26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ота касбим – олтин касбим

Ота касбини эъзозлаб, қадр топган ишбилармон шаҳримизнинг “Оңтүстік” махсус иқтисодий минтақасида “люкс” русумидаги пойафзаллар ишлаб чиқариб, нафақат Қозоғистон, балки Марказий Осиё мамлакатлари бозорларини ҳам бежирим ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга киришди. 

Ғайрат Ҳасанбоев бошқараётган “Lux Shoes” фабрикаси “Оддий буюмлар иқтисодиёти” дастурининг дастлабки иштирокчиси бўлди. Дастур доирасида лойиҳа 15 фоиз билан молиялаштирилса, унинг 9 фоизи “Даму” жамғармаси орқали субсидияланади.

Ғайрат Раҳмонқул ўғли – пойафзал ишлари устаси. У фабрикасини очишдан аввал 15 йил мобайнида шаҳар бозорларида хорижий давлатлардан келтирилган пойафзалларни мижозларига етказиб берарди. Минтақамиз аҳолисининг ушбу маҳсулотга эҳтиёжини ҳам яхши билгани, бозор талабларини чуқур ўзлаштирганлиги қўл келди. Қаловини топса, қор ҳам ёнади, деганлари рост экан. Туркияда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотларни нисбатан арзон нархда ўзимизда ҳам чиқариш мумкинлигига ишонч ҳосил қилди ва бунга нафақат эришди, балки корхонасини ривожлантириш учун туркиялик сармоядорларни ҳам жалб эта олди.

Фаол ишбилармон билан илк мусоҳабамиз “Оңтүстік” МИМ ҳудудидаги “Lux Shoes” пойафзал фабрикасида кечди. Миллий анъаналарни қадрлайдиган уста суҳбатни ҳам инсон ҳаётида ота касбининг ўрни ва мавқеидан бошлади.

– Отам “Заря” пойафзал фабрикасида 25 йил раҳбар лавозимларда ишлади, кам бўлмади. Туркия, Хитой, Италияда ишлаб чиқарилган пойафзалларини шаҳримизда сотиш билан шуғулланамиз. Уч йилдан буён иқтисодий минтақадаги фабрикамиз фаолият юритяпти. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимиз ўрта ва юқори сифатли тоза чармдан тайёрланади. Бу ишни бошлашимизга ҳам ҳамкорларимиз туртки беришган. Қайси хорижий давлатга бормай, у ердаги ҳамкорларим “шу маҳсулотларни ҳали ҳам ўзингларда чиқармаяпсизлар-а. Нима учун шундай брендларни ишлаб чиқармайсизлар”, деган гаплари сабаб бўлди. 10 йил аввал шундай сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи фабрика очишни дилимизга тугган эдик. Оилавий фаолиятимиз самараси бўлса керак, бунга ҳам эришдик. Ота касби ҳам хайрли, ҳам баракали, буни давр аллақачон исботлаган. Нафақат оиламиз, авлодимиз билан бу йўналишни танлаб, адашмадик. Туркиядан келган усталар замонавий пойафзал ишлаб чиқариш сирларини маҳаллий усталаримизга ўргатишди, ишимизни йўлга қўйиб олдик, – дейди Ғайрат Раҳмонқул ўғли.

Тасаввур қилинг, бир бежирим пойафзалингиз учун 50 нафар фабрика меҳнат қилади. Лойиҳани бу ерда амалга оширишдан мақсад ишчиларни бу ишга жалб этиш эди. Ваҳоланки, тадбиркор, қозоғистонликларнинг Туркиядаги айнан шундай фабрикаларда ишлаб юрганларига гувоҳ бўлганлиги боис, бу лойиҳани ўзимизда яратишга жазм қилди. Мана уч йил аввал очилган, ҳозир фабрика 60 фоиз қувват билан ишламоқда. Хомашё етарли – ҳам хориждан, ҳам ўзимиздан харид қилиняпти.

Бозорнинг пойафзал тахмони ҳали бўш, унда анча катта лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. Қозоғистонга 70 млн. жуфт пойафзал кириб келса,  бизда фақат 3 млн. жуфтигина ишлаб чиқариляпти, холос. Бу йўналишни ҳар бир ишбилармон ҳам танлайвермайди. Фақат эркаклар пойафзалини ишлаб чиқараётган ушбу корхона 700-800 турини харидорларга тақдим этяпти. 

– Фирма маҳсулотлари қаерда сотиляпти?

– Фаолиятимизни бошлаган йили Россия истеъмолчилари ҳам харид қилишди. Ўзбекистонга ҳам жўнатдик. Ҳозир эса Бутун Қозоғистонда, яъни 16та йирик шаҳарда пойафзалларнинг харидорлари етарли. “Lux shoes”, “Gabbani” номи билан танилиб улгурган брендларимиз бор. Яқиндан бошлаб 4 хил пошналарни ишлаб чиқара бошладик. Янги маҳсулотларимиз сафига, фахр билан айтишим мумкин, пойафзал қолипларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Уни ҳам алоҳида завод дейиш мумкин. “Даму” жамғармаси ажратган субсидияга пошна ва қолип тайёрлайдиган «FANTES» ва «COMELZ» русумли дастгоҳларни харид қилиб, Қозоғистондаги пойафзал ишлаб чиқараётган 16та йирик фабрикани қолиплар билан таъминлаяпмиз. Қуввати ҳам ёмон эмас – йилига 150 млн. жуфт пошна тайёрлаймиз. Жорий йилда 60 минг жуфт пойафзал ишлаб чиқаришни режалаяпмиз, – дейди ишбилармон.

