жўнатдик.
Жамоавий хавфсизлик шартномаси ташкилотига алоҳида тўхталгим келади. Бунга оид турли миш-миш, айниқса, чет элларда тарқаб кетган нотўғри фикрларнинг олдини олиш зарур.
Мазкур ташкилот жамоавий хавфсизлик масалалари билан шуғулланади. Қозоғистон унинг тўлақонли муассисларидан бири. Ушбу ташкилотнинг барча аъзоларидан тузилган тинчликпарвар кучлар Қозоғистонга вақтинча – қисқа муддатгагина келди. Уларнинг зиммаларига юкланган вазифалар аниқ белгилаб қўйилган.
Бу – стратегик иншоотларни қўриқлаш, маслаҳат бериш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.
Қўпорувчиларга қарши ҳаракатни тўлиғи билан Қозоғистоннинг куч ишлатар тузилмалари амалга оширмоқда. Ҳақиқатни айтиш керакки, айнан улар ўз жонларини гаровга қўйиб ҳаракат қилишлари натижасида давлат тўнтаришига йўл берилмади. Ҳокимиятни ағдариш, давлат яхлитлигига суиқасд барбод бўлди.
Биз ягона миллат сифатида, биргаликда Алмати шаҳри ва бошқа вилоят марказларини сақлаб қолдик. Қисқа муддат ичида улар тикланиб, яна чирой очади. Бу ишлар менинг бевосита бажарадиган вазифам, албатта, Ҳукуматнинг ҳам.
Фурсатдан фойдаланиб, террорчилик хуружлари иншоотларига айланган шаҳарлар аҳолисига ҳамдардлик билдираман.

* * *

Бугун, “қора кунлар” ортда қолган вақтда қўпорувчилик ҳаракатларини бартараф этган ИИВнинг махсус бўлинмалари жангчиларининг жасоратини алоҳида таъкидлагим келади. Масалан, Алмати Полиция департаментининг биносини босиб олмоқчи бўлган босқинчиларнинг ҳужумига бир гуруҳ полициячилар икки кеча муносиб қаршилик кўрсатишди. Давлат қўриқлаш хизмати ва Мудофаа вазирлигининг ходимлари инқирозли вазиятда ўзларини муносиб намойиш этишди. Бироқ, уларнинг ҳаммаси ҳам ўз бурчларига содиқ қолишмади.
Қатор шаҳарлардаги МХҚД раҳбарлари қурол-аслаҳалари етарли бўлишига қарамай, қўпорувчиларга қарши курашиш ўрнига, қурол ва махфий ҳужжатларни қолдириб, хизмат жойларини ташлаб кетишган.

* * *

Энди мен қилишимиз керак бўлган ишларнинг дастлабки тизимларини айтиб бермоқчиман.
Биринчи. Аксилтеррор операцияларини муваффақиятли ниҳоясига етказиш зарур. Фуқароларимиз шаҳар, қишлоқ кўчаларда эркин ҳаракатланиши, ўқиб-ишлаши, ўзларининг, яқинлари ва фарзандларининг келажаги учун ваҳимага тушмаслиги учун зудлик билан тартиб ўрнатишимиз зарур. Умуман олганда, қизғин аксилтеррор операциялари ортда қолди. Бугунги кунда барча ҳудудларда вазият барқарор. Шу боис, КХШТнинг тинчликпарвар кучлари ўзининг асосий миссиясини муваффақиятли бажарганини таъкидлайман.
Икки кундан сўнг, КХШТнинг тинчликпарварлик кучлари босқичма-босқич мамлакатимиздан чиқиб кета бошлайди. Уларнинг чиқиб кетиш жараёни узоғи билан 10 кунга бориши мумкин.
Иккинчидан. Тинч аҳолига қарши жиноятларда иштирок этган барча жангарилар ва уларнинг шерикларини топиб, жазолаш керак. Эндиликда террор ҳаракатлари ортида турганлар билан курашиш жуда муҳим.
Яна бир жуда муҳим жиҳат: нега давлат жангариларнинг “ухлаб ётган” ўчоқлари ва уларнинг қўмондонлик пункти фаолиятини сезмай қолди?
Нима учун мамлакатимиз ҳудудида шунча кўп ноқонуний қурол-аслаҳа ва махсус воситалар пайдо бўлиб қолди? Нега терроризм тарафдорларини аниқлаш ва зарарсизлантириш бўйича яширин иш олиб борилмаган?
Махсус тергов-тезкор гуруҳи ўз ишини сифатли ва тўлиқ бажариши, фожианинг барча сабаблари ва тафсилотлари ошкор этилиши керак.
Учинчи. Ҳалок бўлган тартиб соқчиларининг, ҳарбий хизматчилар ва оддий фуқароларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш – бизнинг муқаддас бурчимиз.
Бу масала менинг қатъий назоратимда бўлади. Уларни бошпана, таълим ва бошқа зарур жиҳатлар билан таъминлаймиз.
Тўртинчи. Қисқа муддат ичида зарар кўрган мол-дунёни тиклаш зарур. Тўлиқ аввалги ҳаёт тарзига қайтамиз.
Молия тизими, транспорт соҳаси, озиқ-овқат етказиш соҳаларининг тўсиқсиз фаолият юритишини таъминлашимиз керак. Товарлар билан кўрсатиладиган хизматларнинг тақчиллигини, нарх-наво асоссиз кўтарилишининг олдини олиш муҳим.
Ҳукумат комиссияси ўз ишини бошлаб юборди. Бу фуқаролар ва тадбиркорликка ижобий таъсир кўрсатади. Давлат молиявий ёрдам билан бирга, тадбиркорларга бошқа кўмак турларини ҳам таклиф этади. Аниқроқ қилиб айтганда, насиялар бўйича фоизли тўловлар, жарима ва ўсимлар белгилаш тўхтатиб турилади.
Бешинчи. Мамлакат хавфсизлигини кучайтириш ва хавф-хатарнинг олдини олиш учун тезкор чораларни амалга ошириш зарур.
Биз аскарлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни зарур жойга жадал етказиш учун ҳарбий-транспорт авиацияси паркини тўкислаш ишини йўлга қўямиз. Давлат чегарасини мустаҳкамлашимиз лозим. Миграция, жумладан, ички миграция соҳасини тартибга соладиган вақт келди. Қурол-яроғ айланимини мунтазам текшириб, уни қонун доирасида созлаш зарур.
Тез фурсатда зарарланган бинолар ва махсус техникаларни таъмирлаб, видеоназорат тизимини ишга тушириб, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолиятини тиклаш зарур.

* * *

Мен, айниқса, миллий хавфсизликни таъминлашнинг бутун тизимини тубдан қайта ташкил этишдек стратегик вазифага тўхталиб ўтмоқчиман.
