26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Халқни бирлаштирган Айтеке бий

Қозоғистон хонлиги тарихида ўз фаолияти билан чуқур из қолдирган кўплаб шахслар яшаб ўтган. Вақт ўтиши билан халқ ҳаётида, мамлакат тараққиётида уларнинг аҳамияти янада яққол намоён бўлмоқда. Бундай тарихий шахслар ўртасида Айтеке бий алоҳида ўрин тутади.

БИЙ АТАМАСИ...

“Бий” атамасини қозоқ тилидан таржима қилганда: “Халқ томонидан сайланган қози” деган маънони англатади. Маҳаллий (овул), минтақавий, қабила ва уруғ-аймоқлар ўзларига йўлбошчи сифатида бий сайлаганлар ва унинг атрофида жипслашиб ҳаёт кечирганлар. Барча масалаларда хоҳ у маиший, хоҳ у ҳуқуқий мавзуларда бўлсин, бий охирги сўзни айтган сўнгги қарорни қабул қилган. Бир сўз билан айтганда, бий ҳам суд, ҳам терговчи ҳисобланган.

Қозоқ халқининг машҳур олим ва тадқиқотчиси Шўқан Уалиханов уларнинг қозоқ анъанавий жамиятидаги роли ва ўрнини шундай тавсифлаган: “Бий номини олиш учун халқ олдида бир неча бор ўз ҳуқуқий билимларини ва нотиқлик қобилиятини намойиш этиш керак эди”. Бундан кўриниб турибдики, бийга нафақат халқни бошқариш ҳуқуқи берилган, балки ўзи ҳам чуқур диний ва дунёвий билимларга эга ажойиб нотиқлик санъати, гапга чечанлик қобилиятига эга бўлиш талаблари ҳам қўйилган.

Ё ҳаёт, ё мамот!

Сибирдан Қоратов ва Сирдарё водийсининг жанубий қирғоқларигача кўчманчилар томонидан катта майдонларни эгаллаган қозоқ овуллари асосан чорвачилик билан шуғулланган. Лекин яхши тайёргарлик кўрган ва қуролланган жунғор (мўғуллар) қўшинларининг тўсатдан қилинган ҳужумлари Қозоқ хонлиги учун ҳақиқий хавф соларди. “Ё ҳаёт, ё мамот!”, деган савол долзарб масалага айланганди. Бу давр Қозоғистон тарихига “Ақтабан чувринди” номи билан кирди. Айнан ўша оғир даврда қозоқ жамияти ҳар қачонгидан ҳам обрўли ва таниқли арбоблар ва ташкилотчиларга муҳтож эди. 

Қозоқ халқи тарихига назар соладиган бўлсак, улар уруғларга бўлиниб, тарқоқ яшашган. Асосан чорвачилик билан шуғулланган тарқоқ халққа ҳужум уюштириш, мол-мулкини куч билан тортиб олиш қийинчилик туғдирмаган. Шу боис улар бир байроқ остида бирлашишни йиллар давомида орзу қилишган. Халқ бўлиб шаклланиб, бир байроқ остида бирлашган пайтдан буён мамлакатда “Уч жуз” бирлигини сақлашга интилиш кучли бўлган.

УЧ ЖУЗ ҲАҚИДА

Ўқувчига тушунарли бўлиши учун “Уч жуз” ҳақида маълумот бериб ўтсам! Қозоқ халқи шажараси “улуғ жуз”, “ўрта жуз” ва “кичик жуз”га бўлинади. Ҳар бир уруғ ана шу учала жуздан тарқалган бўлиб, туғилган фарзанд тили чиқиши биланоқ, аввало қайси “жуз” ва қайси “уруғ”дан эканлиги, яъни ота-боболарининг шажараси ўргатилади.

1663-1759 йилларда умр кечирган Тўле бий “улуғ жуз”, 1667-1764 йилларда яшаган Қазибек бий “ўрта жуз”, 1644-1700 йилларда яшаган Айтеке бий “кичик жуз” бош бийи этиб сайланган.

Бугунги кунга қадар қозоқ халқининг уч буюк фарзанди, уч улуғвор донишманди – Тўле бий, Қазибек бий ва Айтеке бий қозоқ халқи учун миллий бирлик ва бирдамликнинг абадий рамзига айланган. Халқ ғами, миллат ташвишини елкасига ортмоқлаган мамлакатни адолат ва диёнат билан бошқарган бийларнинг оташин нутқлари халқ томонидан муқаддас китоблардаги муқаддас сўзлар каби қабул қилинган. Улар фаолиятининг миллат тарихидаги аҳамиятини бундан ортиқ даражада баҳолаб бўлмайди, албатта!.

