26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Жасорат ва матонат қиссаси

Бу йил Улуғ Ватан урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 76 йиллигини нишонлаймиз. Ҳар йили байрам арафасида уруш қаҳрамонларини хотирлаб, уларнинг жасоратини мадҳ этамиз, зеро, бу – фарзандлик бурчимиз. Жорий йилги 9 май куни Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Болгариянинг Миллий Қаҳрамонига айланган Зиёмат Ҳусанов таваллудига 100 йил тўлади.
Қуйида Сайрам фарзанди, Ўзбекистонда яшаб, узоқ йиллар ҳарбий мухбирлик вазифасини сидқидилдан бажарган истеъфодаги полковник Миркарим Мирсовуровнинг афсонавий қаҳрамон ҳақидаги мақоласини эълон қилмоқдамиз.
Истеъфодаги полковникман. Журналистлик фаолиятимни Кавказда ҳарбий мухбирликдан бошлаганман.
Иккинчи Жаҳон урушида бедарак кетган амаким, падаримнинг ёлғиз акаси –  Миртолиб Мирсолиевнинг қабрини ХХ аср ниҳоясигача Иттифоқ, шу жумладан, Россия ҳамда Европанинг бир қанча  мамлакатини оралаб, хизмат ва шахсий сафарларга борганимда изладим, афсуски, тополмадим. У “Номаълум аскар”лигича қолди. Қирғинбарот жангларни бошидан кечирган шаҳар ва қишлоқлардаги “Биродарлик қабристонлари”ни зиёрат қилиб, музейга айланган концлагерларга гуллар қўйдим. Отамнинг ушбу васияти туфайли Иккинчи Жаҳон уруши мавзуси ҳаётимнинг мазмунига айланди.
1964 йили бир гуруҳ ҳарбий мухбирлар қаторида каминага Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган Буюк  Ғалабанинг 19 йиллигига бағишланган “Ботуми – Киев – Минск – Ленинград – Москва – Тбилиси” сафарида иштирок этиш бахти насиб этди. Ўшанда Киевдаги “Ватан уруши  музейи”да  ҳаётимда илк бор, фронт газеталарининг намуналарини учратдим. Диққатимни ўзбек тилидаги бир газета жалб этди. Мезбонлардан уни кўриб чиқишни илтимос қилдим. Ҳарбий мухбирлигим ҳурмати ушбу газетанинг архивдаги бир нечта сонини танишувга бердилар. Майор Рустам Абдураҳмонов масъул муҳаррир бўлган “Ватан шарафи учун” фронт газетаси экан. Уни варақлаб ўтириб, “Зиёмат Ҳусанов барҳаёт” номли мақолага кўзим тушди ва диққат билан ўқий бошладим:
“228-гвардиячи ўқчи полки сержанти Зиёмат Ҳусанов пулемёт тилини пухта ўрганиб,  “Курск ёйи”  жангларида иштирок этган. 1942 йили Москва остонасидаги жангларда жасорат кўрсатган. Оғир ярадор бўлиб, ҳарбий госпиталда даволанган. Яна жанггоҳга қайтган. Қисмига етолмасдан, бошқа ҳарбий қисм ўз таркибида “Курск ёйи” жангларида иштирок этиб, мардлик намуналарини кўрсатган... У душман пиёдаси ҳужумларини 45 марта қайтарган, кўплаб фашистларни қирган. 1943 йилнинг августидаги жангда Зиёмат охирги гранатани, ярадорлиги сабабли, узоққа отолмай, ўзи ҳам портлаб кетади. Ушбу қаҳрамонлиги учун Зиёмат Ҳусановга вафотидан сўнг Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилади”.
Бу мақола жангчиларни ўзбек халқининг мана шундай ботири, Алпомишидан ўрнак олиш ҳамда фашистларни тупроғимиздан қувиб чиқаришга ундайди.
Таассуротларга бой ушбу сафардан хизмат манзилим – Ботумига қайтгач, уйга хат ёзиб, ўқитувчи бўлиб ишлаган отамдан: “Ушбу ҳикоя қаҳрамони мактабдаги математика муаллимимиз Зиёмат аками ёки бошқами?” – деб  сўрадим. Йўқ, айнан ўзи экан.
Маълум бўлишича, ўша кунги жангда Зиёмат Ҳусанов тирик қолган, уни ҳушсиз ҳолда немислар асир олиб кетишган экан. Бироз вақт ўтиб, анча соғайгач, ҳамюрти, бухоролик яширин гуруҳ раҳбари бошчилигида 28 нафар жангчи асирликдан қочишади ва барчаси югослав-болгар партизанларига қўшилиб, озодлик курашини давом эттирадилар. Оғир жанглардан бирида Зиёмат яраланади. Уни самолётда Италиянинг Торонто шаҳридаги госпиталга  етказишади. Жароҳатни даволаш жараёни 1945 йилгача давом этади.
Зиёмат ака уйига қайтади, лекин ҳукумат уни “қаҳрамон” эмас, балки “хоин” сифатида қабул қилади. У маънан қаттиқ эзилади...
