26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ХАЛҚ БИРЛИГИ ВА ТИЗИМЛИ ИСЛОҲОТЛАР – МАМЛАКАТ РАВНАҚИНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

 Азиз ватандошлар!
Ҳурматли Парламент депутатлари ва Ҳукумат аъзолари!
Эгамен давлат бўлганимизга 30 йил тўляпти – бу бизнинг энг олий қадриятимиз.
Қозоғистон Тўнғич Президентимиз – Элбошининг истиқболли сиёсати туфайли муваффақиятли мамлакат сифатида бутун жаҳонга танилди.
 Энг муҳим ютуғимиз – яхлит давлат сифатида янги мамлакатни ташкил этдик. Пойдеворимизни мустаҳкамлаб, белимизни анча тикиб олдик. Халқаро ҳамжамиятнинг фаол аъзосига айландик. Барқарор жамиятни шакллантириб, тараққиёт йўлига тушдик.
Давлатчилигимизни мустаҳкамлаш учун бир эл бўлиб меҳнат қиляпмиз.
Биз биргаликда кучли давлат қурмоқдамиз.
Эгаменлик шунчаки қуруқ шиор ва баландпарвоз сўзлар эмас.
Биз учун ҳар бир фуқаронинг Мустақиллик неъматларини ҳис қилиши муҳим. Уларнинг асосийлари – тинч ҳаёт, жамиятда барқарорлик ва тинчлик, аҳоли фаровонлигининг юксалиши, ёшларнинг эртанги кунга ишончи.
Барча ташаббусларимиз Шунга қаратилган.
Қозоғистон халқининг бирлиги ва бунёдкорона меҳнати туфайли биз барча қийинчилик ва синовларни муваффақиятли енгмоқдамиз.
Мамлакатимиз Мустақилликнинг тўртинчи ўн йиллиги бўсағасида. Бу даврнинг осон бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун биз ҳар қандай қийинчилик ва таҳдидларга тайёр бўлишимиз, муттасил такомиллашишимиз ва доимо олға интилишимиз зарур.
Менинг Қозоғистон халқига бу йилги Мактубим қуйидаги масалаларга бағишланади.

І. ПАНДЕМИЯДАН КЕЙИНГИ ДАВРДА ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ

