26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тадбиркорлик ривожи – иқтисодий юксалиш гарови

Туркистон вилояти Сауран туманидаги «Sauran» кичик саноат паркининг Кўргазмалар марказида Қозоғистон Тадбиркорлари кунига бағишланган форум бўлиб ўтди. Унда Туркистон вилояти ҳокими Нўрлaн Кўшеров, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазир ўринбосари Бауиржан Ўмарбеков, мамлакатимизнинг 10дан ортиқ ҳудудидан ташриф буюрган делегациялар, маҳаллий тадбиркорлар ҳамда бизнес вакиллари иштирок этди.

Тадбирда вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Форумда сўзга чиққан вилоят ҳокими Нўрлан Кўшеров тадбиркорларни касб байрами билан табриклаб, ҳудудда тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Шунингдек, тадбиркорлик соҳасида юқори натижаларга эришиб, вилоят иқтисодиётини ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган илғор тадбиркорлар ҳамда корхоналарни тақдирлади.

– Барчангизни Тадбиркорлар куни билан чин қалбимдан табриклайман! Ушбу байрам мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган тадбиркорлар жамоасига кўрсатилаётган юксак ҳурмат ифодасидир. Тадбиркорлик – ишбилармонлик ва қатъият, меҳнат ва масъулият намунасидир.

Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев яқиндаги Мурожаатномасида тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий бизнесни ҳимоя қилиш ва тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Президент кичик ва ўрта бизнеснинг мамлакат иқтисодиётидаги ролини ошириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, бизнес фаолиятига ноқонуний тўсиқлар қўймаслик ва тадбиркорларнинг эркин ишлаши учун қулай шароит яратиш муҳим вазифа эканини қайд этди.

Бу йўналишда давлат томонидан тизимли қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Бизнинг вазифамиз – ана шу давлат кўмагининг самарасини аниқ ишлар билан намоён этиш. Бунинг учун ҳудуд иқтисодиётини юксалтириш, янги ишлаб чиқариш корхоналари ва иш ўринларини ташкил этиш зарур.

Сизларнинг ташаббусларингиз янги иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу борада Туркистон вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш учун имкониятлар етарли. Халқимиз меҳнаткаш, фуқароларимиз ишбилармондир. Мамлакатимиздаги кичик ва ўрта бизнес субъектларининг салмоқли қисми бизнинг ҳудудимизда фаолият юритади.

Биз тадбиркорлар учун зарур инфратузилмага эга ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этдик. Уларнинг асосий мақсади – импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш ва вилоят иқтисодиётини мустаҳкамлашдир.

Тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш доирасида сўнгги икки йилда имтиёзли кредитлаш ҳажми 63 миллиард тенгега етди. Бунинг барчаси Туркистон вилоятининг маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш имконини беради.

Сизлар ҳудуд иқтисодиёти ривожига туртки бериб, мамлакат салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшаётган ишбилармон инсонларсиз. Биз тадбиркорларнинг ҳар бир ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Халқимизда «Жўм бўлиб кўтарган юк енгил», деган нақл бор. Ҳокимият ва бизнеснинг ҳамжиҳатлиги – умумий муваффақият гаровидир. Бошлаган ишларингиз баракали, янги лойиҳаларингиз муваффақиятли бўлсин, – деди вилоят ҳокими.

Форум доирасида тадбиркорлар ва корхоналар 26та номинация бўйича тақдирланди. Жумладан, тадбиркорлик ва иқтисодиёт ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун «Nurym Group» МЧЖ «Йил корхонаси» номинациясига сазовор бўлди. Бизнес фаолияти суръатини ошириб, хизмат кўрсатиш йўналишларини кенгайтиргани ва муҳим натижаларга эришгани учун «Jasyl Suyq Qazaqstan» МЧЖ «Йил кашфиёти» номинацияси билан тақдирланди.

«Ҳудудни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» номинацияси «Туркистон тўқимачилик» МЧЖга, янги лойиҳаларни ривожлантириш ва инвестиция жалб этишга қўшган ҳиссаси учун «Йил инвестори» номинацияси «Beibars Bottlers» МЧЖга берилди.

Шунингдек, «Энг яхши ишлаб чиқарувчи» номинациясида «Бөрте милка» МЧЖ, «Йил агрокорхонаси» номинациясида «Қарқин-2030» МЧЖ, «Яшил бизнес» номинациясида «Er-Qan Group» МЧЖ, «Анъаналар устаси» номинациясида «Алмагул шебер» якка тартибдаги тадбиркори, «Аҳоли саломатлигига қўшган ҳиссаси учун» номинациясида «Талғат клиникаси» МЧЖ, «Энг яхши оилавий бизнес» номинациясида эса «Capable group» компанияси тақдирланди.

Вилоятда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида муайян натижаларга эришилмоқда. Бугунги кунда Туркистон вилоятида кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари сони 200 мингдан ошди. Сўнгги икки йилда 12 та янги индустриал ҳудуд ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 21 тага етди.

«Turan» махсус иқтисодий зонасида умумий қиймати 447 миллиард тенгега тенг бўлган 138 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, вилоятнинг барча туманларида 29 та кичик саноат парки ташкил этилиб, 275 та ишлаб чиқариш биноси қурилмоқда. Уларнинг 178 таси фойдаланишга топширилган. Саноат паркларида 146 та лойиҳа ишга туширилди. Умумий инвестициялар ҳажми 163 миллиард тенгени ташкил этди.

Маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш орқали импорт ўрнини босишга қаратилган, умумий қиймати 176 миллиард тенгега тенг 31 та лойиҳа амалга оширилди. Бундан ташқари, умумий қиймати 280 миллиард тенге бўлган яна 39 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

Форумда Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазир ўринбосари Бауиржан Омарбеков ҳам сўзга чиқиб, тадбиркорларни касб байрами билан табриклади ва бир қатор номинациялар ғолибларига мукофотларни топширди. Вазир ўринбосари тадбиркорликнинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришдаги аҳамиятига тўхталиб, маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш корхоналари сонини кўпайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва тадбиркорлар ташаббусларини амалга ошириш учун қулай шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, «Forte Bank» акциядорлик жамияти ижрочи директори Қарлиғаш Сакипова ҳам сўзга чиқиб, тадбиркорлик соҳасида фаолият юритаётган илғор вакилларга мукофотларни топширди.

Тантанали тадбир байрамона концерт дастури билан давом этди. Унда тадбиркорларнинг меҳнати эътироф этилиб, уларнинг вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қўшаётган ҳиссасига алоҳида ҳурмат кўрсатилди.

Вилоят ҳокимининг матбуот хизмати, 2026-10-30, 21:29 80
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.