26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Янги тарихий босқичдаги Қозоғистоннинг долзарб вазифалари

Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Қозоғистон халқига Мактуби

 

Қадрли ватандошлар!

Ҳурматли Қурултой депутатлари ва Ҳукумат аъзолари!

Бугун мен Давлат раҳбари сифатида Қозоғистон халқига навбатдаги Мактубимни йўлламоқдаман. Ушбу Мактубнинг моҳияти ҳам, мазмуни ҳам ўзгача.

25 октябрда миллий байрамимиз – Республика кунини нишонладик. Шу куни Мустақиллик тўғрисидаги декларация қабул қилинган. Биз мустақил давлат бўлиш йўлида мардона қадам ташладик. Кўп вақт ўтмай, Мустақиллик байроғини сарбаланд этиб, давлатчилигимизнинг пойдеворини барпо этдик.

Мана, жорий йил муқаддас Мустақиллигимизга 35 йил тўлмоқда. Ушбу тарихий босқичнинг миллат шажарасидаги ўрни ўзгача.

Жорий йил март ойида халқимиз давлатчилигимизнинг асосий таянчи – Конституциямизни қабул қилди. Бу мамлакатимиз тарихидаги муҳим ва қутлуғ сана, тараққиёт йўлимиздаги залворли босқичдир.

Конституцияни бир неча авлодлар орасидаги муқаддас аҳдномага қиёслаш мумкин. Зеро, унда бугунги Қозоғистоннинг қиёфаси ҳам, келажакда қандай мамлакат барпо этишга интилаётганимиз ҳам аниқ-равшан ифодаланган.

Фуқароларимизнинг мутлақ кўпчилиги қўллаб-қувватлаган Конституция 1 июлда қонуний кучга кирди. Бу эса сиёсий тизимни тубдан янгилаш, янги ҳокимият тизимларини шакллантириш жараёнига улкан туртки берди. Юртимиз ёрқин келажакка бошлайдиган кенг қамровли ишларни бажаришга фаол киришди.

Халқ юртимизда юз бераётган тарихий ўзгаришларни кўриб, уларнинг аҳамиятини ҳис қилмоқда. Шу боис бугун бу мавзуга яна тўхталиб, вақт сарфлашнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблайман.

Бугун эътиборингизни мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёти борасидаги фикрларимга қаратмоқчиман.

Очиқ айтишим керак, ҳали-ҳануз мустақиллигимиз ва истиқлолимизни ҳимоя қилишга оид барча масалаларни тўлиқ ҳал қилганимиз йўқ. Демак, олдимизда ҳали бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифалар талайгина.

Уларни муносиб адо этиш учун, энг аввало, бутун жамиятимизда бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашимиз зарур. Бусиз ислоҳотлар ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди.

Жаҳонда мисли кўрилмаган даражада кескинлашаётган таҳдид ва хатарлар шароитида жамиятимизда тартиб ва интизом биринчи ўринда туриши керак.

Бугун кўплаб давлатлар бир-бирига ақл-мантиққа сиғмайдиган, асоссиз ва уйдирма айбловларни қўймоқда. Мамлакатлар ўртасидаги яширин зиддиятлар тобора кучаймоқда. Йирик ва нуфузли давлатлар ўртасида эса ўзаро ишонч бутунлай издан чиқди. 

Назоратсиз, тизимсиз миграция оқимлари сезиларли даражада кўпайди, бу бир неча Европа мамлакатларининг хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро майдондаги нуфузига путур етди, халқаро ҳуқуқнинг бутун тизими инқирозга юз тутди. Қисқаси, бугун дунё ҳамжамияти ноаниқлик ва беқарорлик даврига қадам босди. Унинг келажаги қандай бўлиши тўғрисида сиёсатшунослар ва таҳлилчилар якдил фикрга кела олмаяпти.

Халқаро ҳамжамият ниҳоятда мураккаб ва нотинч даврни бошидан кечираётганини айтиш муболаға бўлмайди. Бундай чигал ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган вазият ҳатто совуқ уруш йилларида ҳам бўлмаган.

Шундай беқарор замонда Қозоғистон тараққиётнинг янги даврига дадил қадам қўйди, кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширди. Бу – жаҳон тажрибасида кам учрайдиган ҳолат.

Энди мамлакатимизнинг мустақиллигини кучайтиришимиз зарур. Дунёдаги беқарор вазиятга қарамай, ички барқарорлигимизни сақлашимиз ва изчил тараққий этишимиз лозим. Бу йўлдаги муваффақият бутун жамиятимизнинг, айниқса, ватанпарвар, ташаббускор ва билимли фуқароларимизнинг фидокорона меҳнатига боғлиқ. Қурултой депутатларига ҳам улкан умид ва ишонч билан қарайман.

Шундай вазиятда мамлакат девони ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўрни ва масъулияти муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Бошқача айтганда, ҳозирги авлод, яъни сизу биз келажак авлодларга режалар ва концепциялар эмас, балки иқтисодиёти кучли ва бақувват, илғор технологиялари ривожланган, таълим ва фанга асосланган, қонунни ҳурмат қиладиган, бунёдкор ҳамда илғор, геосиёсий томондан қувватли Қозоғистонни қолдиришимиз даркор.

Бу – миллатимизнинг олдида турган муҳим стратегик вазифа.

Қадрли депутатлар!

Ҳурматли Ҳукумат аъзолари!

Мамлакатимизнинг изчил тараққиёти учун олдимизда турган залворли вазифаларни сифатли ва тезкор амалга ошириш ниҳоятда муҳим.

Фуқаролар тўлақонли ижтимоий инфратузилма билан тўлиқ таъминланиши керак. Бу – аҳолининг турмуш сифатини яхшилашнинг муҳим шарти.

Шу боис, инфратузилма қурилишига алоҳида эътибор қаратамиз.

Аввал ҳам таъкидлаганимдек, Қозоғистон кенг қамровли қурилиш майдонига айланиши лозим. Бунда гап айрим лойиҳалар ҳақида эмас, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли қурилиш ишларини бошлаш ҳақида бормоқда.

Энг аввало, ҳар томонлама таҳлил юритиб, вилоятларнинг соғликни сақлаш, таълим, маданият ва спорт иншоотларига эҳтиёжини аниқлаш ишларини тез орада тўлиқ якунлаш зарур.

Қишлоқларни ривожлантириш масаласи доимо алоҳида эътиборимизда бўлади. Қишлоқ аҳолисининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратмоқдамиз.

Шундай бўлса-да, бугунги кунда шаҳарлар иқтисодиёт, таълим ва технологиялар маркази, истеъдодларни ўзига жалб этувчи маскан ҳисобланади. 

Демак, кучли шаҳарлар кучли ҳудудларнинг, кучли ҳудудлар эса кучли давлатнинг асосини яратади. Шундай экан, ҳар бир йирик шаҳарнинг Ҳукумат тасдиқлаган аниқ ўрта ва узоқ муддатли тараққиёт режаси бўлиши шарт. 

Шунингдек, шаҳар захирасини самарали бошқариш учун Ҳукумат ҳокимликлар билан ҳамкорликда шаҳар инфратузилмасининг рақамли муқобилларини ишлаб чиқиши керак.

Шаҳарлар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг қиёфасини яхшилаш ва ободонлаштириш устувор вазифалардан бўлиши шарт. Буни давлат аҳамиятига молик муҳим масала сифатида қабул қилишимиз лозим. Бу “Тоза Қозоғистон” умуммиллий концепциясининг руҳига тўла мос келади.

Шаҳарлар жадал ривожланса, истисодиёт ҳам юксалади, инсон салоҳияти ҳам мустаҳкамланади.

Шу муносабат билан, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик иншоотлар барпо этишга ва янгилашга алоҳида эътибор қаратамиз. Бунинг учун захира ва имкониятимиз ҳам етарли.

Халқаро валюта жамғармасининг тахминларига кўра, жорий йил мамлакатимизнинг ички ялпи маҳсулоти 400 миллиард долларга яқинлашади. Унинг жон бошига чаққандаги ҳиссаси 19 минг доллардан ошади.

Иқтисодиёт ҳажми бўйича мамлакатимиз 47-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич бўйича Қозоғистон аҳолиси анча кўп бўлган қатор давлатлардан ўзиб кетди.

Қайта ишлаш саноати ҳам жадал ривожланмоқда. Унинг ички ялпи маҳсулотдаги ҳиссаси 14 фоиздан ошди. Бу – миллий иқтисодиётни ранг-баранглаштириш йўналишида олиб борилаётган тизимли ишларнинг аниқ натижасидир.

Олтин-валюта захираси ва Миллий жамғарма активларининг ҳажми 130 миллиард доллардан ошди.

Энди шу қувватли салоҳиятимизни инфратузилмани янгилашга, мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасини ривожлантиришга йўналтиришимиз зарур.

Шу муносабат билан, аввал эълон қилинган кенг кўламли қурилиш ишларини фаол равишда амалга оширишни топшираман. Унинг доирасида бутун мамлакат бўйлаб зарур ижтимоий, транспорт ва муҳандислик инфратузилма иншоотлари барпо этилади.

Ҳукумат инфратузилмани янгилаш борасида мисли кўрилмаган режани тайёрлайди. 

Ушбу йирик ташаббусни амалга ошириш учун 2029 йилнинг охиригача Миллий жамғармадан қарийб 6,5 триллион тенге ажратилади. Шундан 1,5 триллион тенге жорий йил ва 2027 йилнинг дастлабки икки ойида ижтимоий лойиҳаларга йўналтирилиши лозим.

Миллий жамғарманинг асосий мақсад ва вазифаси – миллий бойлигимизни сақлаш ва кўпайтириш, ундан бугунги ва келажак авлодлар манфаати йўлида фойдаланишдир.

