26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Аёлнинг қудрати – қалбидаги меҳр ва иродада

Нилуфар Сайдуллаевани “Art School” ўқув маркази ва “Woman’s Day” хотин-қизлар клуби асосчиси, жамоат арбоби, шаҳар Respublika партияси қошидаги “Re.Women” хотин-қизлар ҳамжамияти раисаси ҳамда Ишбилармон хотин-қизлар кенгаши ҳамраисаси, Шимкент шаҳар ҳокими ҳузуридаги Гендер комиссияси ҳамда Хотин-қизлар ишлари ва оилавий-демографик сиёсат комиссияси аъзоси сифатида яхши билишади. У минглаб аёлларнинг ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилишга ҳисса қўшиб келмоқда.

Шимкент шаҳрида дунёга келган Нилуфар Сайдуллаева оилада иккинчи фарзанд сифатида камолга етди. Унинг отаси Афғонистонда байналмилал бурчини адо этиб, юртга соғ-омон қайтган бўлса-да, тақдирнинг аччиқ синови туфайли ёнғин фалокатидан ҳаётдан кўз юмади. Онаси эса 27 ёшида икки нафар фарзанди билан ёлғиз қолади. Акаси билан тенгдошдек бўлгани учун болалик йиллари бирга ўтди. Қаҳрамонимизнинг ҳаётида ота-онасининг ўрни беқиёс. Айниқса, онасининг матонати ва иродаси унинг ҳаётдаги энг катта мактаби бўлди. 

Бугун эса ўша кичкина қизалоқ минглаб аёлларга илҳом бераётган етакчига айланган.

Аёлнинг қудрати унинг қалбидаги меҳр, сабр-матонатида намоён бўлади. У бир пайтнинг ўзида оиласига таянч, фарзандларига меҳрибон она, жамият тараққиётига ҳисса қўшаётган фаол шахс сифатида ҳаёт кечиради. Кундалик ташвишлар ичида ҳам у орзу қилишдан ва эзгу мақсадлар сари интилишдан тўхтамайди. 

Яқинда Шимкент шаҳрида ўтган Тадбиркор хотин-қизлар анжуманида нутқ сўзлаган саккиз нафар фарзанднинг меҳрибон онаси Нилуфар Фахриддин қизи билан аёлнинг ички қудрати, ҳаётдаги мувозанат ва муваффақият сари етакловчи омиллар ҳақида суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда кўп тилга олинаётган “кучли аёл” тушунчасига муносабатингиз қандай?

– Менимча, аёлнинг қудрати унинг қанчалар улуғвор вазифани бажаришида эмас, балки ҳар қандай вазиятда ҳам ўзлигини сақлаб қолишида намоён бўлади. Бу – ички таянч, сабр, ишонч ва масъулиятдир. Аёл бошқаларга ғамхўрлик қилар экан, ўз орзу ва мақсадларини ҳам унутмаслиги керак.

– Форумда аёлларга қандай асосий ғояни етказмоқчи бўлдингиз?

– Ҳар бир аёл ўзи ўйлагандан ҳам кучли, қудратли эканини англаб етсин дедим. Кўпчилик оила ва шахсий ривожланиш ўртасида танлов қилиш керак деб ҳисоблайди. Аслида эса иккаласини ҳам уйғунлаштириш мумкин. Муҳими, ўз кучига ишониш ва дастлабки қадамни ташлашдан қўрқмаслик.

– Сиз учун аёл кучининг тимсоли ким?

– Мен учун бу, аввало, онам. Мен аёлнинг сабри, матонати ва меҳри нималигини айнан онам мисолида кўрганман. У киши ҳаётнинг оғир синовларига қарамай, фарзандларини меҳр билан тарбиялади, бизга яхши таълим-тарбия бериш учун бор кучини сарфлади. 2022 йилда онамдан айрилдик. Бу мен учун жуда катта йўқотиш бўлган. Аммо бугун ҳам ҳаётимда муҳим қарорлар қабул қилар эканман, онамнинг насиҳатлари ва ибратини эслайман.

– Замонавий аёл қандай бўлиши керак?