Қуролли кучларимиз, ҳуқуқ-тартибот идоралари, миллий хавфсизлик бўлинмалари, ташқи разведка хизматлари фаолиятини қайта қуриш зарур.
Уларнинг барчаси бир мақсад – фуқароларимиз, конституциявий тузум ва мустақиллигимизни ҳар қандай тасниф ва миқёсдаги таҳдидлардан энг самарали ҳимоя қилиш йўлида самарали меҳнат қилиши керак.
Буни давлатимизнинг туб манфаатлари талаб қилади.
Ушбу вазифани ҳал қилиш учун қуйидаги устувор йўналишларга эътибор қаратиш лозим.
Биринчи. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ қилишга шошилинч таҳрирлар киритиш. Биз полицияга хизмат кўрсатиш моделини яратиш ва жиноят-процессуал тизимни замонавийлаштиришда сезиларли ютуқларга эришдик.    
Бироқ оммавий террорчилик ҳужумларига қарши туришга тайёр бўлмоғимиз даркор.
Куч тузилмаларининг қўмондонлари жанговар кўникмаларни ўзлаштиришга, самарали ҳимоя ва ҳужум воситалари билан жиҳозлашга дарҳол киришишлари даркор.
Иккинчи. Миллий гвардияни сон ва сифат жиҳатдан мустаҳкамлаш.
Минтақаларда унинг янги бўлинмаларини шакллантириш, мавжудларини кучайтириш, транспорт ва моддий-техник таъминот масалаларини ҳал этиш керак бўлади.
ИИВ ва Миллий гвардиянинг махсус топшириқ бўлинмалари сонини кўпайтириш керак.
Жанговар тайёргарлик даражасини юксалтириш керак.
Зарур махсус ва транспорт воситалари билан етарлича таъминлаш.
Барча куч органлари махсус бўлинмалари ходимларининг иш ҳақини ошириш.
Учинчи. Полициячиларнинг ҳуқуқий муҳофазасини юксалтириш.
Ҳокимият вакилларига ҳужум ва қонуний талабларга бўйсинмаслик учун жавобгарликни кучайтириш.
Тўртинчи. Армиянинг жанговарлигини тубдан ошириш.
Қисқа муддатда махсус операциялар қўмондонлиги кучларини ташкил қилиш.
Бешинчи. Чегара хизматини ташкил қилиш ва бошқариш тамойилини қайта кўриб чиқиш.
Давлат чегарасини ҳарбий қўриқлашдан фаолиятнинг тезкор услубига эътиборни жалб этган ислоҳотларни тафтиш қилиш.
Олтинчи. Ташқи, ҳарбий, криминал ва молиявий разведкани қўшган ҳолда разведка ҳамжамияти фаолиятини тўла қайта қуриш.
Еттинчи. Турли куч тузилмалари орасида самарали мувофиқлаштиришни таъминлаш.
Таназзул вазиятларида давлат органлари хатти-ҳаракатлари алгоритмини долзарблаштириш, идоралараро мувофиқлаштиришни кучайтириш лозим.
Барча куч тузилмаларининг ҳарбий-техника мутаносиб тезкорлигини йўлга қўйиш.
Саккизинчи. Қарорлар қабуллашда куч тузилмаларининг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг раҳбарлари жавобгарлиги даражасини ошириш.
Тўққизинчи. Диний экстремизмга қарши хатти-ҳаракатлар бўйича тизимли чоралар мажмуасини жорий этиш.
Унинг жиноий олам билан, айниқса, жиноят-ижро муассасаларида чатишиб кетишига мутлақо йўл қўймаслик.
Яқин вақтда биз Хавфсизлик кенгашининг йиғилишини ўтказиб, мана шу вазифаларни жорий этишнинг аниқ йўналишларини кўриб чиқамиз.
Содир бўлган фожиали воқеалар кўп ҳолда жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва самарасиз, аниқроғи, айрим давлат органларининг яроқсиз фаолияти оқибати туфайли эканини тан олиш керак.
Айрим ижро органларининг мавжуд оғир воқелик ва фуқаролар эҳтиёжидан сезиларли узилиши рўй берди. Ҳокимият тузилмалари вакилларида одамлар ҳаёти ҳақида, уларнинг ўй-фикрлари ва эҳтиёжлари тўғрисида нотўғри тасаввур шаклланган.
Тенгсизлик муаммоси чуқурлашди. Аҳоли даромадларининг ўртача кўрсаткичлари, гўёки, қоғозда ошаётса-да, у йилдан йилга таранглашиб бормоқда.
Бироқ, салмоқли ўртача маошлар остида жамиятдаги кучли мулкий табақаланиш яширинган. Фуқароларнинг кўплаб кундалик муаммолари ҳал этилмаган.
Фаровонлик ва ҳаётнинг сифатини таъминлаш – давлатнинг бош мақсади. Бу сўзларни аниқ ишлар сатҳига кўчириш лозим.
Аҳоли барча гуруҳларининг даромадлари иқтисод ўсиши баробарида ошиши керак. Бу исбот талаб этмайдиган аксиома, афсуски, бу бизнинг вазиятимизда ишламаяпти.
Мамлакатда ташкил этилган ижтимоий-иқтисодий тизим миллий даромаднинг умумий ўсишини таъминлашда етарлича самарали эканини кўрсатди, бироқ уни тақсимлашда самарасиз бўлиб қолмоқда.
Иқтисодий ўсишнинг асосий фойда топувчилари молиявий-олигарх гуруҳлар бўлиб қолди.
Юзага келган олигополиялар эркин бозор ривожини жиддий тарзда чеклаб, мамлакатнинг рақобатбардошлигини пасайтириб қўйдилар.
Энг аввало, элимизнинг янги иқтисодий йўналишини маҳкам қўлга олиш зрарур.
Иқтисодий сиёсатимизнинг мақсади – аниқ. Бу – замон талабига мос ижтимоий дастурга эга бозор иқтисодини барпо этиш ва ривожлантириш.
Бу тизимнинг асосида жамият олдидаги масъулиятни ҳис эта оладиган тадбиркорларимизнинг салмоқли гуруҳи туриши аниқ. Яъни, бу – ўзи ва болаларининг тақдирини Қозоғистон билан боғлаган тадбиркорлар.
Худди шундай тадбиркорлар эл келажаги учун зиммасига масъулият олишга тайёр.
Шу сабабли, тадбиркорликни ривожлантириш учун тизимли иш бажариш аҳамиятга эга.
Мен бизнес зиммасига тушган тўрачилик салмоғини сезиларли камайтириб, тараққиётига йўл очадиган қонунга имзо чекдим.
Ҳукумат бу қонун салоҳиятидан аниқ иш юзасида фойдаланиши лозим.
