26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тадбиркорга мададми ё мажбурият?

Мен хусусий тадбиркорман. Кичик дўкончамда озиқ-овқат маҳсулотлари, рўзғорга зарур моллар савдоси билан шуғулланаман. Шу вақтгача хусусий тадбиркор сифатида фаолият юритиб, давлатга солиқни патент орқали тўлаб келдим. 2020 йилдан бошлаб, бу соҳада фаолият юритаётган шахсларга нисбатан солиқ режими ҳам ўзгарди, талаблар ҳам бошқача бўлди. 

Шу туфайли қатор саволлар пайдо бўлди:

Савдо дўконимга касса аппаратини ўрнатдим. Лекин ундан фойдаланишни ҳали яхши билмайман. 

Агар ундан фойдаланилмаса, жарима тўланади, дейишмоқда. Шу ростми? Аппарат бузилиб қолса, нима қилиш керак?

Мен сингари хусусий тадбиркорлар солиқни қандай тўлайди?

Солиқ амнистияси дегани нима? 

Сайёра АШУРМЕТОВА, тадбиркор.

Шимкент.

Муштарийнинг саволлари тадбиркорликда куч синаётган бошқа ўқувчиларимизни ҳам қизиқтириши табиий. Чунки мавзу ўта долзарб. Шунинг учун, имкон қадар тегишли ахборотларни жамлашга ҳаракат қилдик.

АҚШнинг собиқ президенти Рональд Рейган бугунги ҳаётимизга оид зўр фикрларни айтган эди: “Агар қонунни бузсангиз, жарима тўлайсиз, бузмасангиз – солиқ!”.

Жуда ўринли айтилган, дарҳақиқат, бугунги замонда қонун-қоидани бузган ҳар қандай фуқаро жарима тўлайди ёки бошқа жазо турлари билан “сийланади”, эмин-эркин ишлаётган фуқаро эса давлат хазинасига “улуши”ни – солиғини тўлаб туриши шарт. Шундай экан, хусусий тадбиркор ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Қозоғистонда ҳар ойда 200дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинади ва уларнинг ҳаммасини ёдда сақлаш мумкин эмас. Лекин энг оддий ва асосийларини ўрганиб олиш муҳим. Негаки, тадбиркорнинг ҳуқуқий саводсизлиги қатор муаммоларга олиб келади. Масалан, ҳеч бўлмаганда, текширувчи-назоратчиларнинг ҳаммасига бирдек ишониш, улар юритаётган текширувларнинг барчаси қонун доирасида бўлмоқда, деган фаразларга таяниш ва ҳар қадамда “емиш” бўлиш. Давлат хизматчиларидан қўрқиш, айниқса, солиқчилардан хавфсираш, “муаммони шу жойнинг ўзида ҳал қилиш”га олиб келади ёки “тазйиқ остига” тушиб қолишга ҳам сабаб бўлади. 

Шунинг учун янги қонун меъёрларидан айримларига батафсил тўхталайлик, ҳуқуқий саводхонлигимизни оширайлик.

Чек йўқ бўлса, ноқонуний!

Янги йилдан бошлаб, касса чеки берилмаган ҳар қандай савдо жараёни ноқонуний ҳисобланади.

Чекнинг кўриниши ҳам ўзгарди. Энди уларда касса ускунаси ўрнатилган жойнинг аниқ манзили, сотиб олинган маҳсулотнинг нархи, штрих-коди кўрсатилиши шарт.

Тадбиркорлар шу пайтгача қўлланиб келган касса аппаратларини янги техникага алмаштиришлари ёки илгари қўймаган бўлишса, янгисини ўрнатишлари зарур. 

Бу, биринчи навбатда, тегишли маълумотларни онлайн тартибида Давлат даромадлари қўмитасига юбориб туриш учун керак. Бугунги кунда касса-назорат машиналарининг давлат рўйхатига 85та онлайн-касса модели киритилган. 15таси уяли телефонларга ўрнатилган бўлиб, улар қонунчиликнинг ҳамма талабларига жавоб беради. 

Уяли телефондаги махсус илова

Назорат-касса машинаси ёки оддий қилиб айтганда, касса аппарати электрон ускуна бўлиб, улар орқали пул ҳисобланади, солиқ тўловчига оид барча маълумотлар сақланади. 

