Шаҳло Норалиева, илмий доираларда ўзининг муносиб ўрнига эга, юртимизда миллатлар ўртасида ҳамжиҳатликка чорловчи тадбирлар билан чекланиб қолмай, ҳалқаро даражадаги нуфузли анжуманлар ташаббускори, дунё олимлари диққат-эътиборида бўлган мавзуларда таниқли фан арбобларини Қозоғистон ўзбеклари жипслашган Шимкентга чорлаб, мутахассислар эътиборини ўзбек тилини ривожлантириш масалаларига қарата олган ҳамда фан муаллимларининг илмий даражасини юксалтириш, унинг хайрли эртаси ташвишида жонбозлик кўрсатаётган талабчан, серғайрат ва журъатли олима ҳамда она тилининг софлиги учун курашаётган устозлар сирасидан. Ж. Ташенев университетининг Халқаро ҳамкорлик ва академик мобиллик бўлими бошлиғи, профессор ўқитувчи сифатида “Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчисини тайёрлаш” бакалавр, “Ўзбек тили ва адабиёти педагогларини тайёрлаш” магистратура босқичлари таълим дастурларининг муаллифи, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Нафақат Қозоғистонимизда, қўшни мамлакатларда ҳам танилган суҳбатдошимиз Қозоғистон ўзбекларининг она тилини ривожлантиришига залворли ҳисса қўшиб келаётган Шаҳлохон Жамол қизи билан суҳбатимизни касбий фаолиятига тўхталишдан аввал оилавий қадриятлар сингдирилган болалигидан бошладик.
– Инсон бирон касбга меҳр қўйишида болаликдаги орзулари унга қанот бағишлайди дейишади. Устозликни танлашингизда подшолик даврининг хизмати қандай?
– Муаллимликни тақдиримдаги иқтидор деб биламан. Бошланғич синф муаллимам “катта бўлганингда ким бўласан?” дея савол берганларида ҳеч иккиланмай, ўйлаб ҳам кўрмай “ўқитувчи бўламан”, деб жавоб берганман. Бошланғич синф муаллимларига жуда улкан масъулият юкланиши ҳам балки, шундандир. Зеро, уларнинг бола қалбига тўғри йўл топа олиши ҳам келажакда тўғри касб танлашида йўриқчилик вазифасини ўтайди. Ҳатто 5-синфда ўқиётган пайтимда менга ҳам оналик, ҳам опалик қилган Нурхон опамнинг юқори синф ўқувчиларининг дафтарларини, диктантларини текшириб беришда ёрдамлашардим. Ҳамма фанлардан “аъло”га ўқисам ҳам афсуски, имтиёзли гувоҳномани ололмаганман. Вақт ўтиши билан бундай қотиб қолган қараш – ўқитувчининг фарзандларига нисбатан қўлланилишини камолга етиб англадим. Дафтарларим топ-тоза, барча топшириқлар бажарилган, бирон жойи қизил сиёҳ билан тўғриланмаган, айниқса, алгебра севимли дарсим. Бироқ “тўрт” баҳо қўйиларди. Ички туғён, норозилик руҳан эзса-да, исён қилмаганман. Ҳатто ўқитувчиларим синфдошларимга янги мавзу берилган дарсни ўтказишга рухсат беришарди. Демак, ўқувчининг салоҳияти етгани боис бунга рухсат беришган. Энди тасаввур қилинг, тенгдошларимга сабоқ бериш баробарида, қониқарли баҳо билан чекланардим. Ўша даврда устознинг фарзанди бўлиш фахр бўлса, баъзи жиҳатларда бола бундан азият ҳам чекар экан. Болалигимдан 10-20 саҳифалаб шеърлар, достонлар, ғазалларни ёд олардим. “Нидо” достонини, ўша давр талабига кўра “Ленин ва печкачи” шеърини тадбирларда ёддан ифодали ўқиганман. Шеър ўқишга қизиқишим падари бузрукворимдан юққан. Отам Жамолиддин Шарофиддин ўғли соҳир овоз соҳиби, шоиртабиат инсон бўлган. Асли касби зироатшунос бўлса-да, туғма нотиқ эди. Бирон бир тўйда, оилавий йиғинларда сўзга чиқсалар, мутафаккирларимиз, ўзбек адабиётининг буюк намояндаларининг ғазаллари, ҳикматларидан иқтибос келтириб, суҳбатдошларига мағзини чақиб берардилар. Фарзандларига уй юмушларини буюрса ҳам, қофияли сўзлардан фойдаланардилар. Мени “Шоҳмалак” деб атардилар. Волидаи муҳтарамамга келсак, шоира Зулфияхоним таъбири билан айтганда “остона ҳатлаб кўчага чиқмаган аёл”. Ўта камтар, камсуқум, умр йўлдошини пир даражасига кўтарган ва шундай деб фарзандлари қалбига сингдирган мўътабар она. Ота-онам