***
ТошДУнинг журналистика факультети кундузги бўлимида ўқиган йилларим Зиёмат ака билан учрашиб, кўп марта суҳбатлашдим. Унинг дарди энди меникига айланган, адолат тантанаси қалбимга  чуқур ўрнашиб, тинчимни бузганди.
Факультет талаба ёшлари етакчиси сифатида ўқитувчиларим – Баҳром Рихсиев, Ирисали Тошалиев ва Тоҳир Пидаевлар раҳбарлигида Иккинчи Жаҳон уруши йилларидаги ҳарбий фронт газеталари ходимлари бўлган домлаларим – Расул Муҳаммадиев, Тўғон Эрназаров ҳамда ёзувчилар – Адҳам Раҳмат, Зиннат Фатхуллин, Назир Сафаров, Назармат билан университетда учрашув уюштирдик. Ўшанда Адҳам Раҳмат сўзга чиқиши олдидан ўзининг “Улар Ленинградни ҳимоя қилган эдилар”  китобини менга ҳадя қилганди. Назармат  ака эса чуқур ва теран фалсафаси барча даврларга алоқадор “Қоладур” шеърини ўқиганди:
Умр ўтар, жаҳон қоладур,
Бунёдингдан  эҳсон қоладур.
Ойдин бўлса юрган йўлларинг,
Изингдан нур, нишон қоладур.
Элга ҳиммат азму заҳматинг,
Қадринг бўлиб виждон қоладур.
Бу дунёда она – Ватан бор,
Унда марду майдон қоладур.
Инсон қалбим бир дунё,
Унда меҳру иймон  қоладур.
Иш тушганда марднинг бошига,
Вафоли дўст, инсон қоладур.
Назар куйлар азиз  Эл қадрин,
Ундан шеъру достон қоладур.
Ўтар умр, жаҳон қоладур,
Фарзандларга эҳсон қоладур.
Устозлар билан ўтган таъсирли, тарбиявий аҳамияти чексиз учрашув тугагандан сўнг, журналистика ва ўзбек филологияси факультетларининг раҳбарлари – Иккинчи Жаҳон уруши иштирокчилари Тўғон Эрназаров ва Анвар Шомақсудов тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга мақсадимни етказишди. Мен Зиёмат Ҳусановнинг аянчли тақдири, жумладан, 1944 йили унинг Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани, ушбу фармон 1952 йили бекор қилингани ҳақида сўзлаб, улардан маслаҳат сўрадим.
Устозларим ёрдамида З. Ҳусановнинг  1940 йилда Низомий номидаги  давлат педагогика институтидан армия сафига хизматга чақирилгани боис, Москвадаги мукофотлар бўлимига ва Ўзбекистон Олий Советига, Сайрамда туғилиб ўсганлиги боис, Қозоғистон Олий Советига ва ҳатто, эҳтиёт шарт, деб, Болгариядаги Иккинчи Жаҳон уруши партизанлар ҳаракати қатнашчилари қўмитасига, шунингдек, уруш материалларини жамлаган  музейларга хатлар ёздик. Зиёмат ака икки марта Москвага – СССР Олий Советига, жумладан, раис ўринбосари Ёдгор Насриддинова қабулига ҳам борди.
***
Пировардида, ҳақиқат юзага чиқди. Болгария Халқ ёзувчиси Йордан Милов, З. Ҳусанов билан югослав-болгар партизанлари отрядида  бирга жанг қилган, у ярадор бўлганда госпиталга жўнатган командири Боян Михнев Чобанов Сайрамга ташриф буюришиб, кенг жамоатчилик иштирокида ҳамюртимизга “Болгария партизанлар ҳаракати қатнашчиси” медалини топширишди ва София шаҳридаги мактаблардан бирига Зиёмат Ҳусановнинг номи берилганини маълум қилишди. Орадан бирмунча вақт ўтгач, Болгария раҳбарияти Зиёмат акани Софияга таклиф қилиб, катта тантаналар уюштиришди ва унга Болгария Миллий Қаҳрамони унвонини топширишди.
1968 йил 23 февралда эса Олма-Ота шаҳрида унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонининг гувоҳномаси тақдим этилди.
Ўша йили Ўзбекистон телевидениесининг “Мардлик-мангулик” дастурида Зиёмат Ҳусанов, “Суворов натиски” фронт газетасининг  масъул муҳаррири, профессор Тўғон Эрназаров, генерал Собир Раҳимов раҳбарлигидаги ўзбек дивизиясининг жангчиси Ашуров иштирокида кўрсатув берилди. Ундан  сўнг Зиёмат Ҳусанов билан бирга Навоий кўчасида саёҳат қилдик, А. Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйдик, “Панорама” (ҳозирги А. Навоий номидаги) кинотеатрида “Халоскорлик” фильмини томоша қилдик. З. Ҳусанов талаба бўлган Низомий номидаги давлат педагогока институтига учрашувга бориб, “Устоз Зиёмат Ҳусанов” стендини тантанали равишда очдик. Ўшанда унга институт раҳбари “Фахрий талаба” гувоҳномасини тақдим этганди.
***
Ҳаёт чорраҳаларидаги воқеалар умр мезонига айланиши мумкин, деганлари бежиз эмас.