2018 йилдан бошлаб солиқ органида давлат рўйхатидан ўтиш учун фақат шу турдаги янги замонавий асбоблар бўлиши қатъиян талаб этилади. 

Улардан нима фойда?

Шу пайтгача, солиқ органлари ходимлари жойларга бориб вазиятни ўрганган бўлса, эндиликда хоҳлаган дўкон, қаҳвахона ёки бошқа маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, ҳатто таксичининг ҳам тушум ва чиқимларини бир вақтнинг ўзида, онлайн орқали билиш имконига эга бўлишди. Хусусан, Молия вазирлиги ҳам пойтахтдан туриб, минтақалардаги барча маълумотларни ўзлаштира олади. Бу ўз навбатида, жойларда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни жадаллик билан баҳолаш ҳамда иқтисодни ривожлантириш учун керакли муҳим чорадир.

Қолаверса, Президент ўтган йилги халққа Мактубида кичик ва ўрта бизнесни текширувларга уч йиллик мораторий эълон қилди. Унинг жойларда қандай ишлаётганини кузатиш учун ҳам касса аппаратлари керак.

Истеъмолчининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинади

Буни ҚР Миллий иқтисод вазирлигининг Табиий монополияларни созлаш, рақобатни ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Шимкент шаҳар департаментининг бош мутахассиси Марат Тўлебаев шундай изоҳлайди:

– Касса аппарати зарур ускуна. Сабаби, истеъмолчи сотиб олинган товар-маҳсулот ёки кўрсатилган хизмат учун муайян ҳужжат олишга ҳақли. Бу бугунги кунда чек, квитанция, ҳисоб-фактура, хуллас, ёзма равишдаги турли шаклга эга ҳужжат бўлиб, товар ёки хизмат учун ҳақ тўланганини далиллайди. Лекин бизда ана шу ҳужжатга нисбатан лоқайдлик ҳисси мавжуд. Аппарат чиқариб берган чиптанинг кўп ўтмай, шу дўкондаги ахлат қутиси ёки ерда ётганини кўрасиз. Қоғоз чиптани ташлаб юборишга бўлмайди. Масалан, дейлик, эртаси куниёқ бир муаммо чиқиб, харидор сотиб олган товарини алмаштириши ёки қайтариб бериши керак бўлиб қолди. Товарни чиптасиз қабул қилишмайди ёки пулини қайтаришмайди. Чунки савдо жараёнини тасдиқловчи ҳужжат йўқ. Агар харидор чиптасини йўқотиб қўйган бўлса, унда фото-видео орқали ҳақ эканлигини исботлай олади. Смартфонида қайд этилган расм ёки олдида бўлган икки гувоҳнинг кўрсатмалари ҳам ярайди. Бу энди сўнгги чора. Яхшиси, чиптага пишиқ бўлган маъқул.

Яқинда “Ўтрор” телеканалидан журналистлар келиб, бир вазиятга шарҳ сўрашди. Бир одам “Фиркан” савдо марказидан тухум олган ва қўлидаги чиптасини уйига етмаёқ ташлаб юборган. Уйда тухум айниганини билгач, уни супермаркетга қайтиб олиб келади. Лекин у ердагилар қабул қилишмайди. Сабаби, чиптаси йўқ. Ваҳоланки, “Фиркан” оддий бозор ёки қишлоқ жойдаги қолоқ дўкон эмас, замонавий ва қонунга мувофиқ ишлаётган корхона. Харидор ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, видео орқали унинг тухум сотиб олаётганини кўришса, олам гулистон эди. Лекин бу чора супермаркет манфаатига, нуфузига тўғри келмаслигини ўйлаб, ҳеч ким истеъмолчига ёрдам бермади. Бу кўпроқ харидор ҳуқуқларини поймол қилиш, уни ҳурмат қилмасликнинг аломати. Биз ҳуқуқий мамлакатда яшаймиз, қолаверса, Шимкент 2020 йилда МДҲнинг маданий пойтахти бўляпти. Шунинг учун оддий қонун-қоидаларни билиб, маданиятли муносабатларни ўзлаштирсак, ўринли бўлади. Қолаверса, касса аппаратлари ҳуқуқлар топталмаслиги учун керак бўладиган асосий воситадир. 

Улар ҳаммага бирдек ўрнатиладими?