 Давлат қўллови чораларининг самарадорлиги ва оммабоплиги кўплаб адолатли саволларни келтириб чиқармоқда.
Шаклланган тизим “дўстларга ҳаммаси, қолганларга – қонун бўйича” тамойили бўйича, асосан, йирик тузилмаларга хизмат қилишга йўналтирилган.
Моҳиятан, мазкур тизим иқтисоддаги олигополияларни янада кучайтиради. Йирик корхоналар рақобатни топтап ва ислоҳотлар ўтишига қаршилик кўрсатиб, алоҳида имтиёзлардан фойдаланишади.
Масалан, Қозоғистон Тараққиёт Банки, аслида, молиявий-саноат ва қурилиш гуруҳларидан иборат танланган шахслар учун хусусий банкка айланиб қолди. Биз ҳаммасини исми-шарифигача биламиз.
Юқори кабинетларга кира олиш имкониятидан фойдаланиб, улар ўзларининг лойиҳаларини амалга ошириш учун имтиёзли имкониятлар олишади.
Бу лойиҳаларга, айнан кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришда фойдаланиш мумкин бўлган давлат захиралари жалб қилинади.
Ҳукуматга ҚТБ фаолиятини қайта қуриш топширилади.
Давлат қўллови чораларини амалга ошириш жараёнлари ҳам ношаффоф, самарасиз бўлиб қолмоқда.
Ушбу ёндашувларни тубдан қайта кўриб чиқиш жоиз. Улар шаффоф ва тушунарли дастаклар бўлмоғи жоиз. Минтақаларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш керак. Адолатли рақобат иқтисодиётимиз учун бош талабга айланиши керак.
Бугунги кунда нарх-навони муроса орқали белгилаш одатий ҳолга айланди.
Давлат ҳамда квазидавлат харидлари соҳасида картель келишувлари кенг тарқалган.
Мисол учун ўтган йили фармацевтика бозоридаги картелни тартибга келтиришни топширдим.
Бироқ, баъзилар қонунчиликдаги камчиликларга эътибор бермасликка ҳаракат қилишиб, бу ишни тугаллашмайди. Шу боис давлат харидлари иштирокчиларини картель битимлар тузишда гумонланаётганларни текширишда мораторийни бекор қилишни топшираман.
Навбатдаги масала. Фуқароларимиз ва тадбиркорларимиз йил сайин ёқилғи-мойлаш материалларини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш тизимида шаффофлик йўқлигидан қийналишмоқда.
Аслида, ёқилғи нархини олти ой давомида қўлда созлашга мажбур бўлиб келяпмиз.
Бу борада Бош Прокуратура Рақобатни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш агентлиги, шунингдек, Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу соҳадаги ишларни созлаш, уни ислоҳ қилиш борасида мажмуавий тавсиялар ҳозирлаши керак.
Агар бу иш йўлга қўйилмаса, ёқилғи нархини тартибга солиш тизими сақланиб қолади.
Навбатдаги масала – “Самұрық-Қазына” жамғармаси хизматининг самарадорлиги.
Бугунги кунда ушбу жамғарма активи юртимиз ички ялпи маҳсулотининг 60 фоизига яқинлашади.
Яъни, бутун иқтисодиётимизнинг тараққиёти бевосита ушбу ташкилотнинг самарали фаолият кўрсатишига боғлиқ.
Жамғарманинг КЕГОК, Қазақгаз ва Қозоғистон темир йўли сингари инфратузилма компаниялари иқтисодиётимизнинг деярли барча тармоқлари самарадорлигини белгилаб беради.
Шу билан бирга, жамғарма ўзининг асосий вазифаси – миллий бойликни кўпайтириш вазифасини бажараяптими, деган ўринли савол туғилади.
Юқори маош оладиган ходимлари ва директорлар кенгаши нима иш қилади?
Хизмати жуда қиммат консалтинг компаниялари ва хорижий мутахассисларни ишга жалб этиш мантиқийми?
“Самұрық-Қазына” жамғармаси мамлакатнинг стратегик активларини бошқаришда муҳим роль ўйнайди. Шу боис Ҳукуматга Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда квазидавлат шўъбасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни топшираман.
Агар жамғармани ислоҳ қилишнинг иложи бўлмаса, иқтисодиётимизда бундай тузилманинг бўлмагани яхши.
Жамғарма харидларининг шаффофлиги юзасидан саволлар мавжуд. Шикоятлар мунтазам равишда келади.
Бу саволларга албатта, жавоб топиш керак. Хусусан, ягона манбадан давлат харидлари шартномаларини тузиш асосларини қисқартириш муҳим аҳамиятга эга. Умуман олганда “Самұрық–Қазына” ва бошқа миллий компаниялар учун харидлар тартиби қайта кўриб чиқилиши керак.
 Ўтган йили “Тартибга солинадиган харидлар тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилинди, бироқ кўплаб масалалар ҳамон қонун ости ҳужжатлари ва Жамғарманинг қарорлари даражасида ҳал қилинмоқда.
“Самұрық-Қазына” жамғармаси қоидалари ва тартибларини Молия вазирлиги ва рақобатни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш агентлиги билан мувофиқлаштиришни таъминлаш зарур.
Иқтисодий ўсиш давлатнинг иқтисодиётдаги улушининг пасайиши билан чамбарчас боғлиқ.
Бироқ хусусийлаштириш тизимли ва шаффоф юритилаётгани йўқ.
Хусусан, рақобат муҳитига ўтказиш учун активларни саралаш усуллари аниқланмаган. Уни зудлик билан ишлаб чиқиш керак.
Ҳукуматга рақобатни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш агентлиги билан биргаликда тегишли Давлат комиссиясининг хусусийлаштиришга доир қарорларининг тўлиқ шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашни топшираман.
Иқтисодиётни ранг-баранглаштириш жуда мураккаб.
Ранг-баранглаштиришсиз фуқароларимиз фаровонлигини ошириш, доимий иш ўринлари яратиш мумкин эмас.
Бу борадаги ишларда асосий эътибор ишлаб чиқариш саноатини ривожлантиришга қаратилган. Бироқ, бу мамлакат иқтисодиётида ишлаб чиқариш улуши сезиларли даражада ошди, дегани эмас.
Биз бир қатор маҳсулотлар бўйича импортга қарам бўлиб қолмоқдамиз.
Мамлакат тўлов балансида йил ўтиши билан кескин камомад кузатилмоқда.
Алюминий, мисдан ясалган тайёр буюмлар ва машинасозлик соҳасидаги тайёр маҳсулотлар ҳали-ҳануз ҳам чет элдан келтирилмоқда.
2020 йилнинг якунига кўра фақат нефть-газ ва тоғ-кон машинасозлик саноати импорти 4 миллиард доллардан ошди.
