26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Диёнат, адолат ва ҳақиқатни куйлаган адиб

Адабиёт – миллатнинг маънавий қиёфаси, тарихий хотираси ва қалб кечинмаларини ўзида мужассам этган бебаҳо хазина. Унда халқнинг орзу-умидлари, дарду изтироблари, адолат ва ҳақиқатга интилиши акс этади. Ана шундай юксак вазифани ўз ижоди билан шарафли адо этган, асарлари орқали инсон қадри, виждон, диёнат ва адолат ғояларини тараннум этган буюк адиблардан бири – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовдир.

Тошкент шаҳридаги Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида атоқли адиб таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тантанали адабий-маърифий тадбир ўтди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, маданият ва санъат намояндалари, шунингдек, Қозоғистондан ташриф буюрган ижодкорлар иштирок этдилар.

Тантанали маросимни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Сайид очиб, Одил Ёқубовнинг миллий адабиёт тараққиётидаги беқиёс ўрни, бой ижодий мероси ва юксак инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритди. У адибнинг нафақат асарлари, балки бутун ҳаёти ва фаолияти ёш авлод учун ибрат мактаби эканлигини таъкидлади. Шунингдек, ёзувчининг умр йўлдоши Марям Ёқубовага алоҳида эҳтиром кўрсатиб, гулдаста ва эсдалик совғасини тақдим этди.

Шундан сўнг иштирокчилар эътиборига Одил Ёқубовнинг ҳаёти, ижоди, адабиёт ва жамият тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унда адибнинг сермазмун умри, қаламкаш дўстлари билан муносабатлари, адабиётга садоқати ва халқ қалбидан чуқур жой олган асарларининг яратилиш тарихи акс этди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси аъзоси Акмал Саидов ўз чиқишида адибнинг ижодий мероси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлади. Дарҳақиқат, Одил Ёқубов асарларида кўтарилган виждон, масъулият, инсон қадри, адолат ва ҳақиқат каби масалалар ҳар қандай давр учун муҳимдир. Унинг қаҳрамонлари орқали ўқувчи нафақат муайян тарихий воқеалар билан танишади, балки инсоний бурч, маънавий поклик ва ҳаёт ҳақида чуқур мушоҳада юритади.

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Элчиси Ерали Тўғжанов икки қардош халқ ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни мустаҳкамлашда Одил Ёқубовнинг хизматларига алоҳида тўхталди. Адиб ижодининг қозоқ китобхонлари орасида ҳам муносиб ўрин эгаллагани, унинг асарлари икки халқ адабиёти ўртасидаги маънавий кўприк вазифасини ўтаётгани қайд этилди.

“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ҳамда таниқли адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев адиб билан боғлиқ хотиралари, ижодий мулоқотлари ва унинг адабиёт олдидаги хизматлари ҳақида гапириб бердилар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар бўлими мудираси Рисолат Ҳайдарова эса Одил Ёқубов асарларининг миллий ва умуминсоний аҳамияти, уларнинг хорижий тилларга таржима қилиниши ва жаҳон адабий жараёнидаги ўрни ҳақида фикр билдирди.

Тадбир давомида адибнинг машҳур “Улуғбек хазинаси” асари асосида суратга олинган видеофильмдан парча намойиш қилинди. Бу асар орқали Одил Ёқубов буюк мутафаккир ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек образини яратиш баробарида илм-фан, маърифат, ҳақиқат ва жаҳолат ўртасидаги азалий курашни маҳорат билан тасвирлаган эди.

Қозоғистонлик меҳмонлар номидан сўз олган таниқли адабиётшунос олим, профессор, Қозоғистон Давлат мукофоти совриндори Қулбек Ергўбекнинг чиқиши алоҳида эътиборга сазовор бўлди. У Одил Ёқубов билан ўтган асрнинг 80-йилларидан буён таниш эканини, адибнинг “Улуғбек хазинаси” романини қозоқ тилига таржима қилганини фахр билан эслади.

