26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўзбекистонда шундай қишлоқ бор

“Жанубий Қозоғистон” газетаси бир вақтнинг ўзида ҳам Қозоғистон ўзбекларининг фахри, ҳам дунёдаги барча ўзбекзабон инсонлар учун Қозоғистон ҳақидаги ҳаққоний ва долзарб маълумотлар манбаи эканлиги сир эмас. Шу сабабли, биз мазкур мақоламизни айнан сизнинг таҳририятингизга йўлладик. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга Қозоғистон халқи Ассамблеясининг ушбу нашр орқали қўшаётган ҳиссаси беқиёс. 

Ҳар бир масканнинг номланишида ўзига хослик мавжуд. Қишлоқларнинг номланиши ҳам тарихий ҳақиқатларни ўзида мужассам этган. Қашқадарё вилояти, Касби туманидаги Хўжақарлиқ маҳалла фуқаролар йиғини таркибидаги Қозоқ қишлоғининг тарихи ҳақида ёзмоқ ниятида ташриф буюрганимизда, кексалар ота-боболаридан эшитган қишлоқ тарихи билан боғлиқ воқеалар ҳақида гапириб беришди. 

Айтишларича, қишлоқ XVI-XVII асрларда пайдо бўлган. Ўша пайтларда Бухоро амири катта кураш мусобақасини ташкил қилган. Мусобақада бир қозоқ йигити барча полвонларни мағлуб қилган. Шунда Бухоро амири ғолиб йигитга қандай истаги бўлса, бажо келтирилишини айтган. Полвон “Агар мумкин бўлса, менга бир жой туҳфа этинг, ўша жойда ака-укаларим, қариндошларим билан яшашни хоҳлайман”, деган экан. Амир ҳозирги Қозоқ қишлоғи жойлашган ҳудудни унга туҳфа қилибди. Шундан кейин бу жой обод гўшага айланади. Одамлар тўқ ва фаровон яшай бошлайди. Қишлоқдан дунёга таниқли бой-бадавлат одамлар чиқиб, элга танилади. 

Шундай бойлардан бири Бекмир эди. Бекмир қозоқ тез-тез укаси Қулмир билан қизғин суҳбатлар қилиб, ҳаёт кечиради. Вақти келиб, катта давлатмандга айланган Бекмир бир куни укасига маслаҳат солади. 

– Ука, мен бунча молу-давлатни нима қиламан? Дунёдан ўтиб кетгунимга қадар молу давлатни қўриқлаб ҳаёт кечиргунча, Қарши шаҳрига бориб, битта мадраса қурдирсам яхши эмасми? – дейди. 

Укаси: 

– Қўйинг, давлатингизни беҳуда сарфламанг. Яқинда бу юртга ўзгалар келади. Қурган мадрасангизни кунпаякун қилади ёки отхонага айлантириб юборади. Бор саъй-ҳаракатингиз беҳуда кетади, – дейди. 

Лекин Бекмир қозоқ эл-улус зиё олсин деб, Қарши шаҳрида 1911 йилда пишиқ ғиштдан икки қаватли мадраса қурдиради. 

Бино тарҳи Шермуҳаммад мадрасасига яқин. Пештоқидаги мармардаги ёзув қуйидагича: “Амир Олимхон замонида унинг саодатли раиятларидан бири Насафда мадраса бино қилди. Унинг адолатидан жаҳон жаннатга айланди. Бу киши олийҳиммат Бекмуроддир. Бу ишга беадад ганж ва ғишт сарф қилинди. Қалам унинг иморат қилган йилини ҳисоблаб шундай топади: Эй номи боқий қоладиган, дунёда яхшилик ниҳолини ўтқазгани учун қалам “Манбаъи файзи Бекмурод” (яъни “Бекмуроднинг файзли манбаи”) деб ёзди. 1329 ҳижрий сана. Ҳар бир ўқигандан дуо умид қилинади. Муҳаммад Солиҳ Самарқандий иши”.

Мадраса кўп йиллар фаолият юритган. Бино шўролар даврида, Қулмир айтганидек, ташландиқ жойга айланди. Истиқлол туфайли яна қайта тикланди. Ҳозирги кунда ҳам бу мадраса вилоят маркази – Қарши шаҳрига кўрк бериб турибди. 

Қозоқ қишлоғи ҳозирда ҳам обод. Аҳоли ХVII-XX асрларда, асосан, чорвачилик билан шуғулланган. XX-XXI асрга келиб, қишлоқ аҳли деҳқончиликни касб-кор қилиб олган. Аҳолиси салкам тўрт минг киши. Қишлоқда деҳқончилик қилиб, томорқадан яхши даромад олаётган деҳқону соҳибкорлар кўпчилик. Бунга сабаб қишлоқ ичидан катта Оби ҳаёт канали оқиб ўтади. 

Қишлоқда бўлган кунимиз томорқасидан унумли фойдаланиб, фаровон ҳаёт кечираётган Ҳамза Абдураҳмонов хонадонида қизғин иш устидан чиқдик. 

– Мен бу қишлоқда биринчи бўлиб шолғом экканман. Илк бор шолғом экканимга 25 йил бўлди. Кўпчилик қишлоқдошларим менга эргашди. Ҳосил мўл бўлди. Шундан кейин ҳамма томорқасида шолғом ва бошқа полиз экинларини етиштиришга одатланди, – дейди биз билан суҳбатда у. 

Ҳа, қишлоқдаги барча хонадонларда шолғом экилади. Қишлоқ аҳли январь ойидаёқ плёнка остига уруғ сепади. Наврўзда илк ҳосил нишона беради. Томорқаларда йил бўйи шолғом ковланиб, ички бозорга чиқарилади. 

Қишлоқ аҳли картошка, помидор, бодринг ва бошқа полиз экинларидан ҳам яхши даромад топади. Ўрик, олхўри, бодом, олма ва узум ҳамда анор етиштирилади. Йўл бўйларида манзарали дарахтлар ҳам кўп. Қишлоқ сўлим гўшага айланган. 

Бир қозоқ полвонининг ғалабаси ўзбек заминида катта бир қишлоқ пайдо бўлишига сабаб бўлган. Аҳоли зич истиқомат қиладиган Қозоқ қишлоғи кундан-кунга чирой очиб ободонлашиб бормоқда. 

Лазиз ТЕМИРОВ, Зиёдулла ҲАЛИЛОВ, Бахтиёр РАЖАБОВ, 2024-05-26, 08:56 418
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.