Президент “Қизилўрда – Саксаул”, “Улғайсин – Саксаул” ва “Бейнеу – Саксаул” автомобиль йўллари қурилишининг бошланишига бағишланган телекўприкда иштирок этди.
Қасим-Жўмарт Тўқаев нутқида мамлакатимиз учун алоҳида стратегик аҳамиятга эга йирик лойиҳалар қурилиши бошланаётганини таъкидлади.
– Йўллар – ҳаёт томирларидир. Давлат мазкур соҳани ривожлантиришга доимо устувор аҳамият қаратади. Бизнинг мақсадимиз – Қозоғистоннинг Евроосиёдаги асосий транзит хаби сифатидаги мақомини мустаҳкамлашдир. Мен бу ҳақда бир неча бор таъкидлаганман. Маълумки, мамлакатимиз Европа ва Осиёни боғловчи асосий кўприк вазифасини бажаради. Шарқ ва Ғарб ўртасидаги қуруқлик орқали юк ташишнинг асосий қисми Қозоғистон ҳудуди орқали амалга оширилади. Шу боис замонавий ва илғор транспорт тизимини шакллантириш стратегик вазифадир. Бу йўналишда мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили “Достиқ – Мойинти” темир йўлининг иккинчи тармоғи фойдаланишга топширилди, бу эса юк ташиш ҳажмини беш баравар ошириш имконини берди. Шунингдек, Алмати станциясини айланиб ўтувчи темир йўл тармоғи ишга туширилиб, юкларни етказиб бериш муддати сезиларли даражада қисқарди. Энг муҳими, бундай кенг кўламли лойиҳалар маҳаллий мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда, – деди Давлат раҳбари.
Президент мазкур ишлар Қозоғистоннинг транспорт-логистика соҳасидаги улкан салоҳиятини яққол намоён этаётганини қайд этди.
– Ўтган йили мамлакатда умумий юк ташиш ҳажми 6 фоизга ошиб, қарийб 37 миллион тоннани ташкил этди. Жорий йилда “Мойинти – Қизилжар” ва “Дарбаза – Мақтаарал” темир йўл тармоқлари қурилиши якунланади, келгуси йил эса “Бахти – Аягўз” темир йўли фойдаланишга топширилади. Шу билан бирга, автомобиль транспорти соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда Қозоғистонда автомобиль йўллари кенг кўламда замонвийлаштирилмоқда. Қатор йирик инфратузилма лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилди. Бунга “Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой”, “Қарағанди – Алмати”, “Марказ – Жануб”, “Атиров – Астрахань”, “Талдиқўрғон – Ўскемен”, “Қалбатау – Майқапчағай” автомобиль йўллари яққол мисол бўла олади. Сўнгги беш йилда автомобиль транспорти орқали юк ташиш ҳажми икки баравар ошди. Ўтган йили ушбу хизматдан тушган даромад 1,5 триллион тенгега етди, – деди Қ. Тўқаев.
Давлат раҳбари ҳозирги кунда йўл қурилиши ва таъмирлаш ишлари мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олганини маълум қилди.
– Яқинда Сариоғоч шаҳри атрофида айланма йўл қурилиши ҳамда “Жезқазған – Қарағанди” автомобиль йўлини замонавийлаштириш ишлари бошланди. Шу билан бирга, бутун мамлакат бўйлаб турар-жойлар, таълим ва соғликни сақлаш муассасалари, муҳандислик тармоқлари ҳамда бошқа ижтимоий инфратузилма иншоотлари қурилмоқда. Қозоғистон улкан қурилиш босқичини бошдан кечирмоқда. Бу мамлакат барқарор ўсиш йўлини танлагани ва замонавийлаштиришнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтганининг яққол исботидир, – деди Президент.
Қасим-Жўмарт Тўқаев умумий узунлиги 800 километр бўлган янги “Бейнеу – Саксаул” автомагистрали қурилиши бошланаётганини маълум қилди.
– Бу йўл Қозоғистон ҳудудларини бир-бири билан боғлаш билан бирга, Хитой ва Европа ўртасидаги “олтин кўприк” вазифасини ҳам бажаради. Лойиҳа Хитой чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларини Ақтов ва Қуриқ портлари билан бевосита боғлайди. Натижада Хитойдан Европага юк ташиш масофаси минг километрга қисқаради, етказиб бериш муддати эса 3 кунгача камаяди. Халқимизнинг қадриятларида қудуқ қазиш ва кўприк қуриш қадимдан эзгулик ҳамда инсонларга ғамхўрлик рамзи ҳисобланган. Демак, биз нафақат мамлакатимиз, балки қўшни давлатлар фаровонлигига ҳам хизмат қиладиган ўта муҳим ташаббусни амалга оширишни бошлаяпмиз. “Бейнеу – Саксаул” автомагистрали республика, минтақа ва халқаро аҳамиятга эга асосий транспорт йўлига айланиши шубҳасиз. Шу боис ушбу йўналиш учун “Орол–Каспий магистрали” номи энг муносибдир, – деди Давлат раҳбари.
Шунингдек, Президент умумий узунлиги 774 километр бўлган “Қизилўрда – Саксаул” ва “Улғайсин – Саксаул” автомобиль йўлларининг ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш ва мажмуавий туб таъмирлаш ишлари ҳам бошланишини маълум қилди.
– Лойиҳаларни амалга оширишга маҳаллий компаниялар жалб этилади. Бу эса 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради. Магистраллар фойдаланишга топширилгач, юк оқими 2,5 бараварга ошиб, йилига 13,2 миллион тоннага етади. Бу лойиҳалар миллий иқтисодиёт ва сайёҳлик ривожига, аҳоли фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшади. Асосий мақсад – мамлакатимизни Европа ва Осиёни боғловчи етакчи логистика марказларидан бирига айлантиришдир. Қозоғистонда автомобиль транспортидан тушадиган даромад деярли темир йўл транспорти даромадлари билан тенглашди. Шу боис вазифа фақат йўл қуриш эмас, балки замонавий рақамли экотизимни шакллантиришдан иборат. Маҳаллий автосаноат иштирокида миллий ташувчиларни қўллаб-қувватлаш дастурининг қабул қилиниши мавжуд салоҳиятни янада кучайтиради. Бунинг барчаси Қозоғистоннинг транзит имкониятларини кенгайтиради. Оролбўйининг ўзлаштирилмаган даштларида қурилаётган “ҳаёт йўллари” бугунги ёпиқ йўналишларни Евроосиёнинг муҳим транспорт йўлаклари кесишган марказларга айлантиради. Бугун бошланган барча лойиҳаларни белгиланган муддатда, яъни 2029 йилдан кечиктирмай якунлаш жуда муҳим. Бунинг учун барча зарур шароитлар яратилган, – дея нутқини якунлади Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Телекўприк давомида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Нурлибек Налибаев, Ақтўбе вилояти ҳокими Асхат Шахаров ва Манғистау вилояти ҳокими Нурдаулет Қилибай лойиҳаларни бошлашга тўлиқ тайёргарлик ҳақида ҳисобот беришди. Шунингдек, Қизилўрда вилояти Фахрийлар кенгаши раиси Серик Дуйсенбаев ҳам сўзга чиқиб, минтақа аҳолиси номидан Президентга миннатдорчилик билдирди.