– Мен Одил Ёқубов билан кўп йиллардан буён таниш эдим. Унинг “Улуғбек хазинаси” китобини қозоқ тилига ўгирганман. Бу асар устида ишлаш жараёнида адибнинг бадиий тафаккури, тарихий ҳақиқатни чуқур англаши ва инсон руҳиятини нозик ҳис этиш маҳоратига яна бир бор амин бўлганман, – деди Қулбек Ергўбек.

Олим ўз фикрларини давом эттирар экан, Одил Ёқубов ижодининг жаҳон адабиёти миқёсидаги ўрнига юксак баҳо берди:

– Ион Друце молдаван адабиётига, Васил Биков белорус адабиётига, Юрий Бондарёв рус адабиётига, Юонас Авижус литва адабиётига, Нодар Думбадзе грузин адабиётига қандай хизмат қилган бўлса, Одил Ёқубов ҳам ўзбек адабиётига шундай хизмат қилди. Бу ижодкорлар ўз миллатлари адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиққан буюк сиймолардир. Одил ака ҳам нафақат ўзбек адабиёти, балки умумжаҳон адабий тафаккури ривожига муносиб ҳисса қўшган улкан адибдир. Назаримда, Одил Ёқубов ўзбек романчилигининг давомчиси бўлиш билан бирга, янги ўзбек адабиётининг ҳам бошловчиларидан биридир. Унинг асарлари ўз даврининг оғриқли муаммоларини кўтариб чиқди, инсон қалбидаги зиддиятларни очиб берди, ҳақиқатни ҳимоя қилишга чақирди. Одил ака – ўзбек адабиётининг юксак мақомдаги мумтоз намояндасидир, – деди олим.

Шунингдек, Қулбек Ергўбек адибнинг адабиёт ва маънавият соҳасидаги беқиёс хизматларини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Адиблар хиёбони”да Одил Ёқубов ҳайкалини ўрнатиш таклифини илгари сурди.

Қулбек Ергўбек ўз нутқида жорий йилнинг 17-19 ноябрь кунлари Туркистон шаҳрида Одил Ёқубов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилиши режалаштирилганини ҳам маълум қилди.

Айниқса, адиб ҳаётининг муҳим даври билан боғлиқ Туркистон вилоятидаги Қарноқ қишлоғида амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Ҳозирги кунда ёзувчи таҳсил олган мактабга унинг номини бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, адибнинг ҳаёти ва ижоди, адабий мероси, қардош халқлар адабиёти ривожига қўшган ҳиссасини акс эттирувчи музей ташкил этиш режаси ҳам мавжуд.

Тадбир сўнггида Одил Ёқубовнинг фарзанди Малик Ёқубов сўзга чиқиб, отасининг хотирасини эъзозлаб, унинг ижодий меросини қадрлаётган ташкилотчилар ва барча иштирокчиларга оиласи номидан самимий миннатдорчилик билдирди.

Алишер Рўзиметов, Аҳрор Усмонов, Абдулла Раҳимжонов каби таниқли хонандаларнинг дилрабо қўшиқлари эса тантанали кечага янада кўтаринки руҳ, ўзгача файз бағишлади.

Тошкентда бошланган бу маънавий тадбирнинг Туркистонда давом этиши халқлар ўртасидаги азалий дўстлик ва адабий ҳамкорликнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Зеро, адабиёт миллатларни бир-бирига яқинлаштиради, халқлар қалбидаги эзгу туйғуларни уйғотади, умумий қадриятларни мустаҳкамлайди.

Одил Ёқубов ўз асарлари билан ҳақиқатни ёқлади, адолатни улуғлади, инсон виждони ва диёнатини энг олий мезон сифатида эътироф этди. Унинг номи ва ижодий мероси эса нафақат ўзбек халқи, балки қардош қозоқ халқи қалбида ҳам яшайверади.

З. МЎМИНЖОНОВ, 2026-11-16, 19:50 122
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.