Ёки бизнинг мамлакатимизда ҳам худди шундай вазиятдан кимлардир манфаатдорми?
Ҳукумат бутун саноат соҳасини чуқур таҳлил қилиши керак. Рақобатбардош шўъбаларни хомашё, малака ва иқтисодий самарадорлик асосида аниқлаш керак. Таҳлил асосида аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш, сармоядорларни жалб қилиш зарур.
Бу Ҳукуматнинг янги таркиби олдида турган асосий вазифалардан бири.
Кейин. “РОП оператори” номини олган компания фаолияти юзасидан тадбиркорлар ва умуман жамиятда кўплаб саволлар туғилмоқда.
Бунгача бу хусусий компанияга қарши қандайдир уюшган ижтимоий ҳаракат бўлган.
Ҳукуматга ”Оператор РОП” МЧБнинг фойдаланиш тўловини тўхтатиш ва фойдаланиш тўловини бошқариш чораларини кўришни топшираман.
Бу билан хорижий мамлакатлардагидек давлат ташкилоти шуғулланиши керак. Тўловларнинг ўзига келсак, уларнинг миқдорлари қайта кўриб чиқилиши керак. Давлатнинг қайта ишлаш, автомобиль саноати ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигини қўллаб-қувватлаш вазифалари бекор қилинмаган. Биз бу масалани бизнес ва жамоатчилик билан конструктив тарзда муҳокама қилишимиз керак.
Харидорларни маҳаллий автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникасини фойдаланиш тўлови ҳисобига ваучер билан таъминлаш масаласини кўриб чиқиш керак. Унинг маблағларидан фойдаланишнинг бошқа ижтимоий фойдали усулларини ишлаб чиқинг.
Жамоатчилигимизни, айниқса, пойтахт аҳолисини қаттиқ ташвишга солаётган, гарчи ғазаблантирмаса ҳам, яна бир масала – LRT қурилиши.
Оддий инфратузилма лойиҳасидан у мамлакат обрўсига путур етказадиган жиддий муаммога айланди.
Катта маблағлар сарфланди, кредитлар жалб қилинди, хорижий ҳамкорлар олдида катта ҳажмдаги шартнома мажбуриятлари олинди. Лойиҳа дастлаб нотўғри эди, буни тан олиш керак. Қолаверса, ушбу лойиҳадан уюшган жиноятчиликнинг ҳиди келяпти.
Энди қулай қарор қабул қилиш керак, чунки оддий бузиш вақт ва пулни беҳуда сарфлашни англатади.
Ушбу лойиҳадан фойдаланишнинг мумкин бўлган вариантларини аниқлайдиган маҳаллий ва хорижий меъморлар ва урбанистларни таклиф қилишдан бошқа иложимиз йўқ.
Қишлоқ хўжалигига алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Ўтган йили мамлакатда қурғоқчилик бўлган эди. Ўтган йилга нисбатан йиғиб олинган ғалла ҳажми 4 миллион тоннага камайган. Бу хомашё ва озуқа таъминотига салбий таъсир қилди.
Тахминларга кўра, бу йил ҳам вазият оғир бўлиши мумкин.
Ҳукумат уруғлик, ем-хашак, ўғит билан таъминлаш ҳамда экиш мавсумини қатъий назорат қилиши зарур.
Субсидия масаласи мунтазам кўтарилади. Мен аввалроқ субсидиялаш усулларини қайта кўриб чиқишни топширгандим. Бу тадбир имкон қадар тезроқ бажарилиши керак.
Биз субсидиялардан фойдаланишни енгиллаштиришимиз, уларнинг ҳамёнбоп ва шаффофлигини таъминлашимиз керак.
Яқинда рўй берган ҳуқуқбузарликлар такрорланишининг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.
Яқин уч йилда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини ҳал қилиш зарур.
Бу Ҳукумат ва ҳокимлар учун асосий устувор вазифа эканини алоҳида таъкидламоқчиман.
Агар бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари етарли бўлмаса, ҳар қандай чора-тадбирлар инфляцияни ушлаб туришга ёрдам беролмайди.
Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун бюджет даромадларининг қўшимча манбалари зарур.
Хомашё нархининг юқорилиги туфайли тоғ-кон саноати корхоналарининг даромадлари ошди. Биз буни биламиз. Ҳукуматга бюджетга қўшимча даромадлар киритиш масаласини ишлаб чиқишни топшираман. Бунинг эвазига янги конларни қидириш ва ўзлаштириш учун кенг имтиёзлар берилиши мумкин. Мен йирик кон ва бошқа компаниялар ҳақида гапиряпман.
Қулай бозор шароитида ёнилғи ишлаб чиқарувчилар ва турли воситачилар қўшимча даромад олишади.
 Ушбу маржанинг бир қисмини акциз солиғи орқали бюджет фойдасига олиб қўйиш зарур, деб ҳисоблайман. Ҳукумат тегишли ҳисоб-китобларни амалга ошириши керак. Шу билан бирга нархлар  ошишига йўл қўймаслик керак.
Бюджет даромадларини оширишнинг муҳим салоҳияти божхонада тартиб ўрнатишдадир. Айниқса, Хитой билан чегарада.
 У ерда содир бўлаётган ҳақиқий тартибсизлик ҳаммага маълум. Автомобиллар текширилмайди, солиқ ва божлар тўланмайди. ХХР божхона органлари билан “кўзгу” статистикасидаги тафовутлар миллиардлаган долларга тенг.
 Баъзи “ваколатли операторлар” мавжуд бўлиб, улар дахлсиз мақомга эга. Мамлакат солиқлардан ўнлаб миллиард тенге йўқотади. Бунақаси кетмайди.
Бош Прокуратурага, Молия вазирлиги, Молиявий мониторинг агентлиги ва бошқа манфаатдор органлар билан биргаликда мажмуавий текширув юритиш ва божхона чегарасида тартибни таъминлашни топшираман.
Бюджет даромадлари ҳақида гапирганда, харажатларнинг айрим моддаларини айтиб ўтмасдан бўлмайди.
Ҳукумат аъзолари, депутатлар ва ҳокимларнинг маошларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Ўтган йил охирида бу масала жамиятда қизғин муҳокама қилинди.
Менимча, ушбу тоифадаги давлат хизматчиларининг маошлари етарли даражада. Шу боис Ҳукумат аъзолари, вилоятлар ҳокимлари ва депутатлар маошларини оширилишига беш йиллик мораторий эълон қилиш мумкин, деб ҳисоблайман.
Бу Мажлис депутатлари учун яхши янгилик эмаслигини тушунаман, аммо бу хабарни ижобий қабул қиласиз, деб ўйлайман.
