26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Бойчечак'' – нурли мактуб

Бошимизга синов тушса, одатда, норози бўламиз ва ҳаётимиз, бутун борлиғимиз Аллоҳники экани ёдимиздан чиқади. Тақдир зарба берганда эса, Яратганни излаймиз... 

Жамиля Бахтиярқизи асли Тўлебий туманидан. Ҳозирги кунда Л. Гумилёв номидаги Қозоқ Миллий давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олмоқда. Унинг илк китоби – “Бойчечак”нинг ўз тарихи бор...

Жамиля 10 ёшида қаттиқ хасталаниб, шифохонага тушди, тиббиётга номаълум дард билан курашди. Унинг эсдаликларида бу кураш ойма-ой, йилма-йил аниқ кўрсатилган. Шу тариқа, ижодкор қизнинг қаламидан теран фикрлар тўкила бошлади: “Яшашга интилдим. Чунки мен бола эдим... Дардим билан тинмай курашдим... Шунинг учун Яратувчига шикоят қилмайман, деб қарор қилдим”, деб ёзади у.

“Бойчечак” – Аллоҳга ёзилган нурли мактуб. Китоб жайдари, бироқ ғаройиб жиҳатлари билан қадрлидир. Шунинг учун у ҳар қандай инсон, айниқса, ёшлар учун жуда муҳимдир. 

Китобга “Ишонч. Кураш. Ғалаба” дея иккинчи ном қўйилган. Зеро, қатъий ишонч ва ҳаёт учун кураш, тўхтовсиз изланиш ва интилишларгина одамни ўз олдига қўйган мақсадлари сари етаклайди. 

“Дарди билан мардоновор курашган қизалоқнинг ҳаёт йўли барчага ибрат. Бу китоб елкасига тушган мусибатни сабр-тоқат билан енгиб ўтган нафис қалбнинг ифодасидир. “Бойчечак” – қисмат даъвати билан ёзилган китоб”, деб ёзади сўзбошида Қозоғистон Республикасининг маданият арбоби, ёзувчи, “Өнер” нашриёти директори Аширбек Кўпиш.

Жамилянинг ушбу китоби яқинда ўзбек тилида чоп этилди. Ёш ижодкорнинг изланишлари самарали бўлишини тилаб қоламиз!

 

БОЙЧЕЧАК

(китобдан парча)

Янги ёшим яхшиликлари билан келди. Йилдан-йилга соғлигимни тиклай бошладим. Иккинчи босқичда ўқирдим. Баъзи кунлари, ҳатто эрталабдан кечгача университетдан чиқмай, таҳсилдан ташқари ўзга лойиҳаларда ҳам иштирок эта бошладим. Дори, шифо олиш деганга ўрганиб, кундалик ташвишларни унутдим. Атрофимдагилар, замондошларим, ўқишим хасталигимни, ҳолсиз эканимни унуттирди. Дардим олисдан қўл силкиб тургандек эди. “Чарчаб, беҳол бўлганнинг ўзида ярим соат дам олсам, қувватим ўз ҳолига келади”, деб ўзимни бошқаришни ўргандим.

Оғир дард билан тўқнашганда бу ҳам муҳим. Хаёлларининг тозалиги, юрагингнинг умид учқунини байроқ қилгани, ҳаётга чанқоқлик бу йўлда энг улкан мададкорим бўлди.

Шу йилдан бошлаб кунига уч-тўрт марта қабул қиладиган дориларимни миқдорини камайтирдик. Ишондим. Чексиз ишондим. Бир куни аччиқ дорининг таъмини ҳам, номини ҳам унутишимга ишондим. Бандамизку, яширишнинг ҳожати йўқ, ёшлик чоғимнинг ҳаёт довонларида учраган афсус ва надоматларни ёддан чиқариб, қалбимнинг майлига алданган лаҳзаларим ҳам бўлди. Аллоҳ билгувчи! Ҳар тонг отиб, мускуллари аслига келган, оппоқ чеҳрамни пардозлаб, сочимни тараб, ойнанинг олдида эркаланганим сари бўйнимдаги тиртиққа кўзим тушарди. Бир неча йил аввал шу жойдан ўпкамга ҳаво юборадиган махсус ускуна турарди, кўз қорачиқларим ҳар тарафга аланг-жаланг, лабларим ширин табассумдан мосуво бўлиб, томоғимдан овқат ўтмас, юзимнинг шиши ориқ танам билан мутаносиб келмай, афт-ангорим қайғудан қорайиб кетганди.

Шу ўйлар мени “тавба”га келтириб, бугунги куннинг қадрини билдирди.

Ҳозир ўн саккиздаман. Ёшликнинг шодмонлигига қониб, новдадан энди чиққан баргдекман. Дарддан фориғ бўляпман. Улғаймоқдаман. Дард билан ёшликда эмас, болалигимда курашганимга розиман. Дард қай ёшда бўлмасин, жуда оғир. Бироқ болалигингда жонингнинг оғригани, баъзан билинмайди.

Ҳар тонг соат бешда уйғонаман, университетга ошиқаман. Йўлда тонг шафағи менга салом бериб, қуёш нури юзимни қитиқлайди. Илгари дийдоримга қуёш ҳам ҳуркиб қарарди. Нега дейсизми? Бу менинг ўз фикрим эди. Бошимдан оёғимгача ғафлат босганда қуёшга қарашга ҳам баҳол эдим. Ҳозир тушунганим – ҳар одамнинг қуёши ўзи билан экан. Адашганда, янглишганда, олға етаклайдиган ўша қуёшгина. Ҳар ким ўз ёруғлигини ўзи билади. Менинг ёруғ куним ҳаётга чексиз муҳаббатим бўлди. Ўша кунларда чеҳрамни босган қоронғулик юрагим ва вужудимга ета олмади.  Бугун ҳам Аллоҳдан сўрайдиганим шу: “Юрагимдаги шу чироқ сўнмаса эди...”

Ўн саккиз ёш билан ҳам хайрлашдим. Дуоларим яна қабул бўлди. Ўн тўққиздаман.

Жамиля БАХТИЯРҚИЗИ

З. МЎМИНЖОНОВ., 2023-01-21, 04:01 5437
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.