26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қозоқ мумтоз адабиётининг ёрқин намояндаси

Қозоқ адабиётининг классик ёзувчиси, Туркистон вилоятининг фахрий фуқароси, Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоб, Халқаро “Алаш” мукофоти совриндори, “Құрмет” ва “Парасат” орденлари, кўплаб медаллар соҳиби Мархабат Байғут ҳаёт бўлганида жорий йил 80 ёшни қарши олган бўлар эди. Афсуски, у 2022 йили 77 ёшида оғир хасталик туфайли вафот этди. Таъкидлаш жоиз, элнинг эҳтиромига сазовор бўлган атоқли ёзувчининг юбилей тантаналари Туркистон вилоят ва Шимкент шаҳар  ҳокимликлари ташаббуси ва қўллови билан амалга оширилди. 

Мархабат оғанинг асарлари ўзбек китобхонларига ҳам яхши таниш. Адибнинг асарларини ўзбек ўқирманларига етказишда таниқли ёзувчилар Носир Фозилов ва Меҳмонқул Исломқулов, шунингдек, ҳамюрт ижодкорлар Абдираҳим Пратов, Зокиржон Мўминжонов, Долимжон Сайфулло, Абдурауф Абдуғаффоров, Баҳодир Оташ, Победа Абдазимова, Комилжон Солибековлар баракали ҳисса қўшишди. Жумладан, шу кунгача ёзувчининг ўзбек тилида “Ҳокимнинг аёли”, “Мосуво Журноқ”, “Ёлғиз турна” каби китоблари чоп этилган.  

М. Байғутнинг 80 йиллик юбилейига бағишланган тадбирларнинг биринчи куни Туркистон шаҳридаги “Фараб” илмий-оммабоп кутубхонасида “Мақоми ўзгача Мархабат Байғут” мавзуида халқаро анжуман билан бошланди. Тадбирни “Мархабат Байғутга 80 йил” лойиҳаси раҳбари, “Медиакратия” жамоат бирлашмаси раиси Ғалимжан Елшибай очиб, анжуманга Астана, Алмати, Шимкент шаҳарлари, Жамбил, Қизилўрда, Алмати  вилоятлари, қўшни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркиядан нуфузли меҳмонлар, давлат ва жамоат арбоблари, адабиётшунос олимлар, депутатлар ташриф буюрганини таъкидлади. 

ҚР Миллий академиясининг академиги, ҚР Парламент Сенатининг депутати Дархан Қидирали тадбир аввалида ҚР Президенти Қ. Тўқаев, ҚР Парламент Мажлиси ва Сенатининг раислари Е. Қўшанов ҳамда М. Ашимбаевларнинг табрик мактубини ўқиб, эшиттирди. Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари Бейсен Тажибаев анжуман интирокчиларига вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеровнинг табригини ўқиб, эшиттирди.

“Қазақ газеттері” МЧБ президенти, ҚР МФАнинг академиги Дихан Қамзабек ҚР Ахборот вазири А. Балаеванинг табригини ўқиб, адибнинг серқирра ижоди ҳақида маъруза қилди. 

– “Мархабат Байғут ижодининг асосий хусусиятларидан бири – ўзи яшаган замон ва макон ҳақида, одамлар ҳақида теран фикрлаш, бу ҳақда ҳаётий, содда, бироқ аслида чуқур, теран маъноли сўзлар билан ифода этишидир. Мархабат Байғут асарларида юртга муҳаббат, инсонга ҳурмат, ҳалоллик ва самимият биринчи ўринда туради. У  “бадиий сўз”ни қадрлайди, унинг ҳар бир нуқтасини ҳис этади. Шу боис ҳам унинг сўзи қалбга  сингиб кетади.

Ҳозирги кунда ёшлар орасида ҳам Мархабат Байғут асарларини ўқиётганлар кўп. Бу – унинг ижоди миллий қадриятларга таянган, ҳақиқатни кўрсата олган ижод эканини исботлайди, – деди у.

Шунингдек, тадбирда сўз олган Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Керимхан Қадирахунов, Туркиядан келган профессор Жамила Кинажи, филология фанлари номзоди Сандуғаш Қуланова, ҚР Миллий Фанлар академиясининг академиги Ўналбай Аяшев ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси котиби Жусипбек Қўрғасбеклар М. Байғутнинг адабий фаолиятини юқори баҳоладилар.