фарзанд ота-онасини қандай ҳурмат қилиши, эъзозлашини амалда муносабатлари билан намойиш этишган экан бизга. Оилада шукрки, 11 фарзанд вояга етдик. Ота виқори, салобатидан биз овоз кўтариб ҳазиллашишга ҳам ҳаддимиз сиғмай камолга етдик. Тасаввур қилинг, 11 фарзанднинг жанжал-тўпалони у ёқда турсин, овози ҳам чиқмаган. Онадан эрта айрилган бўлсак-да раҳматли жуда кўп нарсаларни бизга ўргатиб кетишга улгурган эди. Онам олий маълумот олмаган бўлсалар ҳам, ўзбек халқ эртаклари, латифалар, ҳикматларни бизга ўргатди. Авлодлари эшонлар, илм аҳиллари бўлганлиги бевосита, биз, фарзандларидаги билим ва кўникмаларини мерос қолдирган – шакллантирган бўлса ажабмас... Ҳам устозлик, ҳам оналик қилган тўнғичимиз Нурхон опамдан миннатдорман. Шеъриятга, она тилига бўлган муҳаббат мени 1991 йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетига етаклади. Ушбу табаррук даргоҳда Лазиз Қаюмов, Анвар Ҳожиаҳмедов, Норқул Бекмирзаевлардан сабоқ олганимдан фахрланаман. Олийгоҳга келиб илмий даража ёқлаганимда филология ёки педагогикани танлашим мумкин эди. Мен педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эришдим. Услубиятчи муаллима бўлганим боис нуфуз танламадим. Таним ва жоним бўлган педагогика ва услубиятни танладим. Ва бу мен учун шараф.
– Бундан роппа-роса 4 йил муқаддам ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг ўзбек тилида таълим берадиган мактабларда танқислиги масаласини “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетасида куйиниб кўтарган эдингиз. Орадан йиллар ўтди. Бу вақт мобайнида нималарга эришдик?
– Ўқитувчилигимнинг ҳар бир кунига розиман. Буни вазифам деб биламан. Она тилини ривожлантириш, уни соф ҳолда сақлаб авлодларга етказишни бурчим, деб ҳисоблайман. Шаҳар таълим бошқармаси, сўнг вилоят таълим департаментидаги услубиятчилик фаолиятим давомида вилоят мактабларидаги ўзбек тили муаллимлари билан ишлаб, уларни қийнаётган муаммолар билан яқиндан танишдим. 2017 йили 136та ўзбек тилида таълим берадиган мактаблар мавжуд бўлиб, уларда таълим мазмуни янгиланди, янги дарсликлар билан таъминланди. 5-11 синф учун дарсликлар тайёрланди, муаллимлар учун услубий қўлланмалар ишлаб чиқилди. Бу, албатта, осон эмас. Мактаблар, улардаги устозларнинг илмий салоҳиятини ўрганиб, таҳлил қилиб чиқдим – яқин беш йилдан сўнг ўзбек тили муаллимларининг 70 фоизи нафақа ёшига етар экан. Уларнинг изидан келаётган ёш муаллимлар йўқ ҳисоби. Нима қилиш керак? Бу ахир муаммо-ку. Ўша таҳлиллар, олий таълимдаги ёндашувни ўзгартириш жоизлигини онгимга сингдириб борди. 2021 йилга қадар тилимизга, она тили муаллимларига нисбатан қандайдир қотиб қолган қарашлар мавжуд эди. Тилимиз мутахассисларига эҳтиёж кун сайин камайиб борарди. Самарали ёндашувгина ушбу масалани ижобий ҳал қилиши мумкин эди. Қулай вазият шуни тақозо этди. Вақт шуни кўрсатдики, бунга катта эҳтиёж мавжуд экан. Таълим дастурларининг муаллифи сифатида кўп семинарлар ўтказдик. ЖҚДУдаги талабалар билан фаолиятим даврида олган тажрибам қўл келди. 2019 йилда Ў. Жанибеков номидаги ЖҚДУда 25 нафар ўзбекистонлик талабалар билан иш бошлаган эдик. Халқаро ҳамкорлик доирасидаги самарали фаолият натижадорлиги, йиллар давомида шаклланган имиж, яратилган шарт-шароитлар туфайли янги Ж. Ташенев ОТМга таклиф этилишимга сабабчи бўлди. 2022 йили 6 нафар талаба билан очилган йўналишда айни дамда 140 нафар талаба таълим олмоқда. Бу икки йиллик фаолиятимиз натижаси. Қозоғистонда илк бор 2023 йили ўзбек тили ва адабиёти педагогларини тайёрлаш магистратура босқичи очилди ва унда 25 нафар магистрант таҳсил олмоқда. Тилимизга нисбатан қотиб қолган салбий назар тинимсиз меҳнат, халқаро ҳамкорлик туфайли парчаланди.
