26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Фахриддиннинг фахрли ва фараҳбахш ҳаёти

Ҳозирги турфа ахборотларга бой, борлиқни тезкор алоқа ва замонавий технологиялар эгаллаган вақтда айрим орамиздаги одамлар тўғрисида кўпчилик етарли маълумотга эга эмас. Мен ҳикоя қилмоқчи бўлган инсон – юртимизда умргузаронлик қилиб, футбол соҳасида мисли кўрилмаган ютуқларга эришган афсонавий қаҳрамон. У ҳамюртларимиздан биринчи бўлиб футболдан халқаро миқёсдаги спорт устаси, ўсмирлар ўртасида 1981 йилда бўлиб ўтган Европа чемпионатининг бронза медали совриндори...

Фахриддин Исломов 1963 йил 23 октябрда Сайрам тумани маркази – Оқсувкент қишлоғида, ишчи оиласида таваллуд топди. Отаси раҳматли Ёқуб ота кўп йиллар туман кўмир омборхонасида қоровуллик вазифасини бажарди. Волидаи муҳтарамаси Ниёзой она уй бекаси эди. Ёқуб ота ўзининг ҳалол меҳнати билан 9 фарзанд – 5 қиз ва 4 ўғилни вояга етказиб, муносиб инсонлар сифатида тарбиялади. Уларнинг ҳаммаси айни пайтда жамиятимизда ўз ўринларига эга. Мен мактабдаги фаолиятим давомида, Ёқуб ота билан кўп муомалада бўлганман. Чунки мактабга зарур бўлган кўмирни туман марказидаги омборхонадан олардик. У жуда ҳам одил, ҳақгўй, камтарин инсон эди. Отахондаги бу хислатлар Фахриддинга ўтганлигини мен у билан бўлган мулоқотларда ҳис қилдим. 

Фахриддин 1970 йили Зоя Космодемьянская номли мактабда ўқишни бошлади. Ёшлигидан спортга, айниқса, футболга бўлган қизиқиш, бошланғич синфларданоқ унга тинчлик бермасди. 

Ўтган асрнинг 70-йилларида туман маркази Оқсувкентда спорт мактаби мавжуд бўлиб, унда футбол гуруҳи ҳам бор эди. Бу тўгаракни кўп йиллар давомида тажрибали мураббий Владимир Скринник бошқарган эди. Владимир Иванович ўз фаолиятини ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб 2010 йилгача давом эттирди. У кўплаб таниқли футболчиларни тарбиялади. Фахриддин ҳам ўзининг биринчи устози Владимир Скринник эканлигини фахр билан хотирлайди.

Фахриддин ўзининг катта футболга кириб боришига сабабчи поччаси Абдуғофир Маннопов эканлигини миннатдор туйғулар ила таъкидлайди. У 7-синфда ўқиб юрган пайтда уйларига поччаси меҳмон бўлиб келади. Асли қорабулоқлик Абдуғофир ака ТошМИни тамомлаб, давр тақозоси билан Тошкент вилоятининг Бўка туман касалхонасида бош шифокор эди. Ўз даврида катта обрў-эътиборга эга бўлиб, ҳамқишлоқларига кўп яхшиликлар қилганлиги тўғрисида халқ орасида илиқ гаплар юради. 1977 йилда Фахриддин Исломов Абдуғофир аканинг кўмагида Герман Титов номидаги Ўзбекистон Республикаси футбол мактаб-интернатига ўқишга жойлашади. Шу йилдан эътиборан Фахриддин ўқишни Тошкентда давом эттиради. 

Футбол мактабида Фахриддиннинг мураббийлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Владимир Яшченко ва Гурам Дараселия бўлди. 

Гурам Дараселия СССРда машҳур, 1982 йил СССР чемпиони бўлган, СССР терма жамоаси ҳужумчиси Виталий Дараселиянинг укаси эди. В. Яшченко ва Г. Дараселиялар ўша вақтдаги машҳур ва афсонавий «Пахтакор-79» жамоасида тўп сурган Владимир Фёдоров, Михаил Ан, Сирожиддин Бозоров, Константин Новиков сингари футболчиларни тарбиялаб, вояга етказишган эди. Бу футболчилар Фахриддиннинг мактаб-интернатдаги дўстлари эди.

Футбол мактабидаги ўқиш даврида, Фахриддин дастлабки кунларданоқ ўзининг одоби, тиришқоқлиги, футболга қизиқувчанлиги билан мактабдагилардан ажралиб турарди. Тинимсиз қилинган машқлар, устозларнинг ўгитлари тез орада ўз натижасини кўрсата бошлади. У дастлаб Ўзбекистон ўсмирлар терма командасига, 1981 йилда эса СССР ўсмирлар терма жамоасига қабул қилинди. 