Марказий Осиёдаги энг иқтисодиёти йирик ҳисобланадиган Қозоғистон ҳозир пандемия оқибатларини бошидан кечирмоқда. Қийинчиликларга қарамай, биз ўз йўлимизни изчиллик билан давом эттирамиз.
Биз ўрта муддатли иқтисодий сиёсатни белгилаш ва давлат ташаббусларини тизимлаштириш учун 2025 йилгача мўлжалланган Миллий тараққиёт режасини қабул қилдик ва давлатни режалаштиришнинг янги тизимига ўтдик. Қатор миллий лойиҳалар тасдиқланади.
Бизнинг дастурий мақсадимиз – Марказий Осиёда етакчилик мавқеимизни ошириш ва жаҳон иқтисодиётидаги ўрнимизни мустаҳкамлаш.
Иқтисодиётимизга бевосита сармояларни жалб қилишнинг галдаги янги воситаси – Стратегик сармоявий битим жорий этилди.
Квази-давлат шўъбасини мақбуллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар қабул қилинди. «Байтерек» ва «ҚазАгро» холдингларини бирлаштирдик. Шўба корхоналар сони икки баравар, ходимлар сони бир ярим баравар қисқартирилди. Натижада, янги, қудратли тараққиёт институти яратилди.
 Пандемия шароитида давлат фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кенг кўламли ва тезкор ёрдам кўрсатди.
«Оддий буюмлар иқтисодиёти» дастури ўзининг самарадорлигини исботлади. Уни амалга ошириш доирасида 3,5 мингдан зиёд лойиҳа ишга туширилди, 70 минг иш ўрни яратилди, 3,5 триллион тенгега товарлар ишлаб чиқарилиб, хизматлар кўрсатилди.
«Бизнеснинг йўл харитаси» дастури доирасида 66 мингта лойиҳа давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Бу 150 мингдан зиёд иш ўринларини яратиш ва сақлаб қолиш имконини берди.
Пенсия жамғармаларидан муддатидан олдин фойдаланиш ташаббуси иқтисодиётга сезиларли таъсир кўрсатди. Энг муҳими, унинг ижтимоий таъсири сезиларли бўлди. Бу тадбир туфайли миллиондан зиёд фуқароларимиз уй-жой шароитларини яхшилади ёки ипотека қарзини камайтирди.
Умуман олганда, мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида ижобий жўшқинлик кузатилмоқда. Очиғини айтиш керак, вазият ҳамон оғирлигича қолмоқда. Шунинг учун мен «Оддий буюмлар иқтисодиёти» ва «Бизнеснинг йўл харитаси» дастурини 2022 йилгача узайтиришга қарор қилдим. Уларга ажратилган маблағларнинг умумий миқдори қарийб бир триллион тенге.
Қозоғистон давлат қарзларининг озлиги ва улкан захиралари мавжудлиги туфайли пандемия оқибатларини нисбатан муваффақиятли енгиб ўтмоқда. Бу бизнинг жиддий рақобатбардош устунлигимиз, уни бой бермаслигимиз муҳим.
Бироқ, сўнгги пайтларда бюджетнинг харажат мажбуриятларини қоплаш учун Миллий жамғармадан олинадиган трансфертлар туфайли бюджет тақчиллиги юзага келди. Биз доим «оғирнинг устидан, енгилнинг остидан» юра олмаймиз. Зеро, молиявий барқарорлик жамғармамиз чексиз эмас.
Шубҳасиз, бюджет даромадларини кўпайтириш чораларини кўришимиз зарур. Аввало, давлат харажатлари кўламини ва ундан самарали фойдаланишни назорат қилиш керак.
Миллий жамғарма активларини тиклаш учун янги бюджет қоидасини жорий этишни тезлаштиришимиз зарур. Бунинг учун тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар шу йилнинг охиригача қабул қилиниши керак.
Умуман олганда, бизга давлат молияларини бошқаришнинг қатор қоидалар тўплами керак: давлат қарзи, бюджет сиёсати, Миллий жамғарма.
Ҳукумат ва Миллий банкдан йил охирига қадар давлат молиясини бошқариш концепциясини ишлаб чиқишни сўранаман.
Биз иқтисодиётни ранг-баранглаштириш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар номенклатураси ва экспорт географиясини кенгайтириш борасидаги ишларни давом эттиришимиз керак.
2020 йил якунларига кўра, саноатлаштиришнинг 10 йилида илк бор қайта ишлаш саноатининг иқтисодиёт ривожига қўшган ҳиссаси тоғ-кон саноати улушидан ошди. Ўрта муддатли мақсад – 2025 йилга бориб, қайта ишлаш саноати экспортини 1,5 бараварга, яъни, 20 миллиард долларга, меҳнат унумдорлигини 30 фоизга ошириш.
Тайёрланаётган «Саноат сиёсати тўғрисида» қонуни қайта ишлаш шўъбасига тегишли саволларга жавоб бериши керак.
 Улардан бири – хомашё танқислиги муаммоси. Оддий қоидани киритиш керак – маҳаллий саноат учун хомашёнинг нархи арзон, ҳажми эса етарли бўлиши керак. Йил охиригача Ҳукумат бу муҳим вазифани ҳал қилишнинг мақбул йўлини топиши зарур.
Шу билан бирга, мамлакатимизнинг захира салоҳияти тўлиқ очилмаганлигини, геологик тадқиқотлар қониқарсиз даражада қолаётганини ҳисобга олиш керак.
Сармоядорларнинг сифатли геологик ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш зарур. Бунинг учун тарқоқ мутасадди ташкилотлар негизида самарали Миллий геологик хизматни тузиш зарур.
Бу ташкилот ер ости бойликларидан фойдаланиш учун кимга ва қандай рухсат беришни ўзи ҳал қиладиган монополистга айланмаслиги керак. Унинг вазифаси – сармоядорларга ҳар томонлама хизмат кўрсатишни таъминлаш.
Ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳаси, айниқса, геологик қидирув ва тоғ жинсларини мажмуавий қидириш соҳасига янги жўшқинлик зарур.
Миллий режа доирасида бошланган ислоҳотларни амалий якунига етказиш керак – геологик маълумотлар тўғрисидаги шаффоф рақамли маълумотлар базасини яратиш, сармоядорлар ундан бемалол фойдалана олишини таъминлаш.
Ер ости бойликлари – бу миллий бойлик. Ундан фойдаланиш ҳуқуқи чекка идораларда, хуфёна берилаётгани ноқонуний деб топилиши керак. Мутасадди идоралар бу масалани назоратга олади.
Навбатдаги масала. Давлатнинг иқтисодиётга ҳаддан ташқари аралашуви унинг равнақига тўсқинлик қилади ва рақобатбардошлигини чеклайди ҳамда уюшган жиноятчилик ва қонун бузилишига олиб келади.
Давлат корхоналари яккаҳокимлик имтиёзларидан фойдаланган ҳолда кўплаб соҳаларда устунлик қилмоқда.
Биз бу муаммоларни ҳал қила бошладик.
Чунончи, давлат бошқаруви Концепциясида квазидавлат шўъбасини қисқартириш, унинг самарадорлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини ошириш чоралари кўзда тутилган.
Ислоҳотлар бўйича Олий Кенгаш янги хусусийлаштириш режасини тасдиқлади. Энди унинг ижросини қатъий назорат қилиш керак.
Шунингдек, бошқа масалалар ҳам бор. Хусусан, айрим миллий компаниялар ва давлат корхоналари зарар кўрмоқда. Лекин нима учун уларнинг биринчи раҳбарлари жавобгар эмас?
Ҳукумат бу масалани ҳал қилиши керак.
Шу билан бирга, биз инфляциянинг назоратсиз ўсиши муаммосига дуч келмоқдамиз. Ҳукумат ва Миллий банк буларнинг барчасига дунёвий инқирозни баҳона қилади, ушбу шароитда ожизлик қилмоқда.
Бундай баҳона миллий иқтисодиётнинг заифлигини кўрсатади. «Бизнинг касбий иқтисодчиларимизнинг ўрни қандай?» деган ўринли савол туғилади.
Ҳукумат ва Миллий банкнинг асосий вазифаси – инфляцияни 4-6 фоиз даражасига қайтариш.
6,3 трлн. тенге инқирозга қарши чоралар учун сарфлангач, ортиқча пул пайдо бўлди. Бироқ, бугунги кунда ажратилган маблағ ҳали етиб бормаган соҳалар мавжуд. Иккинчи даражали банклар мўъжаз лойиҳаларга, айниқса, қишлоқ жойларига сармоя киритмайди.
Шунинг учун микромолия ташкилотларининг салоҳиятини фаоллаштириш зарур. Улар маҳаллий даражада ишлайди. У ўз мижозларини, уларнинг бизнеси ва имкониятларини билади.
Миллий банк ва Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги ушбу масала юзасидан қарорлар тўпламини ишлаб чиқиши зарур.
Муаммоли активлар даражасини пасайтириш борасида ишлар ҳам катта  аҳамиятга эга.
Биз давлат банкирларга ёрдам бермаслиги керак, деб қарор қилдик.
Шу билан бирга, чекловлар қўйиш ва муҳосара қилинган активларни иқтисодий муомалага қайтариш зарур. Бироқ, бу фақат бозор асосида амалга оширилиши зарур.
Бунинг учун ҳуқуқий асос бўлиши керак.
Ҳукумат Молия бозорини созлаш ва ривожлантириш агентлиги билан биргаликда йил охиригача тегишли қонун лойиҳасини Парламентга йўлласин.
Энди инфляциянинг пулга боғлиқ бўлмаган жиҳатларига тўхталайлик. Асосийси, озиқ-овқат баҳоси.
Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги салоҳияти жуда улкан эканлиги кўп айтилади. Бироқ, агросаноат мажмуасида муаммолар етарли.
Бу, биринчи навбатда, озиқ-овқат маҳсулотлари баҳосини белгилашнинг ва уни тақсимлашнинг самарасиз юритилиши.
Мен улгуржи-тақсимлаш марказлари тармоғини яратиш муҳимлиги ҳақида илгари ҳам айтганман. Бу вазифа бажарилмоқда.
Ушбу марказлар майда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, жумладан, хусусий деҳқон хўжаликлари учун шаффоф бўлишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Бу бозор яккаҳокимликдан холи бўлмоғи жоиз.
Бу бозорнинг яккаҳокимлашувига йўл қўйиб бўлмайди.
Шу билан бирга, маҳсулот ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача бўлган оралиқдаги нарх-навонинг барчасига ягона назорат ўрнатиш лозим. Ҳозир бу ишга бир неча идора масъул. Ҳар сафар нарх-наво кўтарилганда улар идрок билан иш юритиб, тегишли чоралар қабуллаш ўрнига масъулиятни бир-бирига ағдара бошлайди.
Бу тадбирни тартибга келтирадиган вақт келди. Масъулият юкини ажратиш жоиз. Бир идорани асосий орган сифатида аниқлаб, бошқаларининг ўзаро хатти-ҳаракатини аниқ белгилаш зарур.
Ҳукумат шу масала юзасидан бир ой мобайнида қарор қабул қилиши керак.
Иккинчидан, об-ҳавонинг ноқулайлиги чорвачилик соҳасида долзарб муаммолар мавжудлигини кўрсатди.  
Биз тезкор чоралар қабуллаб, ем-хашак танқислиги билан боғлиқ аҳволни созладик.
Бироқ бу соҳада ҳали тизимли ишларни амалга ошириш зарур.
Ем-хашак тайёрлаш учун зарур ер майдонини кенгайтириш лозим.
Шунингдек, экин майдонларида ҳар йили алмашлаб экиш тартиби йўлга қўйилиши учун тегишли назоратни кучайтириш мақбул.
Коинотдан кузатиш ҳамда масофадан зондлаш имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш керак.
Яйловлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш улкан аҳамиятга эга.
Ҳозир мол ёйиладиган ерлардан чорвадорлар фойдалана олишмаётир.
Чунки, бундай майдонларни айрим таниқли шахслар ўзлаштириб олишган. Ҳатто уни одам кира олмайдиган қўрғон  қилиб ўраб олишган.
Ҳокимлар турли сабабларга кўра, мансабдор шахслар етовига тушиб, бу масалани ҳал қила олишмаяпти.
Ҳукумат ваколатли органлар билан ҳамкорликда ушбу вазиятни, тузатадиган дадил чоралар қабул қилиши керак. Қишлоқ аҳлининг молини яйлов билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Уларнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда кўрсатиладиган ёрдам шакллари “Томорқа хўжаликлари тўғрисида” деб номланувчи алоҳида қонунда акс этиши керак.
Ҳукумат бу қонун лойиҳасини жуда қисқа фурсатда тайёрлаши зарур.
Ветеринария соҳасини ҳам такомиллаштириш зарур.
Бу соҳада марказ ва минтақалар орасидаги вазифалар ва ваколатлар аниқ тақсимланиши керак.
Молларнинг соғлиги ҳамда маҳсулдорлиги жойлардаги маҳаллий ветеринарларнинг самарали хизматига боғлиқ.
Бу, аниқроқ қилиб айтганда, қишлоқ аҳлининг фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Ветеринария хизмати замон талабига мос бўлмаса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш мумкин эмас.
Шунинг учун, бу соҳада тизимли ишлар бажарилиши зарур.
Бинобарин, булар – жараёнларни рақамлаштириш, маълумот тўплашни автоматлаштириш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда уларнинг маошини ошириш чоралари.
Ҳукумат йил охиригача ветеринария тизимини ислоҳ қилиш борасида аниқ тадбирлар қабуллаши лозим.
Учинчидан, бизнинг аграр сиёсатимизда узвийлик бўлмаяпти. Вазир алмашса, соҳанинг сиёсати ҳам ўзгаради.
Бундай шароитда хўжаликлар истиқболли режалаштиришда қийналишади.
Ягона бош йўналишни ишлаб чиқиш керак.
Шунга кўра, субсидиялаш дастакларини қайта кўриб чиқиб, барқарорлаштириш лозим.  
Навбатдаги масала.
Сўнгги беш йилнинг ўзида субсидиялашга икки триллион тенгедан зиёд маблағ ажратилди.
Афсуски, агросаноат мажмуасига алоқадор жиноий ишларнинг ярмидан зиёди субсидияни талон-тарож қилиш билан боғлиқ бўлиб турибди.
Бунга йўл қўйиб бўлмайди.
Меъёрий асосларни такомиллаштириб, самарали режалаш ҳамда мониторинг юритиш тизимини жорий қилиш зарур.
Субсидияни расмийлаштириш тартиби тушунарли ва шаффор бўлиши зарур.
Кичик ва ўрта хўжаликлар учун субсидия бутунлай ҳаммабоп бўлиши керак.  
Қишлоқ хўжалигини технологиявий жиҳатдан қайта жиҳозлашни қўллаш усулларини пухта кўриб чиқишимиз зарур.
Агросаноат мажмуасида қўлланиладиган технологиянинг тахминан 90 фоизи батамом эскирди. Уни янгилаш керак.
Қишлоқ хўжалигини субсидиялаш сиёсатини саноат соҳасидаги давлат сиёсатига мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқ.
Ҳукумат билан “Байтерек” холдинги шу масала юзасидан таклифлар тайёрлаши даркор.
Умуман, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бош вазифа – элимизни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашдан иборат.  
Мен жорий йил қишлоқ хўжалик ерларини чет элликлар ва уларнинг иштирокидаги компанияларга сотиш ҳамда ижарага беришни бир йўла тақиқловчи қонунни имзоладим.
Ер кодексига қозоғистонлик сармоядорларни қишлоқларни ривожлантиришга сармоя киритгани учун рағбатлантирувчи тузатишлар киритилди.  
Бу ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги ерларини тўлақонли иқтисодий айланимга тушириш имконини беради.
Ишончим комил, бу қарорларнинг барчаси агросаноат шўъбасига ижобий таъсир кўрсатади.
Шунинг натижасида қишлоқ хўжалиги миллий иқтисодиётнинг муҳим кучига айланади, деб ишонаман.
Навбатдаги масала. Ҳозирги замонда рақобатбардошликнинг асосий омилларидан бири – теран рақамлаштириш.
Қозоғистон учун замонавий рақамли технологиялар трансферти, Индустрия 4.0 элементларини жорий қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Биз чет элдаги стратегик ҳамкорларимиз билан фаол иш юритишимиз лозим.
Шу билан бирга, ватан IT-шўъбасини ривожлантириб, янада кучайтириш ҳам аҳамиятлидир.
Элимизга ёш, билимли ва иқтидорли мутахассислар зарур. Рақамлаштириш борасидаги миллий лойиҳа доирасида камида 100 минг юқори малакали IT-мутахассисларини тайёрлаш зарур.
Рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар ва товарлар экспорти 2025 йилгача камида 500 миллион долларга етиши зарур.
Бу ва бошқа вазифалар давлат шўъбасини тўлиғи билан “рақамли қайта қуришни” талаб қилади. Бу борадаги аввалдан келаётган муаммо – давлат органлари ахборот тизимларининг ўзаро боғланмаганлигидир. Бу масала тубдан ва жадал ечимини топиши керак.
Биринчидан, “Электрон ҳукумат”нинг батамом янги тузилмасини ташкил этиш лозим. Давлат шўъбасининг барча IT-ташаббуслари фақат қозоғистон давлат технологиялари платформасига асосланади.
Бу платформа такрорланишларни, беҳуда харажатларни ҳамда қоғозбозликни бартараф этади. Давлат хизматлари фуқароларга 100 фоиз смартфон орқали кўрсатилади.
Иккинчидан, биз давлат органларининг бизнес-ташаббусларини батамом қайта қараб, рақамли шаклга кўчирадиган Рақамли трансформация марказини ишга туширамиз.  
Учинчидан, миллий компанияларнинг IT-ҳамжамият билан ўзаро алоқасини таъминловчи платформа яратишимиз даркор. Квазидавлат шўъбасининг рақамли эҳтиёжи ва талаби имкон қадар мамлакат компаниялари кучи билан таъминланиши лозим.
Тўртинчидан, маълумот бериш тизимини халқаро даҳлизлар билан бақамти равишда аста-секин  кенгайтириш ва янгилаш зарур. Қўшни элларга ҳам хизмат кўрсата оладиган маълумот тайёрлаш замонавий марказларини яратиш лозим.
Биз улкан ахборот ва телекоммуникация салоҳиятини ҳаётга татбиқ эта билишимиз даркор. Янги рақамли асрда у геосиёсий аҳамиятга эга бўлади.
Қозоғистон Евроосиё минтақасининг аксарият қисми учун марказий рақамли хабга айланиши лозим.
Шу вазифани амалга ошириш учун мутахассисларга дахлдор имкониятларимизни кучайтиришимиз даркор. Бош Вазир менга таклифларини берсин.
Кейинги масала. Афғонистондаги вазият ва дунёвий таҳликаларнинг кучайиши бизга мудофаа саноати мажмуасини ҳамда Ҳарбий доктринамизни тўла-тўкис қайта кўриб чиқишни тақозо этади.
Мудофаа салоҳиятимизни кучайтириш, хавф-хатарларга жадал жавоб бериш – давлат аҳамиятига молик устуворликка айланиши зарур.
Биз ташқи таҳдидлар ҳамда воқеликнинг энг ёмон тус олишига ҳам тайёрланишимиз даркор.
Ташқаридан келадиган таваккалларни моделлаштириш алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда.
Стресс-тестлар ўтказиб, сценарийлар тайёрлаш зарур. Шу асосда давлат девонининг хатти-ҳаракат режаси тайёрланиб, тузатишлар киритиладиган бўлади.