Бюджет имкониятлари ошиб бориши билан маъмурий давлат хизматчилари ва бюджет ходимларининг иш ҳақини оширишда давом этамиз.
Маълумки, молия тизимининг барқарорлиги миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш гаровидир.
Иқтисодиёт юксалиши ва даромадлар тафовутининг кенгайиши билан истеъмол насиялари сезиларли даражада кенгайди. Унинг ҳажми бизнесни кредитлаш ҳажмидан ошиб кетди.
 Ҳозирги кунда одамлар жуда кўп кредит олишмоқда. Шуни ҳисобга олсак, бу молиявий бозорни беқарорлаштириши ва ижтимоий беқарорликка таҳдид солиши мумкин. Ҳукумат жисмоний шахсларнинг синиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга киришди. Лекин бу билан муаммо ҳал этилмайди.
Даставвал, ортиқча қарздорликнинг ошишига йўл қўймасликдир. Шу боис Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлигига Миллий банк билан биргаликда пруденциал тартибга солиш дастаклари орқали аниқ ва тезкор қарор қабул қилишни топшираман.
Валюта бозорида барқарорликни таъминламасдан туриб, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаб бўлмайди.
Воқеаларнинг ва фавқулодда ҳолатнинг жорий этилиши туфайли миллий валютага чайқовчиликка асосланган босим хавфи юзага келди. Миллий банк ва Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлигига ички ҳамда ташқи бозор иштирокчилари томонидан тенгега ишонч тўлиқ тикланмагунча валюта бозори барқарорлигини таъминлашни топшираман.
Қозоғистонликлар фаровонлигини ошириш мақсадида биз бир неча бор маош ва пенсияларни оширганмиз, лекин ҳар гал нарх-навонинг назоратсиз ошишига дуч келамиз.
 Кўп йиллар давомида пулнинг қадрсизланиши иқтисодиётимиздаги асосий муаммо бўлиб қолмоқда. У иқтисодий ва ижтимоий сиёсат самарадорлигини пасайтиради.
 Бу масалага чек қўйиш, нархларни барқарорлаштириш ва аҳолининг пул қадрсизланишидан кутилган натижаларини таъминлаш вақти келди.
Инфляция даражасини пасайтириш учун тизимли иш олиб бориш керак. Мақсадли кўрсаткич – 2025 йилгача 3-4 фоизни ташкил қилади.
Ҳукумат Миллий банк ва “Атамекен” Палатаси билан биргаликда инфляцияни назорат қилиш юзасидан мажмуавий чора-тадбирларни ишлаб чиқиши керак. У импортга қарамликни камайтириш, ортиқча воситачиликни камайтириш ва пул-кредит сиёсати воситаларини ўз ичига олиши керак.
Қозоғистонда тўғридан тўғри сармояларни жалб қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Биз қулай сармоя муҳитини сақлаб қолишдан манфаатдормиз. Сизни ишонтириб айтаманки, давлат маҳаллий ва хорижий сармоядорларнинг ишончини тиклаш учун барча зарур чораларни кўради.
Давлатнинг сармоядорлар олдидаги барча мажбуриятлари ва кафолатлари тўлиқ бажарилади.
Ҳозирги босқичда ESG талабларининг кучайиши, дунёвий энергетика ва технологик ўтиш шароитида мамлакатнинг жозибадорлигини ошириш учун янги сармоявий сиёсат Концепцияси зарур. Алоҳида қуйидаги саволга эътибор қаратаман.
Фавқулодда ҳолат жорий этилиши муносабати билан айрим молиявий ва саноат гуруҳлари капиталини, шу жумладан қалбаки битимлар тузиш орқали хорижга олиб чиқиб кетиш хавфи юқори. Биз аллақачон айрим шахсларнинг ҳисоб рақамларида ҳаракатни қайд этганмиз.
 Шу боис Миллий банкка Молиявий мониторинг ва молия бозорини тартибга солиш агентликлари билан биргаликда барча операциялар ва маблағларни мамлакатдан асоссиз олиб чиқиб кетаётган шахслар устидан аниқ кузатув, текшириш ва назоратни таъминлашни топшираман.
Маърузамнинг иқтисодий қисми сўнггида шуни таъкидламоқчиман.
Бугун биз янги Бош вазирни тайинладик ва бир қатор аниқ вазифаларни белгилаб олдик.
Бош вазирга уч ҳафта мобайнида Ҳукуматнинг 2022 йилга мўлжалланган Ҳаракат дастурини тайёрлашни топшираман. Буни февраль ойи бошида Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида кўриб чиқамиз.
Бутун дунёда янги коронавирус эпидемияси бошланди. Қозоғистонда касалланиш кескин ошган. Кунига 2 мингдан ортиқ янги ҳолат қайд этилади.
Пандемиянинг бутун даври давомида касалланиш 1 млн.дан ортиқ одамни ташкил этган.
 Шунинг учун тинчланмаслик, коронавирусга қарши курашни давом эттириш муҳим.
Бу янги Ҳукумат учун ҳам асосий вазифа бўлиши керак.
Энди минтақалараро номутаносибликлар ҳақида. Маълумки, Қозоғистон ҳудудлари нотекис ривожланмоқда.
Номутаносибликлар ижтимоий ноқулайлик ва муҳожирлик ҳиссиётларининг ўсиши учун замин яратади.
Сўнгги воқеалар ғарбий ва жанубий ҳудудларда бандлик билан кескин муаммо мавжудлигини кўрсатди. У ерда туғилиш кўрсаткичи юқори, иқтисод эса иш ўринлари яратиш даражасига етмаяпти.
 Шу боис тизимли саноатлаштириш, кичик ва ўрта бизнесга кўмаклашиш, бу соҳаларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш минтақавий эмас, балки миллий устувор вазифа ҳисобланади.
Тараққиётнинг маданий, маънавий таркибини унутмаслигимиз керак.
Билимли фуқаролар миллий миқёсда рақобатбардош, муваффақият ва муносиб ҳаёт учун кўпроқ имкониятларга эга.
Ҳукуматга “Қишлоқ – Юрт бешиги”, “Бизнеснинг йўл харитаси” ва бошқа дастурлар доирасида мазкур ҳудудлар учун алоҳида йўналишлар ишлаб чиқишни топшираман.
Кейин. Ҳеч кимга сир эмас, кўпинча ҳудудни қўллаб-қувватлаш даражаси аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларига эмас, балки маълум бир ҳокимнинг “вазни”га боғлиқ. Бу эса ривожланишдаги номутаносибликка ва фуқаролар норозилигига сабаб бўлади.
 Уларнинг аксарияти, айниқса хомашё ҳудудлари аҳолиси уларнинг  вилоятлари бюджет маблағларини тақсимлашда кўпроқ эътиборга лойиқ деб ҳисоблайдилар.
