26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Янги ўқув йилидаги сўнгги янгиликлар

Гулдаста

Қозоғистонда янги ўқув йили бошланди ва бу йилги 1 сентябрь Билимлар куни бутунлай бошқача тарзда ўтди. Энг аввало, ўқитувчига гулдаста бериш масаласи кун тартибига чиқди. Яъни, Таълим вазирлиги эълон қилган қоиданинг биринчи бандида ўқитувчиларга гул бериш ман этилгани ёзилган эди. Лекин бу қоида кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Шу сабабли вазирлик 1 сентябрь куни ўқитувчиларга гулдасталар тақдим этиш мумкинлигини эълон қилди.

Таълим вазирлиги қоидаларни қайта кўриб чиқди ва ажойиб анъанани сақлаб қолишга қарор қилди. Фақат битта огоҳлантириш билан: яъни, гулдаста хариди оилавий бюджетга салбий таъсир қилмаслиги керак. Бу ўзгаришдан ота-оналардан кўра, гул сотувчилар қувонишди. Чунки, улар 1 сентябрга атаб йирик миқдорда гул келтириши маълум. Улар нархини кўтармасликка ҳам ваъда беришди.

ҚРда гулдасталар – устоз-муаллимга бўлган ҳурмат ва миннатдорчилик рамзи сифатида қолади. Энди 1 сентябрь ёки бошқа кунларда ҳам гул кўтариб, мактабга бориш айб саналмайди.

Телефон

Энди янги қонунга мувофиқ уяли телефонни синфда, дарс пайтида олиб қўйиш ёки топшириш керак бўлади. Бу янги чеклов, 1-7-синфлар ўқувчиларига тааллуқли. Уларга дарс давомида телефондан фойдаланишга рухсат берилмайди. Уни сумкага солиб қўйиш ёки мактабдаги махсус сақлаш жойига топширишга тўғри келади.

Лекин бу мактабда смартфондан тўлиқ фойдаланиш тақиқланади, дегани эмас. Ўқув жараёнида планшет қўлланишга рухсат бор. Юқори синф ўқувчиларига чеклов йўқ. Улар фанни ўрганиш чоғида онлайн дастурлардан фойдаланишлари мумкин.

Кўпчилик ўқувчилар учун телефон, асосан, ота-оналари билан мулоқот учун зарур. Боланинг уйдан мактабга етиб олгани ёки аксинча, дарслар тугагани ҳақида маълумот етказиб турилади. Агар дарс жадвали ўзгарса, буни ҳам ота-она билиши керак. Ўқитувчи синф тахтасида уй вазифасини ёзиб кўрсатса, кўп ўқувчилар уни кўчиришмайди, балки телефон орқали суратга тушириб олишади. Дарсда телефоннинг яна бир афзаллиги, болалар гуруҳларга бўлиниб ишлаётганда, яхши самара беради.

Лекин кўпчилик ота-оналар телефонни чеклаш билан боғлиқ янгиликни тўлиқ қўллаб-қувватлашмоқда. Чунки сўнгги пайтларда телефон туфайли фарзандлари дарс тайёрлаш, уй вазифаларини бажариш ўрнига ижтимоий тармоқлардан “чиқа олмай” қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу биринчи навбатда, ўқув жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўқитувчилар ҳам бу чекловдан мамнун. Сабаби, болалар синфда дарс ўзлаштириш, сабоқ олиш ўрнига видео кўришади ёки ўйин ўйнашади.

“СОР” ва “СОЧ”

Бошланғич синфларда “СОР” ва “СОЧ” бекор қилинди.

2026 йил 1 сентябрдан 2-4-синфлар учун баҳолаш тизими ўзгарди. Одатдаги “СОР” ва “СОЧ” ўрнига ҳар бир чоракдан кейин оралиқ иш олиб борилади. Шунингдек, болалар ўз вазифаларини бажариши учун кўпроқ вақт берилади. Илгари “СОР” учун 15-20 дақиқа ажратилган бўлса, энди оралиқ иш бутун дарсни олади. Шу билан бирга, шакллантирувчи баҳолаш бир хил бўлиб қолади – 1дан 10 баллгача. Ўқитувчи фақат битта вазифани эмас, балки дарс давомида боланинг бутун ишини ҳисобга олади: яъни жавоб бериши, мустақил ва гуруҳ иши, уй вазифаси ва бошқаларни текширади. Энди диктант, баён ва иншо ёзилади.

5-11-синфлар учун баҳолаш тизими (БЖБ ва ТЖБ) ўзгармади.

Макияж

Ўқувчи қизларнинг мактабга атир-упа суриб келишларига ҳам чек қўйилди.

Энди таълим муассасаси ўқувчиларнинг ташқи кўриниши ва кийиниш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Қиз боланинг юзидаги бўёғи, ёки ўғил боланинг бетартиб сочи учун ота-она жарима тўлайди. Таълим муассасаси атир-упани (косметика) тўлиқ тақиқламайди. Лекин у кўп қўлланилса, бу ҳолат учун қонунда маъмурий жавобгарлик мавжуд. Биринчи марта огоҳлантириш берилади, агар йил давомида такрорланса, унда 2026 йилдаги 5 ОҲК миқдори бўйича – 21 625 тенге жарима тўланади (ҚР МҲКнинг 409-моддаси).