II. Соғликни сақлаш тизимининг самарадорлигини орттириш

Халқимиз “Асосий бойлик – соғлик”, деб бежиз айтмаган.
Коронавирус соғликни сақлаш соҳаси учун жиддий синов бўлди.
Жаҳонни қамраган дард чекинмаяпти.
Кун сайин минглаб ватандошларимиз дардга чалиниб, кўплари оламдан ўтмоқда.
Биз вақтни бой бермай, дард билан курашиш чораларини дарҳол йўлга қўйдик.
Қозоғистон – коронавирусга қарши ўз вакцинасини тайёрлаб, чиқарган жаҳондаги саноқли мамлакатларнинг бири.
Вакцинамизнинг самарали ва хавфсиз эканлигига шубҳа йўқ.
Ҳозир QazVac-га бошқа мамлакатлар ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Элимизда вакцина захираси етарли, фуқароларимизнинг танлаш имконияти бор. Кўплаб давлатлар бунга қодир эмас.
Элимизда оммавий эмлаш тадбирлари юритилаётгани билан, жамиятда унга қарши фикрлилар ҳали ҳам кўп.
Улар ўзлари бош тортибгина қўймай, халқ орасида тескари ташвиқот юритишмоқда.
Оқибатда қанча юртдошларимиз аросатда қолишмоқда.
Бундай одамлар ўзининггина эмас, ўзгалар ҳаётига ҳам масъуллигини тушунишлари керак.
Шунинг учун, эмлашга қаршиларнинг етагига юрмаган афзал.
Инсоният кўплаб юқумли дардларни бошидан ўтказган.
Вакцина пайдо бўлгандан кейингина хавфли дардларга тўсиқ қўйилганини унутмаслигимиз жоиз.
Келгусида жаҳонда коронавируснинг янги штаммлари чиқиши мумкин. Таҳлилчилар бошқа дардларнинг ҳам пайдо бўлиши эҳтимолини айтишмоқда.  
Биз бу жараёнларнинг қачон бўлишини кутиб, қараб ўтиролмаймиз.
Мана шундай шароитда яшаб, яна олға интилиб, мослашишимиз даркор.
Ҳозир “Аралаш вакциналарни” харид қилиш жуда муҳим. Жаҳон соғликни сақлаш ташкилотида рўйхатга олинган вакциналарни тезроқ сотиб олиш керак.
Шу билан бирга, бутун соғликни сақлаш соҳасини мунтазам эмлаш тизимига тайёрлаш лозим.
Элимизнинг биологик хавфсизлиги таҳлили билан шуғулланувчи Миллий тизим тузилиши даркор.
Бу чора тегишли қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Парламентдан ушбу қонун лойиҳасини шу сессиянинг якунигача қабулланишини таъминлашни сўрайман.
Тиббий таҳлил тайёрлайдиган кўплаб лабораторияларимиз халқаро андазаларга мос эмас.
“Соғлом миллат” лойиҳаси бўйича камида 12 лабораторияни илғор технологиявий ускуналар билан жиҳозлаш зарур.
Бу лабораторияларимизнинг халқаро андазаларга мувофиқлик даражасини 90 фоизгача оширди.
Коронавирусга алоқаси йўқ хасталикларга боғлиқ вазиятнинг оғирлашиб кетишига йўл қўймаслигимиз керак.
Пандемия даврида режаланган кўриклар ва жарроҳликлар кейинга қолиб кетмоқда.
Кўплаб болалар даврий эмлаш билан қамралмаяпти. Албатта, бунга йўл қўймаслик лозим.
Тиббиёт соҳасига салмоқли маблағ ажратиш керак.
Бу харажат инфратузилмага, мутахассислар тайёрлаш ва аҳолини дори-дармон билан таъминлашга сарфланиши лозим.
Фармацевтика саноатига алоҳида эътибор қаратиш даркор.
Вирус билан кураш даврида айнан мана шу соҳа давлатимизнинг рақобатбардошлиги ва хавфсизлиги учун муҳим омил эканлигига амин бўлдик.
Шунинг учун, тиббиёт маҳсулотларини Лаборатория ва техникавий синовдан ўтказадиган халқаро андазага мос марказ барпо этишимиз керак.
Жаҳон фармацевтика корпорациялари билан ҳамкорликни жонлантирган маъқул.
Сармоядорларни жалб қилиб, илғор технология ҳамда бу соҳадаги янги таҳлилий ишларни ўзлаштиришни йўлга қўйиш даркор.
Дунё товар ишлаб чиқарувчилари билан олдиндан шартномалар тузиб, улар шартларининг ҳажмини орттириб, маҳсулот турини кўпайтириш лозим.
Биздаги дори-дармон ва тиббий асбоб-ускунанинг 17 фоизигина – мамлакат маҳсулоти. 2025 йили уни 50 фоизга етказиш даркор.
Соғликни сақлаш кафолати – жисмоний тарбия.
Аҳоли ҳамда болаларнинг спорт билан шуғулланишига шароит яратилиши керак эканини яна бир бор такрорлайман.
Вилоят ҳокимлари спорт инфратузилмаларининг босқичма-босқич қурилишини таъминлашлари лозим.
Умуман, Токио олимпиадаси натижаларига боғлиқ спортдаги аҳволни алоҳида кенгаш мажлисида кўриб чиқиш зарурати туғилди.