АЙТЕКЕ БИЙНИНГ ШАЖАРАСИ

Айтеке бий 1644 йилда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги Нурота тоғининг Бухоро еригача чўзилган Қизбиби тоғининг этагида туғилган. Келиб чиқиши “кичик жуз” Алим қабиласининг Тўртқара уруғидан. Амир Темурнинг бош маслаҳатчиси Ўраз ҳожининг бешинчи авлоди ҳисобланади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, Ўраз ҳожи Ўрта Осиёдаги улкан давлат асосчиси бўлган Самарқанд шаҳрини пойтахтга айлантирган буюк Темурнинг энг яқин маслаҳатчиларидан бири эди. Амир Темур ва Мирзо Улуғбекдан кейин Самарқанднинг таниқли ҳукмдори ҳисобланган Ялангтўш Баҳодир Айтеке бийнинг бобоси бўлган.

УНИНГ ЁШЛИГИ

Беш ёшидан бошлаб овул муллаларидан ўқиш ва ёзишни ўрганган. Катта бобоси Ақша хоннинг тарбиясида бўлиб, қондошлар қўни-қўшни халқлар, элчилар билан ўзаро муносабатларни шакллантириш илмини ўзлаштирган. Шундан сўнг аскарлик кўникмаларини ўрганиш ва ошириш мақсадида бобоси Ялангтўш Баҳодирнинг тарбиясига олинади. 

Шу йиллари Самарқанддаги “Шердор”, “Тилла-қори” мадрасалари олимларидан дарс олади. Ўқишни машҳур Улуғбек мадрасасида давом эттириб, араб, форс ва турк тилларини ўрганади. Мадрасадаги ўқишини тугатгандан сўнг, она юртига қайтиб отаси билан халқни бошқаришда иштирок эта бошлайди.

БИЙЛИККА КЕЛИШИ

Айтеке бий 21 ёшида Бухоро ва Самарқанд атрофида яшаган қозоқлар, ўзбеклар ва қорақалпоқларнинг бош бийи бўлган. Хориждан келган элчиларнинг қабулларида иштирок этган. Айтиш жоизки, аввал ўтган қозоқ бийлари ва халқ донолиги хазиналарини, машҳур аждодларнинг илму анъаналари билан бирлаштирилган нотиқлик санъатини ўзлаштирганлиги Айтеке Байбек ўғлига машҳурлик олиб келади. 25 ёшида бий сифатида танилади. У айтаётган сўзлар, фикрларнинг кескинлиги ўткир қиличга қиёсланади. 30 ёшида кичик жуз бош бийи этиб сайланди. 

Тауке хон 1680 йилда тахтга ўтирганда Айтеке бий унинг бош маслаҳатчиси бўлган эди. Баъзи тахминларга кўра, онаси Қиргулсулу Тауке хоннинг қизи бўлган дейишади. Хон саройида 20 йилга яқин бир байроқ остида бирлашиш, уч жузнинг ўзаро келишмовчиликлари туфайли юзага келадиган турли низолар, халқ ҳаётига оид ўткир масалаларни ҳал этишда, қарама-қарши томонларни муросага келтиришда сўнгги сўз кўпинча Айтеке бийга тегишли бўлган. 

ЕТТИ НИЗОМ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН

Тўле бий, Қазибек бий, Айтеке бий мамлакатни идора қилишга бағишланган “Етти Низом”ни ёзишга ва уни бутун хонлик бўйлаб тарқатишга қарор қилишади. Туркистон яқинидаги умумхалқ қурултойида қабул қилинган ва халқнинг иродасини ўзида акс эттирган ушбу йирик Низом қозоқ жамиятида миллий бирликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Айтеке бий томонидан “Етти Низом” ҳужжатлар тўпламига таклиф этилган қонунлардан бири “адолатли жазо” яъни ўлим ҳукми “сотиб олиш” тамойилига алмаштирилади. Бунда вафот этган кишига “Суяк хуни”, агар у истеъдодли бирор бир санъат ёки ҳунарнинг эгаси бўлган бўлса “Ҳунар хуни” сингари уч босқичли тўлов миқдорини амалга ошириш “Етти Низом” билан белгиланган эди.