Миллий жамғарма кўп йиллардан буён ушбу муҳим вазифани муносиб бажариб келмоқда, яъни молиявий барқарорликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Агар биз ёш авлоднинг фаровон келажаги ҳақида қайғурмоқчи бўлсак, бу йўналишда бугундан аниқ ва қатъий қадамлар ташлашимиз зарур. Бугунги муаммони эртага қолдириб бўлмайди. Ҳар бир масала ўз вақтида ечимини топиши керак. Келажак авлод олдидаги тарихий масъулиятимиз уларга фақат пул жамғармаларини қолдиришдан иборат эмас. Биз авлодларимизга сифат жиҳатидан янги мамлакатни мерос қилиб қолдиришимиз керак. Бу мамлакат технологик жиҳатдан тараққий этган, рақобатбардош иқтисодиётга, замонавий инфратузилма ва юксак турмуш андазаларига эга бўлиши, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини юзага чиқариш имконини бериши лозим.

Бу бизнинг бош вазифамиз, ҳатто, тарихий аҳамиятга эга бурчимиздир.

Бу – одам капиталини ривожлантириш, фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилаш, яъни мамлакат келажагига йўналтирилган узоқ муддатли сармоядир.

Бироқ Миллий жамғарма захирасини жамғариш ва ундан фойдаланиш орасида мутаносиблик сақланиши шарт. Маблағни фақат жамиятга, фойдали ишларгагина сарфлаш зарур.

Энг аввало, сарфланган маблағнинг иқтисодий ва ижтимоий фойдаси бўлиши лозим. Зеро, ажратиладиган давлат маблағининг асосий мақсади – аҳоли фаровонлигини ошириш.

Бундай лойиҳаларни амалга оширишга моддий-техника базаси ва етарли тажрибага эга бўлган маҳаллий кичик ва ўрта тадбиркорлик вакилларини жалб этган маъқул. Барча қурилиш жараёни қатъий назоратга олинади.

Биринчи навбатда, минтақаларда 70тага яқин соғликни сақлаш муассасаси барпо этилади.

Туғруқхоналар, шифохоналар, тез тиббий ёрдам кўрсатиш станциялари, болаларга мўлжалланган тиклаш марказлари ва алоҳида эҳтиёжга эга болаларнинг талабига мувофиқ, спортзаллар қад ростлайди.

Шунингдек, 50тага яқин таълим, спорт ва маданият муассасаларининг қурилиши бошланади.

Аҳоли учун зарур бўлган ушбу иншоотларни сифатли қуриш ишларини кечиктирмай бошлаб, уларни қисқа муддатларда фойдаланишга топшириш талаб этилади. Бундан ташқари, уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларга ҳам салмоқли маблағ ажратилади. Кўплаб аҳоли манзиллари газлаштирилиб, тоза ичимли сув билан таъминланади.

Ҳукумат йил охирига қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамрайдиган аниқ лойиҳаларнинг дастлабки рўйхатини тайёрлайди.

Халқимизнинг бизга билдирган юксак ишончини оқлашимиз керак.

Белгиланган режамиз халқ фаровонлигини оширишга қаратилган. Бу ерда ҳеч қандай яширин мақсад йўқ. Шунинг учун ушбу ташаббусни “Халқ қурилиши” деб номласак, ҳеч ким эътироз билдирмайди, деб ўйлайман.

“Халқ қурилиши” дастури фуқароларнинг фаровонлигини оширадиган, тадбиркорлик ва миллий иқтисодиёт тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатадиган тарихимиздаги энг улкан инфратузилмавий лойиҳа бўлади.

Мазкур ташаббус юз минглаб одамни иш билан таъминлайди, унинг самарасини халқимиз, айниқса, ёш авлод ҳис этади, бунга ишончим комил.

Навбатдаги масала. Логистика инфратузилмасини ривожлантиришга устувор эътибор қаратишимиз зарур. Бу – мамлакатимизнинг жадал тараққиётини таъминловчи муҳим омиллардан бири.

Бугунги кунда логистика масаласи билан барча давлатлар шуғулланмоқда. Ривожланган транспорт логистикаси бўлмаса, ҳатто, бугунги кучли мамлакатлар ҳам эртага таназзулга учраши мумкин.

Келгуси йили мамлакатимизда “Бақти – Аягўз” темирйўл тармоғи фойдаланишга топширилади. Янги йўналишнинг ишга туширилиши натижасида Хитой билан орадаги юк ўтказиш имконияти 20 миллион тоннага ортади.

Август ойида “Арал – Каспий” йўлининг қурилиши бошланди. Бу лойиҳа Транскаспий даҳлизининг масофасини чамаси 1 минг чақиримга юк ўтказиш муддатини уч кунгача қисқартиради.

Ҳукумат ушбу соҳада йўлга қўйилган барча лойиҳаларнинг сифатли ва вақтида бажарилишини қатъий назоратга олади.

Жаҳон логистикаси бугун кенг кўламли ўзгаришлар ва жадал тараққиёт палласига кирди.

Денгиз йўлларининг заиф жиҳатлари қуруқликдаги транспорт йўлакларининг стратегик аҳамиятини янада оширди.

Қозоғистон ушбу тарихий имкониятдан фойдаланиб, Евроосиёдаги етакчи логистика марказига айланиши керак.

Ҳозирнинг ўзида Хитойдан Европа қитъасига етказиладиган юкнинг 85 фоизи бизнинг ҳудудимиз орқали ташилмоқда.

Лекин борига қаноат қилиб, қулай вазият билан чекланиб қолсак, келажакда карвоннинг сўнггида юришга маҳкум бўламиз.

Шу боис халқаро юк ташиш оқимларининг мустақил ташкил этувчи ва бошқарувчи мамлакатга айланишимиз керак.

Бунинг учун мамлакат логистика операторларини ривожлантириб, юкларни тўплаш ва ажратиш билан шуғулланадиган марказлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Шу боис, транспорт тармоқлари атрофида янги корхоналар ва савдо ўринлари очиш муҳим.

Биз Қозоғистоннинг барча ҳудудларини ўзаро боғлайдиган, яъни, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини кучайтирадиган замонавий, тараққий этган темир йўл ва транспорт йўлларининг умумтизимини барпо этишимиз зарур. Бу – стратегик вазифа.

Қозоғистонимиз орқали ўтаётган юк оқими йилдан йилга ортмоқда. Демак, олдимизда йўл инфратузилмасини яхшилаш вазифаси турибди. Бу, айниқса, шимолий ҳудудларга тегишли муҳим масала.

Шундай экан, эндиликда “Кўкшетау – Петропавл” йўлини кенгайтиришга киришишимиз керак.

Автомашина билан юк ташийдиган мамлакат тадбиркорларини қўллаб-қувватлашимиз зарур. Чунки Қозоғистон орқали ўтадиган транзит юкларининг ярмидан кўпини хорижий компаниялар ташимоқда. Бу соҳада ҳам аниқ чоралар кўриш вақти келди. Бу борада Ҳукумат тегишли қарорларни қабул қилади.

Асосий мақсад – мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали фуқаролар даромадини орттириш.

Келгуси йили мамлакатимиздаги автотранспорт ўтказиш бекатларини тубдан янгилаш ишлари ниҳоясига етказилиши керак. Афсуски, бу борадаги ишлар яқин вақтгача сусткашлик билан олиб борилди. 

Олдимизда республика ва маҳаллий аҳамиятга молик йўлларни таъмирлашдек ўта долзарб вазифа турибди.

Марказий ва маҳаллий ижро идоралари амалдаги қоида ва низомларни рўкач қилиб, масъулиятни бир-бирига юклаш билан овора бўлди. Натижада муаммо йиллар давомида ҳал этилмай келди. Шу боис, топшираман: республика аҳамиятидаги, яъни марказий йўллардан тортиб, ҳокимликлар тасарруфидаги маҳаллий йўлларгача бўлган барча автомобиль йўллари учун Ҳукумат, аниқроғи, Транспорт вазирлиги масъул бўлиши керак. Республика йўллари умумий йўл тармоғининг 26 фоизини ташкил этади.

Яна бир бор таъкидлайман: бизга сифатли йўллар керак.

Битум ва шағал сифати билан боғлиқ баҳоналар қабул қилинмайди.

Эслатиб ўтаман: хизмат кўрсатишга мўлжалланган замонавий инфратузилмага эга сифатли йўллар бўлмаса, Қозоғистон дунё даражасидаги транзит ҳудудга, яъни Евроосиёнинг транспорт-логистика марказига айлана олмайди. Масаланинг мазмун-моҳияти шунда. Бу вазифани ҳар қандай шароитда ҳам бажариш керак.

Агар чегара бекатлари транспорт юзлаб чақирим тирбандликка сабаб бўладиган “тор йўлакча”га айланса, (бугун айнан шундай ҳолат кузатилмоқда). Қозоғистоннинг транспорт соҳасида етакчилик қилиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. 

Европа ва Осиёни боғловчи асосий ҳаво йўлаклари мамлакатимиз ҳудудидан ўтади.

Бу – бизнинг рақобатбардошлигимизни оширадиган устуворлигимиз. 

Ушбу устуворлигимиздан самарали фойдаланиш учун замонавий ерда хизмат кўрсатиш инфратузилмасини барпо этишимиз зарур. Бу жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган ёндашувдир. Ҳозир эса энг катта даромадлар, том маънода, мамлакатимиз устидан учиб ўтиб, бошқа жойларга кетмоқда.

Хусусий “Аir Cargo” компаниясига улкан ишонч билдирилди. Ушбу компаниянинг молиявий салоҳияти юксак. Ҳатто хорижнинг етакчи мутахассисларига маош тўлашга қодир. Ўзи муҳим қарорлар қабул қила олади. Бироқ, ҳозирча на қабул қилинган қарор бор, на аниқ натижа бор.

Билдирилган ишончни оқлаш керак, биз эса муайян натижа кутмоқдамиз.

Мамлакатимиз тарихида илк бор бир вақтнинг ўзида бир неча ҳудудда аэропортлар барпо этилмоқда.

Арқалиқдаги аэропортни тиклаш ишлари якунланди, яқинда Зайсан, Катонқарағай, Кендирли аэропортлари фойдаланишга топширилади.

Келгуси йили ушбу соҳада жаҳоннинг йирик етакчи компанияларидан бирини жалб этган ҳолда Астанада янги аэропортнинг қурилишини бошлаймиз. 

Қозоғистон Евроосиёнинг муҳим транспорт маркази сифатида мустаҳкам ўрин эгаллаши учун олдимизда ҳали кўплаб вазифалар турибди.

