26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Туркистон вилояти ва Ўзбекистон ўртасида меморандумлар имзоланди

Ақтов шаҳрида Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Минтақалар раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши ҳамда «Қозоғистон – Ўзбекистон: қўшма лойиҳалар ва тараққиётнинг янги имкониятлари» мавзуида бизнес-мулоқот ўтди. Тадбирда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Ўлжас Бектенов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Орипов, икки мамлакат давлат идоралари, ҳудудлар ва бизнес ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.

Аввало бизнес-анжуман ўтказилди ва у Туркистон вилояти учун амалий натижалари билан фойдали бўлди. Анжуман якунларига кўра, Туркистон вилояти ҳокимлиги ҳамда ўзбекистонлик ҳамкорлар ўртасида умумий қиймати 78 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи сармоявий меморандумлар имзоланди. Бу янги ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.

Минтақалар раҳбарлари кенгашининг йиғилишида сўзга чиққан Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеров Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бугунги кунда давлат раҳбарлари белгилаб берган стратегик йўналишнинг аниқ самарасига айланганини таъкидлади.

– Бугунги кунда Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик ва ишончли ташқи савдо ҳамкорларидан ҳисобланади. Давлат раҳбарлари зиммамизга юклаган асосий вазифалардан бири – 2030 йилга қадар ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард АҚШ долларига етказишдир. Ушбу мақсад йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги икки йил мобайнида икки томонлама савдо барқарор ўсишни намоён этди ва 2025 йил якунларига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 5 миллиард АҚШ долларига етди. Бу ўтган йилга нисбатан 116 фоиз ўсишни англатади. Шунингдек, экспорт ҳажми 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди, – деди вилоят ҳокими.

Нуралхан Кўшеров ушбу натижаларга Туркистон вилояти ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

– Туркистон вилояти икки томонлама савдони ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. 2025 йил якунларига кўра, вилоят билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 511 миллион АҚШ долларидан ошди. Мақсадимиз нафақат савдо ҳажмини кўпайтириш, балки қўшма ишлаб чиқариш корхоналари сонини ошириш, қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришдан иборат. 

Айни пайтда «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси маркази ҳудудида умумий қиймати 234 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи олтита сармоявий лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар янги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш ва юзлаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Шунингдек, Туркистон вилоятида ўзбек капитали иштирокида умумий қиймати 73 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқариш, гўшт кластери ташкил этиш, балиқчиликни ривожлантириш, сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш ва металлга ишлов бериш соҳасида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда, – деди Нуралхан Кўшеров.

Вилоят раҳбари Туркистон вилояти иқтисодиётининг тараққиёти хомашё усулига асосланган иқтисодиётдан индустриал иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиши билан узвий боғлиқ эканлигини қайд этди.

– Туркистон вилояти бугунги кунда хомашёни экспорт қилишга асосланган услубдан уни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи янги индустриал иқтисодиётга босқичма-босқич ўтмоқда. Ҳукумат кўмагида пахта-тўқимачилик, гўшт ва маккажўхори кластерлари шакллантирилмоқда. Бу лойиҳалар ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш ва янги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлади. Сармоядорлар учун махсус иқтисодий ва индустриал минтақаларда тайёр муҳандислик инфратузилмаси яратилган. Давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, имтиёзлар тақдим этилмоқда. Ана шу тизимли ишлар натижасида ўтган йили вилоят иқтисодиётига 4 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилинди, унинг ярми хорижий сармоялар ҳиссасига тўғри келади, – деди у.

Анжуман доирасида имзоланган меморандумлар мазкур сармоя сиёсатининг мантиқий давоми бўлди. Жумладан, қиймати 47 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳа доирасида металл ишлаб чиқариш заводи барпо этилади. Корхонада профнастил, металл қувурлар, сендвич-панеллар ва енгил пўлатдан тайёрланадиган юпқа деворли конструкциялар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, 2 миллион АҚШ долларига кунгабоқар ёғи ишлаб чиқариш заводини қуриш масаласида келишувга эришилди. Қиймати 5 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида маккажўхори маҳсулотлари экспорт қилинади. Бундан ташқари, 12 миллион АҚШ долларига гўштни қайта ишлаш мажмуаси маҳсулотларини халқаро бозорга чиқариш ҳамда яна 12 миллион АҚШ долларига сазан балиғини етиштиришга мўлжалланган замонавий балиқчилик мажмуасини ташкил этиш юзасидан келишувлар имзоланди.

Ақтовда ўтган бизнес-мулоқот Туркистон вилояти учун янги сармоявий имкониятларни очиб берди, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ишлаб чиқариш имкониятларини янада ривожлантиришга янги суръат бағишлади. Икки мамлакат Бош вазирлари иштирокида ўтган мазкур муҳим учрашув якунида имзоланган умумий қиймати 78 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи янги меморандумлар вилоятнинг саноат салоҳиятини юксалтириш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Вилоят ҳокимининг матбуот хизмати, 2026-07-28, 00:15 6
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.