III. СИФАТЛИ ТАЪЛИМ

Жорий йил январь ойидан бошлаб педагогика соҳаси ходимларининг маоши 25 фоизга ошди.
Келгуси уч йилда ушбу мақсадга яна 1,2 триллион тенге сарфлаймиз.
Қабул қилинган қарорлар мевасини бермоқда. Педагогик мутахассисликни танлаб, ўқишга кириш ўртача бали кескин ўсди.
Биз устозларни қўллаб-қувватлаш сиёсатини давом эттираверамиз.
Ҳозирги дунёвий ўзгаришлар даврида битирувчининг билими меҳнат бозорига чиққунга қадар эскириб қолиши мумкин. Шу боис, ваколатли вазирликнинг олдида ўқув дастурларини янги даврга мослаштириш вазифаси турибди. Бу – навбат куттирмайдиган масала.
Пандемия даврида масофадан ўқитишнинг натижаси миллий телекоммуникация тармоқларининг самарадорлиги пастлигини кўрсатди.
Бундай аҳвол асосий, оддий таълимни ўзлаштира олмайдиган ўқувчиларнинг сони ортишига олиб келди. Яна бир муаммо, буни кулфат дейиш мумкин, болалар ўқишни ташлаб кетмоқда. Чунки, бунга эҳтиёж йўқ, деб ўйлашади.
Ҳукуматга ушбу масалани, чунончи, масофадан ўқитиш учун зарур ахборот тизимининг сифатини яхшилаш билан қатъий шуғулланишни топшираман.
Бизнинг таълим тизимимиз ҳаммабоп ва инклюзив (алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун)бўлиши керак.
Шунингдек, хушхабаримиз ҳам бор. Бу йил бир неча ўқувчи халқаро фан олимпиадаларининг ғолиблари ва совриндорлари бўлишди.
Шундай иқтидорли болаларга ҳар томонлама қўллов кўрсатиш лозим. Биз уларга олий ўқув юртига кириш учун танловдан ташқари грантлар ажратамиз. Бир марталик пуллик мукофот ҳам берилади.
Болаларнинг устозларини ҳам маънавий ва моддий жиҳатдан рағбатлантириш керак.
Умуман олганда, кам таъминланган оилада вояга етаётган болаларга мажбурий ўрта таълим бериш доирасида қўллов кўрсатиш жуда муҳим.
Моддий қўллов кўрсатиш чораларини “Рақамли устоз” билим бериш лойиҳаси билан тўлдирган маъқул.
Таълим тизимига кучли ва малакали мутахассислар керак.
Ўқитувчиларни ҳозиргидек ҳар 5 йилда эмас, ҳар 3 йилда бир марта қайта тайёрлашдан ўтказишимиз талаб этилади, деб ўйлайман. Чунончи, улар шогирдининг онгига янги таълимни сингдира оладиган ҳақиқий маърифатпарвар бўлишлари шарт.
Шунингдек, педагогларнинг малака ошириш курсларида ўз маблағи ҳисобидан ўқишларига йўл қўйилмайди.
Ўрта таълим бериш тизимидаги долзарб муаммонинг бири – мактабларда жой етишмаслиги. Ҳозир 225 минг ўқувчига ўрин етмайди.
Тезкор чора қабул қилмасак, 2025 йилгача бу рақам 1 миллионга етади.
Мен 2025 йилгача камида 800та мактаб қуриш тўғрисида топшириқ берган эдим. Бугун унинг сонини мингга етказишни топшираман.
Мактабларни бюджет маблағига қуриш билан бирга, ушбу муҳим масалани ҳал этишда хусусий шўъбани ҳам жалб қилган маъқул.
Тўлиқ билим берадиган қишлоқ мактабларини жон бошига қараб молиялаштиришга босқичма-босқич ўтказишимиз керак.
Болаларни ёшлигидан касбга йўналтириш муҳим аҳамиятга эга. Ёш авлод ўзининг бўлажак касбини онгли равишда танлай билиши лозим.
Ҳукумат “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси билан биргаликда, ўта муҳим вазифани ҳал қилиш билан шуғулланиши керак.
Биз “Бепул техникавий ҳамда касбий таълим бериш” лойиҳасини амалга оширишни давом эттирамиз.
Бугунги кунда ёшларнинг 237 минг нафари ўқимайди ҳам, ишламайди ҳам.
Йил сайин мактабни тамомлаган 50 минг битирувчи тўловли асосда ўқишга тушади. Уларнинг 85 фоизи – кам таъминланган оилаларнинг болалари.
Бу аҳволни тузатиш керак. Талабга эга барча ихтисослик бўйича техникавий ва касбий таълим юз фоиз бепул берилиши керак.
Ихтисослик олишнинг яна бир имконияти армияда берилиши даркор.
Муддатли ҳарбий хизматдаги аскарларнинг иқтисодиётдаги аниқ шўъба учун керакли ишчи мутахассислигини ўзлаштириш масаласини пухталаган маъқул.
Ваколатли вазирлик олий таълим сифатини оширишни таъминлаши лозим.
Олий ўқув юртлари мутахассисларни талаб даражасида сифатли тайёрлаб беришга масъул.
Фанни ривожлантириш – бизнинг жуда муҳим устувор вазифамиз.
Бу соҳада тўпланиб қолган муаммоларнинг ечимини топиш учун йил охиригача қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш лозим.
Дастлаб, етакчи олимларимизга мунтазам равишда ва меҳнатига муносиб маош тўлаш масаласини ҳал қилиш керак.
Буни фанга ажратиладиган базавий маблағ ҳисобидан таъминлаган маъқул.
Мен Миллий жамоат ишончи кенгашининг мажлисида асосий фан билан шуғулланадиган илмий-тадқиқот институтларини бевосита молиялаштириш тартибини жорий қилишни топширдим.
Ваколатли вазирлик мана шундай илмий муассасаларни саралаш ҳамда молиялаштиришнинг аниқ ва очиқ қоидасини тайёрлаши керак.
Келгуси масала. Грант муддатининг уч йил билан чекланиши асосий фанни ривожлантиришга улкан тўсиқ бўлмоқда.
Мана шундай қисқа режалаштириш муддатида бирор натижага эришишнинг ўзи машаққат эканлиги аниқ.
Фан соҳасини грантли молиялаштириш муддатини беш йилга қадар узайтириш масаласини кўриб чиққан маъқул.
Миллий илмий кенгашлар қарорларининг холислиги тўғрисидаги масала кун тартибидан тушмаяпти.
Шунга кўра, аппеляция институтини жорий қилиш лозим деб ҳисоблайман.
Умуман, элимизнинг таълим ва фан соҳасининг олдида кечиктириб бўлмайдиган, кенг қамровли улкан вазифа турибди.
Бу – вақт талабига мос бўлиш билан бирга, доим бир қадам олдинда юриб, кутилмаган янгиликларни таклиф этиш дегани.