Юқорида баён қилинган воқеалардан олдинроқ, аниқроғи, 1966 йили “Совет жангчиси” фронт газетасининг муҳаррири, таниқли ёзувчи Назир Сафаров ва камина, тақдиридаги фожиаларга малҳам бўлиш ниятида Зиёмат Ҳусанов билан учрашувга Сайрамга отландик.
Ушбу сафардан бениҳоя қувонган отам бизни Ленин номидаги колхоз раиси Ўрдабек Жамолов ҳузурига олиб борди. Маслаҳатлашиб,  ҳамон “хоин” тамғаси остида яшаётган Зиёмат ака билан Юсуфали Аҳмадалиев етакчилигидаги бригаданинг “Ингичка ариқ” мавзесидаги дала шийпонида учрашув уюштирдик. Зиёмат акани ушбу тадбирда иштирок этишга кўндириш осон кечмади.
Ҳамқишлоқлари иштирокида ўтган ўша анжуманда Зиёмат Ҳусановнинг айтган хотиралари қуйидагича эди:
– Ҳурматли Назир ака! Мен Ўзбекистон телевидениеси орқали чиқишингизни кўриб, жуда қувондим. Менинг ва жангчи дўстларимнинг номини тилга олганингиз учун катта раҳмат!
Дарвоқе, бу воқеа 1944 йилнинг май-июнь ойларида бўлганди. Биз – ўзбек миллатига мансуб 31 киши эдик. Тушунарли бўлиши учун ҳикоямни дастлабки жангга кирган онларимни эслашдан бошлай.
Қишлоқдаги мактабни, кейинроқ Тошкент педагогика билим юртини тамомлаб, 1940 йилда Низомий номли педагогика институтида ўқий бошладим. Орзуим – математика ўқитувчиси бўлиш эди, лекин уруш СССР ҳудудига тобора яқинлашиб келарди. 1940 йилнинг 10 октябрида кўнгиллилар қаторида ҳарбий хизматга отландим.
Дастлабки ҳарбий таълимни Белоруссиянинг Белосток вилоятидаги полкда очилган кичик зобитларни тайёрлаш мактабида олгач, 1941 йил бошида Тошкент авиация ҳарбий билим юртига юборилдим. Учувчи бўлиш насиб этмади, уруш бошланди.
Тошкентда ташкил этилган
2-мотобригаданинг 228-гвардиячи ўқчи полки алоҳида автоматчилар ротаси таркибида 1942 йил 9 май куни Москва остонаси – Смоленскдаги дастлабки жангга кирдим. Шу куниёқ оғир яраландим. Москва госпиталига, сўнг Барнаулга юборишди. Соғайиб, яна жанг майдонига отландим. Ноябрдан Боготол  шаҳридаги бошқа ҳарбий қисмда взвод командирининг ёрдамчиси бўлдим. Асосий жанговарлик фаолиятим энди бошланаётган эди: генерал Шумилов қўмондонлигидаги 7-гвардиячи армиянинг 78-ўқчи дивизияси таркибида, 228-гвардиячи ўқчи полкининг 1-пулемёт расчёти командири сифатида 1943 йилга ўтар кечаси жангга кирдим.
Сўнг  Белгород шаҳри атрофидаги оғир жанглар...
Ёдимда... 1943 йилнинг август ойи эди. Фашистлар қутурганча қисмимиз устига чумолидай бостириб келишди. Уларнинг яқин масофага келишларига қўйиб бердим-да, ўт очдим. Бу менинг қисмимиздагиларга: “Қирғинни бошланг!” деган буйруғим эди. Душманнинг омон қолганлари  дарё қирғоғига чекинди, лекин уларнинг кучи чексиз эди. Куни билан душманнинг кўплаб (сонини аниқ эслай олмайман, албатта) ҳужумларини қайтаргач, қарасам, сафдошларим  ҳалок бўлган, ёнимда ҳеч ким йўқ. Олдинда яна тумонат душман, орқага йўл йўқ, мен эса ёлғизман. Нима қилай? Тиловатга қўл очишга имкон йўқ. Кўнглимда оятларни қайта-қайта айтдим-да, катта захирам – пулемёт ўқларини тинимсиз отиб, ёпирилиб келаётган фашистларни қиравердим... Улар ҳар гал ўраб, қуршовга олиб келаверишарди, ахийри ўқларим тугади. Буни сезган газандалар олға ташланишди. Энди ҳар бир сукунат ниҳояси мен отган граната билан “садо” бериб, фашистларнинг ёстиғини қуритарди. Хайрият, кеч кирмоқда.
Ахийри, бир дона граната билан қолдим. Армияда сингдирилган қоида бўйича охирги граната  билан ўзимни портлатиб юборишим – душманга тирик қўлга тушмаслигим шарт. Лекин қаҳр-ғазабим душманни охиригача янчишга йўғрилган эди. Тўп-тўп бўлиб келаётган, мени ўраб олаётган газандаларга граната улоқтирдим. Унинг яқинимда портлагани, немислар билан ўзим ҳам тенг қулаётганимни сезиб турдим, кейин эса ҳушимни йўқотдим...
Мени кузатиб турган ҳарбий раҳбарлар жанггоҳдаги хатти-ҳаракатларимни юқори  баҳолаб, жангда ҳалок бўлганлар қаторида мени ҳам Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига тавсия этишган экан. Буни 1945 йили, Ғалаба арафасида билдим.