– Ж. Ташенев ОТМдан ташқари бошқа илм даргоҳларида ҳам ўзбек тили ва адабиёти мутахассислари тайёрланади. Бу йўналишда рақобат мавжуд ва бу қувонарли ҳол. Айнан Шаҳло Норалиева фаолият юритаётган илм масканини излаб келаётган фаол ва иқтидорли ёшларни учратяпмиз. Бўлғуси устозлар билим бозоридаги айнан ушбу даргоҳни нима учун танлашяпти?
– Ўқитувчилик соҳасида фаолиятим 35 йилни ташкил этса, ўн йилдирки ОТМда талабалар билан фаолият юритяпман. Ҳар янги ўқув йилида ҳар бир йўналиш учун таълим дастурини янгилаймиз. Бунда нафақат профессор-ўқитувчилар, балки мактаб ўқитувчилари, талабалар мулоҳазалари билан иштирок этишади. Мақсад – ўқитиладиган фанлар бугунги кун талабига жавоб бериши керак. Масалан, олий таълим дастурида иш берувчилар ҳам иштирок этишади. Ваҳоланки, биз етиштириб бераётган муаллимларимиз, аввало, мактабларда фаолият юритишади. Демак, уларга мактаблар эҳтиёжманд ва улар замонавий кўникма ҳамда малака соҳиблари бўлиши учун қандай зарур фанларни киритишимиз жоиз? Буларнинг ҳаммаси эътиборга олинади. Ўқитувчи фаолиятининг самарадорлиги нафақат унинг билими, балки нутқига узвий боғлиқ. Ўқитувчида нутқ маданияти шаклланган бўлиши жоиз. 2023-2024 ўқув йилидан эътиборан “Нутқ маданияти ва нотиқлик санъати” фанини киритдик. Демак, биз таълим бераётган муаллимларимиз нотиқлик санъатини ҳам ўзлаштиришади. Шу йилдан ”Ўзбек тилининг орфографияси ва пунктуациясининг долзарб масалалари” фанини ҳам киритдик. Саводхонлик долзарб бўлганлиги боис унга ҳам эҳтиёж катта. Айни дамда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчисини тайёрлаш “IT ва чет тиллари факультети” нинг ўзбек тили кафедраси орқали амалга оширилмоқда. Унда 4 нафар профессор-ўқитувчи талабаларимизга таълим беради. Камина, Озодахон Мусаева, Фаррухбек Абдалиев – катта ўқитувчи, мустақил тадқиқотчилар, амалиётчи ўқитувчи Гулноза Йўлдошева ва Ўзбекистондан таклиф этилган профессор-ўқитувчилардан Ўзбекистон давлат хореография академиясининг доценти, филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамроева, шунингдек Алфраганус университети доценти, филология фанлари доктори Муяссар Сапарниёзова талабаларга сабоқ берамиз. Улардан ташқари университетнинг академик мобиллик дастури бўйича ҳамкор университетлардан А. Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университети, Андижон Давлат педагогика институтининг қатор профессор ўқитувчилари ҳам талабаларга дарс беришади. Туркиянинг Элязиқ шаҳридаги Фират университети билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Профессор-муаллимларимиз малака ошириб қайтишди. Шунингдек, яқинда қўшни Ўзбекистон ОТМларининг талабаларига дарслар ҳамда профессор-ўқитувчиларига семинарлар ўтказиб қайтдик.