Мазкур вилоятлар бюджет донорлари сифатида тараққиётнинг кўплаб ўлчамлари бўйича орқада қолмоқда.
 Шунинг учун ёндашувларни аста-секин ўзгартириш керак. Бюджетлараро муносабатларни чуқур ислоҳ қилиш фурсати етиб келди.
Ҳукуматга қонунчиликка ўзгаришлар пакетини тайёрлашни топшираман.
Давлат бошқаруви тизими мажмуавий ислоҳотларни тақозо қилади.
Юқори бўлмаган кадрлар потенциалини, расмиятчиликни, уюшган жиноятчиликни, кадрлар қўнимсизлигини тан олиш лозим.
Шунинг учун давлат ҳокимияти институтларига жамият ишончининг паст даражаси сақланмоқда.
Давлат хизматига кадрларни танлаш тизимини такомиллаштириш, унга кириш учун ортиқча парда ва тўсиқларни олиб ташлаш лозим.
“Меритократия” тамойили хизматга кириш ва ўсишнинг реал қоидаси бўлиши керак.
Давлат хизмати барча қозоғистонлик учун очиқ бўлиши зарур.
Шунингдек, давлат хизматидан “чиқиш” тартибини ҳам соддалаштириш зарур.
Баъзи ташаббуссиз амалдорлар йиллар давомида кабинетларида ўтиришлари мумкин. Улар ёш ва истиқболли йигитларнинг ўсишига йўл беришмайди, давлат девони самарадорлигини пасайтиришади. Бундай амалдорлар билан осонгина хайрлашиш керак, бинобарин, давлат девонига келсак, амалдорларнинг институционал хотираси жуда катта аҳамиятга эгадир. Барча амалдорларни “жўнгина” ёшларга алмаштириш ҳам керакмас.
Бу масалага мутлоқ идрок ила ёндошмоқ лозим. Агар одам 60 ёшида ишини эпласа, институционал хотирага эга бўлса, давлат хизматига жуда фойдалидир, уни асло бўшатиш керак эмас. Яъни, бу ҳолатда идрокли, табақалаштирилган муносабат ўринли.
Ҳукумат ва Давлат ишлари бўйича агентликка мақбул дастакларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни топшираман.
Мен “Президентнинг ёш кадрлар резерви” лойиҳасини тавсия қилганман. Бу истиқболли ёшлар учун ижтимоий лифт ва шунингдек, янги тафаккурни шакллантиришнинг, давлат девони фаолиятига янгича ёндашувларни жорий этишнинг дастаги. Бу амалиёт давом эттирилади.
Менинг топшириқларимга мувофиқ, ўтган йили давлат девонининг сони 15 фоизга қисқарди.
Давлат девони ислоҳотларнинг двигатели ва ижрочисидир, фуқароларга муҳим давлат хизматларини кўрсатади, “Халқни тинглайдиган давлат” концепциясининг амалга оширилишини таъминлайди.
Давлат девонисиз давлатнинг ўзи ҳам муваффақиятли яшай олмайди.
Ҳозирги босқичда давлат хизматчиларининг сонини мақбул деб тан олиш зарур.
Янги Ҳукумат тайинланиши билан боғлиқ барча ташкилий қарорлардан сўнг, бу сонни келгуси ўрта даврга қайд этмоқ даркор. Кейин кўрамиз: агар биз аста-секин давлат вазифаларидан воз кечадиган бўлсак, уларни рақобат муҳитига берсак, давлат девони ҳам босқичма-босқич қисқаради.
Таъкидлаш лозим, амалдорларнинг фуқаролар билан мулоқоти самарадорлиги ҳануз паст даражада. Давлат органларининг раҳбарлари халқ билан мулоқот қила олмайдилар, ҳатто чўчишади.
Ҳукумат аъзолари минтақаларга мунтазам равишда чиқишлари зарур, минтақаларнинг ҳокимлари эса ҳар бир аҳоли манзиллари турғунлари билан доимо учрашишлари керак.
Яна бир муаммо – оммавий тўрачилик.
У ҳақиқатан ҳам фуқароларда давлат девони тўғрисида секин қимирлайдиган, бефарқ машина тушунчасини шакллантиради.
Тўрачилик – ислоҳотлар сифатсиз жорий этилишининг бош сабабларидан биридир.
Бу дарддан ҳаммамиз фориғ бўлишимиз жоиз.
Шакл эмас, мазмун устувор бўлиши керак. Ҳисобот учун ҳисобот ва назорат учун назорат мозийга кетиши зарур.
Жараёндан якуний натижа муҳим. Аниқ қарорларни сабабсиз мураккаблаштирадиган ва секинлаштирадиган жараёнлар йўқотилиши даркор.
Бугун давлат органлари топшириқларни мазмунли ижро этишга эмас, аксинча, уни тўрачилик тарзда бажаришга йўналтирилган.
Шаклан намунали, мазмунан саёз ҳужжатлар тайёрланяпти.
Асосий ахборий тизимлар интеграциясига қарамасдан, давлат органлари ҳануз қоғозбозлик ва бемаъно ёзишмаларни кўпайтиришяпти.
Давлат органларининг ахборий тизимлари маълумотларини расмий деб тан олиш керак, уларнинг қоғоз турида тасдиқланиши шарт эмас. Акс ҳолда, нима учун рақамлаштиришни жорий этяпмиз? Рақамлаштириш – ахир бу русумдаги ўйинчоқ эмас. У амалда қўлланилиши керак ва давлат девони вазифаси ижроси нуқтаи назаридан фойдали бўлмоғи зарур.
Кўп йиғилишларни онлайн шаклда ўтказиш лозим.
Давлат девонида тубдан тўрачиликни чеклаш бўйича ва бошқа чоралар алоҳида Фармонда акс эттирилади.
Стратегик режалаш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамда Давлат хизмати ишлари бўйича агентлик вазифасида тўрачиликни чеклаш ҳамда давлат девони самарадорлигини ошириш юзасидан мониторинглаш ва жорий қилишнинг аниқ вазифалари кўриб чиқилиши даркор.
Фуқаролар фаровонлиги ва уларнинг ижтимоий кайфияти доимо асосий ўринда туриши, шунингдек, давлатнинг диққат марказида бўлиши даркор.
Рақамлар билан ўйинни бас қилиб, аниқ ишларга ўтиш даври келди. Одатда, давлат органлари вазиятни “ўзини самарали таъминлаганлар”, “норасмий банд шахслар” каби  атамалар билан ғилофлашни ёқтиришади.
Натижада кўплаб одамлар ишсизлик ва ижтимоий ҳимоясизлик билан “юзма-юз” қолишмоқда.