Лекин, ҳамқишлоқлар, ушбу неъматдан баҳраманд эмасман. Назир ака, ҳақиқат йўлида қарашсангиз, балки, адолат тикланиб, мен ҳам ҳақиқий “қаҳрамон” бўлиб сўйласам, деган орзуим бор, зеро, “хоин” тамғаси мени эзиб ташлаган.
Атрофга бир неча сония сукут чўкди, Зиёмат ака очиқчасига ҳўнграб йиғларди...
Ўша даврда қишлоғимизда “Сайрам синчалаги” деб ном чиқарган, ишбилармонлиги сабаб, бир неча эркак бригадирлардан ҳам ўзган Соатой Мирсултонова унга бир пиёла чой узатди-да:
– Ака, тетик бўлинг, Худо хоҳласа, ҳақиқат эгилади – синмайди, суҳбатингизни давом эттиринг, илтимос, – деди.
Сайрам қишлоғининг фахрий фуқароси унвони соҳибаси, меҳнат фахрийси Соатой опанинг ўша даврдаги ишончли, қатъий фикрлари орадан 2 йил ўтиб, ижобат бўлганининг гувоҳи бўлдим.
Зиёмат акага жон кирди-да, ғам-ғуссага бой ҳикоясини яна давом эттирди. Биз – жанггоҳ нималигини кўрмаган ва билмаганлар учун, бу, албатта, қизиқ ҳикоя эди:
– ...Ўзимга келганимда, атроф зимистон қоронғисига чулғаниб улгурганди. Бир дақиқа онам Муҳтарам: “Ўғлим, ўзингни эҳтиёт қил!” – деб қўлимга янги ёпган нонидан тутқазгани, унинг иссиқлигидан қўлим куяёзгани, отам Ҳусан ака эса, майин кулиб турганини эсладим, атрофга алангладим. Туш кўрган, балки алаҳсираган эканман.  Лекин бу огоҳлик нишонасидан сўнг яшириниш учун, йўқ, яшаш илинжида яқиндаги қамишзор томон эмаклаб, зўрға етиб олдим-да, тўйиб-тўйиб сув ичдим, жароҳатлар кўплигидан яна ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келиб, дарё томон талпиндим, яна ҳушимдан кетдим. Албатта, қанча вақт ўтганини билмасдим...
Ҳушимга келганимда, ҳарбий формадаги икки нафар немис аскари резина қайиқда мени дарёнинг нариги соҳилига олиб кетаётган экан. Мажолсиз эдим... Усти брезент билан ёпилган юк машинасига ортиб, ғарбга йўл олишди, йўлда яна бир гуруҳ асирларни ўтқазишди. Бир пайт, бизни машинадан тушириб, яёв ҳайдаб кета бошлашди, бир асир йигит йиқилиб қолувди, отиб ташлашди. Менинг ярадорлигимни кўрган Яша – рус аскари, “чида, тўхтама”, деб  шипшиди. Сабзавот омборида бир неча кун сақлашгач, Харьковдаги концлагерга ҳайдаб боришди, ҳориган, чўлоқланган асирларни йўлда отиб ташлашди. Бизни Днепропетровскдаги концлагерга келтиришганда эса, анча тетик бўлиб қолгандим. Шу ерда ҳамқишлоқ дўстим Раҳмонқул Худойбергановни учратдим.
Меҳнатга яроқли, жисмонан бақувватларни танлаб, 1943 йил сентябрида Берлин яқинидаги Люквенвальд концлагерига жўнатишди. Бу ерда бизни миллатимизга қараб, баракларга жойлаштиришди. Кунига 14 соатдан ишлатиб, фақат чорак килограмм қора нон, картошка беришарди, холос. Инсоннинг чидами чексиз эканини шунда билганман...
Бир куни Югославияга, немисларга қарши бош кўтарган маҳаллий аҳолини йўқ қилишга юборилишимизни ва бу билан немисларга нисбатан қилган гуноҳларимиз кечирилишини айтишди. Ўйлаб кўришимизга эрталабгача муҳлат берилганди. Раҳмонқул: “Бу имкониятдан ҳаётимизни сақлаб қолиш мақсадида фойдалансак?” – деди. Иккиланиб, лаб тишлаб турганимизда бухоролик Сайлихон Файзиев:
– Кўнаверинглар. У ёғини кейин маслаҳатлашамиз, – деди паст овозда.
Акам Шомақсуднинг жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ҳақида “қора хат” олган ота-онам ғамга жасорат намуналарини кўрсатган ўғлингиз сержант Зиёмат Ҳусанов ҳалок бўлди. Сизга ҳамдардлик билдирамиз. Зиёмат учун қасос оламиз!” – мазмунидаги хат келади. Бу – ўта оғир синов онлари эди, албатта.