Энг аввало, халқаро йўналишларни ҳам қамраб олган ҳолда транспорт соҳасини тўлиқ рақамлаштириш зарур.

Сунъий идрок даврида халқаро транзит юк оқимларини қоғоз ҳужжатлари орқали бошқариш кулгили ҳолатдир. Бу тараққиётга эмас, боши берк кўчага олиб борадиган йўл.

Бугунги шароитда электр энергияси билан таъминоти ҳар бир давлатнинг рақобатбардошлиги ва ҳатто иқтисодий эгаменлигини белгилайдиган ҳал қилувчи омилга айланди.

Аслида, янги даврни «электр энергияси асри» деб аташ мумкин.

Қозоғистон учун хомашё соҳасидаги устунликни барқарор энергетик ва технологик тараққиётга айлантириш ҳаётий аҳамиятга эга.

Яширишнинг ҳожати йўқ, бу борада муаммолар талайгина.

Мамлакатимизда малакали энергетиклар тақчил, аммо энергетика масалаларига бағишланган анжуман ва муҳокамалар тез-тез, улкан миқёсда ўтказилади.

Ваҳоланки, Қозоғистон энергетикаси ҳар йили жиддий электр энергияси тақчиллигига дуч келмоқда. Шу сабабли қишда, талаб энг юқори бўлган пайтларда, қўшни давлатлардан қиммат нархларда электр энергияси сотиб олинади. Ёзда эса шу энергия анча арзон нархда қайта сотилади.

Шундай найрангбозлик ўнлаб йиллардан буён давом этиб келмоқда. Менга буни энергетика соҳасидаги одатий ҳолат, деб тушунтиришмоқда.

​Вақтида Балхаш шаҳридаги ИЭС қурилишининг барбод бўлишига ҳам шу ҳолат сабаб бўлган эди.

​Ҳозир ҳам Туркистон, Қизилўрда, Алмати ва Экибастуздаги янги генерация қувватларини ишга тушириш муддатлари орқага сурилмоқда.

​Қозоғистон бугунги кунда соатига 123 миллиард киловатт электр энергиясини ишлаб чиқаради.

​Қувват манбаининг бундай ҳажми саноат ва қурилиш соҳаси, қишлоқ хўжалиги мажмуаларини жадал ривожлантириб келаётган, энг муҳими, иқтисодиётни тўлиқ рақамлаштириш, сунъий идрокни жамиятнинг барча соҳаларига жорий этиш, бунинг учун маълумотларни қайта ишлаш марказлари қуришни режалаштираётган бир пайтда бу миқдордаги электр энергияси мамлакат учун мутлақо етарли эмас.

​Шу боис, мамлакатимиз 2029 йилгача қувват манбаини ортиғи билан ишлаб чиқарадиган даражага етиши керак. Бу – бизнинг олдимизда турган стратегик вазифа.

​Бунинг учун янги электр станцияларини барпо этиб, амалдаги иншоотлар ва электр тармоқларини замонавийлаштиришимиз лозим.

​Шунингдек, экологик талабларга жавоб берадиган «тоза» кўмир генерациясини тўлақонли ривожлантириб, қайта тикланадиган қувват манбаларини ишлаб чиқаришга, жумладан, қуёш электр станцияларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратишимиз керак.

​Умуман, Ҳукумат мамлакатни 2035 йилгача бўлган ягона узоқ муддатли энергетика сарф-харажатларини қайта кўриб чиқиб, янгилаши керак.

​Бу борада атом энергетикасини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. Умумиймиллий референдум натижасида мамлакатимизда бир неча атом электр станциясини қуриш тўғрисида тўғри қарор қабул қилинди.

​Бу станцияларни эллик йилдан кейин, ҳатто, ундан кейин ҳам уран хомашёси билан қандай таъминлашимизни ҳозирдан ўйлаб кўришимиз керак.

​Қозоғистондаги атом электр станцияларининг эҳтиёжини қоплаш учун ураннинг келгуси юз йилга етадиган давлат стратегик захирасини яратиш тўғрисидаги таклиф жуда ўринли. Бу ташаббусни ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш зарур деб ҳисоблайман.

​АЭС қурилишида иштирок этадиган хорижий ҳамкорларни Қозоғистонда юқори технологик ишлаб чиқариш иншоотларини ташкил этишга, ядро энергетикаси соҳасида тажриба алмашишга, маҳаллий атом энергетикаси мутахассисларини тайёрлашга жалб қилиш муҳим. Россия ва Хитой компанияларидан шундай таклифлар келиб тушмоқда.

​Келгуси йили “Балқаш” АЭС қурилишини бошлаш мумкин. Ҳатто, бошлашимиз шарт деб ҳисоблайман. Шунингдек, “Мойынқұм” АЭС қурилишини имкон қадар тезроқ бошлаш мақсадида мажмуавий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаш мумкин деб ҳисоблайман. Эҳтимол, бу заруратга ҳам айланар.

​Албатта, музокараларнинг ҳар бир банди Қозоғистоннинг миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда пухта ишлаб чиқилиб, ҳар томонлама келишилиши керак.

​Умуман, фуқаролик инфратузилмасини оммавий замонавийлаштириш ва қайта қуриш ишлари кенг кўламда олиб борилади.

​Бироқ, бундай муҳим стратегик вазифани амалга оширишда фақат давлат маблағларига таяниб қолмаслик керак.

​Бу тадбиркорларнинг фаоллигини пасайтириб, иқтисодий боқимандаликка олиб келади. Унинг оқибатлари барчага маълум.

​Ҳукумат узоқ муддатли молиялаштиришнинг барча манбаларини сафарбар этиши лозим.

​Бу ишни қонун талабларини бузмаган ҳолда, давлат манфаатларига мос тарзда амалга ошириш йўлларини молия ҳамжамияти билан биргаликда, пухта ўйлаб кўрган маъқул.

​Қабул қилинадиган қарорларнинг мантиғи оддий: давлат маблағлари хусусий сармоя жалб этиш учун кафолат бўлиши керак.

​Бундан ташқари, мамлакатимизнинг индустриал-технологик жиҳатдан жадал ривожланиши учун зарур дастакларни ишлаб чиқиш лозим.

​Қозоғистон – минераллар ва хомашё базасига эга. Бу – биз учун стратегик устунлигимиз.

​Шу сабабли геологик қидирув усулларини тубдан ўзгартириш зарур. Янги конларни ўтган замондан қолган эски усуллар билан излаш ижобий натижа бермаслиги аниқ. Ҳозирги кунда геологияни юқори технологияга асосланган соҳа сифатида ривожлантиришимиз керак.

​Бизга илғор технологиялар ёрдамида мамлакатимиз ер қаърини тўлақонли ўрганиб, маълумотларнинг шаффофлиги ва ошкора бўлишини таъминлаш жуда муҳим. Янги конларни қидириш ва ўрганиш жараёнига хусусий маблағни фаол жалб этган маъқул.

​Барчангизга маълумки, ҳозирги кунда айрим ноёб металларнинг аҳамияти ортмоқда. Халқаро тажрибага таянган ҳолда, биз ҳам шундай металлар захирасини самарали бошқарадиган миллий тизимни яратишимиз керак.

​Мазкур тизимда тоғ-кон соҳасидаги лойиҳаларни узоқ муддатли молиялаштириш имконини берадиган аниқ дастаклар бўлиши шарт.

​Мамлакатимизда шу йўналишда фаолият юритаётган корхоналар билан офтейк(маҳсулотни кафолатли харид қилиш)-шартномалари тузиш орқали кафолатланган талабни таъминлаган маъқул. Бу – Ҳукумат олдида турган муҳим вазифалардан бири. Ушбу масалани тадбиркорлар билан биргаликда муҳокама қилиб, йил охирига қадар менга аниқ таклиф тақдим этиш талаб этилади.

​Шунингдек, экспертлар ва мутахассисларнинг фикрига таянсак, рангли ва нодир металлар  миллий захирасини шакллантириш зарурати юзага келмоқда.

​Асосий мақсад – мамлакатимизни дунёвий ишлаб чиқариш занжирига қўшиш. Экспорт сиёсатимиз ҳам шу мақсадга мос равишда юритилиши керак.

​Ҳукумат бу соҳада ривожланган давлатлар билан стратегик ҳамкорлик ўрнатиши лозим.

​Янгидан очилган корхоналар маҳаллий бизнес иншоотлари фаолиятига асоссиз тўсқинлик қилмаслиги керак. Сармоядорларни жалб этишда ҳам шу масалага эътибор қаратиб, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир соҳани синчковлик билан ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

​Нотўғри қарорлар қандай салбий оқибатларга олиб келганига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

​Масалан, мамлакатимизда металл ишлаб чиқарадиган “Qarmet” йирик корхонаси фаолият юритмоқда. Яна учта вилоятда худди шундай ишлаб чиқариш иншоотларини очиш режалаштирилган. Ушбу корхоналарнинг маҳсулоти бозорда ўз харидорини топа оладими? Афсуски, ҳозирча бу саволга аниқ жавоб йўқ. Демак, бундай номутаносиб қарорларнинг фойдаси шубҳа остида.

​Идоралараро алоқаларни мустаҳкамламасак, иқтисодиётимизнинг мавжуд салоҳиятидан тўлақонли фойдалана олмаймиз. Ҳар бир минтақа ўз устувор йўналишларига таяниб, шу асосда ривожлантирилиши керак.

​Бу масалада Ҳукуматнинг мувофиқлаштирувчи вазифасидан самарали фойдаланиш керак.

Айни пайтда минтақаларнинг муайян соҳага ихтисослаштирилиши уларнинг битта тармоқ ёки йирик корхонага қарам бўлиб қолишига олиб келмаслиги даркор. Асосий ихтисослашув йўналиши атрофида таълим, амалий илм-фан, логистика, хизмат кўрсатиш, турдош ишлаб чиқариш ва технологик тадбиркорликни қамраб олган яхлит тизимни шакллантириш лозим.

​«Халқ қурилиши» дастури ҳар бир минтақада шундай тизим яратишига ижобий таъсир кўрсатишига ишончим комил.