Бу ижтимоий-меҳнат соҳасини сифат жиҳатидан янгилашни тақозо этади.
Ушбу мақсадларда қуйидаги чоралар мажмуасини қабуллаш лозим.
Аҳоли даромадларини ошириш дастурини ишлаб чиқиш.
Иш аниқ ва манзилли бўлиши даркор. Ҳар бир бошқарув босқичида қашшоқликни камайтиришнинг аниқ  кўрсаткичларини белгилаш зарур.
Иш билан таъминлашга муҳтож фуқароларнинг аниқ сонини аниқлаш керак.
Ҳукуматга “Атамекен” билан бирга икки ой муддатда аҳоли даромадларини ошириш юзасидан дастурни қабуллашни топшираман.
Ҳукумат ўз вақтида “Ижтимоий кодекс”ни қабуллашни таъминлаши зарур.
Бу ҳужжат доирасида биз ижтимоий сиёсатни пандемия ва тўпланган муаммолар чақириқларини ҳисобга олган ҳолда янги воқеликларга мойиллаштиришимиз керак.
Ижтимоий кодекс янги “жамоат шартномаси”нинг асосий унсури бўлиши лозим.
Асосий эътиборни ишсизликни, айниқса, ёшлар орасида камайтиришга қаратиш зарур.
ОЎЮ, коллежларнинг битирувчилари, айниқса, маълумотсиз ёшлар ҳар доим ҳам доимий иш ўринларига жойлашиш имкониятига эга эмаслар. Буни яхши биламиз. Тасодифий маошлар билан кун кўриб, ҳаёт кечиришяпти.
Баъзилари даромад топиш мақсадида қонунни бузишлари мумкин.
Ҳукуматга “Ёшлар амалиёти” ва “Биринчи иш ўрни” лойиҳалари бўйича иштирок этиш муддатини ҳамда иш ҳақи миқдорини ошириш имкониятини кўриб чиқишни топшираман.
Ёшлар ва аҳоли қатламининг ишбилармонлик ташаббусларини ҳаётга жорий этиш учун шароит яратиш муҳим.  
Ҳукуматга мазкур грантни икки баравар, 400 ОҲК миқдорида кўпайтириш имконини ишлаб чиқиш вазифаси топширилади.
Навбатдаги масала. Сифатли таълимга эришиш имконияти асосий устуворлик ҳисобланади.
Бу бутун жамият тараққиётининг муҳим омилидир.
Мактабларни моддий жиҳатдан нечоғлик таъминламайлик, яхши ўқитувчиларсиз таълим сифатини юксалтириб бўлмайди.
Буюк Ахмет Байтурсунули айтганидек, “Муаллим – мактабнинг юраги”.
Шунинг учун ўқитувчилар тақчиллиги мавжуд минтақалар учун мос қўллаб-қувватлаш чоралари пакетини тайёрлаб, илғор педагогларни жалб этишнинг махсус дастурини ишлаб чиқишни топшираман.
Олий таълимнинг оммабоплиги масаласи долзарблигича қолмоқда.
Асосий эътиборни мамлакатнинг аҳоли зич жойлашган минтақалари ёшлари учун ажратиладиган мақсадли грантларга қаратиш зарур.
Янги иқтисодиётни барпо этиш учун ОЎЮларнинг рақобатбардошлигини ошириш муҳим.
Қозоғистонда хорижнинг етакчи ОЎЮлари филиаллари очила бошлади. Тез орада Россиянинг илғор техника ОЎЮ филиалларини очиш режаланмоқда.
2025 йилга мамлакатимизда обрўли чет эл университетларининг камида 5 филиалини очиш зарур, деб ҳисоблайман.
Техника йўналишидаги ОЎЮнинг иккита филиалини мамлакат ғарбида очиш даркор.
Умуман, ҳаммамиз таълим соҳасига кўз қарашимизни ўзгартиришимиз лозим. Гуманитар ихтисосликлар билан қизиқиш даври ўтди, устуворликни техник мутахассисликларга қаратиш зарур. Муҳандислар, саноатчиларнинг янги авлодини етиштириш керак бўлади.
Кейингиси. Ижтимоий адолат муҳим масала бўлиб қолмоқда. Қозоғистон Конституция бўйича – ижтимоий давлат.
Давлат томонидан кўп ишлар амалга оширилмоқда. Республика бюджетининг 50 фоиздан зиёд харажатлари – ижтимоий таснифдаги харажатлар. Бироқ бу етарли эмас.
Бизнинг миллий жамғармамиз бор – у мамлакатнинг молиявий таянчи.
Бугун “Қозоғистон халқига” жамоат ижтимоий жамғармасини ташкил этишни топшираман.
У соғликни сақлаш, таълим, ижтимоий кўмак соҳаларида аниқ муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланади.
Масалан, даволаниши оғир хасталикка чалинган болаларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади. Боиси, кўплаб оилалар даволанишга пул етказолмайди.
Шаҳарлар, туманлар, қасабалар, қишлоқларда болалар учун спорт иншоотларини барпо этамиз. Қобилиятли болаларга ёрдам кўрсатамиз. Маданиятни қўллаймиз. Алматига аянчли фожиадан тикланишга ёрдам берамиз.
Мазкур жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳалок бўлган полиция ва ҳарбийларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаймиз.
Бу фақат алоҳида мисоллар холос.
Таъкидлайман: бу Президент, Ҳукумат ёки қандайдир бошқа давлат органининг жамғармаси эмас. Бу барча қозоғистонликларнинг, халқнинг жамғармаси.
У Маъмурият ёки Ҳукумат ҳузурида фаолият юритмайди.
Бообрў кузатув кенгаши тузилиб, ҳалол ва масъул раҳбар тайинланади.
Унинг фаолияти тўла шаффофлилигини, айнан жамиятга ҳисобот бериб, унинг назорати остида бўлишини таъминлаймиз.
Режалар, бюджет, лойиҳалар сайтда эълон қилинади. Барча ахборот очиқ бўлади. Жамғармани молиялаштириш хусусий ва давлат манбаларидан амалга оширилади. Халқаро хайрия ташкилотлари ёрдамини жалб этиш режаланмоқда.
Мазкур Жамғармага лотерея фаолияти операторининг, тикилган гаровлар ҳисоби маркази ва бошқа монополистларнинг мажбурий тушумлари йўналтирилади.
Албатта, биз Жамғармага йирик бизнес вакиллари томонидан салмоқли ва доимий, таъкидлайман, доимий тушумларни кутамиз.
Тўнғич Президент – Элбоши туфайли мамлакатда даромади жуда юқори компаниялар гуруҳи ҳамда, ҳатто халқаро андазалар бўйича бадавлат одамлар табақаси пайдо бўлди.