IV. МИНТАҚАВИЙ СИЁСАТНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

“Халқ овозига қулоқ тутадиган давлат”нинг бош қоидаси – давлат девони фуқаролар манфаати учун меҳнат қилишлари лозим. Бу биринчи навбатда маҳаллий ҳокимликка тегишли.
Фуқаролар билан бевосита ҳамкорликда бўлиб, уларнинг муаммоларини тезкор ҳал қилиш билан айнан шу ҳокимликлар шуғулланади. Бироқ, кўпинча бундай бўлмаяпти. Юқоридаги раҳбарлар минтақаларда қабул қилинган қарорларга таҳрир киритишга, ҳатто, баъзида уларнинг ўрнига қарор қабул қилишларига тўғри келади.
Турли даражадаги ҳокимларнинг мустақил қадам ташлашга қобилияти етмайди. Улар марказга қараб иш юритади.
Кўп ҳолларда бу ҳокимларнинг халқ олдидаги ҳозирги масъулият даражаси етарли эмаслиги билан боғлиқ. Уларнинг хизматига баҳо берганда минтақа фуқароларининг фикрлари эътиборга олинавермайди.
Шунинг учун, барча даражадаги ҳокимларнинг фаолиятини баҳолаш усулини шаффофлаштириш керак.
Бунинг учун, мустақил ижтимоий саволномалар юритиш зарур.
Президент Девони ушбу масалага оид таклифлар жамланмасини тайёрлаши керак.
Минтақавий сиёсатда ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги тенгсизлик даражасини камайтиришга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Ҳар бир минтақа учун вазифаларни умуммиллий устуворликлар билан тўғри уйғунлаштириш зарур.
Миллий тараққиёт режаси доирасида фуқароларнинг турмуш даражасини ошириш учун аниқ 25та вазифа белгиланди.
Фаолиятимизнинг асосий йўналишлари – мана шу. Шу боис, Ҳукумат ва ҳокимлар Минтақаларни ривожлантириш режаларини тасдиқланган умуммиллий вазифаларга мос янгилашлари лозим.
Албатта, тафовутни камайтиришнинг асосий усулидан бири – бюджет маблағини устуворлаштириш. Республика бюджетидан маблағ ажратиш ҳокимликларнинг уддабуролигига, қандайдир бир муносабати ва бошқа субъектив омилларга боғлиқ бўлмаслиги керак.
Бюджетни тўлдириш учун аҳоли жон бошига молиялаштириш дастакларидан кенгроқ фойдаланиб, бюджет чегараларини белгилашнинг холис усулини жорий этиш зарур.
Бюджет жараёнларини соддалаштириб, иложи борича камайтирган маъқул. Шунингдек, бюджетни режалаш ва бажариш вақтида рақамли усулларни қўллашни кенгайтириш керак.
Шунингдек, бюджет дастурлари маъмурларининг масъулиятини ошириб, блокли бюджетни жорий қилиш зарур.
Ҳукумат бюджет қонунчилиги ва қонунга оид ҳужжатларга киритиладиган тегишли ўзгаришлар жамланмасини
тайёрлаши керак.
Энг долзарб муаммо – бу лойиҳалар тахминий баҳосининг муттасил ошиб бориши. Бу болалар боғчалари ва мактаб каби кичик лойиҳаларга ҳам, йирик инфратузилмавий лойиҳаларга ҳам тааллуқли.
Амалдаги меъёрий база ва тажрибани жуда қисқа муддат ичида тубдан қайта кўриб чиқиш зарур.
1 декабрга қадар Ҳукумат ва Ҳисоб қўмитасига таклифлар киритишни топшираман.
Навбатдаги масала – минтақаларнинг молиявий мустақиллигини ошириш масаласи.
2020 йилдан бошлаб кичик ва ўрта бизнесдан тушадиган корпоратив даромад солиғи маҳаллий бюджетга берилди.
Шундан буён иқтисодий фаоллик пасайганига қарамай, маҳаллий бюджетнинг тушуми режадагидан 25 фоизга орта бошлади.
Бу ҳокимларнинг маҳаллий тадбиркорликни ривожлантириб, сармоялар ва солиқни кўпайтиришдан манфаатдорлиги ортганини билдиради.
Ушбу йўналишдаги ҳаракатни давом эттириш керак.
Ҳукуматдан йил охиригача тегишли тавсияларни тайёрлашни сўранаман.
Қозоғистон урбанизацияга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Аҳоли сони миллиондан ошадиган шаҳарлар мамлакатимизнинг дунёвий рақобатбардошлик қудратининг таянчи, вилоят марказлари эса ўз минтақаларининг тараққиёт майдони бўлиши керак. Шу сабабли, агломерацияни ривожлантириш тўғрисида қонун ва шаҳарлар мажмуавий қурилишининг янги андазасини тайёрлаш зарур.
“Одамлар – инфратузилма” қоидасига риоя қилиниши аҳамиятга молик. Истиқболли қишлоқларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Бош мақсад – уларнинг Минтақавий андазалар тизимига мос бўлишини таъминлаш. Ушбу устуворликлар Минтақавий тараққиёт режасида тасдиқланиши шарт.
Ҳозир саноат ишлаб чиқаришининг 40 фоизи 27та моношаҳар улушида. Уларда 1,4 миллион фуқаро истиқомат қилади.
Моношаҳарлардаги ҳаётни янада жонлантиришга оид мукаммал қарорлар зарур. Бу масалани биз яқин орада бошқа бир кенгашда муҳокама қиламиз.
Маҳаллий ўзини-ўзи бошқаришни ривожлантириш – муҳим йўналишлардан бири.
“Халқ иштирокидаги бюджет” марказ тасарруфидаги шаҳарлар ва вилоят марказларига муваффақиятли татбиқ этилди.
Фуқароларнинг илтимосларига мувофиқ, ўнлаб ободонлаштириш лойиҳаси амалга оширилди. Бу – яхши тажриба.
Энди ободонлаштириш ва уй-жой коммунал хўжалиги бюджетидаги “халқ иштирокидаги” улушни 10 баравар ошириш зарур.
Мамлакатимизнинг ички алоқаларини яхшилаш учун транспорт инфратузилмасига оид бугунги кунгача бошланган барча лойиҳани ниҳоясига етказишимиз керак.
“Нурли йўл” давлат дастури доирасида марказни минтақалар билан боғлайдиган яхлит транспорт тармоғи шаклланмоқда. Стратегик аҳамиятга эга инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳалар амалга оширилди.
Ҳокимлар ва Ҳукумат ҳар бир минтақа учун худди шундай Инфратузилмавий тараққиёт дастурини йўлга қўйишлари зарур.
Жойларда инфратузилмани янгилашга доир анчадан буён тўпланиб қолган масалалар мавжуд. Ҳукумат «Самруқ-Қазина» жамғармаси билан қуйидаги кенг қамровли лойиҳаларни амалга оширишга киришиши зарур.
Алматидаги 2-иссиқлик электр маркази ҳудудида буғли газ станциясини қуриш, 3-иссиқлик энергия марказини янгилаш ва 1-иссиқлик электр марказини кенгайтириш керак.
Жанубда 1000 мегаВатт энергия ишлаб чиқарадиган янги қувват манбаини ишга тушириш лозим. Алмати шаҳри ва Алмати вилоятидаги кабель тизими янгиланиши жоиз. Мазкур лойиҳаларга қуйиладиган сармоянинг умумий қиймати бир триллион тенгедан ошади. Биз стратегик ҳамкорларимиз билан мамлакатимизнинг турли минтақаларида 2400 мегаВатт электр ишлаб чиқарадиган қувват манбаини ишга туширамиз.
Мамлакатимиздаги экология масаласи диққат эътиборда бўлиши зарур. Айниқса, ҳавонинг тозалиги муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли, ифлосланган 10та шаҳарни иложи борича ўрта муддатли даврда табиий газга ёки муқобил қувват манбасига ўтказган маъқул. Бу йил ғарбий минтақаларни табиий газ билан таъминлаш учун умумий қиймати 700 миллиард тенгелик учта лойиҳа доирасида иш бошланади.
Бу – Қашағандаги газни қайта ишлаш заводи ва “Мақат-Шимолий Кавказ” магистрал газ қувури қурилиши, шунингдек, “Бейнеу-Жанаозен” магистрал газ қувурини янгилаш.
Навбатдаги муҳим масала.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти яқин ўн йилда дунёвий даражада сув тақчиллиги бўлишини башорат қилмоқда. 2030 йилга бориб сув тақчиллиги 40 фоизга етиши мумкин.
Шу сабабли, биз янги технологиялар ва рақамлаштириш орқали сувни тежашга кўчишимиз зарур. Сув тақчиллигини бартараф этишнинг бошқа йўли йўқ. Бу – жуда долзарб вазифа.
Ҳукумат сувни тежайдиган технологияларни рағбатлантириш, сув сарфини самарали созлаш учун аниқ қарорлар тайёрлаши зарур. Сув иншоотларининг экотизимини сақлаб, ундан самарали фойдаланиш учун муҳим аҳамиятга эга 120та канални янгилашга киришамиз.
Ақмўла, Алмати, Ғарбий Қозоғистон, Жамбил, Қизилўрда, Туркистон вилоятларида 9та янги сув омбори қурилади. Бу – йирик лойиҳани амалга ошириш учун қўлимизда барча зарурий захира мавжуд.
Атиров ва Манғистов вилоятлари туманларини тоза ичимли сув билан таъминлаш учун “Астрахань-Манғистов” магистрал сув қувури янгиланади ва Кендирли шаҳарчасида сувни шўрсизлантирадиган янги завод барпо этилади. Умуман, ўнлаб йиллар давомида салмоқли маблағ ажратилишига қарамай, ичимли сув масаласи ҳамон ечимини топмади. Шу сабабли, Минтақаларни ривожлантиришнинг миллий лойиҳаси доирасида беш йилда аҳолининг 100 фоизини тоза сув билан таъминлашни топшираман. Бу – Ҳукумат олдида турган устувор вазифа.
Мен яна бир муҳим масалага алоҳида тўхталмоқчиман. Дунё саноат ва иқтисодиётни экологик тозалашга юз бурди. Ҳозир бу – шунчаки сўз эмас, балки солиқ, бож ва техникавий созлаш чоралари сингари аниқ қарорлар. Биз ундан четда қола олмаймиз. Бундай қарорлар экспорт, сармоя ва технология трансферти орқали мамлакатимизга бевосита таъсир кўрсатади.
Ҳақиқатни айтганда, бу – Қозоғистоннинг изчил ривожланиш масаласи. Шу сабабли, мен 2060 йилга бориб углеводороддан бутунлай воз кечиш вазифасини юкламоқдаман. Ушбу йўналишда пухта иш олиб боришимиз керак. Бепоён мамлакатимизда аҳоли сони ўсиб, иқтисодиёт тараққий этиб бормоқда. Ўсим сифатли бўлиши учун қувват манбалари зарур.
Кўмир даври босқичма-босқич тарихда қолаётган даврда янгиланадиган энергия билан бирга ишончли базавий қувват манбалари ҳақида ўйлашимиз керак.
Қозоғистонда 2030 йилга бориб электр қуввати тақчиллиги юзага келади.
Дунёвий тажрибага қарасак, унинг энг самарали ечими – тинчлик йўлида ишлатиладиган атом. Бу – жуда мураккаб масала. Шу сабабли, миш-мишларга ишониб, эҳтиросларга берилмай, уни ижобий ҳал қилишимиз зарур.
Ҳукумат ва “Самруқ-Қазина” бир йил мобайнида Қозоғистонда хавфсиз ва экологик тоза атом энергетикасини ривожлантириш имкониятларини ўрганишлари лозим.
Ушбу масалага муҳандислик соҳасини ривожлантириш ва атом соҳасидаги малакали муҳандисларнинг янги авлодини шакллантириш жиҳатидан ёндашиш керак.
“Яшил” водород ишлаб чиқариш, умуман водород энергетикаси – истиқболли йўналишдир.
Ҳукуматга ушбу масала юзасидан ҳам таклифлар тайёрлашни топшираман.