​Навбатдаги масала. Қишлоқ хўжалигини янада жадал ривожлантиришга барча куч-ғайратимизни сафарбар этишимиз керак.

​Ўтган йили бу соҳа тахминан 6 фоизга ўсиб, агросаноат мажмуасида ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 15 триллион тенгега етди.

​Имтиёзли молиялаштириш ҳажми ўтган йилга нисбатан 1 триллион тенгедан 1,5 триллион тенгегача кўпайди.

​Шунга қарамай, ажратилган маблағларнинг бир қисми кундалик эҳтиёжлар ва айланма харажатларни тўлдириш учун сарфланмоқда.

​Хўжаликларга келгуси ишларини узоқ муддатга режалаштириш имконини берадиган кенг кўламли молиялаштириш тизими зарур.

​Шу сабабли Ҳукумат деҳқонларни узоқ муддатли сармоявий захиралар билан таъминлаш мақсадида самарали ва таъсирчан усулларни жорий этиши лозим.

​“Байтерек” холдинги озиқ-овқат саноати соҳасида умумий қиймати 500 миллиард тенгедан зиёд салоҳиятли лойиҳалар рўйхатини тайёрлади. Уларни муваффақиятли амалга ошириш учун оммабоп ва имтиёзли шартларда маблағ ажратиш, сифатли лойиҳаларни дарҳол рўёбга чиқаришга киришиш зарур.

​Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасини технологик жиҳатдан янгилаш вақти келди.

​Мамлакатимизда замонавий трактор ва комбайнлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш – долзарб вазифадир. Бу қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг самарадорлигини ошириш имконини беради.

​Ўтган ҳафтада Астанага ташриф буюрган NVIDIA компанияси ҳаммуассиси, янги авлод йирик тадбиркорларидан бири Женсен Хуанг Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасида сунъий 

идрокдан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

​Менимча, бу – жуда ўринли таклиф. Уни кечирктирмай амалга оширишимиз керак.

​Мамлакатимиз бу босқични муваффақиятли енгиб ўтса, жаҳон миқёсида озиқ-овқат тақчиллиги, яъни дунёвий очарчилик юзага келган тақдирда, Евроосиёни озиқ-овқат билан таъминлайдиган асосий марказга айланиши мумкин.

​Мамлакатимизда йирик сув манбаларига яқин жойлашган ва катта ҳудудни эгаллаган ер майдонлари мавжуд. Ўша ерларни обикор деҳқончиликда фойдаланиш анъанавий экинларнинг ҳосилдорлигини 2-2,5 баравар ошириш имконини беради.

​Янги майдонларни ўзлаштиришда сувни тежашнинг илғор агрокимёвий технологияларидан фойдаланиш ўта муҳим. 

​Мамлакатимизда сув захираларининг тақчиллигини бартараф этиш учун тизимли ва қатъий чоралар кўриш зарурлигини алоҳида таъкидлаш даркор.

​Энг аввало, сувдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш тамойилларини барча ҳудудларда жорий этишимиз керак.

​Ҳукумат ва ҳокимликлар сув сарфи устидан назоратни кучайтириши керак. Турли тармоқлардаги, шунингдек, автомашина ювиш шохобчаларидаги сув исрофгарчилигини камайтириб, ичимли сувнинг мақсадсиз сарфланишига йўл қўймаслик лозим. Ичимли сувни машина ювишга ишлатиш – мантиққа зид ҳолат. 

​Менинг топшириғимга мувофиқ, Ҳукумат сув истеъмоли соҳасида кўламдор тариф ислоҳотини бошлаб юборди. Уни охирига етказиш керак.

​Сувни тежаб ишлатиш барча учун умумий-мажбурий қоида бўлиши шарт.

​Сув захираларини тугал ва тўғри ҳисоблаш учун рақамли воситалардан тўлақонли фойдаланиш жуда муҳим.

​Бу янги ишлаб чиқаришларни режалаштириш чоғида пухта ўйланган, вазмин қарорлар қабул қилиш имконини беради.

​Шунинг учун Ҳукумат Сув захираларининг миллий ахборот тизимини яратиш ишларини қисқа фурсатда якунлаши зарур.

​Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратиш керак. Бу борада муваффақиятли тажрибаларимиз бор.

​Масалан, Қизилўрда вилоятининг деҳқонлари кескин иқлим шароитига қарамай маккажўхори ва соя етиштириб, уларни қайта ишлаш билан шуғулланмоқда. Туркистон вилоятида эса Хитой компанияси сувдан самарали фойдаланувчи замонавий пахта-тўқимачилик кластерини барпо этмоқда.

​Ҳукумат шу каби илғор тажрибаларни мамлакат ҳудудида кенгайтириши ва сармоядорларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаши керак.

​Бу ёндашувни чорвачилик соҳасида ҳам қўллаш мақсадга мувофиқ.

​Бугунги кунда Шимолий Қозоғистон вилояти тажрибасига таянган ҳолда, мамлакатимизда 71та сутчилик фермаси ишга туширилди. Ушбу фермаларда ҳар йили 462 минг тоннадан зиёд сут етиштирилади.

​Ақмўла вилоятида илғор тажриба асосида гўштчилик кластери ташкил этилмоқда. Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, зарур ҳолларда маблағ ҳам ажратиш лозим.

​Ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан бир қаторда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ҳамда сотиш тизимини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ.

​Йирик холдинглардан тортиб, кичик деҳқон хўжаликларигача агрологистика марказларининг хизматидан тўсиқсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлиши шарт.

​Умуман, “Халқ қурилиши” доирасида қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. Бу – стратегик аҳамиятга молик вазифа.

​Шу боис, Ҳукумат ва “Байтерек” холдинги биргаликда аниқ қарорлар қабул қилиши даркор.

​Иқтисодиётнинг асосий тармоқларини ривожлантириш мақсадида маҳсулотни чуқур қайта ишлаш билан шуғулланадиган, меҳнат унумдорлигини оширадиган лойиҳаларга устувор аҳамият қаратиш керак. 

​Айниқса, йирик инфратузилмавий ташаббуслар учун зарур бўлган қурилиш материаллари, металл конструкциялар, муҳандислик жиҳозларини мамлакатимизда ишлаб чиқаришимиз мақсадга мувофиқдир. Бундай лойиҳалар «Халқ қурилиши» дастурининг таянчига айланиши керак, деб ҳисоблайман.

​Миллий жамғарма ҳисобидан импортни молиялаштиришга йўл қўймаслик лозим. Бу – муҳим талаб.

Иқтисодиёт ривожига янги суръат бағишлаш учун илғор технологиялар, зарур тажриба ва жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларига эга етакчи хорижий ва маҳаллий компанияларни жалб қилиш зарур.

Сармоялар самарадорлиги янги ишлаб чиқариш қувватларининг сони ва сифати, шунингдек, уларнинг иқтисодиётга қўшган ҳақиқий ҳиссаси билан баҳоланиши керак.

Бугун жаҳонда сармояларни жалб қилиш борасида рақобат кучаймоқда. Бундай шароитда рақобатбардошликни ошириш учун тезкор қарорлар қабул қилиш ва уларни ўз вақтида амалга оширишга бевосита боғлиқ.

Бироқ мамлакатимизда сармоядорларни жалб этиш ва уларни қўллаб-қувватлашда изчиллик етишмаяпти. Айрим идоралар ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари тарқоқ ва ўзаро мувофиқлаштирилмаган. Натижада, яхлит ёндашув, ўзаро мувофиқлик, изчиллик ва билим етишмаяпти. Шу боис, сармоя жалб этиш жараёнини ягона марказдан бошқариш имконини берадиган яхлит тизимни янада такомиллаштириш керак.

Ушбу анчадан буён кун тартибида турган муаммога барҳам бериб, сармоя масалалари билан тизимли шуғулланадиган аниқ бир идорани ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман.

Чунки ҳозирги вақтда бу йўналишда яхлит тизим мавжуд эмас. Айрим давлат идораларига бир хил ваколатлар берилган. Бугунги шароитда бундай ёндашув эскирган ва замон талабларига жавоб бермайди.

Энг мақбул, ечим – сармоя сиёсатига оид масалаларни “Байтерек” холдингига топшириш. Иқтисодиёт ва Ташқи ишлар вазирликлари эса бу соҳада айрим ваколатларини сақлаб қолади.

Яна бир долзарб масалага тўхталмоқчиман.

Жадал тараққиёт шаҳри – Алатауни барпо этиш ғояси муҳим аҳамият касб этиши барчага аён. Келажакда ушбу шаҳар сармоядорлар ва тадбиркорлик учун қулай марказга айланади.

Ҳар қандай халқаро юрисдикциянинг узоқ муддатли жозибадорлигини таъминлайдиган энг муҳим шартлардан бири – одил судловнинг самарали йўлга қўйилишидир.

Шу боис, Алатауда одил судловнинг юқори сифатини таъминлайдиган суд тизимини ташкил этиш зарур.

Тижоратга оид низолар инглиз умумий ҳуқуқи шакли асосида фаолият юритадиган Сармоя судида кўриб чиқилади.

Махсус ҳуқуқий тартиб билан боғлиқ бошқа барча масалалар эса фуқаролик суди ваколатига киради.

Ҳукумат 2027 йил январь ойи охирига қадар “Алатау шаҳрининг махсус ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги Конституциявий қонунга тегишли ўзгартишларни Қурултой муҳокамасига киритиши лозим.

Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидламоқчиман. Барча нуфузли ва ҳалол тадбиркорларнинг сармоявий манфаатлари энг мустаҳкам ва ишончли ҳуқуқий ҳужжатимиз – Конституция билан ҳимояланган.

Энди кичик ва ўрта бизнес ҳақидаги фикрларимни баён этмоқчиман.

Бугунги кунда унинг ички ялпи маҳсулотдаги улуши 40 фоизга етди. Асосий капиталга йўналтирилаётган сармоялардаги улуши эса 70 фоизга яқинлашмоқда.

Кичик бизнеснинг аҳамияти барчамизга маълум. У кўплаб мамлакатларда иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири ҳисобланади.