Тадбир доирасида ташкил қилинган “Кийик ўтининг ҳиди сингган қалам” мавзуидаги кўргазмада ёзувчининг шахсий буюмлари ва ҳужжатлари, вилоятларда ўтказилган “Мархабат ўқувлари” танлови иштирокчиларининг лойиҳалари, шунингдек, ёзувчи асарлари асосида яратилган ижодий ишлар ҳавола қилинди. Анжуман иштирокчилари ёзувчи Н. Ўраз қаламига мансуб ёзувчи ҳаётига бағишланган “Мархабат” спектаклидан парча ва махсус суратга олинган ҳужжатли фильмни томоша қилишди. Шундан сўнг ушбу тадбир доирасида республика миқёсида талабалар ўртасида ўтказилган ижодий танлов ғолиблари ва совриндорларини ҳакамлар ҳайъати раиси Амирхан Мендеке, мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Мархабат ўқувлари” вилоят танлови ғолибларини эса вилоят Маданият бошқармаси раҳбари Азимхан Қўйлибаев махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирладилар.

Ўзбекистондан ташриф буюрган таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдош маърузасида М. Байғутнинг асарлари ўзбек китобхонларига ҳам яхши таниш эканини таъкидлади.

– Ёзувчиларнинг икки умри бўлади, – деди у. – Ижодкорнинг иккинчи умри унинг асарлари билан ўлчанади. Мархабат оғанинг бандалик умри ўтди. Энди унинг қаламгерлик умри бошланди. “Мен ким эдим?”, “Менинг миллатим ким?” каби саволларга жавоб топиш учун М. Байғутнинг асарларини ўқиш керак бўлади. “Таупистели таълимоти” ҳаракатини бошлаганида у ўзини туркий олам миқёсидаги ёзувчи эканини кўрсатган эди. Унинг ташаббуси билан уюштирилган “Туркийлар тўри – Туркистон!” тадбири ҳам эзгу ишларга йўллади. Жумладан, туркийларни бирлаштиришда Мархабат оғанинг ғоялари, ёзганлари асқотмоқда. У киноя, ўткир муболаға  билан ёзади, уни ўқиган сари ўзингни тафтиш қилишинг керак. “Ҳокимнинг аёли” ҳикояси Ўзбекистонда энг кўп ўқилган асарлар қаторида. Журналларда қайта-қайта босилмоқда. Унда ҳоким аёлининг уюшган жиноятга мубтало эканлиги жуда нозик дид билан очиб берилган. “Итнинг ҳуқуқи”, “Ғўзапоя” каби ҳикояларида қозоқ жамиятидаги муаммолар, иллатлар, ёвузликлар маҳорат билан кўрсатилган. Мархабат оғани ўқимоқ керак, уқмоқ керак. Дарҳақиқат, у жамиятдаги муаммоларни нозик юмор билан кўрсатиб беради. Бу асарлар билан танишиб, қозоқ ўзини танийди, туркийлар ўзларининг илдизи бир эканини англайди... 

Иккинчи куни адабий-маърифий тадбир Шимкент шаҳрида давом этди. Ў. Жанибеков номли Жанубий Қозоғистон педагогика университетида “Адабиётнинг гўзал олами” мавзуида илмий-амалий анжуман уюштирилди. Шаҳар ҳокимининг ўринбосари Сарсен Қуранбек ҚР Президенти Қ. Тўқаевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган мактубини ўқиб берди. Таниқли шоира Ханбиби Есенқараева, давлат ва жамоат арбоби Дархан Минбай, филология фанлари доктори, профессор Қулбек Ергўбеклар М. Байғут ҳақидаги хотиралари ҳақида гапиришди, шунингдек, турли мавзуларда маърузалар тингланди.   

Тадбирнинг учинчи куни Тулкибош туманида давом этиб, “Таупистели таълимоти – IV” лойиҳаси доирасида “Мархабат Байғут ва турк олами адабиёти” мавзуида анжуман ўтди. Меҳмонлар дастлаб Мархабат Байғут ташаббуси билан 1995 йили асос солинган “Шерхан Муртаза ва Носир Фозил боғи”га ташриф буюришди. Бугунги кунда ушбу боғ қардош халқларнинг дўстлиги ва бирдамлиги  рамзига айланган. 

Ушбу тадбирлар ёзувчи ижодини ўрганиш ва тарғиб қилишдаги дастлабки қадамлардир. Зеро, келгусида серқирра адиб Мархабат Байғутнинг бой ижодий меросини ўрганиш борасида залворли ишлар қилиниши жоиз. 

З. МЎМИНЖОНОВ, 2025-05-20, 20:09 89
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.