Агар мактаб формаси талабга мувофиқ бўлмаса, болани дарсга киритмаслик қоидаси ҳам бор.

ҚР “Таълим тўғрисида” Қонунига кўра, ота-оналар фарзандларининг мактаб биносига формада, қизларнинг эса ортиқча бўёқларсиз кириб боришларини назорат қилишлари шарт. Бу давлат ва нодавлат мактаблари ўқувчиларига бирдек тааллуқли меъёр.

Янги қоида бўйича мактаб формасини харид қилишда мактаб маъмурияти кимдан ва қайси савдо дўконидан харид қилиш масаласига аралашмайди. Агар бу борада алоҳида таклиф ёки талаблар айтилса, маъмурий жавобгарлик бор эканлигини унутманг.

Агар ўқувчи мактабга формасиз келса, уни дарсга қўймаслик тақиқланади. Фақат бу ҳолат такрорланаверса, жарима солинади.

Янги фанлар

1 сентябрдан эътиборан янги фан курслари пайдо бўлди.

5-7-синфлар учун “Конституция асослари”.

8-11-синфлар учун “Қонун ва интизом”.

5-11-синфлар учун “Шахсий хавфсизлик”.

Биринчи синф ўқувчилари учун “Кўникма даври” киритилмоқда ва болаларнинг ёш хусусиятларига қараб ўқув юкланмасини камайтириш белгиланди.

Компьютер фанида сунъий идрок: 1-4-синфларда «Рақамли саводхонлик» фани «Рақамли саводхонлик ва сунъий идрок», 5-11-синфларда «Информатика» – «Информатика ва сунъий идрок» деб ўзгартирилди.

Ҳарбий тайёргарлик фани ҳам янгиланди. Энди “Асосий ҳарбий тайёргарлик” дарси янги дастур бўйича ўқитилади. Ўзгариш “Ҳарбий хизмат ва ҳарбийларнинг мақоми тўғрисида” Қонунига тузатишлар киритилиши муносабати билан боғлиқ. Бу дарс ўқитувчисининг касбий малакасига ҳам талаб ўзгарди. Муаллимнинг ҳарбий стажи инобатга олинадиган бўлди.

Сунъий идрок

Яна бир ўзгариш -- мамлакат мактабларида сунъий идрок жорий этилиши билан боғлиқ. Янги технологиялар Павлодар ва Қизилўрда вилоятларидаги 10та кичик мактабларда синовдан ўтказилади.

Ушбу лойиҳа сўнгги йилларда 500та кичик мактабда амалга оширилиб, 2029 йилда Қозоғистондаги 2600та мактабда СИ жорий этилади. Мактабларда репетиторлардан фойдаланиш йўлга қўйилади. Ўқитувчилар дарс тайёрлаш ва билимларни синашда СИ воситаларидан фойдаланишлари мумкин.

Овқатланиш

Янги ўқув йилидан эътиборан Қозоғистонда мактаб таомларига қўйиладиган талаблар ҳам ўзгаради. Таомнома болаларнинг ёшига ва эҳтиёжларига мувофиқ тайёрланади. Асосий ўзгариш, овқатга қўшиладиган туз ва шакар чекланади. Шунингдек, фақат йодли туздан фойдаланиш керак. Таомноманинг 75 фоизини сабзавот маҳсулотлари, мевалар, донли-дуккаклилар, резаворлар, ёнғоқлар ташкил этиши жоиз.

Иссиқ таом билан таъминлаш давом этади. Баъзи мактабларда овқатланиш буфет қоидасига мувофиқ ташкил этилиши мумкин, кичик мактабларда ва ошхона бўлмаган жойларда болаларга тушлик қутилари тарқатилади. 1-4-синф ўқувчилари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги болаларга бепул иссиқ овқат берилиши давом этади.

Тиббий кўрик

Қозоғистонда 30 августдан ўқувчиларни профилактик тиббий кўрикдан ўтказишнинг янги қоидалари кучга кирди.

Энди текширувлар босқичма-босқич ва боланинг ёшини ҳисобга олган ҳолда ўтказилади. Тиббиёт ходимлари боланинг бўйи ва вазнини, бош атрофини ўлчайдилар. Олти ёшдан бошлаб қон босими ўлчанади ва беш ёшдан бошлаб тана салмоғи индекси ҳисобланади. Шунингдек, болаларга плантография берилади, қондаги кислород миқдори текширилади ва ЭКГ ўтказилади. Кардиограмма 10, 14, 15 ва 16 ёшдагилар учун. Педиатр ёки умумий амалиёт шифокори боланинг умумий ҳолатини, жисмоний ва ақлий ривожланишини баҳолаб борадилар. Шунингдек, тананинг асосий органлари ва тизимларининг ишлашини текширадилар. Ўн ёшдан жинсий ривожланишини баҳолаш бошланади. 12, 14 ва 16 ёшли қизларнинг репродуктив саломатлиги текширилади. Агар зарурат туғилса, мутахассисга юборилади. Олти ёшгача бўлган болалар учун жарроҳ, невролог, офтальмолог ва стоматолог иштирокида қўшимча текширув юритилади.

 

 

Н. МАВЛОНОВА, 2026-09-08, 20:42 82
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.