УНИНГ ҲАЁТИ ХАЛҚҚА ТЕГИШЛИ

Қозоқ халқида: “Кичик жузнинг қўлига қилич бериб, жангга жўнат” қабилидаги нақл мавжуд. Айтеке бий ҳам бобоси Ялангтўш Баҳодирдан ўрганган аскарлик кўникмаларини Тауке хоннинг байроғи остида намойиш қилган ботирлардан. Хоннинг маслаҳатчиси ва яқин ёрдамчиси сифатида Сайрамга ҳужумни қайтаришда иштирок этади. Руслар билан муносабатларда муайян мувозанатни ўрнатишга кўмаклашган. Қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз халқларининг жунғор босқинчилигига қарши ҳаракатларида бирлашишга ёрдам берган эди.

Эътирофлиси, Тўле бий, Қазибек бий, Айтеке бий ҳақиқат ва адолат йўлида ўз халқига ҳалол хизмат қилишни муҳим вазифаси, бурчи деб билган. Аччиқ мағлубият аламини, ғалабалар қувончини бирга баҳам кўришган.

Бобомиз Айтеке бийнинг: “Халқ кўз ёшлари қуёшда қуриб кетмайди”, “Менинг ҳаётим халққа тегишли, мен эса фақат ўлимимга эгаман”, “Бий бутун қозоқ халқининг ҳаёти ва тақдирига таъсир кўрсатадиган оқилона қарорлар қабул қилиш учун юқори ахлоқий даражада бўлиши керак”, деган сўзлари уч буюк афсонавий бийнинг ҳаёти мазмунини ўзида акс эттирган, дейиш мумкин.

МАНГУ ҚЎНИМ ТОПГАН МАКОН

1699 йилда бобоси Сейтқул авлиё дафн этилган Нуротага зиёратга келган Айтеке бий орадан бир йил ўтиб, 1700 йилда вафот этади. Шу орада қозоқ халқига қалмоқ босқинчиларининг ҳужуми боис, бийни Туркистонга олиб бориш ва у ерда дафн этиш имконияти бўлмайди. Бу хабардан иложсиз қолган халқ Айтеке бийни Сейтқул бобосининг оёқ томонига дафн қилишган.

Айтеке бийнинг вафотидан сўнг, Нурота тоғи атрофида яшовчи кўпчилик овуллар аҳолиси Сирдарё қирғоғига кўчиб ўтишади. Ҳозирда Айтеке бийнинг олтинчи, еттинчи авлодлари Қозоғистон Республикасининг Қизилўрда, Туркистон вилоятларида, баъзилари эса Ўзбекистон Республикасининг Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятлари ҳамда Нурота туманида яшайдилар.

ПАЙҒАМБАРНИНГ ҚАДАМИ ТЕККАН ЖОЙ

Машҳур тарихчи Муҳаммад Нор Шоҳиддин томонидан 943 йилда ёзилган “Бухоро тарихи” асарига кўра, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Нуротада бўлганлиги қайд этилади. Шунинг ўзиёқ, Нурота муқаддас замин эканлигидан далолат бериб турибди. Қолаверса, бу тупроқда буюк бобомиз Айтеке бий – Сейтқул авлиёнинг дафн этилгани барчамиз учун бу маскан қадрини янада оширади.

2008 йилда маданий мерос иншоотларини муҳофаза қилиш қўмитаси раҳбари Равшанбек Мансуров ҳар икки мамлакат Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларига мурожаат қилиб, Айтеке бий – Сейтқул авлиё мақбарасини қуришга рухсат олади. 27 август куни мақбара қурилиши учун биринчи қозиқ қоқилди, шу тариқа неча асрлардан буён халқнинг орзуси бўлган мақбара қуриш масаласи ижобий ҳал қилинди. Қурилиш 9 ой давом этади. Мажмуанинг майдони 6 гектар бўлиб, унинг ҳудудида масжид, меҳмонхона ва боғ мавжуд.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Шу ўринда мақолани тугатишим ҳам мумкин эди. Лекин мен ҳам бобом Айтеке бийнинг авлодидан “кичик жуз”нинг “етти уруғи” унинг ичида “нўғайли телеу” уруғидан эканлигимдан фахрланишимни таъкидлашим жоиз.

Дарҳақиқат, Айтеке бий бобомиз бутун умри давомида туркий халқлар бирлигини орзу қилган ва шу йўлда курашган. Бугун унинг орзуси амалга ошди. Ҳозирда тили, дини, тарихи туташ, маданияти муштарак бир дарёдан сув ичган Ўзбекистон ва Қозоғистон – икки қардош халқнинг бирлиги ва дўстлигининг рамзи ҳисобланади.

Райҳон ҚОДИРОВА, журналист. Ўзбекистон Республикаси, Учқудуқ шаҳри, 2024-06-07, 19:51 243
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.