26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳофиз номи барҳаёт

Жорий йили Ўзбекистон халқ ҳофизи, миллий қўшиқчилик санъатида лирика мактабини яратган Фахриддин Умаров 100 ёшга тўлди. Бу сана нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё халқларининг маданий ҳаётидаги муҳим воқеадир. Дарҳақиқат, қозоғистонлик кўплаб хонандалар ижодида Фахриддин Умаров лирика мактабининг таъсири мавжуд ва бу унинг санъати чегара билмас эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Шунинг учун ҳам юртимизда ҳофизнинг юбилейига бағишланган турли тадбирлар уюштирилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли жамоат арбоби, маданият ва маърифат фидойиси Фахриддин Қоратоев қаламига мансуб “Мангу барҳаёт ҳофиз” китобининг тақдимоти ўтди. “Ватандошлар” жамоат жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Маданият вазирлиги қўллови билан ўтган тадбирда бир гуруҳ қозоғистонлик таниқли шахслар, жамоат фаоллари ва санъаткорлар иштирок этишди. 

Қозоғистонлик делегация аъзолари – жамоат арбоби Фахриддин Қоратоев, таниқли сухандон, Сайрам туманининг фахрий фуқароси Ҳамроқул Давронбеков, қарноқлик хонанда Расул Салоҳиддинов, қорамуртлик санъаткорлар Носир Камолов ва Ўткир Соатов, тўлебийлик лирик хонанда Қосимбой Абдураимов, қорабулоқлик санъаткорлар Тўрахон Худойберганов ва Ирисмат Сидиғалиев, молиячи Ўсарбек Усмонов, сайрамлик таниқли хонанда ва тадбиркор Толиббой Ниёзҳожиев, “Сайрам” коллежи директори ўринбосари Баҳодир Акромшиқов, тиббиёт фахрийси, таниқли жарроҳ Равшан Эрназаров, параспортчи, стол теннисидан Қозоғистоннинг 15 карра чемпиони Тўймурод Эшимов, видеотасвирчи Отабек Рустамбековлар дастлаб Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Элчихонасига ташриф буюрдилар. 

Уларни жорий йили Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Ерали Тўғжанов қабул қилди. Самимий руҳда ўтган мулоқот чоғида Ерали Луқпанули икки эл Президентлари Қ. Тўқаев ва Ш. Мирзиёевнинг Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари орасида азалий биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини таъкидлаб, мазкур масъулиятли лавозимда сидқидилдан хизмат қилишини маълум қилди. У, жумладан, яқинда Тошкент шаҳрида ўтган “Туркий оламнинг маънавий мероси: адабиёт – даврлар ва авлодлар мулоқоти” мавзуидаги халқаро анжуманнинг юқори даражада ташкил этилганини таъкидлади.

– Мамлакатларимизнинг таниқли ёзувчи ва шоирлари, олимлар, таржимонлар ҳамда маданият арбоблари иштирок этган мазкур анжуманда қозоқ ва ўзбек адабиётининг муштарак илдизлари, адабий-маданий алоқаларни янада ривожлантириш, барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига қарашли Қораманас қишлоғидаги 34-сонли мактабга ХХ аср қозоқ адабиётининг йирик намояндаларидан бири, наср, публицистика, драматургия ва таржимонлик йўналишларида самарали ижод қилган Раҳматулла Райимқулов номининг берилиши унутилмас воқеа бўлди, – деди у ва Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг қозоқ-ўзбек дўстлигига бағишланган шеърини ўқиб берди.

Таниқли сухандон, фахрий устоз Ҳамроқул Давронбеков элчига меҳмонлар номидан эзгу тилакларини изҳор этди. Ўз навбатида Фахриддин Қоратоев Ерали Тўғжановнинг элчилик фаолиятига муваффақият тилаб, яқинда нашрдан чиққан “ҚР Парламентига – 30 йил” китобини топширди. 

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтган “Мангу барҳаёт ҳофиз” китобининг тақдимотини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид очди. У Фахриддин Умаровдек улуғ санъаткорнинг 100 йиллигига бағишланган тадбирнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди. Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ерали Луқпан­ули қозоқ ва ўзбек халқларига бирдек азиз ва ардоқли санъаткор Фахриддин Умаровнинг хотирасини улуғлаш борасида изланиб, ҳофиз ҳақида китоб ёзган Фахриддин Қоратоевга самимий миннатдорчилик билдирди.

Тадбирда, шунингдек, атоқли ҳофизнинг укаси Ҳожимурод Умаров, тиббиёт фахрийси Нурмат Отабеков, адабиётшунос ва ҳуқуқшунос олимлар Қиёмиддин Назаров, Садриддин Ҳожибеков, Абдуманноб Зиёев, Рауфхон Шарипов, Ўзбекистода хизмат кўрсатган маданият ходими, Фахриддин Умаровнинг содиқ шогирди Ҳожиакбар Ҳамидов, хонандалар Фарҳод Расулов, Қосимбой Абдураимов машҳур ҳофизнинг бой ижодий мероси ҳақида гапириб, санъаткор ҳаёти билан боғлиқ хотираларни ёдга олдилар. Тошкент шаҳридаги “Билим” кутубхонаси раҳбари, Олий Мажлиснинг собиқ аъзоси Ҳафиза Каримова эса мана шундай шукуҳли тадбирни уюштиришга бош-қош бўлган Фахриддин Қоратоевга миннатдорчилик изҳор этди.  

Тадбир поёнида Фахриддин Қоратоев Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларига миннатдорчилик билдириб, "Ватандошлар" жамоат жамғармаси масъул ходими Яҳёхон Маҳмудовга "Халқ лапарлари" китобини туҳфа қилди:

– Шу кунгача ҳофизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уни илмий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Зеро, унинг бой ижодий мероси, бетакрор овози ва ижро услубига Қозоғистонда ҳам қизиқиш катта. Ўзбек ва қозоқ қўшиқчилик санъатининг муштарак жиҳатлари бисёр. Қардош элларимизга бирдек ардоқли Фахриддин Умаровнинг ижоди бунга ёрқин мисолдир. Ҳақиқатан ҳам ҳозирги кунда Фахриддин Умаров мухлисларининг сафи тобора кенгаймоқда. Муқаддам “Эл фарзанди, халқ ҳофизи” номли китобим чоп этилган эди. Жорий йили уни тўлдириб ва қайта ишлаб, ҳофизнинг 100 йиллигига бағишланган “Мангу барҳаёт ҳофиз” китобини нашр қилдик. Ишонаманки, мазкур китоб санъаткорнинг шинавандалари, издошлари ва шогирдлари учун муносиб туҳфа бўлади...

Тадбир Фахриддин Умаровнинг бой ижодий меросини кенг тарғиб этиш ва миллий мусиқа санъатини ривожлантиришга, шунингдек, хотирасини абадийлаштиришга хизмат қилади.

З. МЎМИНЖОНОВ, 2026-09-17, 01:39 62
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.