26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Туркий элим, сен азалдан буюк элдирсан!''

Туркий олам, турк тамаддуни, туркийлар бирлашуви...
Бу жумлаларнинг мазмуни айримларимиз учун тушунарсиз бўлиши мумкин. Қуйидаги мақолада уларни очишга ҳаракат қиламиз. Туркий олам учун самарали фаолият юритаётган Туркиядаги Аrt tv миллий интернет канали раҳбари, сценарист ва режиссёр Нодира Қаюмова (Нодира Даврон) таҳририятимизнинг меҳмони.
– Нодирахон, сиз Туркий оламни  жаҳонга танитаётган фаоллардан бирисиз...
– Туркийлар инсоният яратилгандан бери бор! Биз урушлар, талофат, курашлар ичида ақл ва куч билан яшаган ва яшаётган буюк бир миллатмиз.
Айнан шунинг учун ҳам Ўрта Осиёдан ажралиб, жуда катта ва кенг географияга тарқалиб кетдик, ота- боболаримиз асрлар давомида ақли ва кучига таяниб, мустақил давлатлар ва империялар ташкил қила олдилар. Уларнинг ҳукмронлиги минглаб йилларни қамраб олди. Энг буюк кашфиётлар, оламни зир титратган баҳодирлар, Тўмарис каби мард аёллар, Соҳибқирон Амир Темур, Усмонийлар, Салжуқийлар... Буларнинг барчаси туркий халқлар, турклардир. Биз шу қадар буюк миллатмизки, тарихимиз ва бугунимизга назар солсак, таърифлашга тил ожизлик қилади. Биз жасур Алп Эр Туғранинг аждодларимиз. Демакки, адолатпарварлик, эрксеварлик каби фазилатлар қонимизда, жонимизда оқаяпти. Бугунги туркий олам  уларнинг авлодлари.
– Туркий халқларнинг қайта бирлашиши дунёга нима беради?
– Агар туркийлар бирлашса, ундан  буюк халқ бўлмайди. Мен бир турк сифатида мамлакатларимизнинг бирлашишини жуда-жуда истайман. Балки 10 йил, балки 20 йил ўтиб, бирлашамиз. Кейин дунё янги мувозанатга киришади. Бунинг учун ягона тил, дин, эътиқодда мужассам бўлмоғимиз шарт. Аслида динимиз, қонимиз, генимиз, тилимиз, тарихимиз бир. Мана шу бир хилликни бирлаштириш эвазига аниқ  натижага эришамиз. Туркий кенгашдан шахсан менинг умидим катта. Айрим гуруҳлар, сиёсий кучлар унинг фаолияти, тутган сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий йўлига шубҳа билан қарамоқда. Керагича, қаршилик ҳам кўрсатишмоқда. Аммо бирлашган халқ катта куч! Халқ+Тил+Тарих оламга тариқдай сочилиб кетган туркларни бирлаштиради.
Ҳозир ушбу эзгу ишни ўз каналимизда самарали юритмоқдамиз. Интернет ТВ каналимиз туркий тилда гаплашадиган халқларнинг миллий канали бўлиб, мақсади – туркий халқлар ўртасидаги умумий тарихни жонлантириш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданият, санъат, урф-одатларни тараннум этиш (дин ва сиёсатдан бошқа барча соҳалар). Тилимиз ўзбек ва Туркия туркчасида (қисман рус тилида). Истанбул шаҳрида фаолият юритамиз. 32та туркий мамлакат билан дўстона алоқалар ўрнатдик. Бу давлатлар ҳудудида бевосита кўрсатувлар тайёрлашни йўлга қўймоқдамиз. Туркий  оламни бир-бирига танитиш – олий мақсадимиз.
– Сизнингча, туркийлар бирлашувига қандай тўсиқлар бор?