– Замонавий аёл кўп қиррали шахсдир. У билимли, мустақил фикрлайдиган ва ўз қадрини биладиган инсон бўлмоғи керак. Шу билан бирга меҳр-оқибат, оилавий қадриятлар ҳам сақланиб қолиши лозим.

– Қаҳрамон она сифатида оила ва иш ўртасидаги мувозанатни қандай сақлайсиз?

– Бу осон эмас, албатта. Аммо мен учун оила биринчи ўринда туради. Вақтни тўғри тақсимлашга ҳаракат қиламан. Яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши менга катта куч беради.

– “Art School” ўқув марказига асос солдингиз. Бу ғоя қандай туғилган?

– Мен ҳар доим аёлларнинг ўз имкониятларини намоён қилиши ва иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлишини истаганман. Шу мақсадда 2016 йилда аёлларга бичувчилик ва тикувчилик сирларини ўргатиш мақсадида ушбу марказни ташкил қилдик. Бугунга қадар бу ерда 3000дан зиёд хотин-қизлар таҳсил олиб, кўпчилиги мустақил фаолият бошлади, ўз ательесини очиб, оилавий даромадига ҳисса қўшиб келмоқда.

– Нега аксарият аёллар ўз бизнесини бошлашдан қўрқади?

– Одатда улар муваффақиятсизликка учрашдан, танқиддан ёки ўзини ҳали етарлича тайёр эмасман, деган ўй сабаб чўчишади. Аслида ишонч  олдиндан эмас, айнан ҳаракат жараёнида шаклланади. Шунинг учун қулай шароитни кутиш эмас, кичик қадамлар билан бўлса ҳам бошлаш керак.

– Ҳаётингизда қандай синовларга дуч келгансиз?

– Мен ҳам кўпчилик аёллар каби вақт тақчиллиги, оила ва иш масъулиятини бир вақтнинг ўзида олиб бориш, шубҳа ва хавотирлар билан тўқнаш келганман. Айрим пайтларда кучим етмаётгандек туюлган ҳолатлар ҳам бўлган. Бироқ айнан шу синовлар инсонни тоблайди, ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарашга ўргатади.

– Сизга илҳом ва куч берувчи омил нима?

– Атрофимдаги инсонлар, айниқса, қийинчиликларга қарамай, олға интилаётган аёллар менга илҳом берди. Оилам ва устозларимнинг қўллаб-қувватлаши ҳам катта таянч, айниқса, онам ва турмуш ўртоғимнинг хизматлари беқиёс. Шунингдек, ўз фаолиятим орқали бошқа аёлларга имконият яратишга ҳисса қўшаётганимни ҳис қилиш эса энг катта рағбатдир.

– Бугун жамиятимизда хотин-қизлар учун қандай имкониятлар мавжуд?

– Ҳозирги кунда хотин-қизлар учун турли таълим дастурлари, грантлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳалари, жамоатчилик ташаббуслари ва хотин-қизлар клублари сони ортиб бормоқда. Муҳими, инсон имкониятни кутиб ўтирмасдан, уни излаши ва ундан фойдаланиши керак.

– Келажакда қандай лойиҳаларни амалга оширишни кўзлаяпсиз?

– Хотин-қизлар ва ёшлар учун янги имкониятлар майдонини кенгайтиришни мақсад қилганман. Тадбиркорлик, етакчилик, ижтимоий фаоллик ва шахсий юксалишга қаратилган таълим дастурларини йўлга қўйиш ниятим ҳам йўқ эмас. Улар инсонга билим олиш, тажриба алмашиш ва ўз салоҳиятини намоён қилиш имконини беради.

– Кучли аёл образи ортида нималар яширин?

– Кўпинча одамлар фақат муваффақият натижаларини кўради. Аммо унинг ортида бедор тунлар, ташвишлар, кўз ёшлари, иккиланишлар ва улкан масъулият мужассам. Менимча, кучли аёл – ҳеч қачон қоқилмайдиган инсон эмас, балки ҳар қандай синовдан сўнг оёққа тура оладиган, умидини узмайдиган ва олға интилишда давом этадиган шахсдир.

– Суҳбат учун ташаккур!

Малика ЭЛТОЕВА, 2026-06-12, 23:28 101
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.