Бу соҳанинг ҳам муаммолари етарли. Шулардан энг асосийси – мутахассислар тақчиллиги. Бошқа ихтисосликлар ёшларга ўргатилса ҳам, пойафзал тикиш ҳунарини ўргатадиган коллеж ҳам, олий ўқув юрти ҳам йўқ. Фақат бу соҳанинг технологлари тайёрланиши мумкин, бироқ уларни ишлаб чиқарадиган ҳақиқий усталар йўқлиги шу кунга қадар муаммо бўлиб келган. Бу масалани ҳал қилишни ҳам МИМ ўз зиммасига олибди. 

Бизнес соҳибининг фикрича, бу соҳадаги энг катта ютуқ, бозорга кириб, ўз мавқеини сақлаб қолиш. Ваҳоланки, “айланма” йўллар билан давлатимизга кириб келаётган ёки қалбаки нусхалари тайёрланаётган маҳсулот ичида сертификатланганининг харидоргир бўлиб қолиши осон эмас. Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб маҳсулотлар тамғаланади. Бу худди автомашинанинг техник ҳужжати сингари ҳар бир маҳсулот ўз белгисига эга бўлишини англатади. Ҳозир фабрикамизда эркаклар оёқ кийими тикиляпти. Синовлардан ўтган маҳсулотларимиз сифат сертификатига эга бўлди. Пойафзаллар чармининг сифати, тикилишининг пухталиги, бежиримлиги билан ушбу сертификатларга эришди. Пойафзалнинг кузгиларининг таннархи 20 минг тенгегача бўлса, қишкиларининг нархи 50 минг тенгега боради. Эътибор беринг, бу нарх фабриканики бўлиб, улгуржи харид қиладиган дилерлар ўз баҳосини белгилайди. 

– Келажак режаларингиз: фақат эркаклар пойафзали билан чекланиб қоласизларми ёки...

– Кўпчилик нима учун аёллар пойафзалини ҳам ишлаб чиқармайсизлар, деб сўрайди. Бу бозорни ҳам ўрганиб чиқдим. Хотин-қизлар пойафзалининг мен билганим фақат 500 хил рангги бор экан(!), машиналарда ҳам шунча ранг йўқ. Фақат оқ рангнинг 20 хил кўриниши мавжуд экан. Эркаклар йилига 4та оёқ кийим алмаштирса, хотин-қизларда бу шиппаклар ва ҳар бир кийимга мослаб кийишини эътиборга олганда, 20 жуфтни ташкил этади. Хитойда қиз-жувонлар учун оёк кийимлар тикадиган шундай фабрикада бўлдим. “Ундан кўра эркакларга тикиб қўя қолмайсизларми”, десам. “Агар шундай фабрикадан бештаси бўлса ҳам қизларнинг пойафзалга бўлган эҳтиёжини қондириш мумкин эмас”, деб жавоб беришди. Сифат, бозорда ўз ўрнига эга бўлиш ҳам рақобатга бевосита боғлиқ. Масалан, туркиялик ҳамкорларимиз, “сизларга маза, сизларда рақобат йўқ. Халқингиз ҳеч шошилмасдан, бемалол ишлашади”, деб мамлакатимиз ишлаб чиқаришига нисбатан фикр билдиришади. Туркияда эса ундай эмас. Умуман, йирик шаҳарларда рақобат кучли. Бир кун ишламасангиз молиявий танқисликни шу ондаёқ ҳис эта бошлайсиз, – дейди суҳбатдошим.

Хитой тадбиркорлари нархи 5 АҚШ долларини ташкил этадиган баклажка, ва полиэтиленни эритиб, ҳосил бўлган фенолдан шиппаклар тайёрлаб, уларни йирик партияларда Ҳиндистон ҳамда Африка мамлакатларига жўнатар экан. 10 йиллар муқаддам шундай маҳсулотлар бизнинг бозорда ҳам харидоргир бўлди. Аммо бундай арзонгаров маҳсулотларнинг даври ўтди. Одамлар соғлигининг қадрига ета бошлашди. Ҳамюртларимиз ҳам хорижликларнинг айтадиган “Мен арзон кийимлар кийгудек, у қадар бадавлат эмасман”, деган мулоҳазаларига мослашишяпти. 

 Айни дамда фабрикада 50 нафар ходим 5та цехда меҳнат қиляпти. Улар 80-100 минг тенге атрофида ойлик олади. Фабрика фаолиятига 4та хорижий сармоядорни жалб эта олган ишбилармон иқтисодий минтақа ҳудудида 1,5 гектарда янги пойафзал фабрикасини барпо этишга киришяпти. 46та давлатга ташриф буюрган, 5 тилда равон сўзлаша оладиган бизнес бунёдкори, жаҳонда брендга айланиб улгурган Италиянинг машҳур пойафзалларини юксак сифат билан Шимкентда ҳам ишлаб чиқариш мумкинлигига ишончи комил. Ва бунинг учун барча имкониятлар ҳам мавжуд. Истеъмолчи эса жаҳон андазалари асосида дид билан тайёрланган олий сифатли пойафзалнинг арзон бўлмаслигига аллақачон амин бўлди. Бундай “люкс” маҳсулотларни эса ота касбини муқаддас деб биладиган Ғайрат Ҳасанбоев сингари тадбиркорларимиз яратади. Бунга асло шубҳа йўқ. 

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2021-02-27, 01:53 306
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.