– Аввало, бу менинг шахсий фикрим. Туркийзабон давлатларнинг бирлашиши иқтисодий, маданий ва маърифий тамойилларни нақадар тўғри йўлга қўйишига боғлиқ. Туркнинг ким эканлигини англаган ҳар бир туркда ҳиссий бирлашув ғояси бор. Бироқ инсонлардаги бу ҳиссиёт озлик қилади.
Масалан, Европа иттифоқининг қарашлари тамомила иқтисодий асос устига қурилган. Шу боис, туркий давлатлар ўз иқтисодиётларини мувофиқлаштирсагина, катта халқаро туркий ташкилот пайдо бўларди. Бунинг учун туркий халқлар, мен ўзбекман, қозоқман, гагаузман, татарман деб, бўлинмаслиги керак.  Надоматлар бўлсинки, туркий оламда бир хил умумий ғоя йўқ. Нафақат Россиядаги, ҳатто Ўрта Осиёдаги туркийлар ҳам ўз тарихини яхши билмайди. Бу тараққиётимизнинг имкониятларини тўсадиган жуда катта ғов. Аммо Туркия Президенти жаноб Ердўған томонидан бир қанча эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Миллатларнинг бирлашиши, аввало, давлатларга боғлиқ. Туркиядаги туркларда эса биз туркмиз, деган тушунча устувор. Улар ўзбек, қозоқларни ўз биродари деб билади, ҳурмат қилади. Бу озар туркларида ҳам ривожланди.   
– Қозоғистонда ҳеч бўлганмисиз? Туркий оламда  юртимизнинг тутган ўрни қандай?
– Туркий оламда Қозоғистоннинг ўрни алоҳида. Юртингизда Туркийлар  академиясининг ташкил этилиши ва бошқа мамлакатларнинг уни қўллаб-қувватлаши, Туркий кенгашга Қозоғистоннинг биринчилардан бўлиб қўшилиши таҳсинга сазовордир. Фикримча, бу йўл Қозоғистоннинг ўзи белгилаган дунёвийлик амалининг (халқни радикал ҳаракатлардан ҳимоя қилиш мақсадидаги диний таълимни тақиқловчи қонунлар)  ривожланиши туфайли яхши иш беради.  Дарвоқе, Шимкент, Тараз шаҳарларига борганман. 2010 йилдан бошлаб, видеоклип, ҳужжатли фильмлар оламан. Биографик фильмларни суратга олиш жараёнлари ана шу шаҳарларда кечган.
“Дунёнинг музаффар турклари” халқаро лойиҳаси устида ишламоқдамиз. Унда 33та мамлакат қамраб олинади. Ўзим юртма-юрт кезиб, 6 кишилик гуруҳим билан фильмлар оламан. Демак, яна Қозоғистон тарафларга бораман, албатта. Қозоғистонлик дўстларимиз Икромжон Ҳошимжонов, Абдумалик Сармоновларга ҳурматим баланд.
– Замонавий туркий оламдаги қайси муаммолар сизни ўйлантиради?
– Шарқий Туркистон ҳақида гап кетса, қалбим оғриққа тўлади. Умуман, туркийларга кўрсатилаётган зулмлар ҳамиша мени йиғлатган. Чора кўролмаслигимиз, ожизлигимиз панд берган доим. Уйғур қардошларимизга кўрсатилаётган зулмлардан қийналяпман. Нима учун биз кўз ўнгимизда хўрланаётган уйғурларнинг озодлиги учун кураша олмаяпмиз? Нима учун Туркий кенгаш жим?
Умидим, Туркистон саммитидан кейин у  катта кучга айлансин ва қардошларимиз озодлиги учун Хитой билан музокаралар олиб борсин. Биз, халқаро медиада ишлаётган фаоллар ҳам қўлдан келганча бу савобли иш ва тарихий жараёнда дастак бўлардик.
– Ишларингизга омад, суҳбат учун раҳмат.

Н. МАВЛОНОВА, 2021-04-03, 03:52 308
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.