– Ўз она тилини билмайдиган болаларни бошқа тилларда ўқитишга ишқибозмиз. Бола оилада барибир она тилида гаплашадику, қанча хорижий тилни ўрганса, шунча яхши деймиз. Бу таълим бериш услубиятида қандай баҳоланади? Талай йиллар умрини она тилимиз ривожига бағишлаган мураббий сифатида бу борада фикрингиз қандай?
– Бу оммавий маданиятга эргашаётганимизнинг оқибати. Даставвал, болага ўз она тилини, қайси миллатга мансуб бўлса, ўша тилни ўргатиш жоиз. Бу қадриятларни сингдиришнинг илк қадами. Бошқа тилларни, қизиққан фанларни қўшимча ўрганиб олиш эса муаммо эмас. Инсон қайси ёшда бўлмасин, ўз қадриятларини улуғлайди, ўз она тилидаги асарлар, қўшиқлар, куй-наволарни қўмсашни бошлайди. Ва бу табиий ҳол. Майли ҳозирги болалар буни англамас. Бироқ инсонда ўзлигини соғиниш ва унга кучли интилишни ҳис қиладиган пайт қачондир келади. Ва ўша эҳтиёжининг таъминотини у руҳан кутади ҳам. Миллат ўзининг миллийлигини кўришни истайди. Асл миллийлигини кўрган одам ундан завқ олади, болалиги ва ёшлигига қайтади. Жаҳонда устозлик касбига бўлган кўз қараш умуман бошқача. Ҳазрат А. Навоийнинг бир ҳарф ўргатган устозга бўлган эҳтироми борасидаги мисраларини эсланг. Афсус, муаллимликка моддийлик нуқтаи назаридан қараймиз. Агар ўқитувчи биринчи навбатда ўз касбини севса ва уни шогирдларига меҳр-муҳаббат билан етказса, унинг мавқеи сўзсиз ўсади. Афсус, ўқитувчилик касбига тирикчилик, деб қарайдиганлар кўп. Ушбу касб соҳиблари мавқеини ошириш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Касб эгалари уч мақомга эга – дарс берувчилар, ўқитувчилар ҳамда устозлар. Касбига фидойилик маошга қарамайди.
– Таниқли ва ҳурматли олим Қозоқбой Йўлдошнинг машҳур иқтибоси бор – “Ўзбек тилини ўзбеклардан ҳимоя қилиш керак”. Сиз кимдан ҳимоя қилган бўлардингиз?
– Ўзлигини англамаган, ўзлигини қадрламаган, ўзини буюк бир аждодларининг авлоди сифатида қабул этмаган инсонлардан асранг, деган бўлардим. Буюк бобакалонларимиз деб А. Навоий ҳазратларидан тортиб буюк аждодларимизга қадар исмларини ипга маржондек териб санаб беришимиз мумкин. Исмлардан фахрланамиз, холос. Бироқ уларнинг даҳо эканликларини, халқининг маърифат, маънавият йўлидаги залворли хизматини адо этган, юкини кўтарган буюклар эканлигини ҳис қилмаймиз. Нима учун асрлар ўтса-да, улар улуғворлигини йўқотмаяпти? Улар дунё тургунча турибди. Нафақат уларнинг исмларидан фахрланиш жоиз, уларга муносиб авлод бўлиш йўлида жидду-жаҳд қилишимиз даркор. Ҳар бир инсон ўзининг ўзлиги, тили ва маданиятининг бошқаларникини такрорламайдиган ўзгачалиги билан қизиқ ва жозибали. Бугунги кунда фарзандларини ўзбек тилида ўқитмаётган ота-оналар кўп нарсани йўқотишяпти. Ўзбекнинг тарбияси, маданияти, ахлоқига жаҳонда эҳтиром катта. Биз уни, афсуски, англамаяпмиз. Бобурни танимайдиган ёшларимиз қанча. Баъзилар фикрича, “Ҳиндистондаги бир шоҳнинг бизга нима алоқаси бор”, бунинг манқуртлик эканлигини ҳатто ҳис