Айни пайтда тадбиркорларнинг учдан биридан зиёди савдо-сотиқ соҳасида фаолият юритмоқда. Бу эса соҳанинг тармоқ таркибини ранг-баранглаштириш заруратини юзага келтиради.

Шу билан бирга, Ҳукумат олдида ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича махсус режа қабул қилиш вазифаси турибди. Унда корхоналарни узоқ муддатли молиялаштириш ва технологик жиҳатдан замонавийлаштириш дастаклари аниқ белгилаб берилиши керак.

Шунингдек, ўрта бизнес вакилларининг йирик корхоналарга ўз маҳсулотларини сотиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур шароит яратиш лозим.

Ҳар қандай шароитда ҳам давлат иқтисодиётимизнинг энг муҳим буюртмачиси бўлиб қолаверади.

Шу боис, кичик ва ўрта бизнесни давлат идоралари ҳамда давлат иштирокидаги компанияларнинг харид жараёнларига жалб этиш усулларини такомиллаштириб бориш зарур.

Харид қилинадиган маҳсулот ва хизматларнинг муайян қисмини кичик ва ўрта корхоналарга ажратиш мумкин. Бунда маҳсулот етказиб берувчиларга қўйиладиган талабларни юмшатиш лозим. Тадбиркорлар учун эса барқарор ва аниқ “қоидалар” муҳим.

Давлат назорати тадбиркорларга ортиқча босим ўтказмасдан, эркин тарзда амалга оширилиши керак. Бироқ, амалда жарималар, режадан ташқари текширувлар ва банк ҳисоб-рақамларини муҳосара қилишга олиб келадиган назорат тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бир қарашда, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида хусусий тадбиркорлар томонидан содир этилган қонунбузарликлар сони 34 фоизга камайган. Бироқ жарималар миқдори қарийб 11 фоизга ошган, режадан ташқари текширувлар эса ўнлаб баравар кўпайган.

Тадбиркорлик фаоллиги таҳлили бир ҳақиқатни юзага чиқарди: бизнесга ортиқча тўсқинлик қилмаслик ҳам катта ёрдам.

Бу борада 2020-2023 йилларда микро ва кичик бизнесни текширишга жорий этилган мораторий тажрибаси самарасини кўрсатди.

Қурултой депутатларига Ҳукумат билан бирга 2027 йил 1 январдан эътиборан навбатдаги уч йиллик мораторийни жорий этишни таклиф қиламан. Бунда аввалги мораторийнинг барча афзалликлари ва камчиликлари тўлиқ инобатга олиниши керак.

Бу қадамни назорат-тафтиш тизимини қайта кўриб чиқиш ва рақамли тартибга солиш шаклига ўтиш учун стратегик танаффус сифатида баҳолаш лозим.

Айни пайтда иқтисодий жиноятлар билан боғлиқ моддалар бўйича таъқибга учраган тадбиркорлардан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Шу боис, иқтисодий ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарликни қўллаш амалиётини қайта кўриб чиқиш ва бу борада инсонпарварлик тамойилларини кучайтириш зарур.

Тадбиркорларга, айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакилларига тенг имконият ва адолатли рақобат учун шароит яратиш муҳим. Афсуски, айрим ҳолларда бу талабга риоя қилинмаяпти.

Буни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, айниқса, озиқ-овқат саноати корхоналари дуч келаётган муаммолар ҳам тасдиқлайди. Ҳатто, уларнинг фаолиятига сунъий тўсиқ қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Масалан, импорт товарлари арзон нархларда сотилмоқда. Айни пайтда маҳаллий маҳсулотларнинг савдо расталарига чиқарилишига сунъий тўсиқлар яратилмоқда. Очиғини айтганда, бу – уюшган жиноятчилик. Бундай зарарли ҳаракатларни чеклаш зарур.

Бу каби ҳолатлар мамлакатимиз компаниялари ва маҳсулотларининг рақобатбардошлигини сезиларли даражада пасайтириши табиий.

Агар бундай хатти-ҳаракатларни қатъий чекламасак, иқтисодиётимизга жиддий зарар етиши шубҳасиз. Бошқача айтганда, бизнесни ҳимоя қилиш – миллий иқтисодиёт мустақиллигини мустаҳкамлаш демакдир. Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда сунъий тўсиқлар яратишни эса давлат манфаатларига қарши қаратилган жиноят, деб баҳолаш мумкин.

Шунинг учун тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастакларини такомиллаштириш, уларни янада мустаҳкамлаш зарур. Бу ишларни савдо уюшмалари доирасида ҳам амалга ошириш мумкин.

Навбатдаги масала – рақамли иқтисодиёт.

Қозоғистон рақамли иқтисодиётни барпо этиши шарт. Бу – танлов эмас, зарурат. Ўз имкониятларимизни тўғри ва холис баҳолаб, янги технологиялар тақдим этаётган барча имкониятлардан халқимиз фаровонлиги йўлида фойдаланишимиз лозим.“Digital Qazaqstan” мажмуавий стратегиясини амалга ошириш учун зарур инфратузилмани барпо этиш тадбирлари бошланди.

Иккита суперкомпьютер ишга туширилди. Йил охирига қадар учинчи компьютер ҳам фойдаланишга топширилади.

Каспий денгизи тубидан оптик толали алоқа тармоғини ўтказиш ишлари якунланди. Маълумотларни қайта ишлаш марказлари барпо этилмоқда.

Булар – мамлакатимизни рақамли замонавийлаштириш йўлида амалга оширилаётган ишларнинг бир қисми, холос. Биз бугун янги технологик тараққиёт босқичига олиб борадиган узоқ ва машаққатли йўлнинг бошида турибмиз.

Замон талабларига мослашиш учун амалий натижаларга эришиш муҳим. Асосий эътиборни айнан шу мақсадга қаратишимиз лозим.

Тан олиш керак, ҳозирча ишдан кўра гап кўп. Рақамлаштириш ўрнига мавжуд жараёнларни автоматлаштириш ёки турли тадбирлар ўтказиш билан чекланиб қолинаётган ҳолатлар кўп.

Рақамлаштиришнинг амалий аҳамиятини тушунмасдан туриб, қимматбаҳо дастурларни харид қилишнинг ҳожати йўқ.

Аслида, биз СИни тижоратлаштириш, активларни токенлаштириш, блокчейн технологиялари ва рақамли дастурлар экотизимини ривожлантириш ишларини эндигина бошладик.

Шу боис, иқтисодиётда рақамли технологияларни амалда қўллашга қаратилган амалий тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарур.

Бугунги кунда миллионлаб фуқаролар маркетплейслар, таом етказиб бериш ва такси чақириш, шунингдек, бошқа кўплаб рақамли хизматлардан кундаликда фойдаланмоқда. Улар қаторида ривожланган мамлакатларнинг кўпчилигига намуна бўлаётган Қозоғистон банклари хизматлари ҳам мавжуд. Бироқ эришилган натижалар билан қаноатланиб қолмасдан, янада олдинга интилишимиз керак.

Мамлакатимизда ҳақиқатан ҳам юқори унумдор рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга кучли туртки берадиган барча имкониятлар мавжуд.

Ёшларимиз билимли ва ижодкор. Интернетдан фойдаланиш имконияти кенг илғор рақамли инфратузилма шакллантирилди.

Бугун ҳар қандай фуқаро уйидан чиқмасдан туриб, бир неча дақиқа ичида банк ҳисоб-рақамини очиши мумкин. Товарни бўлиб тўлаш шарти билан бирон буюм харид қилиш учун ҳам ташқарига чиқишнинг ҳожати йўқ.

Рақамлаштиришнинг навбатдаги босқичида асосий вазифамиз фақат хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратиш эмас, балки инсонлар учун янги имкониятлар эшигини очишдан иборат бўлиши керак.

Ёндашувимизни ўзгартириб, олдимизда турган вазифаларга бошқача нуқтаи назардан қарашимиз керак.

Мақсадимиз халққа хизмат қиладиган ҳақиқий рақамли иқтисодиётни барпо этиш. Интернет жамоатчилик онгида фақат истеъмол ва кўнгилочар машғулотлар майдони эмас, балки бунёдкорлик ва меҳнат учун хаёлий макон сифатида ҳам намоён бўлиши лозим.

Смартфонлар фуқароларимиз учун вақтни беҳуда сарфлайдиган қимматбаҳо ўйинчоқ эмас, балки самарали ишлаш имконини берадиган воситага айланиши лозим.

Шу мақсадда Ҳукумат йил охирига қадар бандликни рақамли шаклда таъминлаш учун соддалаштирилган ҳуқуқий тартибни шакллантиради.

Халқ рақамли иқтисодиётини барпо этишда фуқароларнинг имкониятлари уларнинг қаерда яшашига боғлиқ бўлмаслиги жуда муҳим.

Фуқароларимиз қишлоқда ёки шаҳарда яшашидан қатъиназар, смартфон орқали қонуний даромад топишни ўрганишлари керак.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалдаги чораларни хусусий маркетплейслар, банклар, логистика компаниялари ва рақамли хизматлар имкониятлари билан уйғунлаштириш вазифаси турибди. Насия ажратиш ва субсидиялар бериш билан чекланиб қолмай, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда уни сотиш учун қўшимча воситаларни ҳам жорий этиши зарур.

Келгуси йили Ҳукумат бизнес ҳамжамияти билан ҳамкорликда қатор ҳудудларда рақамли тараққиётга оид тажриба лойиҳаларини ишга тушириши лозим. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларга уларни сотишни йўлга қўйишда ёрдам беради.

Муваффақиятли тажрибаларни барча минтақаларда кенг жорий этиш зарур. Активларни “токен”лаштириш, яъни уларни рақамли муҳитга ўтказиш имкониятларидан тўлиқ фойдаланишимиз керак.

Бу фуқароларга компаниялар ва турли иншоотларнинг шерик мулкдорига айланиш, тадбиркорларга эса ортиқча воситачиларсиз, капитал жалб қилиш имконини беради.

Халқ рақамли иқтисодиётни барпо этишдан кўзланган стратегик мақсад – замонавий технологиялар имкониятларини ҳар бир фуқаро фаровонлиги йўлида ишга солишдир.

Жорий йилда Рақамлаштириш ва СИ йили доирасида илғор технологияларга асосланган, тараққий этган давлатни барпо этиш тадбирларига янги суръат бағишладик.