1981 йил, Финляндия пойтахти Хельсинки шаҳрида ўтган футболдан ўсмирлар Европа чемпионатида СССР терма жамоаси бронза медали билан тақдирланди. Ўша терма команда сафида Фахриддин Исломов ҳам бор эди. Жамоада Фахриддин билан Олег Горотосов, Геннадий Литовченко, Станислав Черчесов сингари футболчилар тўп сурдилар. Кўпчилик футбол ишқибозлари Олег Протосов ва Геннадий Литовченкони 1983-85 йилларда “Днепр” Днепропетровск жамоасида, 1985 йилдан “Динамо” Киев жамоасидаги ўйинларидан билишади. Уларнинг ҳаракатлари билан “Днепр” 1984 йилда СССР чемпиони бўлган. Протосов-Литовченко тандеми ўша вақтда жуда машҳур эди. Станислав Черчесов эса “Спартак” Москва ва СССР терма жамоасида дарвозабонлик қилган. Маълум вақтгача Россия терма жамоасининг бош мураббийи бўлган.

Юқоридаги таркибдаги СССР ёшлар терма жамоаси 1982 йилда Мексика пойтахти Мехикода бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 7-ўринни эгаллашган.

Бу даврларда СССР ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасига Николай Киселев тренерлик қилган. Яқингача РСФСРда хизмат кўрсатган мураббий Н. Киселев Москвада, К. Бесчов номидаги марказий футбол Академиясининг мураббий-услубиятчиси бўлиб ишлади. Унинг кўплаб шогирдлари собиқ Иттифоқ вақтида ва ундан кейин нуфузли мусобақаларда иштирок этган. 

Машҳур “Пахтакор-79” жамоаси ҳалокатга учрагандан кейин Ф. Исломов “Пахтакор” таркибида ўйнай бошлади. 1979-86 йиллар давомида Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси эришган ютуқларда Фахриддиннинг салмоқли ҳиссаси бор.

Фахриддин ўзининг футболга бағишланган бу кунини ҳеч эсдан чиқармайди.

“Пахтакор” СССР чемпионатининг 1983 йил 27 августдаги ўйинини, Бокуда, маҳаллий “Нефтчи” билан ўтказмоқда эди. “Нефтчи” ўйинчиси Алекпер Абдуллаев ўйин давомида Фахриддиннинг чиройли амалга ошираётган дриблингларга дош беролмай, уни спортчига хос бўлмаган қўполлик билан тўғридан тўғри ўнг оёғига тепиб тўхтатади. Натижада унинг оёғи синади. Синиқ шундай даҳшатли эдики, уни футбол майдонидан “Тез ёрдам” машинасида касалхонага олиб кетишади. Бокуда кейин шахсан ўша пайтдаги Озарбайжон Компартияси Биринчи котиби Гейдар Алиевнинг кўрсатмаси билан Москвада даволанади. Узоқ вақт, 1,5 йил даволаниб, Тошкентга қайтади. Афсуски, шунча даволанишга қарамай, жароҳатнинг оғирлигидан Фахриддиннинг ўнг оёғи 4 см. қисқа бўлиб қолади. 

У ўз фаолиятини “Пахтакор”нинг дублёр жамоасида давом эттиради. 

1986 йилда қадрдон қишлоғига қайтиб, Оқсувкент қишлоғидаги 141-ЎҲТБЮда спорт ва маданий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлади.

Фахриддин Исломов 1991 йилдан то ҳозиргача фаолиятини тижоратга бағишлаб келмоқда. 

Фахриддиннинг, айниқса, бева-бечораларга, кам таъминланганларга, муҳтожларга кўрсатаётган ёрдами беқиёсдир. Бу ҳақда биз маҳаллий аҳолидан илиқ гаплар эшитдик.

Фахриддин Исломов 2012-2017 йиллар давомида Сайрам туман ўзбек маданият марказининг раиси сифатида хизмат қилди. Бу даврда ЎММ томонидан жуда кўп хайрли тадбирлар ўтказилди. Айниқса, Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирлар кўпчиликка манзур бўлди. 

Фахриддин ўзбек маданият марказига раҳбарлик қилган пайтда Қозоғистон халқи Ассамблеясига аъзо бўлиб, самарали хизмат қилганлиги учун Қозоғистон Республикаси Президенти томонидан ҚХАнинг олтин медали билан тақдирланган эди. 

Фахриддин кўпчилик ҳавас қиладиган оила бошлиғи. У умр йўлдоши Муниса билан 1 ўғил, 3 қизни тарбиялаб, вояга етказди. 13 нафар неваранинг суюкли буваси. 

Мақоламиз ниҳоясида футбол шунқори Фахриддин Исломовга келгуси ҳаётида мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, тижорат ишларида янада улкан ютуқларга эришаверишига тилакдошмиз.

Турсунқул РЕЖАМЕТОВ, фахрий муаллим, 2025-01-20, 21:36 195
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.