Менга фашистларнинг “Туркистон легиони” формасини кийдириб, қўлимга қурол тутқазишганида, саросимага тушмадим. “Қурол менинг қўлимда-ку”, – деб ўзимга тасалли бердим. Унинг устига биз – 31 нафар ўзбек йигити бирга эдик. Эртасига немис майори бошчилигида Югославияга жўнадик. Албаниянинг Печь шаҳрига бордик, ундан Черногориянинг Гусина қишлоғидаги ҳарбий гарнизонга пиёда етиб келиб, тунашга ҳозирлик кўра бошладик. Ҳамқишлоғим Раҳмонқул немисларнинг командири топшириғи билан озиқ-овқат ғамлаш мақсадида кўчага чиқиб қайтганида, маҳаллий болалар, шу атрофдаги тоғларда партизанлар борлигини маълум қилишганини айтганда биз, барча ўзбеклар қуролларимизни тозалаётган эдик,  ҳаммамиз бир-биримизга қарадик.
– Вақтни бой бермай, қочишимиз керак, айни пайти, – деди кимдир.
Соат тунги учларда, “Эсэс”чилар Усмонов, Мирзааҳмедов ва Худойбергановни, ҳатто, кийинтирмасдан, қурол қўндоқлари билан туртиб, олиб кетишди. Хиёл ўтиб, уларнинг отиб ташлангани маълум бўлди. Демак, орамизда сотқин бор. Энди биз – 28 нафар қолгандик.
Немис майори  мен ва Файзиевга эрталабгача қишлоқдан  5та  от топиб келишни буюрди. Бу – ҳаёт-мамот ўйинидаги Аллоҳнинг бизга юборган имконияти эди: немис офицерини гумашталари билан бирга йўқ қилиб, партизанларга қўшилишни пухта режалаштирдик. “От топмадик”, баҳонаси билан қайтиб келдик-да, ҳамюртларимизни ҳам режамиздан огоҳ қилдик. Йўлга тушиб, қишлоқдан чиқдик. Кўприк устида Сайлихон Файзиев, аввалдан келишилгандек, ҳуштак чалганди, отда кетаётган немис офицерининг оти кўприкнинг устида ҳуркиб кетди. Бир зумда Файзиев уни отдан тортиб олди-да, бошига чех милтиғи қўндоғи билан қаттиқ туширди. 6та фашистни ўлдириб, қуролларини олдик ва жасадларини сойга улоқтирдик. Кўприкдан ўтиб олгач, уни гранаталар билан портлатиб,  довон тарафга қочдик. Ўқ товушларини эшитиб, гарнизондан шошилинч равишда ёрдамга етган фрицларнинг ҳужумини тўхтатиб, тоғ этагидаги дарахтзорга етиб олдик.
Ўқ товушини эшитган партизанлар ҳам нима бўлди, деб, жангчиларни жўнатишган экан. Бизни фрицлар формасида кўриб, жангга ташланишди, биз эса ҳимояланиб, ётиб олдик. Файзиев “Туркистон легиони” формасини, кейин ичидаги оқ кўйлагини ечиб, уруш қоидалари бўйича уни милтиқнинг учига боғлаб, баланд кўтарди-да:
– Рус, рус! – деб бор кучи билан бақирди. Пировардида, қучоқлашиб кетдик...
Зиёмат акани тер босган, энди у ушбу жанг тафсилотлари ичида яшаётганди. Тарихий учрашув иштирокчиларининг ҳиссиёти дала шийпони ёнидан оқаётган ариқдаги сув шилдирашининг мусиқали жозибасига ҳамоҳанг бўлиб, қалбимизда ботир ҳамқишлоғимизга нисбатан фахр ҳисси жўш ураётган эди.
Бироз тин олгач, Зиёмат ака нафасини ростлаб, давом этди:
– 1944 йилнинг 23 майи эди. Сафимиздагилардан, эслаб ўтганларимдан ташқари, китоблик Ўроқ, ленинободлик Мирмуҳаммедов, самарқандлик Ҳамид Рашидов, ўшлик Маҳмуджон Қирғизовлар эсимда, холос. Ўшанда, жами 6та от-улов ва уларга ортилган миномёт, кўплаб чех милтиқлари ҳамда анча озиқ-овқат захираларини ўлжа қилиб, югослав-болгар партизанларига етказиб берганимиз ва улар дастлабки жанглардаёқ қўл келганини югослав партизанлари дивизияси командири Штрю Атанасов (Виктор), болгар партизанлари командири Боян Михнев Чобанов алоҳида қайд этишганди. Бир ҳафта даволаниш ва ҳордиқдан сўнг, энди биз ҳам жангларга тайёр эдик.
Бу пайтда югослав халқи Совет армияси муваффақиятларидан руҳланиб, курашни фаоллаштирган эди. Қардошлар сафида 28 ўзбек йигити ҳам “Ўз бахтимизни яна топдик!” – дея Алпомишдек жанггоҳларда иштирок этиб, ҳурмат қозонишди.