Эндиликда бу ишларни изчил давом эттириб, СИга асосланган рақамли иқтисодиётни шакллантиришимиз зарур. Ҳукумат, миллий компаниялар ва ижодий индустрия вакиллари ушбу жараёнда фаол иштирок этишлари даркор.

Бу – янги давр талабларига тўлиқ мос келадиган, умумдавлат миқёсидаги энг муҳим вазифалардан бири. Келажак иқтисодиётини барпо этиш учун қотиб қолган қарашлар ва эскирган ёндашувлардан бутунлай воз кечиб, жамият тараққиётининг мутлақо янги асосларини шакллантиришимиз зарур. Аслида, бу келажакка қаратилган узоқ муддатли умуммиллий вазифа. Унинг мақсади мутлақо янги технология шароитида келажак авлодлар фаровонлигини таъминлашдан иборат.

Рақамли давр қанчалик мураккаб, қийин ва ҳатто, хавф-хатарларга тўла бўлмасин, олдимизга қўйилган мақсадларимиз ўзгармайди.

Бу – янги қиёфадаги давлатни барпо этиш, замонавийлаштириш ва янгиланиш йўлига содиқ қолишдир.

Шу боис, келгуси йилни Умумхалқ миқёсидаги кенг кўламли бунёдкорлик йили, деб эълон қилишни таклиф қиламан.

Юқорида таъкидлаганимдек, келгуси йилда ҳар бир вилоят маркази, туман ва ҳатто қишлоқларда ҳам фуқаролар учун зарур инфратузилма иншоотларини барпо этиш ва таъмирлашга киришишимиз керак.

Биз йўллар, аэропортлар, вокзаллар, барча турдаги соғликни сақлаш муассасаларини, шу жумладан, алоҳида эҳтиёжли болалар учун тиклаш марказларини бунёд эта бошлаймиз.

Шунингдек, бутун минтақаларда ижодий уйлар, спорт мажмуалари, кутубхоналар ва илмий марказлар қад ростлаши даркор. Албатта, уй-жой қурилиши ҳам муҳим вазифалар қаторида бўлиб қолаверади.

Биз кенг кўламли қурилиш ишларини жадаллик билан амалга оширамиз. Бу – халқимизнинг сунъий идрок даврига умумий жавобидир.

Конституцияда аҳоли фаровонлигини ошириш давлатнинг стратегик устувор йўналиши сифатида белгиланди. Бу ташаббус-ғояларнинг барчаси мамлакат манфаатлари, айниқса, ёш авлод фаровонлиги йўлида амалга оширилаётганини алоҳида қайд этгим келади.

Навбатдаги муҳим вазифалардан бири – давлат бошқаруви сифатини тубдан яхшилаш.

Бюджетдан инфратузилмани замонавийлаштириш, оммавий рақамлаштириш ва саноатни ривожлантириш учун салмоқли маблағ ажратилмоқда. Хусусий сармоялар ҳам жалб этилмоқда.

Шу муносабат билан сизларнинг эътиборингизни ушбу масалага қаратмоқчиман. Яъни, кенг кўламли қурилиш доирасидаги лойиҳаларни синчковлик билан танлаш, ишончли компаниялар билан ишлаш ва ташаббусни амалга оширишнинг ҳар бир босқичини диққат билан назорат қилиш жуда муҳим.

Давлат девони ушбу вазифани касбий маҳорат билан қатъиян бажаришга тайёр бўлиши керак.

Бундан ташқари, макроиқтисодий сиёсатни мулоҳаза билан юритиш зарур.

Сўнгги йилларда Ҳукумат бюджет ва солиқ тизимларини тўлиқ қайта кўриб чиқди.

Аммо давлат сиёсати самарадорлиги, энг аввало, фуқароларнинг фаровонлиги ва иқтисодий фаоллигига қараб баҳоланади.

Шу боис бизнинг асосий мақсадимиз – аҳоли даромадларини оширишдир. Бунинг учун, биринчи навбатда, пул қадрсизланишига қарши тизимли равишда курашмоқ лозим.

Пулнинг қадрсизланиши, чин маънода, фуқароларимиз ҳаётини боши берк кўчага киритиб қўядиган хавфли муаммодир.

Нарх-навонинг ўсиш суръати бироз секинлашди. Лекин, шунга қарамай пулнинг қадрсизланиш даражаси ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда.

Шу боис, биринчи навбатда, Ҳукумат ва Миллий Банк ўзаро ҳамкорликда, уйғунликда фаолият юритишлари даркор. Инфляцияни ушлаб туриш ва камайтириш керак. Бу – жуда муҳим вазифа.

Ҳукумат бюджет ва солиқ сиёсатини имкон қадар жиддий равишда юритиши керак. Шунингдек, иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш ва бизнес самарадорлигини ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиши зарур.

Молия бозорини созловчи тизимлар ҳам ўз вазифаларини сифатли ва самарали адо этишлари талаб этилади.

Ҳозирги кунда Қозоғистоннинг молия тизими анча барқарор даражада. Бунинг исботи ўлароқ, мамлакатдаги банкларнинг активлари 75 триллион тенге(яъни, 150 миллиард доллар)дан ошди.

Депозитлар ҳажми рекорд даражадаги кўрсаткичга, 52 триллион тенге ёки 105 миллиард долларга етди.

Омонатларнинг 78 фоизи миллий валютада сақланади. Бу миллий тенге қиймати ошганлигидан далолат.

Эндиги муҳим вазифа – иқтисодиётнинг реал шўъбасини ривожлантириш учун тўпланган молиявий захиралардан самарали фойдаланишдир.

Шу муносабат билан, Миллий Банк нарх-наво ва молиявий барқарорликни таъминлашдан ташқари, иқтисодий тараққиётга йўл очадиган ташаббусларни ҳам амалга оширишда иштирок этадиган вақт келди.

Иқтисодиётимиз узоқ муддатли молиялаштиришга муҳтож. Лекин уни тўлиқ қоплаш учун бюджет ва тараққиёт тизимларининг кучи етмайди.

Банклар бизнесни сармоявий кредитлашда атрофлича иштирок этишлари керак. Бу – уларнинг асосий вазифасидир.

Бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилиши керак, хусусан, банк тизимида фойдаланилмаётган ётган молияни самарали созлаш усулларини ўйлаб топиш мумкин. Ваҳоланки, бундай молия бор, ҳатто жуда кўп.

Бефойда баҳс-мунозараларга вақтимиз йўқ. Бизга эл-юртни тараққиёт йўлига олиб чиқадиган қарорлар керак.

Иқтисодиётнинг асосий тармоқларини узоқ муддатли кредитлашга янгича ёндашувларни йўлга қўйиш зарур. Ушбу жараёнга банклар, тараққиёт тизимлари, халқаро молия ташкилотлари ва бошқа молиялаштириш манбалари жалб қилиниши даркор.

Капитал бозори имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш вазифаси ҳам бўй кўрсатмоқда.

Шу боис хусусий корхоналарни биржа воситаларидан фаол фойдаланишга ундаш муҳимдир.

Қўшимча маблағларни жалб қилиш ва сармоя интизомини мустаҳкамлаш энг долзарб вазифалардан биридир.

Капитал бозори тўғрисида тайёрланаётган ҳужжатда аниқ дастакларни таъминлаш зарур.

Айниқса, ягона миллий молиявий экотизимни шакллантиришга эътибор қаратиш муҳимдир.

Қозоғистон Жамғарма биржаси, “Астана” халқаро Молия маркази ва Alatau City энг яқин ҳамкорлар сифатида ишлаши керак.

Миллий Банк ва Ҳукумат Қозоғистонда Молия бозорини ривожлантиришнинг ягона стратегиясини ишлаб чиқиши зарур.

Узоқ муддатли макроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг яна бир усули – бюджет сиёсатини созлашдир.

Ўтган йили қабул қилинган Бюджет кодекси давлат маблағларини самарали бошқариш ва молиявий интизомни мустаҳкамлаш имконини берди.

Аммо шуни таъкидлаш жоизки, йиллар давомида харажатлар ҳажми ортиб бормоқда. Шу боис хазина маблағини режалаштириш ва молиявий бошқарув сифатини янада ошириш зарур.

Ноўрин ва бесамар сарф-харажатларнинг олдини олиш мақсадида сунъий идрок технологияларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. 

Бундан ташқари, давлат молия тизимини тўлиқ рақамлаштириш бўйича ишларни якунлаш керак. Умумий усулларга асосланган бюджетни бошқариш тизимини яратиш зарур.

Мен бу борада Ҳукумат ва Миллий Банкдан аниқ таклифларни кутмоқдаман.

Навбатдаги устувор вазифа – солиқ сиёсатини такомиллаштиришдир.

Янги Солиқ кодекси бутун тизимни ҳар томонлама замонавийлаштириш учун пойдевор яратади.

Аммо бундай кенг кўламли ислоҳот йўлида кутилмаган муаммолар бевосита юзага чиқади. Буни аввалдан башорат қилиш осон эмас.

Пировардида, бизнес муайян меъёрларни қўллаш жараёнида турли қийинчиликларга дуч келмоқда.

Солиқ кодекси – қотиб қолган қоида ёки муқаддас китобдаги калом эмас. Қонун ҳаёт ҳақиқатидан четламаслиги керак.

Шунинг учун қарама-қаршиликларни бартараф этиб, ноаниқ талқин қилинган меъёрлардан халос бўлиш даркор. Тадбиркорларга ортиқча юкни камайтириш ва қонунбузарликларни бартараф этиш мақсадга мувофиқдир.

Солиқ тизими бизнесни ривожлантириш рағбатига тўсиқ бўлмаслиги керак. Шунингдек, сармоялар ва иш ўринларини барпо этишга тўсқинлик қилмаслиги ҳам керак.

Шу боис Ҳукуматга бизнес вакилларининг фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва солиқ қонунчилигига аниқ ўзгаришлар қоидасини ишлаб чиқишни топшираман.

Тадбиркорлар иш тартибларини ҳадеб ўзгартиравермаслиги учун бу чорани иложи борича пухта юритиш зарур.