V. Меҳнат бозорида самарали экотизимни шакллантириш

Пандемия меҳнат бозорини ўзгартириб юборди. Бу – энг аввало, масофадан ишлаш услубининг шиддат билан ривожланиши.
Кўплаб янги касблар пайдо бўлган, ишлаб чиқариш автоматлаштирилиб, рақамлаштирилаётган ҳозирги даврда ушбу йўналиш янада тараққий этади. Бундай шароитда мутахассисликни тез-тез ўзгартира билиш ва янги касбларни эгаллаш орқалигина ҳар бир ходимнинг рақобатбардошлигини таъминлай оламиз.
Демак, бизга “Касбий малакалар тўғрисида” қонун керак. Ушбу ҳужжат малакани эътироф қилиш масаласини созлаб, ишчилар қобилиятини такомиллаштиришга рағбатлантириши керак.
Оммавий рақамлаштириш интернет-дастурлар асосида иш билан таъминлашнинг янги шаклини олиб келди. Такси ҳайдовчилари, куръерлар ва бошқалар – бунга ёрқин мисол.
Ушбу соҳа ижтимоий ва тиббий суғурта, нафақа билан таъминлаш ва солиқ жиҳатидан давлат кўмагига муҳтожлик сезмоқда.
Бизнинг меҳнат бозоримизга миграция жараёнлари ҳам кучли таъсир қилади.
Қозоғистон – меҳнат мигрантларини қабул қилиш жиҳатидан МДҲ давлатлари орасида иккинчи ўринда. Ушбу соҳадаги муаммоларни ижобий ҳал қилишимиз керак.
Ҳукумат Миграция сиёсатининг янги концепциясини тайёрлаши зарур. Унда чет давлатларда ишлаб юрган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш дастаклари ҳам эътиборга олиниши зарур.
Мамлакат ички меҳнат бозори самарадорлиги масаласига доир ҳам янги ёндошувлар зарур.
Ҳукумат жанубдан шимолга кўчаётган фуқароларга ёрдам пули ажратишнинг амалдаги дастакларини ислоҳ қилиши керак.
Чунончи, уни ҳокимликлар орқалигина эмас, балки жанубий минтақалардан одамларни ўз хоҳишига кўра ёллайдиган иш берувчилар харажатини тўлаш орқали бериш мумкин.
Мустақил тадбиркорлик билан шуғулланадиганларнинг кўчишига ҳам шароит яратиб бериш керак. Кўчиб келган фуқароларга нафақат уй қуриш, балки қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишлари учун ер ажратиб бериш ишини пухталаш зарур. Шунингдек, уларга давлатнинг қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари оммабоп бўлиши зарур.
Яна бир масалага алоҳида тўхталмоқчиман. Қозоғистон – ижтимоий давлат.
Демак, қийин аҳволга дуч келган фуқароларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш – асосий устувор вазифалардан бири.
Лекин, жамиятда патерналистик кайфият ва ижтимоий боқимандалик қулоч ёймоқда.
Эл ичида ижтимоий дастурларни атайин шахсий манфаати йўлида фойдаланадиган одамлар оз эмас. Бундайлар ҳар қандай тараққий этган давлатдаги сингари қонун ва жамият олдида жавоб беришлари керак.
Бундай ишлар «давлатдан олаверсам», деган муносабатни шакллантиради.
Аслида ёрдамга муҳтож одамлар, афсуски, ижтимоий ёрдамдан бебаҳра қолмоқда.
Албатта, мамлакатимизнинг имкониятлари мўл, лекин унинг ҳам чегараси бор, ахир.
Энг аввало, ижтимоий имтиёзга эга бўлсам, деган ўринсиз фикр одамни меҳнати эвазига даромад топиш қобилиятидан маҳрум қилади. Бундай номаъқул яшаш шакли авлод тарбиясига ҳозирнинг ўзида салбий таъсирини кўрсата бошлади.
Шу сабабли, биз одамлар онггида тубдан ўзгариш ясашимиз керак. Қонун ҳам, жамият ҳам, одамларнинг онгги ҳам ўзгариши зарур. Тайёрланаётган Ижтимоий кодексда шу каби масалаларга диққат эътибор қаратилиши керак.

VI. Сиёсий янгиланиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Сиёсий янгиланишни босқичма-босқич амалга ошириш – мамлакатимизнинг стратегик вазифаларининг асосийларидан бири.
Сўнгги икки йилда биз ушбу соҳада қатор ўзгаришларни амалга оширдик. Митинг ўтказиш учун аввалдан огоҳлантириш тамойилини кучайтирадиган янги қонун қабулланди, партияларнинг Мажлисда иштирок этиш чегараси 5 фоизгача пасайтирилди, сайлов бюллетенларига “ҳаммасига қаршиман” деган устун қўшилди.
 Бу ва бошқа қадамлар жамиятда фаол қўллаб-қувватланди.
Бу ташаббуслар бизнинг барқарор демократик тараққиёт йўлимизни мустаҳкамлади ва сиёсий тизимимизни сифат жиҳатидан ўзгартиради.
Шу билан бирга, фуқароларимизни давлат бошқарувига имкон қадар кўпроқ жалб этишга ижобий таъсир кўрсатади.  
Бироқ бу билан чекланиб қолишга бўлмайди.
Мақсадимиз – давлат самарадорлигини, сиёсий жараённинг шаффофлиги ва рақобатбардошлигини янада ошириш.
Шу боис сиёсий ислоҳотлар давом этади.
Давлатчилигимизни мустаҳкамлаш мақсадида биз мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда барча ўзгаришларни босқичма-босқич амалга оширамиз.
Бу – кучли, адолатли ва илғор давлатни барпо этишнинг ягона тўғри йўли.
Бизнинг фуқароларимиз ушбу йўлни қўллаб-қувватлайдилар.
Қишлоқ ҳокимларини бевосита сайлашни жорий этиш жуда муҳим қадам бўлди.  
Бу – ўтган йилги Мактубимда айтилган сиёсий ислоҳотларнинг асосий масаласи. Ушбу қарор қишлоқ аҳолисининг, яъни 40 фоиздан ортиқ қозоғистонликнинг манфаатларига бевосита таъсир кўрсатади.   
Биз тўғри йўлдамиз. 2024  йилда фуқаролар туман ҳокимларини қалдирғоч тартибда сайлаш имкониятига эга бўладилар.
Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш тизимини янада ислоҳ қилишнинг муҳим омили фуқаролик маданиятининг юксалишидир.
Президент Маъмурияти вилоят ҳокимликлари билан биргаликда қишлоқ жойларида фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг самарали дастакларини ишлаб чиқиши керак.
Қишлоқ жойлардаги нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг эҳтиёжларига грантли молиялаштириш тизимини мослаштириш ва уни олишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш зарур.
Бу қишлоқларда ижтимоий фаолликка жўшқинлик беради.
Хотин-қизлар ва ёшлар учун 30 фоизли квотанинг сайлов рўйхатига киритилиши партияларни фаолликка, янги одамларни излашга ва ўз сафларига жойлаштиришга олиб келди.
Бироқ, халқ ноибларининг якуний таркиби тузилганда, бу квотага амал қилинмади.  
Шунинг учун, унинг тўлақонли самарага эришиши учун депутатлик мандатларини тақсимлашда ушбу квотани мажбурий кўриб чиқиш тўғрисида қонун қабул қилиш зарур.
Биз инклюзив жамият қурмоқдамиз. Алоҳида эҳтиёжли одамлар ҳозирча мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида у қадар кўп эмас.
Мен квота ажратилган фуқаролар тоифалари рўйхатини кенгайтиришни таклиф қиламан.
Квоталарни нафақат ёшлар ва хотин-қизлар, балки алоҳида эҳтиёжли кишилар учун ҳам белгилаш керак.
Мен доим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни алоҳида кўриб чиқаман. Биз сўнгги икки йил ичида ушбу йўналишда сезиларли ютуқларга эришдик.
Шу йилнинг январь ойида мен ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги иккинчи факультатив протоколни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзоладим.
Энди биз Жиноят кодексининг қоидаларини Иккинчи факультатив протокол қоидаларига мувофиқлаштиришимиз керак.
Умид қиламанки, тегишли қонун йил охиригача қабул қилинади.   
Ёз бошида, Фармонимга мувофиқ, Ҳукумат Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан кенг қамровли режани тасдиқлади.
Бу муҳим ҳужжат Қозоғистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш учун узоқ муддатли институционал асосни ташкил этади. 