Тадбиркорликда фаолият юритаётган айрим шахслар касса аппаратларидан фойдаланишмайди. Булар: адвокатлар, медиаторлар ва патент асосида ишлайдиган хусусий шахслар, деҳқон хўжаликлари ва шаҳар жамоат транспорти. ҚР Миллий банки ва иккинчи даражали банклар.

Шунинг учун махсус солиқ тартиби асосида патент тўлаш билан иш кўриб келган тадбиркорлардан енгиллаштирилган режимга ўтиш талаб этилмоқда, улар учун уяли телефонда илова бор. Яна, дейлик, бозорда ишлайдиганлар ёки такси ҳайдовчилари солиқ тўлашда касса моделини мустақил танлаш ҳуқуқига эга. Давлат даромадлари қўмитасининг сайтида касса аппаратларига тегишли моделлар рўйхати берилган (kgd.gov.kz).

Айтганча, касса аппаратини телекоммуникация тармоқлари йўқ ҳудудларда ишлайдиган шахслар ҳам ўрнатишмайди. Сабаби, кам сонли аҳоли яшайдиган чекка овулларда пул айланмаси жуда оз ва у катта бозорга деярли таъсир қилмайди. 

Патент билан ишлайдиганлар-чи?

Хусусий тадбиркор, яъни махсус солиқ тартиби – патент асосида ишлайдиганлар ёки ягона ер солиғини тўлайдиганлар (деҳқон хўжаликлари)га ҳам юқоридаги қоида тааллуқли. 

 Фақат бир нозик томони, тадбиркор илова солинган смартфонига “қарам” бўлиб қолади. Янги телефон олса, демак, касса аппарати ҳам ўчиб қолади. 

2020 йилдан янги назорат-касса машинасига ўтаётган тадбиркорлар уни солиқ органларида рўйхатга қўйишади. Бунинг учун ариза ёзилади, касса аппарати тақдим этилади, товар чипталари китобига имзо чекилади ва муҳрланади. Уч кундан сўнг солиқ органида расмийлаштирилган аппаратга тегишли рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи гувоҳнома берилади ва керак пайтда солиқ органи ходимларига кўрсатиб турилади. Товар чипталари китобини юритиш ҳам талаб этилмоқда. Унда ҳисоб-китоб (Z-отчёт) олиб борилади. 

Айтганча, агар аппарат бузилиб қолса, уни сервис маркази (сотиб олинган жой) билан шартнома тузиб, устахонасида тузатиш имкони бор. 

Жарима

Назорат-касса машиналарини қўлланмаганларга солиқ қўмитаси жарима тўланишини эслатади. Бошқа тартибларга ўтишга улгурмаган хусусий тадбиркорларга аввал ёзма равишда билдириш юборилади. Бу 30 кун муҳлат дегани. Шундай қилиб, биринчи сафар огоҳлантириш, кейин эса маъмурий жавобгарлик белгиланган. 

Кичик тадбиркорлик субъектлари, хусусий нотариуслар, хусусий суд ижрочилари учун 2020 йилдаги жарима миқдори ОҲКнинг 15 баравари – 39765 тенге.

Ўрта тадбиркорлик субъектларига – 30 ОҲК (79530 тенге).

Йирик тадбиркорлик субъектларига – 50 ОҲК (132 550 тенге).

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги Кодекснинг 215-моддасида, касса-назорат машиналари ўрнатмагани учун хусусий тадбиркор ва мансабдор шахсларнинг жарима тўлаши кўрсатилган. Тадбиркорнинг қўл остида ишлаётган ёлланма ишчилар (сотувчи, кассирлар)га бу меъёр дахлдор эмас. 

Солиқ умумафви

Қаторасига уч йил (2020-2023 йй.) патент асосида махсус солиқ тартиби билан ишлайдиган хусусий тадбиркорлар ва ҳуқуқий шахслар, деҳқон ва фермер хўжаликлари, яъни микротадбиркорлик талаблари: 15га яқин ёлланма ишчиларга эга ва ўртача йиллик даромади 30 минг ОҲК (79,53 млн. тенге)га эга корхоналар, 100 одамгача ходими бор, ўртача йиллик даромади 300 минг ОҲК (795,3 млн. тенге) бўлган кичик тадбиркорлик субъектлари барча солиқ турларидан озод этилади. Агар корхона устидан ариза тушса, мутасадди ташкилотлардан текширув бўлади. 

Н. МАВЛОНОВА тайёрлади, 2020-02-04, 05:00 643
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.