қилишмаяпти. Тўғри, она тилидаги адабиётларни фарзандлари билан мутолаа қилиб, улар билан бирга муҳокама қиладиган оилалар бу йўқотишни тўлдириши мумкин. Лекин аксар ота-оналар умуман китоб мутолаа қилишмайдику. Ҳозирги кунда, афсуски ота-оналик масъулиятини тамомила мактабга ортиб қўйган. Миллийлик, ахлоқ, тавозеъни боласига ўргатишга уларнинг вақти ҳам йўқ, 45 дақиқада салкам 40 ўқувчи дарс қилаётган синфхонада муаллим бунга қандай улгурсин? Бизга ота-оналар мактаби ҳаводек зарур. Ота-она ўзаро муомала маданиятини ўрганиши жоиз. Биз ҳали фарзанд тарбияси ҳақида гапирмаяпмиз. Чиройли муҳит гўзал ахлоқли авлодни вояга етказади. Ҳар миллатнинг ўзига хос қочиримлари, иборалари, коса тагида нимкоса ташбеҳлари бўладики, уни энг зўр таржимон ҳам сизга етказиб бера олмайди. Бундай ҳолат фақат ўзбекка хос, уни ўзбек англайди. Навоийни англамаган, тафаккур қилмаган инсон менинг наздимча ўзбек эмас.
– Жорий йилни Давлатимиз раҳбари “Ишчи касблари йили” деб эълон қилди. Ушбу касблар соҳиблари сафларини кенгайтириш, уларнинг оғир меҳнатини қадрлашга алоҳида урғу берилмоқда, тарғиб қилинмоқда. Оддий ишчи она тили ривожига қандай ҳисса қўшиши мумкин?
– Жамиятнинг ҳар қандай аъзоси она тили ривожига ўша тилда гапириши билан ҳисса қўшади. Имкон қадар соф тилда бошқа тиллардаги сўзларни аралаштирмай, она тилидаги асарлар мутолаа қилиши орқали ҳисса қўшиши мумкин. Бир китобнинг бир қанча саҳифаларини мутолаа қилган инсон умуман китоб ўқимайдиган шахсдан, ўзининг кечаги нусхасидан фарқ қилади.
– Сизнинг наздингизда ҳар бир ўзбек ўқиши жоиз бўлган 5 асар.
– Келинг, А. Навоий ҳазратларининг “Хамса”сидан бошлайлик. Бунда ўқувчи нима учун бу дунёга келганини ва унга Яратувчи томонидан юклатилган вазифаларни тафаккур қилади. Бу асарларни мутолаа қилиб, англаётган инсонлар умуман руҳиятшуносга эҳтиёж сезмайди. 1001 саволингизга жавоб унда тайёр. Иккинчи китоб – З. Бобурнинг “Бобурнома”си. Учинчиси – Эркин Воҳидовнинг шеър ва достонлари. Шоирнинг машҳур ибораси бор “халқдан олиб халққа бермоқдур ишим”. Бешинчиси – Абдулла Орипов қаламига мансуб шеър ва достонлар. Бешта асар рўйхатини янада кенгайтириш керак. Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини ўқимаган ўзбек ўзбекми? Ушбу китобларни нафақат ўқитувчиларимиз ўқиши, балки ўзбекона тафаккур қилиши шарт деб биламан. Оддий китобхонга келсак, севимли адибимиз Саид Аҳмад асарларининг аҳамияти катта. Пиримқул Қодиров асарлари, Темурий маликаларини асарларида жонлантираётган Шаҳодат Исахонова, Муҳаммад Юсуф шеърларидан илҳомланиш жоиз. Ҳалима Худойбердиева ижодидан руҳ олади. Замонавий шоираларимиздан Зебо Мирзонинг мисраларидан ҳақиқат топади. Ўткир Ҳошимовнинг асарларини ўқимаслик мумкинми?
– Олимлар билан суҳбатлашиш улуғ неъмат. Мутафаккирлар олимларни юлдузларга менгзашгани бежиз эмас. Тилимиз равнақига узоқ йиллар самарали ҳисса қўшишингизга тилакдошмиз. Суҳбатингиз учун раҳмат!