Хусусан, мажмуавий режа қабул қилингандан сўнг, гендер тенглигини таъминлаш юзасидан фаол ишлар бошланди. Бу борада хотин-қизларнинг жамиятдаги иқтисодий ва сиёсий мавқеини янада мустаҳкамлаш зарур. Бу тадбир учун Президент Маъмурияти жавобгардир.   
Оила ва гендер сиёсати концепциясига ҳам ўзгартириш киритиш керак.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида жиддий ўзгаришлар бошланди.
2021 йил 1 июлдан маъмурий адлия тизими ишлай бошлади. Янги институт давлат девони ва фуқаролар ўртасида янги муносабатларни шакллантиради.  
Суд фаолиятининг замонавий шакли жорий этилмоқда ва ортиқча суд жараёнлари камайтирилмоқда.
Қонун ҳужжатларидаги барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари фойдасига ҳал қилинади.
Уч босқичли моделнинг жорий қилиниши билан жиноий жараён иштирокчиларининг ҳимояси кучайтирилди. Жорий йил бошидан буён икки мингдан ортиқ фуқаро жиноий жавобгарликка асоссиз тортилишдан озод бўлди.
Прокурор назорати тезкорлиги, самарадорлиги ошди. Асоссиз қарорларнинг 98 фоизи уч кун ичида бекор қилинди. Прокурорларнинг айблов хулосаларини тайёрлаш бўйича ваколатларини босқичма-босқич кенгайтириш зарур. Бу қадам уларнинг масъулиятини оширади ва тергов натижаларига ҳуқуқий баҳо бериш дастакларини кучайтиради.  
Ички ишлар органлари бу соҳага оид бўлмаган қатор вазифалардан халос бўлди. Участка инспекторларининг мақоми ошди. Улар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида қўшимча ваколатга эга бўлишди.
Бир нечта минтақада полиция хизмати усули қалдирғоч тартибда ишга туширилди. Кейинги босқич – унинг кўламини кенгайтириш. Бу ишнинг муваффақияти кўп жиҳатдан бу жараёнда маҳаллий ҳокимият органларининг иштирокига боғлиқ. Улар янги ўзгаришларнинг аҳамиятини тушунишлари ва полицияга ёрдам беришлари керак.
Шу билан бирга, жиноятга қарши курашда амалий масалаларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак.
Фирибгарликнинг кўпайишига оид фуқароларнинг эътироз билдириши ўринли. Бош прокуратура фирибгарлик ва молиявий пирамидаларга қарши чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқади.  
Болаларга, шу жумладан, ота-она ғамхўрлигисиз қолган болаларга қарши жинсий жиноятларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик масаласи алоҳида назорат остида бўлиши керак.
Ёш авлод келажагига яна бир таҳдид – бу гиёҳванд моддалар, жумладан, синтетик дориларнинг кўпайиши. Мен ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига фуқаролар, айниқса ёшлар ўртасида бу иллат тарқалишининг олдини олиш учун барча имкониятлардан фойдаланишни топшираман.  
Уюшган жиноятчиликка қарши самарали курашни давом эттириш керак. Ваколатли агентлик йил охиригача ўрта муддатли истиқболдаги ҳаракатларимиз дастурини белгилайдиган стратегик ҳужжатни тақдим этиши шарт.
Шу билан бирга, “маиший уюшган жиноятчилик”ни бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.  
Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, жумладан, адвокатларнинг ҳуқуқлари ҳақида унутмаслигимиз керак.
Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва ишига халақит берадиган ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш зарур.
Юқоридаги барча чоралар сиёсий тизим ва инсон ҳуқуқларини такомиллаштириш бўйича стратегик йўналишларимизнинг бир қисмидир.   
 
VII. МИЛЛАТ БИРЛИГИ – КЕЛАЖАК ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИЙ ОМИЛИ

Ҳозир Қозоғистон тамомила янги даврга қадам қўйди.
Шунга кўра, жамият ҳаётининг барча соҳалари тубдан ўзгармоқда.
Дунёвий беқарорлик ва янги қийинчиликларнинг кўплиги шароитида биз ўз йўналишларимизни мустаҳкамлашимиз ва келажак ҳақида аниқ тасаввурни шакллантиришимиз керак.
“Бизнинг бирлигимиз – хилма-хилликда” деган асосий тамойилимиз ҳеч қачон ўзгармайди.
Шунинг учун миллатлараро муносабатларнинг уйғун ривожланиши доим Қозоғистон давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлган ва шундай бўлиб қолаверади.
Бу – шунчаки сафтаса эмас. Бу нуқтаи назарни қозоғистонликларнинг аксарият қисми қўллаб-қувватлайди.
Бизнинг фуқароларимиз учун уйғунлик ва бағрикенглик – бу ҳаёт ҳақиқати, маданиятлар ва тиллар чорраҳаси.
Биз Конституцияда ёзилганидек, яхлит халқмиз. Бизнинг ҳақиқий кучимиз – айнан шу ерда. Фикрлар хилма-хиллигини қўллаб-қувватлаш орқали биз радикализмнинг ҳар қандай кўринишларининг олдини оламиз, давлат мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигимизга раҳна солинишига йўл қўймаймиз.      
Биз жамиятдаги бирлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асрашимиз керак.
Барча фуқароларимиз миллатлараро ва динлараро муносабатларнинг нақадар аҳамиятли эканини тушуниб етмоқлари зарур.
Биз доим тарқоқликка қарши тура олган мамлакатмиз.
Биз инсон тили, миллати, ирқига қараб камситилишига, ор-номуси топталишига йўл қўймаймиз, қонун доирасида жавобгарликка тортамиз.
Конституцияга зид бундай қадамлар мамлакатимизнинг асосий манфаатларига путур етказади.
Қозоқ тилини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаверади.
Бу соҳада сезиларли натижаларга эришилди.
Қозоқ тили, аслида, таълим ва фан, маданият ва ҳужжат юритиш тилига айланмоқда.
Умуман, давлат тилининг қўлланилиши кенгаймоқда.
Бу – табиий ҳодиса, ҳаётнинг асосий жараёни.
Шу боис, қозоқ тили соҳаси ҳаддан ташқари чекланиб бормоқда, дейишга асос йўқ.
Конституцияга кўра, Қозоғистонда фақат битта давлат тили бор. Бу – қозоқ тили.
Рус тили расмий тил мақомига эга. Қонунчилигимизга кўра, унинг қўлланилишини чеклаб бўлмайди.  
Ўз келажагини Ватанимиз билан боғлайдиган ҳар бир фуқаро қозоқ тилини ўрганишга катта эътибор қаратиши керак.
Бу ватанпарварликнинг асосий белгисидир.
Агар ёшларимиз бошқа тилларни, шу жумладан, рус тилини яхши билсалар, бундан ҳеч ютқазмайдилар.
Қозоғистон ва Россия ўртасидаги чегара дунёдаги энг узун чегарадир.
Рус тили – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олтита расмий тилидан биридир.
Шунинг учун, биз бу масалага оқилона ёндашишимиз керак.
Элимиз маданиятли мулоқот ва ўзаро ҳурмат маданиятини тарғиб қилиши керак.
Қозоғистон халқи Ассамблеясининг бу соҳадаги роли ўзгача.
Биз Ватанимиз ва унинг барча фуқаролари учун масъулият ҳиссини сезишимиз даркор.
Жамиятни мувофиқлаштириш, миллий ҳамжиҳатликни ривожлантиришда мамлакат тарихи ва меросидан, шунингдек, маданий салоҳиятдан самарали фойдаланишга алоҳида урғу берилади.  
Бу борада Қозоғистоннинг имкониятлари катта, шу жумладан, халқаро майдонда ўзини самарали исботлай олади.
Бироқ, бу масалага оид сиёсатимизни қайта кўриб чиқишимиз керак. Ҳозир давлат нима учундир фақат маълум арбобларнинг лойиҳаларинигина молиялаштириб, бюджет маблағлари талон-тарож қилинмоқда.    
Ёш ва иқтидорли ҳайкалтарошлар, рассомлар, театр ходимлари, ижодкор ёзувчилар янги жанр турларини ўзлаштириб, доимий равишда изланадилар. Бироқ, улар эътиборга олинмайди ва фақат ҳомийларнинг ёрдами билан кун кўрадилар. Аслида, Қозоғистон маданияти ўша ёш истеъдодлар туфайли бутун дунёда тан олинмаяптими?!
Шу боис ҳам Ҳукумат тадқиқотчилар билан бирга йил охиригача янги маданиятни ва унинг иқтидорли вакилларини тарғибот қилишга йўналтирилган аниқ тадбирлар режасини тақдим этиши керак.
Ижодий саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқиш жоиз.
Халқимиз учун зиёлиларнинг ўрни доим ўзгача. Миллат тақдири хавф остида қолган пайтларда, зиёли инсонлар доим халқимизга етакчилик қилиб келишган. Адашганга йўл кўрсатиб, ёшларга йўналиш беришган. Эл оғалари бир оғиз сўз билан тентагини тийишган, муносибини қўллаган. Қонимизга сингган ушбу хислатдан айрилмаслигимиз керак.
Ҳозир – интернет даври. Ундаги салбий ахборотнинг йирик оқими авлодларимиз тафаккурини заҳарламоқда. Сохта таълимот ва умри қисқа қадриятлар тобора оммалашиб бормоқда.
Бу – жуда хатарли мойиллик. Айнан ўша даврда миллат зиёлиларининг тутган йўли ва фаоллиги ўта муҳимдир.
Зиёлиларнинг меҳнати мукофотлар билан эмас, мулоҳазали сўзлари ва амали билан баҳоланади.
 Бош вазифа – умуминсоний қадриятларни ёшлар онгига сингдириш. Ватанпарварлик, билимга интилиши ва меҳнатсеварлик, бирлик ва масъулият сингари қадриятларни тарғибот қилиш керак.
Шу боис ҳам, зиёлиларни юрт келажагига тааллуқли ҳеч бир масаладан четда қолмасликка чақираман.
Мулоқот билан фуқаролик иштироки анъанасини ривожлантириш, ҳамжиҳатлигимиз ва бирлигимизга асос бўладиган илғор қадриятларни тарғибот қилиш биз учун муҳим.
Бир тан, бир жон бўлсакгина, бебаҳо ўзига хослигимизни мустаҳкамлай оламиз.
Тўнғич Президентимиз Нурсултан
Абишули Назарбаев бир неча бор таъкидлаганларидек, этнослараро ва конфессиялараро тотувлик – бизнинг бебаҳо бойлигимиз.
Давлатимизнинг келажаги учун биз ички барқарорлик ва умуммиллий бирлигимизни сақлаб, мустаҳкамлашга мажбурмиз.
Ҳурматли ҳамюртлар!
Бизнинг яқин келажакдаги асосий тамойилларимиз шулардан иборат. Қозоғистоннинг асосий бойлиги – Юртимизнинг фуқаролари. Сизларнинг фаровонлигингиз – менинг Президент сифатидаги бош мақсадим ва ниятим. Шу боис ҳам, менинг навбатдаги ташаббусларим, энг аввало, халқимизнинг фаровонлигини юксалтиришга бағишланади.