Бизнинг қонунчилигимиз ниҳоятда оғир ва мураккаб, шу боис уни тушуниш қийин. Бу масала тадбиркорлар учун ҳақиқий бош оғриғи.

Мен солиқ солишда адолат масаласига алоҳида эътибор қаратмоқчиман.

Менимча, бой-бадавлат шахслар учун юқори солиқ ставкаларини жорий этиш масаласини муҳокама қилиш вақти келди.

Яна таъкидлайман. Ҳеч ким қонуний йўл билан топилган активларга ғов қўймоқчи эмас. Бу Конституция талабларига зид.

Гап адолат ҳақида, яъни ҳар бир фуқаронинг мамлакат тараққиётига муносиб, виждонан қўшган ҳиссаси ҳақида бормоқда.

Ҳукумат ва Қурултой ушбу масалани ўрганиб, тегишли таклифларни илгари суриши керак.

Адолатли солиқ жараёни шаффофликни, яъни оммавий рақамлаштиришни талаб қилади.

Солиқ тушумларини кўпайтириб, яширин иқтисодиёт ва уюшган жиноятчилик муаммоларини камайтириш учун илғор технологиялардан, шу жумладан, сунъий идрокдан ҳам фойдаланиш керак.

Замонавий шароитда инновацияларни муваффақиятли амалга ошириш ва иқтисодиёт рақобатбардошлигини таъминлашда ҳуқуқий тизим алоҳида аҳамият касб этади.

Амалда қўлланилаётган Фуқаро кодекси ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида қабул қилинган.

Кодекс ўзининг тарихий вазифасини тўлиқ бажариб бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Ушбу ҳужжат бозор иқтисодиётининг асосий тизимларини яратишга йўл очди, мулкни ҳимоя қилиш тамойилини тасдиқлади.

Бундан ташқари, у янги тарихий даврда фуқаролик муносабатларининг ҳуқуқий асосини шакллантирди. 

Ушбу Фуқаро кодекси ўтиш даври иқтисодиёти учун ишлаб чиқилган эди. У пайтда илғор технологияларнинг номи ҳам, ўзи ҳам йўқ эди. Албатта, сўнгги 30 йил ичида бутун дунё, шу жумладан, мамлакатимиз ҳам кескин ўзгарди.

Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, келажак иқтисодиётига батамом ўтиш учун ҳуқуқий асос бўладиган янги Фуқаро кодексини қабул қилиш зарур деб биламан.

Бу тадбиркорлар, сармоядорлар ва фуқароларнинг хотиржам фаолият юритишида ҳуқуқий барқарорликни таъминлайди.

Қурултой депутатлари Ҳукумат билан биргаликда дарҳол ушбу муҳим ҳужжатни тайёрлашни бошлашлари керак.

Қурултой келгуси йил охиригача янги Фуқаро кодексини қабул қилса, яхши бўларди.

«Халқ қурилиши» фақат мавжуд иқтисодий муаммолардан келиб чиққани йўқ. Балки бунга турли соҳаларда тўпланган таркибий номутаносиблик ҳам сабаб бўлди.

Аҳоли сонининг кўпайиши ва ички миграция усиз ҳам куч билан ишлаётган ижтимоий иншоотларга ортиқча юк бўлади.

Бу куни кеча пайдо бўлган муаммо эмас.

Сўнгги ўн йилликларда ижтимоий ёрдамнинг ҳаддан ташқари кўпайиши туфайли давлат бошқарувидаги хато ва камчиликларни яшириш, яъни шу йўл билан фуқароларнинг кўнглини олиш одатий ҳолга айланди.

Давлат захиралари елга совурилди, ҳатто бадавлат оилалар ҳам нафақа олишди. Шундай даврда мактаблар ва шифохоналар тақчиллиги яққол сезилди.

Бу жамиятда боқимандалик кайфиятларининг кучайишига олиб келди. Ижтимоий таъминот тизимида ошкора талончилик ва уюшган жиноятчилик юзага келди.

Асоссиз имтиёзлар ва нафақаларнинг ҳаддан ташқари кўплиги – идоравий савиянинг пастлиги, керак бўлса, давлат девонининг заифлигидан далолат беради. Бу – мамлакатнинг ёрқин келажагини таъминлаш борасида узоқни кўра билмаслик, деганидир. Буни тўғри тушуниш лозим.

Одамларга бюджет маблағи ҳисобидан ғамхўрлик қилаётгандек кўриниш – ошкора сафсатабозликдир. Оқибатда халқ манфаатларига зид, мамлакатнинг барқарор тараққиётига зид турли фирибгарлик ҳолатлари яшириб келинди.

Фақат бугунни ўйлайдиган одамларнинг тушунчаси шунақа бўлади. Улар стратегик ва давлат нуқтаи назаридан фикр юрита олмайди.

Шу боис ижтимоий сиёсатни тубдан қайта кўриб чиқиб, муваққат муаммоларни ҳал этишдан кўра, мақсадларга эришишга кўпроқ эътибор қаратиш зарур.

Яна бир бор таъкидлайман: давлат ёрдами ҳақиқатан муҳтож инсонларгагина берилиши керак. Ҳукумат олдида турган асосий вазифалардан бири – шу.

Умуман, бу соҳада долзарб муаммолар етарли. Шу боис Ҳукумат ўз таклиф ва қарорларини тақдим этмоқда.

Ҳозир жамиятда бу масалалар атрофида қизғин муҳокамалар кетмоқда. Фуқаролар ўзларини ташвишга солаётган муаммоларни очиқ баён этмоқда.

Шу боис бу мураккаб масалани “ҳўкизни ўлдирмай, аравани синдирмай”, оқилона ва пухта ўйланган ҳолда ҳал этиш зарур. 

Ҳар қандай ислоҳот чуқур таҳлил қилиниши, пухта ўрганилиши ва фуқаролар аҳволи имкон қадар инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши даркор.

Ижтимоий ёрдамнинг янги усуллари ва уларга оид ахборот тизимларининг фаолиятини аввалдан синчковлик билан текшириш зарур. Энг мақбул йўл – бундай лойиҳаларни дастлаб тажриба тариқасида ишга тушириб, самарадорлиги тасдиқланганидан кейингина атрофлича қўллаш керак.

Пировардида, ижтимоий давлат дегани фуқароларни ижтимоий тўловларга қарам қилиб қўйиш эмас, балки, энг аввало, аҳолининг турмуш сифати ва фаровонлигини ошириш демакдир.

Шу боис биз инсон капиталининг сифатини яхшилаш ва ёш авлоднинг мукаммал инсон сифатида камол топиши учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Қозоғистонда етти миллионга яқин бола бор. Бу мамлакат аҳолисининг 34 фоизини ташкил этади. Йил сайин 330 мингдан зиёд чақалоқ дунёга келади.

Мамлакат аҳолиси жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Демак, соғликни сақлаш инфратузилмасини тизимли ва жадал ривожлантириш жуда муҳим вазифадир.

Биз кенг кўламли қурилиш ишларининг дастлабки босқичида мамлакат бўйича саккизта замонавий перинатал марказларини қуришни режалаштирмоқдамиз.

Бундан ташқари, Атиров, Ақтўбе, Алмати, Шимкент, Қаскелен, Семей ва Ақтов шаҳарларида еттита кўп тармоқли болалар шифохонаси, Астана шаҳрида эса яна иккита тиббиёт муассасаси барпо этилади.

Бу ишларни амалга оширишда бюджет маблағлари билан бир қаторда хусусий капитални ҳам кенгроқ жалб этиш лозим.

Давлат-хусусий шериклиги асосида бошланган лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш даркор. Бундай ҳамкорлик ижтимоий инфратузилмага йўналтириладиган хусусий сармоялар ҳажмини оширишга ёрдам беради.

Энг муҳими, расмийлаштириш тадбирларини бесабаб чўзмай, қарорларни зудлик билан қабул қилиш керак.

Шунингдек, биз бирламчи тиббий-санитария ёрдам тизимини замонавийлаштиришга алоҳида аҳамият қаратамиз.

Шу нуқтаи назардан, умумий амалиёт шифокорларининг ваколатларини кенгайтириш ва ушбу тизимни молиялаштириш ҳажмини босқичма-босқич ошириш жуда муҳимдир.

Ҳукуматга келгуси йилнинг 1 январидан эътиборан ушбу йўналишда фаолият юритаётган участка хизмати мутахассисларининг маошини узлуксиз меҳнат тажрибасига қараб 40 фоизгача оширишни топшираман. Бу жараён 77 мингдан зиёд мутахассиснинг даромадини ошириш имконини беради.

Шу билан бирга, энг кам иш ҳақи миқдорини босқичма-босқич оширишда давом этамиз. Ҳукуматга энг кам иш ҳақини 85 минг тенгедан 110 минг тенгегача оширишни топшираман.

Ушбу вазифа келгуси йилнинг 1 январидан амалга оширилиши лозим. Бу 1,8 миллион кишининг, жумладан, бюджетдан маош оладиган 370 мингдан зиёд ходимнинг даромадини оширишга имкон беради.

Яна бир долзарб мавзу. Инклюзив таълим масаласига алоҳида эътибор қаратиш даркор.

Ҳозир Қозоғистонда инклюзив таълим олиши лозим бўлган 237 мингдан зиёд бола бор.

Афсуски, сўнгги йилларда алоҳида эҳтиёжларга эга болалар сони ортиб бормоқда. Шу боис Ҳукумат ҳокимлар билан ҳамкорликда ушбу соҳа инфратузилмасини ривожлантириши керак. Кенг кўламли қурилиш ишларини амалга оширишда бу йўналиш эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Мутахассислар тақчиллигини камайтириш ва алоҳида эҳтиёжга эга болаларнинг ташхисини чақалоқлиги пайтида аниқлаш тизимли равишда олиб борилиши керак. Бу жараёнда “Қозоғистон халқига” жамғармаси фаол иштирок этиши мақсадга мувофиқ.

Яна бир масала. Жамиятда таълим соҳасидаги ислоҳотларга оид муаммолар қизғин муҳокама қилинмоқда.