1944 йил июнида Боян Михнев отряди Трин шаҳри атрофида болгар партизанларининг бошқа гуруҳи билан ҳамкор ҳолда жанговар ҳаракатни ташкиллаштиришни режалаштириб, 300 кишилик отряди билан йўлда кетаётганида сони бир неча баравар кўп душманга рўбарў келиб қолади. Тоғ жанглари бошқача бўлар экан. “Пулемёт бўлса, айни муддао эди, лекин у йўқ-да”, – деб турганим-да, фашистлар пулемёти “сайраб” қолди. Дўстларимга ишора билан душманни чалғитиб туришларини айтдим-да, ўзим эмаклаб бориб, немис блиндажига граната улоқтирдим. Ярадор ҳолда, ўлим билан олишаётган фрицни жон-жаҳдим билан, отам ўргатган қолипда, қўйдай бўғизлаб, пулемётига ёпишдим ва ўгирилиб олиб, немисларга қарата отавердим. Пировардида, қуролдошларимга йўл очилиб, ҳужум бошланди. Мен тўхтамасдан отардим. Бир пайт душманнинг “фугас”и олдимда портлади, ҳушсиз йиқилдим. Ўзимга келганимда зимистон эди. Пайпаслаб кўрдим: қўлим-оёқларим, барча бармоқларим бутун – демак, яна тирикман! Кўкрагимда қон, миям лат ебди, аста қўлимни қулоғим орқасига юборсам, беш бармоғим кириб кетди, ундан қон оқаяпти. Жон аччиғида додлаб юбордим, лекин атрофимда ҳеч ким йўқ.
Ғалаба нашидаси яқин онларда ўлимга йўл йўқ! Гимнастёркамни йиртиб, яраларимни боғладим. Инсоннинг ўлиши ҳам ниҳоятда қийин экан, нимасини айтай?!
Ишонинг, ирода бўлса, ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтиш мумкин. Ўзим ўлай деяпман-у, иродам яшашга, интилишга чорлайди. Ишонмайсиз, Жек Лондоннинг “Яшашга муҳаббат” ҳикоясини эслабман. Ҳикоя қилиниши-ча,  бир киши, оғир жароҳатлари билан чўлу-биёбонда,  нажотсиз қолиб кетади. Мажолсиз, ўлим аниқ, бир қултум сувгина халос этиши  мумкин уни бу мудҳиш ҳолатдан. Бир неча чақирим масофада  денгиз бор, лекин унга етиб олиш амри-маҳол. Устига-устак, изидан оч бўри  келаётганини сезиб қолади. Лекин йиртқич, нимагадир,  одамга ташланишга ботинмаяпти, аммо унинг жуда очиққани  аниқ. Одам сув сари интилади – бўри унинг изидан келаверади. У ҳушидан кетганида бўри: “Ўлдимикан?” – деб ўлжаси – одам танасини, эҳтиётлик билан, оёғи томонидан, ҳидлаб кўради. Буни сезгач,  инсон яна ўзига келиб, олға интилади – судралади. Бўри қари, шу боисдан ҳам тирик инсон билан олишишга чоғи келмайди, демак, у одамнинг ўлишини кутмоқда, лекин оч, яшашни хоҳлайди – ўлжасидан баҳраманд бўлиш нияти бор. Одамнинг эса бўрини “пишт” дейишга ҳам дармони йўқ. Иккаласида ҳам ҳаётга муҳаббат ҳисси баланд. Қанча вақт ўтгани  номаълум, бир пайт инсон ўзига келиб, кўзини очса, қаршисида денгиз, одамлар қимирлашяпти, уларни ёрдамга чақиришга  ҳаракат қилади, лекин ожиз. Унга тасалли берган нарса – қари, оч бўри унинг оёғи остида ўлиб ётарди...
Ўшандаги ягона орзуим – бир қултумгина сув ичиб, ором олиш эди. Пастдаги жилғада сув кўриниб турибди, бир пайт унга етибман ҳам. Тўйиб-тўйиб ичиб, анча ўзимга келиб олдим. “Энди ўладиган аҳмоқ йўқ!” – деб ўзимга-ўзим тасалли бериб, судрала-судрала қишлоққа етиб қолибман. Кечаги жанг олдидан ўз ҳалоскорлари сирасида мени ҳам меҳмон қилган болгар кампир ва ўғли мени кўриб, уйига олиб киришибди, яраларимга малҳам қўйишгач, отрядимга хабар қилишибди – мен ҳеч нимани билмайман, чунки қишлоқ бўсағасида ҳушимни йўқотган эканман.
Эрталаб етиб келган командирим Боян:
– Зиё (у мени шундай атарди), раҳмат, сен ўз мардона ҳаракатинг билан отрядимизга йўл очдинг. Биз ҳужум билан қуршовни ёриб ўтиб, нариги бўлинмаларимизга қўшилиб олдик. Олға, йўл энди очиқ, Ғалабамиз яқин! – деди-да, қўшиб қўйди: – Бахтинг бор экан, ўзбек йигити. Италия партизанлар бригадаси командирининг самолёти уни ва бошқа ярадорларни Торонто шаҳрига госпиталга олиб кетаяпти. Сени ҳам қўшиб юборяпмиз. Тузалганингдан сўнг, албатта, учрашамиз!
Самолётга олиб чиқишганида, учганимизда, ҳушсиз эдим. Кўзимни очсам, оппоқ чойшаб, тўшакли каравотда ётибман. Ҳамширадан сув сўрадим. Эртаси кунги узоқ давом этган жарроҳликда миямдаги снаряд қолдиқларини олиб ташлаб, қон қуя бошлашди. Бешинчи жарроҳликдан сўнг оғриқлар деярли қолди – бунгача қаттиқ азобда бўлдим, уни сўз билан изоҳлашнинг иложи йўқ. Лекин чап қулоғим эшитмай қолаверди.