Биринчи ташаббус

Энг кам ойлик даражасини қайта кўриб чиқадиган пайт келди, деб ҳисоблайман.
Бу – бир томондан ўта муҳим макроиндикатор бўлса, иккинчи жиҳатдан ҳар кимга ҳам тушунарли кўрсаткич.
Бизда энг кам маош миқдори 2018 йилдан буён ошгани йўқ. Коронавирус туфайли жаҳон инқирози аҳоли даромадига салбий таъсир кўрсатди. Шу жумладан, Қозоғистон энг паст маош даражаси бўйича МДҲ мамлакатларининг қатор давлатларидан ортда қолди.
Шу боис ҳам, 2022 йил 1 январдан бошлаб энг кам маошни айни дамдаги 42,5 минг тенгедан 60 минг тенгегача ошириш тўғрисида қарор қабул қилдим.
Бу чора бир миллиондан зиёд кишига бевосита, барча меҳнаткашларга эса билвосита таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, ҳажми бугун эълон қилинаётган маошнинг 30, баъзида эса 40 фоизгача етадиган “соядаги” жамғармасини камайтиради.
Энг кам маош миқдорини ошириш ички истеъмолнинг ўсишига олиб келади, иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади. Таҳлилчиларнинг баҳолашларича, бу ички ялпи маҳсулотни 1,5 фоизга орттиради.
Бундан ташқари, энг кам ойлик маошни солиқ, ижтимоий ва бошқа соҳаларда ҳисоб кўрсаткич сифатида ўринсиз фойдаланишни бекор қилиш керак.
Ҳукумат ва Парламентдан йил охиригача зарур ўзгаришларни қонунчиликка жорий этиб, уни келгуси йили январь ойида кучга киришини таъминлашини сўрайман.

Иккинчи ташаббус

Қозоғистонда 6,5 миллиондан зиёд киши ёлланма ишчилардир. Буни ўзингиз жуда яхши биласиз. Уларнинг асосий даромад манбаи – маош.
Меҳнат ҳақини тўлаш жамғармасининг ўсиши сўнгги 10 йилда корхона даромадларининг ўсишидан деярли 60 фоиз ортда қолди. Шу боис Ҳукумат бизнесни ўз ишчиларининг маошини оширишга рағбатлантириб, “оқилона” чораларни ишлаб чиқади.
Ходимларининг маошини оширган иш берувчилар созланадиган харид тизими доирасида имтиёзларга эга бўладилар. Шунингдек, улар давлат томонидан фаол қўллаб-қувватланади.

Учинчи ташаббус

Меҳнат ҳақини тўлаш жамғармасига тушадиган салмоқ тушунарли ва содда бўлиши жоиз.
Бу, айниқса микро ва кичик тадбиркорлик соҳасида аниқ сезилади.
Бундай бизнес учун жамланма салмоғини 34 фоиздан 25 фоизга пасайтириб, маош тўлаш жамғармасидан ягона тўлов жорий этишни таклиф этаман.
Бу бизнеснинг минглаб ходимларини “соядан чиқариш”га рағбатлантиради. Шундагина улар пенсия, ижтимоий ва тиббий суғурта тизимининг тўлиқ иштирокчисига айланади. Ушбу масалада ҳайбаракаллачиликка йўл бериб бўлмайди. Бизнеснинг фаолиятида тўхташ ва харажатларнинг бўлмаслиги учун тегишли тўлов тизимини тайёрлаш зарур. Янги тизим 2023 йил 1 январдан бошлаб ишлаши керак.

Тўртинчи ташаббус

2020 йилдан бошлаб 600 мингдан зиёд педагог ва шифокорнинг, ижтимоий соҳа ходимларининг маоши ошди.
Бироқ, бюджетдан молиялаштириладиган бошқа соҳа ходимлари бундан четда қолди.
Улар – маданият, музей ходимлари, кутубхоначилар, техник ходимлар, қўриқхона ходимлари, ҳайдовчилар ва бошқалар. Шу боис ҳам 2022 йилдан 2025 йилга қадар давлат ўша тоифадаги ходимлар маошини йил сайин ўрта ҳисобда 20 фоизга оширади.
Умуман, яна 600 минг ҳамюртимиз бу ташаббус эзгулигини кўради.

Бешинчи ташаббус

Уй-жой фуқароларимиз учун доим бош масала бўлиб келган. “Бошпана хит” ва “7-20-25” сингари бошпана дастурларининг муддати яқинда поёнига етади.
Шу билан бирга, бозор ипотека миқдори ҳамон юқори ва аҳолининг барча қатламига бирдек ҳамёнбоп эмас.
 Шунинг учун ҳам ягона бошпана дастури тайёрланади. Миллий тараққиёт институтига айланадиган “Отбасы банкі” унинг маъмури бўлиб белгиланади. Банк олдида “бир дарча” тамойили бўйича ҳисоб юритиб, фуқароларга бошпана ажратиш вазифаси турибди.
Мен бунга қадар пенсия жамғармасини муддатидан аввал фойдаланиш тўғрисидаги ташаббуснинг ижобий таъсири ҳақида сўз юритдим.
Шунингдек, бу қадам одамларнинг иш берувчилардан маошини шаффоф тўлашни талаб қилиш имконини берди.
Бу жараённи қўллаб-қувватлаш учун уй-жой харид қилиш мақсадида “Отбасы банкі”даги ҳисоб рақамига пенсия жамғармасининг бир қисмини ўтказишга рухсат бериш керак, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, бу қадам аҳолининг пулни тежаш ва уни оқилона сарфлаш имконини беради.

Ҳурматли депутатлар!
Еттинчи чақириқдаги Парламент ўзининг биринчи сессиясида 63та қонун қабул қилди. Кўш палата бирлашиб, юртимизда тизимли ўзгаришлар ва ислоҳотлар ясашга зарур қонунчилик асосни шакллантирди. Бугун Парламентнинг навбатдаги сессияси бошланади. Олдимизда кўплаб муҳим мажбуриятларимиз турибди. Ҳар бир қонун лойиҳасини атрофлича ўрганиб чиқиб, уни сифатли тайёрлаш керак. Сизлар халқнинг манфаати учун доим қатъиятлилик кўрсатишингиз жоиз. Ҳар бир қарор юртнинг эҳтиёжини ҳам, давлатнинг имкониятларини ҳам эътиборга олиб, қабул қилиниши жоиз. Ушбу масъулиятли ишда сизларга муваффақият тилайман!

Қадрли ҳамюртлар!
Бизнинг йўналишимиз – мустаҳкам, мақсадимиз – аниқ. Энг муҳими, ушбу мақсадга эришиш учун нима қилиш зарурлигини яъши биламиз. Аниқ режа қилиб, уни амалга оширмоқдамиз. Биз барча эзгу ташаббусларни амалга оширамиз. Ҳар қандай тўсиқни бартараф этиб, қийинчиликни енгишга тайёрмиз. Давлат раҳбари сифатида мен халқ манфаати йўлида куч-ғайратимни аямайман.
Олдимизда турган мажбуриятларни бажариш учун давлат хизматчилари ва бутун жамият яхлит эл сифатида сафарбар этилиши жоиз. Акс ҳолда, эртага кеч қолишимиз мумкин.
Бутун жаҳондаги аҳвол ўзгарувчан ва хавф-хатарга тўла. Менимча Давлат раҳбари йўналишига шубҳа билан қарайдиган, ишлаш қўлидан келмайдиганлар, Президентнинг топшириқларини бажаришдан бўйин товлайдиганлар хизматдан кетишлари керак.
Ҳозир биз эл тараққиётининг ҳал қилувчи даврига қадам ташладик.
Давлат девони яхлит тузилма сифатида ишлашга мажбур. Шундай бўлган ҳолдагина биз кўзлаган мақсадларимизга эришамиз.
Қудратли давлат бўлиш учун миллатнинг якдил бўла билиши жуда муҳим.
Ҳақиқатан ҳам бирлашган ютади.
“Тотувлик бор жойда бахт ҳам бирга бўлади”, деб, халқимиз бежиз айтмаган.
Бизнинг куч-қувватимиз – баракали бирликда!
Эндиликда, бирлигимизни мустаҳкамлаб, юрт равнақи, юрт истиқболи учун меҳнат қилайлик!
Муқаддас Ватанимиз абадий яшасин!

2021-09-02, 04:45 229
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.