Умуман олганда, ҳар қандай ўзгариш ўқитувчи меҳнатини енгиллаштиришга, фаолиятидаги ортиқча юкламани камайтиришга қаратилган бўлиши даркор.

Амалда бу вазифа тўлиқ бажарилмаётгани сир эмас. Илгари қоғозбозлик кўп эди. Энди унинг ўрнини турли дастурлар ва рақамли тизимларга киритилиши лозим бўлган ҳисоботлар эгалламоқда.

Муаллимнинг асосий вазифаси – болага сифатли таълим бериш, яъни билимли ва онгли авлодни тарбиялашдир. Ушбу вазифаларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган ортиқча тадбирларга барҳам бериш керак.

Биз ўқитувчиларнинг обрў-эътиборини ҳимоя қилишимиз зарур. Сўнгги йилларда мактабларда ўқувчиларнинг устозларига қўпол муомала қилиши, ҳатто уларга мушт кўтариш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бундай вазиятда одатда мактаб маъмурияти ҳам ўқитувчига босим ўтказади. Бу – нотўғри.

Ҳар бир масала пухта ва атрофлича кўриб чиқилиши лозим. Ҳар қандай вазиятда оила ҳам, ўқувчи ҳам, муаллиму мактаб ҳам – барча бирдек масъулият билан ёндашиши керак.

Маориф вазирлиги бу ишни доимий назоратда тутиши зарур.

Ҳурматли Қурултой депутатлари ва Ҳукумат аъзолари!

Аввал ҳам таъкидлаганимдек, мамлакатимиз янги тарихий босқичга қадам қўйди.

Бундай туб бурилиш палласида миллий режаларимиз ва дастурларимизнинг барчасини қайта кўриб чиқишимиз лозим.

Мустақиллигимизнинг навбатдаги қутлуғ санасига ижобий натижалар билан етиб бориш зарурлигини аниқ англашимиз керак.

Олдимиздаги мақсадларни аниқлаб олиш орқали бугунги вазифалар ва устувор йўналишларни белгилаймиз, мустақил стратегик йўлимизга қатъий амал қиламиз ва бунёдкорлик режаларимизни амалга оширамиз.

Шу боис Президент Маъмурияти Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги билан ҳамкорликда бир йил мобайнида мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиётининг мажмуавий йўналишларини белгилаб берувчи ҳужжатни ишлаб чиқиши даркор.

Бу ишга илмий-тадқиқот марказларини, жумладан, Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институтини ҳам кенг жалб этиш мақсадга мувофиқ. Депутатлар ҳам ушбу муҳим ҳужжатни ишлаб чиқишга салмоқли ҳисса қўша оладилар, деб ўйлайман.

Бироқ бу кенг кўламли вазифани давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдан бошлашимиз керак.

Конституция қонуний кучга киргач, мамлакатимизнинг сиёсий тизими тўлиқ янгиланди. Шу муносабат билан давлат муассасалари олдида турган вазифалар ҳам мураккаблашди.

Ҳозирги кунда давлат бошқаруви тизимини ривожлантиришнинг янги стратегияси асосида тубдан ислоҳ қилиш зарурати юзага келди.

Бу жараёнда бутун давлат девонининг ва ҳар бир давлат хизматчисининг иш самарадорлигини ошириш муҳим вазифа бўлиши лозим.

Аввало, Ҳукуматдан тортиб қишлоқ ҳокимларигача бўлган барча даражадаги бошқарув тузилмасини қайта кўриб чиқиш зарур.

Бошқарув тизими рақамлаштириш шароитида ишлаб, сунъий идрок имкониятларидан самарали фойдалана олиши керак.

Давлат идораларида оқилона ташаббус ва мустақил қарорлар рағбатлантирилиши зарур.

Шунингдек, улар ўз ваколатлари билан бир қаторда, бутун давлат девони қандай ишлаши дастакларини ҳам аниқ билиши лозим.

Сунъий идрок ёрдамида вазифаларнинг такрорланишига йўл қўймай, бошқарув тузилмасидаги номутаносибликларни бартараф этиш керак.

Давлат девонини қоғозбозликдан қарорлар қабул қилишни секинлаштирадиган, яъни тараққиётга тўсқинлик қиладиган омиллардан халос этиш лозим.

Давлат хизматчилари касбий малакали мутахассислар сифатида намуна бўлиши керак. Афсуски, ҳозирча бундай ҳолатни кузатмаяпмиз.

Шу боис давлат хизматчилари учун янги одоб-ахлоқ тамойилларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Давлат хизматчиси, энг аввало, Конституция талабларига амал қилиши, Ватани ва халқига садоқат билан хизмат қилиши шарт. Гап айрим ёки юзаки ўзгаришлар ҳақида кетаётгани йўқ, балки ҳуқуқий ва молиявий чора-тадбирларни қамраб оладиган туб ислоҳот ҳақида бормоқда.

Президент Маъмурияти 2027 йил 1 июнга қадар давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишга доир мажмуавий режани тақдим этиши керак. Бошқача айтганда, рақамли технологиялар ва сунъий идрокка асосланган янги иқтисодиёт учун давлат бошқаруви моделини шакллантиришимиз зарур.

Олдимизда улкан мақсад бор – Адолатли, Қудратли, Тоза ва тараққий этган Қозоғистонни барпо этиш.

Биз улкан имкониятлар билан бирга катта хавф-хатарлар ҳам мавжуд бўлган даврга қадам босдик.

Миллатнинг сифати айнан шундай тақдир ҳал қилувчи паллаларда намоён бўлади. 

Сусткашлик ва бепарволик мағлубиятга баробар.

Замон талабларига ягона тўғри жавоб – стратегик жиҳатдан илдам ҳаракат қилиб, Қозоғистон келажагининг пойдеворини бугундан мустаҳкамлашдир.

Акс ҳолда, тараққиёт карвонининг ортидан эргашишга мажбур бўламиз.

Давлат тараққиётининг энг олий мезони ҳам, барча ислоҳотлар самарасидан баҳраманд бўладиган асосий куч ҳам фуқароларимиздир.

Шу боис стратегик йўлимизнинг марказида адолат ғояси туради.

Янги тарихий босқичга қадам қўяр эканмиз, биз учун зарур бўлган фуқаролар ҳаёти инфратузилмасини барпо этиш ва янгилашга киришмоқдамиз.

Келгуси бир неча йилда барча минтақаларда қурилиш ишлари кенг қулоч ёяди.

Таъкидланганидек, янги автомобиль йўллари, саноат ва энергетика иншоотлари, темир йўллар, кўприклар, муҳандислик тармоқлари, гидротехника иншоотлари, мактаблар, шифохоналар, спорт мажмуалари ва маданият масканларини барпо этамиз.

Замонавий инфратузилмани барпо этиш ўнлаб янги ишлаб чиқариш корхоналарининг очилиши ва энг муҳими, халқ фаровонлигига хизмат қилувчи рақамли иқтисодиётни ривожлантириш имконини беради.

Шу тариқа, метин интизом, юксак масъулият ва фидокорона меҳнат туфайли яқин вақт ичида қишлоқларимиз ва шаҳарларимизнинг қиёфасини тубдан ўзгартирамиз. Умумий масканимиз – Қозоғистон Республикасини янада қудратли ва янада жозибадор мамлакатга айлантирамиз.

Биз «Қонун ва Интизом» тамойилига амал қилиб, ҳалол меҳнат қилиш орқали кўзлаган мақсадларимизга, албатта, эришамиз ва келажак авлодларга муносиб мерос қолдирамиз.

Бундан аввал ҳам бир неча бор айтганман, яна такрорлайман: мисли кўрилмаган дунёвий таҳдидлар даврида мамлакат бирдамлиги ва жамиятнинг ижтимоий таянчини янада мустаҳкамлашимиз зарур.

Биз фақат шундагина стратегик вазифаларимизни тўлиқ адо этамиз.

Агар шу йўлдан борсак, Қозоғистон жаҳон тараққиёт карвонининг олдинги сафларидан муносиб ўрин эгаллашига қатъий ишонаман.

Умуман олганда, ҳар қандай ислоҳотни амалга ошириш учун қонунларни такомиллаштириш ва сиёсий институтларни мустаҳкамлашнинг ўзи етарли эмас. Энг аввало, онг ва тафаккур янгиланиши керак. Мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти учун жамиятда янги этикани қарор топтириш зарур. «Адолатпарвар фуқаро» мафкураси ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиши лозим.

Халқимизда «Ҳаракатда – барака», деган мақол бор. Дарҳақиқат фаол ва бунёдкор ватанпарварликнинг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Ватанпарвар бўлиш – қонунни ҳурмат қилиш, интизомга риоя этиш ва юрт равнақи йўлида тинмай меҳнат қилиш демакдир. Қонунни ҳурмат қиладиган инсон муваффақиятга эришади.

Мен Қозоғистон ҳар бир фуқаронинг ривожланишига йўл очадиган, барча учун тенг имкониятлар яратадиган, бирлиги мустаҳкам, адолатли ва фаровон давлат бўлишини истайман. Ушбу мақсадга эришиш учун бор куч-ғайратимни сарфлаб келмоқдаман ва бундан кейин ҳам шундай бўлади.

Замонавий дунёнинг асосий қудрати – билим ва илм-фанда, илғор инновацияларда. Янги технологиялар ва сунъий идрокни чуқур ўзлаштирган мамлакат тараққий этади. 

Давлатимизга салоҳиятли олимлар, малакали муҳандислар, доно устозлар ва билимдан шифокорлар ҳамиша керак бўлади.

Мен миллатимизнинг тараққиёт карвонини етаклай оладиган ватанпарвар фуқароларга катта умид боғлайман.

Қадрли ватандошлар!

Бугун мен мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида батафсил тўхталиб, порлоқ келажагимизни белгилаб берадиган муҳим ташаббусларни белгилаб бердим.

Олдимизда турган барча тарихий вазифаларни муваффақиятли адо этишимиз керак. Биз, албатта, барча фуқаро учун кенг имкониятлар яратадиган фаровон жамият – Адолатли Қозоғистонни барпо этамиз.

Барчангизга фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман!

Ватанимиз – Қозоғистон Республикаси мангу яшасин!

2026-10-31, 03:50 13
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.