1945 йилнинг феврали. Анча тузалиб қолдим. Совет армиясининг майори келиб, савол-жавобга тутди ва ўзимизнинг госпиталда даволанишни давом эттиришимни айтиб, хурсанд қилди. “Касаллик тарихим”ни ҳам олмасдан йўлга тушибман. Ол-а, содда ўзбек. Худди шу ҳолат ҳаётимда кўп панд беришини қайдан билибман?!
1945 йил мартда асирда бўлган совет жангчиларини Италиядан Одессага олиб келдилар. Темир йўл станциясига пиёда олиб боришди. НКВД ходимлари назоратида “қизил вагон”ларга жойлаб,  4 кунда Уфага етказишди. “Алкина” қамоқ лагерида, ҳа,  тўғри эшитдингиз, қамоқ лагерида жароҳатларим янгиланди, яраланган қулоғимдан йиринг оқадиган бўлиб қолди.
Италия госпиталидан кетганимга афсус қилдим, лекин барчаси орқада қолганди. Тақдир тегирмонини қаранг, мени югослав-болгар партизанларига қарши жанг қилганда айблашиб, қийнашди, айбимни бўйнимга олишимни талаб қилиб, тазйиқ ўтказишди. Партизан бўлганимни айтсам, “Касаллик тарихим”ни талаб қилишди. Ўзлари суриштириб, аниқлашмади.  Мени “Власовчи”га чиқармоқчи бўлиб, тергов ўтказишганида сиёҳдон билан терговчининг бошига туширдим. Натижада ўлакса қилиб калтаклашди, қўлимга кишан солиб, қоронғи, зах ертўлага қамаб, бир неча кун сув беришмади.
Саккизинчи куни лагерь бошлиғи ўз ҳузурига чақириб, гуноҳсиз эканим, югослав-болгар партизанлар отрядидаги фаолиятим тасдиқлангани, менга 1944 йил 22 февралда Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилганини аниқлашганини маълум қилиб, уйга жавоб берди. Шу инсондан умрбод миннатдорман.
Уфадан, уйга – она қишлоғим Сайрамга 4 кунда, қоронғи тушганда етиб келдим: уйимиз дарвозасини тақиллатдим. Бевақт ким келганини билгани чиққан онам Муҳтарам мени  бағрига тортди-да, ҳушидан кетди. Ҳамма йиғилди. Ўликни тирик кўришнинг ўзи бўладими, ахир? Байрам икки ҳафтага чўзилди, чоғи. “Қаҳрамон” эканлигим овоза бўлганди, жанггоҳлар таассуротларини ҳамқишлоқларимга руҳланиб, фахр билан сўзлардим. Унинг устига Ғалаба ҳам етиб келганди. Барча азоб-уқубатлар орқада қолди, қандай бахт!
Қайда дейсиз! Инсонга ҳаётида синовлар чексиз экан. Ҳарбий комиссариатга “Қаҳрамон”лик унвонининг гувоҳномасини олиш учун бордим.  Асирда бўлганимдан хабардор бўлишгач, фақат Москвага бориб ҳал этишим зарурлигини айтишди. Болгар партизанлар отрядидаги  жанговар дўстим, бухоролик Сейлихон Файзиев билан Москвага отландик.
СССР Олий Совети ходимлари:
– Уйингизга жавоб юборамиз, – деб қайтаришди. Лекин ҳануз жавоб кутаман.
Бир куни, “тегишли идора”да подполковник Мельников сўроқ қилди ва менга дастлабки айбларни қайта қўйишди, ҳатто, 1952 йил 22 июнда СССР Олий Советининг фармони билан менга берилган “Қаҳрамон”лик унвони бекор қилинди. Оиламизнинг тинчи бузилди. Надоматлардан қочиб, оиламиз билан Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги сабзавотчилик совхозига кўчиб кетдик. Лекин уйлангач, барча “тамға”ларга чидаб, яна Сайрам қишлоғига қайтдик. Курашаяпман, адолат ғолиб келишини кутиб яшаяпман, лекин у қачон келаркин, умуман келармикин? – дея Зиёмат ака ҳорғин ҳолда стулга чўкди. Анжуманда иштирок этаётган алпқомат ҳамқишлоғимиз, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Бўтабой Содиқов ўтирган жойидан турди-да, Зиёмат акани қучоқлаб:
– Ўзи шунча азобларга қандай чидадинг-а? Энди мен ҳам адолатни тиклаш йўлида курашганим бўлсин! – деди. Унинг ҳам кўзлари нам эди ўшанда.   
Назир Сафаров домла ва мен бу борада ёрдамчи бўлишга ваъда бериб, хайрлашдик.