Қозоғистон халқига ҳисса қайтарадиган, тизимли ва доимий равишда ёрдам берадиган вақт келди, деб ҳисоблайман.
Шунинг учун Ҳукумат бундай компаниялар доирасини аниқлаши ва улар билан Жамғармага тўланадиган ҳар йилги бадаллар миқдорини келишиши керак бўлади.   
Бундан ташқари, амалда йирик миқдордаги маблағларга эга, бироқ сояда қолган шахсларнинг фаол иштирок этишини ҳам кутаман.
Ишончим комил, Жамғарма жамиятни бирлаштиришнинг яна бир воситаси бўлиши, фуқароларда ижтимоий адолат ҳиссини мустаҳкамлаши мумкин.
Бўлиб ўтган воқеалар жамиятимиздаги мавжуд ўткир муаммоларни очиб ташлади.
Шаҳарларимиз, туғишганларимиз ва яқинларимизга қилинган ҳужумлар давлатимизнинг асосий қадриятлари – тинчлик ва барқарорликнинг нечоғлик мўрт эканини кўрсатди.
Давлат ва фуқаролар бу – яхлит ва бутун эканини биз аниқ тушунишимиз керак. Айниқса, гап мамлакат хавфсизлиги ҳақида кетар экан, бу тушунчалар ажралмасдир.
Асосий эътиборни қаратишни талаб қиладиган яна бир масала бор.
Кўплаб ёш фуқароларимиз қуролли кучлар сафида ҳарбий бурчини ўташдан қочишади.
Ҳарбий билетга эга бўлиш ёшларда фахр ҳиссини туғдирмайди ҳамда Ватанга хизмат қилишнинг белгиси ҳисобланмайдиган бўлди.
Армия сафида хизмат қилиш, ҳуқуқни муҳофазалаш соҳасида ишлаш – ўзгача бурч.
Бу – Ватан учун жонини фидо қилишга тайёр фуқароларнинг онгли танлови.
Ёшларимизни ҳарбий бурчини ўташга қандай рағбатлантириш мумкинлигини бутун жамият бўлиб ўйлашимиз зарур.
Биз – кучли халқмиз.
Асл тарихимизда қанча босқинчилик замон, очарчилик ҳамда бошқа талотўп ва қийинчиликларни бошдан кечирдик.
Сўнгги кунлардаги қайғули воқеалар биз учун яна бир синов бўлди. Уни енгиб, илгаргидан ҳам кучли бўламиз.
Умуман, давлат ва жамият орасида муносабатларни трансформациялаш зарурати пишиб етилди.
Жамоавий шартноманинг янги шакли керак.
Қозоғистон сиёсий замонавийлашув йўналишини давом эттиради. Бу менинг қатъий нуқтаи назарим.
Сиёсий соҳада кўп ишлар амалга оширилди.
Мен томонимдан сиёсий ислоҳотларнинг тўрт пакети илгари сурилди, унинг  жорий этилиши доирасида 10дан зиёд қонун қабулланди. Шу жиҳатдан тезкор ва сифатли иш учун Мажлис ва Сенат депутатларидан миннатдорман.
Намойишлар тўғрисида моҳиятан янги қонунчилик ишлай бошлади.
Партияларни тузиш учун рўйхатдан ўтиш тўсиғи ҳамда уларнинг Парламентга киришининг қуйи миқдори пасайтирилди.
Мажлис ва маслаҳатларда хотин-қиз ва ёшларнинг вакиллиги кенгайтирилди.
Парламент мухолифати институти киритилди, сайлов бюллетенларида “ҳаммага қаршиман” жадвали пайдо бўлди.
Мамлакат тарихида илк бор қишлоқ ҳокимларининг бевосита сайловлари ўтди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жиддий силжишлар содир бўлди.
Жумладан, Жиноят кодексининг 130 ва 174 моддалари декриминализацияланди ва инсонпарварлаштирилди.
Мамлакатимиз фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг Иккинчи Факультатив баённомасига қўшилди.
“Қозоғистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бундан кейинги чоралари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллик ташкилоти тизимли равишда мустаҳкамлана бошлади.
Ўлим жазоси батамом бекор қилинди.
Сентябрдаги навбатдаги Мактубимда мен фуқаровий жамият ҳамда таҳлилчилар билан кенг ва конструктив мулоқот асосида тайёрланган сиёсий ислоҳотларнинг янги пакетини тавсия қиламан.
Давлат ҳам ўзининг базавий функцияларининг тўлақонли ва сифатли бажарилишини таъминлаши керак.
Давлат қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботга риоя қилинишини кафолатлаши, мулк ҳуқуқини, фуқаролар хавфсизлигини муҳофаза қилиши, ижтимоий фаровонлик ҳамда сифатли давлат хизматларини таъминлаши зарур.
Ўз навбатида бизнес ва фуқаролар қонунчиликка риоя қилиш ва жамоат тартиби меъёрларини сақлаш, солиқларни адолатли тўлаш ва меҳнат муносабатларида шаффофликка масъулдирлар.
Шу муносабат билан босқичма-босқич ўзгаришлар дастурини шакллантириш керак бўлади.
Ҳукуматга масъул таҳлил кенгаши ҳамда фуқаролар жамияти билан бирга мақбул таклифлар пакетини тайёрлашни топшираман.
У жамоат ишончи Миллий кенгашининг йиғилишларидан бирида кўриб чиқилади.
Ҳурматли ватандошлар, ҳурматли депутатлар!
Яқинда бўлиб ўтган фожиали воқеалар вақтида фуқароларимизнинг мутлоқ кўпчилиги ватанпарварлик, экстремистлар билан курашда бирлик намуналарини намоён этишди.
Халқнинг якдиллиги, эгамен ривожланиш ғоялари ва Қозоғистоннинг Мустақиллигига бўлган чинакам ишонч жамият бирлиги ҳамда мамлакат тараққиёти учун мустаҳкам пойдевордир.
Биргаликда барча қийинчиликларни енгиб ўтамиз!
Биргаликда янги Қозоғистонни барпо этамиз!
Қадрли ватандошлар!
Қийин кунлар ортда қолди.
Шу лаҳзада эл тақдири учун бирлаша олган халқимга чинакам миннатдорчилик билдираман!
Барчамиз бу воқеадан сабоқ олишимиз керак.
Энг муҳими, барака-бирликни, тинчлик ва барқарорликни сақлашимиз зарур.
Энди, Қозоғистонда тараққиётнинг янги даври бошланади.
Бу чинакам янгиланиш даври бўлади.
Егамен элимизни бирга ривожлантирайлик!
Халқимиз учун Мустақиллик барчасидан бебаҳо!
Янги Қозоғистонни бирга барпо этайлик!

2022-01-13, 05:08 554
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.