Бўтабой ака ўша учрашувдан сўнг колхоз раиси Ўрда оға Жамоловдан “Газ-24” хизмат автоуловини бир неча кунга сўраб олди ва биз Тошкентга равона бўлдик.  Сафаримиз олдидан отам каминага Калинин номли мактаб директори Йўлдош Нишонбоевнинг СамДУда курсдоши бўлган Шароф Рашидовга мазкур воқелик изоҳланган мактубини тутқазди. Бинобарин, ушбу нома келажак ишларимизнинг равнақига, унинг ижобий ҳал этилишига асос бўлди. Биз билан, шунингдек, ремонт-механика заводининг директори Озод Жамоловнинг кичик ўғли Шуҳрат ҳам хизматга отланди. У Тошкентда ўқир ва шаҳар йўлларини жуда яхши биларди, қолаверса, биз режалаган воқеликни суратга туширишга орзуманд эди.   
Барчамиз жамул-жам Зиёмат аканинг синглисиникида, Тошкентдаги “Ишчилар шаҳарчаси” (ҳозирги “Теннис корти”)даги хонадонда тунадик. Уйқусиз тунда шу маҳаллада истиқомат қилувчи жангчи мухбирлар – Зиннат Фатхуллин ва Адҳам Раҳмат иштирокида ишларимизни режалаб олдик.
Бир неча кун давомида Совет Иттифоқи Қаҳрамони  Бўтабой Содиқов билан бирга шаҳар ҳарбий комиссарлиги, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти, турли архивларни кездик, лекин Зиёмат акани оқлаш мумкин бўлган бирорта ҳужжат топмадик. Қизиғини қаранг: мавжудлари – фақат уни  қоралашга қаратилганди. Жамласак, ҳеч ижобий натижа йўқ. Бир қарорга келдик: Нишонбой Йўлдошевнинг мактубини эгасига етказиш – Ўзбекистон Компартияси марказқўмининг биринчи котибидан қабул қилишини илтимос қилиш. Сафаримиз ижобат бўлишига ишонмаган ҳолда йўлга тушдик. Ҳа-ҳа, ишонмайсиз, бир соат вақт ўтмасдан биз Шароф Рашидовнинг ёрқин сиймосини кўриб турардик. Бир республика раҳбарининг бизга шу қадар меҳрибонлик кўрсатиши тушимизга ҳам кирмаганди. Бу – ҳозирги катта-кичик раҳбарлар ўрнак олса арзийдиган фазилат.
Қисқаси, унга мақсадимизни баён қилиб, жавобни ҳам олдик. Шароф ака Олма-Ота билан боғланиб, у ёқдагиларни мавжуд муаммо билан таништирди ва ёрдам беришларини сўранди... (Қишлоғимизга қайтиб келганимизда маҳаллий раҳбарларнинг ушбу масалага ёндашуви  бутунлай ўзгарган эди).
Энг муҳими, Назир Сафаров ва камина ваъдамизнинг устидан чиққандик, айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўша даврдаги раҳбарлари – яқин дўст-биродарлар – Шароф Рашидов ва Динмуҳаммад Қўнаев ҳақиқатни юзага чиқаришда шахсан бош-қош бўлишди. Лекин адолат тарозиси ҳаракатга келгунича орадан яна 2 йил ўтди. Ўша даврдан эътиборан Зиёмат ака ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар олинишига ҳамда китоб, очерк, мақолалар чоп этилишига Ўзбекистон, Қозоғистон, Украина, Россия,  Болгария, Югославияда изн берилди. Адолатнинг синмаслиги шу бўлса керак-да?! Мен эса З. Ҳусановнинг мардоновор ҳаёт йўли ва эришган муваффақияти жамланган “Ўзбек тилидаги фронт газеталари” мавзусидаги диплом ишимни “аъло” баҳога ёқладим.
Таниқли ёзувчилар Комил Яшин, Саъдулла Кароматов ва “Жаҳон адабиёти” журнали  бош муҳаррири  ўринбосари, ҳамқишлоғим Мирпўлат Мирзо иштирокида курашимиздаги ғолиблик сарҳисобини баҳам кўриш илинжида  синфдошим, шоир Юсуфийнинг хушҳаво дала шийпонида отам Мирсовур аканинг аввалдан тайёрлаган “сценарий”си асосида учрашиб, қўш қаҳрамон – Зиёмат ва Бўтабой акаларнинг суҳбатларини тўйиб-тўйиб эшитганимиз, бу тарихнинг  давоми, шодиёна онлари эди.
Лекин, афсуски, ушбу адолат тантанаси Зиёмат Ҳусановнинг қалбига етказилган ноҳақ хўрликларни  батамом юва олмади. Муаллимим 1986 йили бу фоний дунёни тарк этди.   
Зиёмат ака Ҳусанов  ҳаётининг охирги кунларигача Калинин номли  ўрта мактабда  устозлик қилди. У халқининг ҳақиқий эъзозига сазовор бўлди, оз фурсат бўлса-да,  қаҳрамонликнинг гаштини сурди. Адолат тиклангандан сўнг уюштирилган кўплаб учрашувларда ўзининг таъсирли ва мунгли суҳбатлари билан ёш авлод қалбига ватанпарварлик ҳиссини сингдиришда иштирок этди.
Зиёмат Ҳусановнинг жасорати, матонати ва мардлигини халқимиз унутмайди, унинг порлоқ сиймоси авлодлар қалбида абадий яшайди.

Миркарим МИРСОВУРОВ, 2021-04-06, 03:37 124
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.